Миср Араб Республикасидаги “Дорул Ифто” фатво ҳайъати томонидан ҳижрий 1441 йил Зулҳижжа ойининг биринчи куни милодий йил ҳисоб бўйича 2020 йил 22 июль кунига тўғри келаётгани эълон қилинди. Шу муносабат билан Саудия Арабистонида ҳаж ибодатини адо этаётганлар чекланган ададдаги маҳаллий зиёратчилар 2020 йил 30 июль, арафа куни Арафот тоғида жам бўладилар.
2020 йил 31 июль, жума куни эса Зулҳижжа ойининг 10-куни бўлиб, Ислом оламидаги энг улуғ байрам Ийдул-Азҳо – Қурбон ҳайитининг биринчи куни бўлади, инша Аллоҳ.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташриф буюрди. Давлатимиз раҳбари сафарини, анъанага кўра, Ҳаким Термизий мақбараси зиёратидан бошлади.
Қуръон тиловат этилиб, халқимизга, юртимизга тинчлик-фаровонлик тилаб, дуо қилинди.
Уламолар билан бўлиб ўтган суҳбатда ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома, ватандошимиз Ҳаким Термизийнинг маънавий-маърифий меросини чуқур ўрганиш ҳамда юртдошларимиз ва халқаро жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш ҳақида сўз юритилди.
Шунингдек, муқаддас динимизнинг эзгулик ва инсонпарварлик, меҳр-шафқат каби буюк фазилатлари, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш ҳамда ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Кейинги йилларда таъмирланиб, янада обод ва гўзал мажмуага айланган ушбу табаррук масканда зиёратчилар учун барча шароит яратилди. Атроф ободонлаштирилиб, мақбарада ҳам катта ҳажмдаги ишлар бажарилди. Замонавий ёритқичлар, иситиш ва совитиш тизимлари ўрнатилди. Мажмуада микроиқлим яратиш учун тўрт мингдан ортиқ 40 турдаги кўп йиллик манзарали дарахт, 20 мингдан зиёд мавсумий анвойи гуллар экилган.
Ислом илмларининг тафсир, ҳадис, фиқҳ, калом, ислом фалсафаси, тасаввуф тарихи, тасаввуфий қарашлар каби соҳаларида кўплаб асар ёзган мутафаккир мажмуасини обод сақлаш, зиёратчилар учун қулайликларни кенгайтириш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.