Пандемия шароитида мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш, абитуриентларнинг узоқ вақт бир жойда ўтириб қолишигв йўл қўймаслик мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий диний таълим муассасаларининг қабул имтиҳонларига 2020-2021 ўқув йили учун истисно тариқасида ўзгартириш киритилди.
Олий диний таълим муассасаларида қуйидагича қабул имтиҳонлари ўтказилади:
Тошкент ислом институти ва Мир Араб олий мадрасасида.
1-блок “Фиқҳ ва ақоид” фани тест синови, 30 та савол, ҳар бир тўғри жавобга 3.2 балл берилади, жами 96 балл;
2-блок “Ўзбекистон тарихи” фани тест синови, 30 та савол, ҳар бир тўғри жавобга 3.1 балл берилади, жами 93 балл.
Ҳадис илми мактабида.
1-блок “Ҳадис ва мусталаҳул ҳадис” ижодий имтиҳон, жами 96 балл;
2-блок “Ўзбекистон тарихи” фани тест синови, 30 та савол, ҳар бир тўғри жавобга 3.1 балл берилади, жами 93 балл.
Олий диний таълим муассасаларининг қабул имтиҳонлари Республика махсус комиссияси томонидан карантин тартиблари юмшатилгандан сўнг санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этилган ҳолда ўтказилади.
Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаларида қабул имтиҳонлари 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб Давлат тест маркази томонидан катта сиғимли биноларда ўтказиш амалиёти жорий қилинган.
Ўрта махсус ислом таълим муассасаларида 2020-2021 ўқув йили учун ҳам қабул имтиҳонлари Давлат тест маркази томонидан ўтказилиши режалаштирилган. Тест синовлари Давлат тест маркази баёнотида айтиб ўтилганидек, катта сиғимли биноларда видеокузатув остида онлайн трансляция қилинган ҳолда санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этилган ҳолда ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларида қабул имтиҳонларини ўтказиш вақти бўйича қўшимча маълумот берилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими
Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш бўлими мудири Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли ҳамда Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов Бекобод шаҳридаги Қуръон ва тажвид марказига ташриф буюрдилар.
Марказ маъмурияти ҳамда у ерда таълим олаётган тингловчилар билан бўлиб ўтган суҳбат ҳар жиҳатдан самарали бўлди. Хусусан, учрашувда Шайх Алижон қори ҳафизаҳуллоҳ Қуръони каримни ёдлаш фазилатлари, бу борада яратилган шарт-шароитларнинг қадрига етиш, шукрона келтириш, вақтдан унумли фойдаланиш каби мавзуларда гўзал мавъиза қилиб бердилар.
Ҳақиқатан, Қуръони каримни ёдлаш, оятлар маъно-мазмунларини тафаккур ва тадаббур қилиш ибодат ва чинакам саодатдир.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизларнинг яхшиларингиз Қуръони каримни ўрганган ва ўргатганларингиздир", деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати