Аввал хабар берганимиздек, шу йилнинг 20 июнь кунидан олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларида 2024-2025 ўқув йили учун абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш бошланади. Мазкур жараёнга юқори даражада тайёргарлик кўрирш масаласида бугун, 19 июнь куни ZOOM платформаси орқали Ўзбекистон мусулмолари идораси Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими томонидан онлайн йиғилиш ўтказилди.
Унда Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими мудири С.Шерхонов, бўлим мудири ўринбосари А.Дўсматов, бўлим мутахассислари ва диний таълим муассасалари Қабул ҳайъати масъуллари иштирок этди.
Йиғилишда Қабул жараёнларини юқори даражада ташкил этиш, абитуриент ва уларнинг яқинларига қулай шароитлар яратиш, қабул имтиҳонларини шаффоф, очиқ ва ошкора ўтказиш бўйича Қабул ҳайъати масъулларига тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Шунингдек, қабул низомларига киритилган янгилик, имтиёз ва қулайликларга алоҳида тўхталиб, абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилишда мазкур талабларга қатъий амал қилиш лозимлиги алоҳида таъкидланди.
Масофавий йиғилиш сўнггида таълим муассасаси масъуллари томонидан берилган саволларга атрофлича жавоб берилди.
А.Бобамирзаев,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси,
таълим ва илмий-тадқиқот бўлими методисти
Марғилон шаҳрида жаҳон тамаддуни ва ислом илм-фанига беқиёс ҳисса қўшган мутафаккирлардан бири — Имом Бурҳониддин Марғилоний номи билан боғлиқ янги илмий-маърифий туризм маркази барпо этилмоқда. “Наврўз” маҳалласи ҳудудида ташкил этилаётган мазкур мажмуа нафақат юртимиз, балки халқаро миқёсда ҳам аҳамиятга молик лойиҳалардан бири сифатида кўрилмоқда.
Бош режа асосида қурилаётган марказда Бурҳониддин Марғоний илмий-тадқиқот маркази, замонавий шаклда ташкиллаштириладиган музей, миллий услубда барпо этиладиган “Отабек ва Кумуш” уйи, сунъий кўл, мақом театри, гастрономия ва хизмат кўрсатиш марказлари, савдо дўконлари, меҳмонхоналар ҳамда бозор инфратузилмаси назарда тутилган.
Мазкур қурилишлар келажакда Марғилон шаҳрининг тарихий, илмий ва туризм салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади. Бу жой, шубҳасиз, зиёрат ва илмий тадқиқот мақсадида келувчилар учун ҳам жозибадор масканга айланади.
Шу кунларда мазкур ҳудудда қурилиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Бугунги кунда илмий-тадқиқот маркази биноси билан бир қаторда бошқа муҳим иншоотларнинг ҳам қурилиши бошланган.
Марғилон шаҳрида фаолият юритаётган имом-хатиблар шаҳар бош имом-хатиби Абдулфаттоҳ домла Олимов бошчилигида мажмуа билан яқиндан танишиш мақсадида объектга бордилар.
Ташриф чоғида имом-хатиблар бу ердаги қурилиш ишларининг ҳолати билан танишдилар, лойиҳаларнинг мазмун-моҳияти юзасидан масъуллардан маълумотлар олишди.
Мазкур мажмуа нафақат Марғилон, балки Фарғона водийси ҳамда бутун мамлакатимиз учун муҳим маданий-маърифий маскан бўлиб, у келажакда ёшлар тарбияси, диний соҳа ходимларининг салоҳиятини ошириш, миллий ўзликни англаш ва қадриятларни асраш йўлида хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати