Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Апрел, 2025   |   22 Шаввол, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:11
Қуёш
05:36
Пешин
12:27
Аср
17:09
Шом
19:12
Хуфтон
20:31
Bismillah
20 Апрел, 2025, 22 Шаввол, 1446

2. БАҚАРА (сигир) СУРАСИ. 26-27 ОЯТЛАР

16.07.2020   7491   5 min.
2. БАҚАРА (сигир) СУРАСИ. 26-27 ОЯТЛАР

۞إِنَّ ٱللَّهَ لَا يَسۡتَحۡيِۦٓ أَن يَضۡرِبَ مَثَلٗا مَّا بَعُوضَةٗ فَمَا فَوۡقَهَاۚ فَأَمَّا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ فَيَعۡلَمُونَ أَنَّهُ ٱلۡحَقُّ مِن رَّبِّهِمۡۖ وَأَمَّا ٱلَّذِينَ كَفَرُواْ فَيَقُولُونَ مَاذَآ أَرَادَ ٱللَّهُ بِهَٰذَا مَثَلٗاۘ يُضِلُّ بِهِۦ كَثِيرٗا وَيَهۡدِي بِهِۦ كَثِيرٗاۚ وَمَا يُضِلُّ بِهِۦٓ إِلَّا ٱلۡفَٰسِقِينَ٢٦

  1. Аллоҳ чивин ё ундан каттароқ нарсани мисол қилишдан уялмайди. Мўминлар бу мисолнинг ҳақиқатан Парвардигорлари ҳузуридан эканини билишади. Кофирлар эса: "Бу мисолдан Аллоҳнинг нима мақсади бор?" дейишади. Аллоҳ бу билан кўпларни адаштиради ва кўпларни ҳидоятга йўллайди. У бу билан фосиқларнигина залолатга кетказади.

Қуръони каримнинг баъзи ўринларида пашша, ўргимчак, асалари каби майда ҳашаротлар мисол қилиб келтирилган. Бунга кофир кимсалар эътироз билдириб: "Аллоҳ нега бундай тимсолларни келтиради, агар бу Китоб Аллоҳнинг ваҳийи бўлса, бундай арзимас нарсаларни мисол келтирмас эди", дейишади. Юқоридаги икки оят билан уларнинг бу эътирозига жавоб берилган. Ғофил ва жоҳил кимсалар Қуръони каримда чивин, ўргимчак, пашша каби майда ҳашаротлар зикр этилганини рўкач қилиб, унинг илоҳий калом эканини шубҳа остига қўймоқчи бўлишади. Ушбу ояти карима ана шундай шубҳа-гумонда бўлувчиларга қарши энг яхши исбот-далилдир. Абу Солиҳ ривоятида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: "Аллоҳ таоло мунофиқлар ҳақида ушбу икки мисолни келтирганида мунофиқлар: "Аллоҳ мисоллар келтиришдан улуғ ва олийдир", дейишди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди". Ҳасан ва Қатодалар бундай дейишган: "Аллоҳ Китобида чивин, ўргимчакларни зикр қилганида ва мушриклар ҳақида мисоллар келтирганида, яҳудийлар кулишиб: "Булар Аллоҳнинг каломига ўхшамайди", дейишди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди". Ибн Аббоснинг айтишича: "Аллоҳ мушрикларнинг илоҳларини зикр қилиб: "Агар пашша улардан бирор нарсани тортиб олса (қайтариб ололмаслар)...", деди ва мушрикларнинг ҳийлаларини ўргимчак инига ўхшатди. Шунда мушриклар: "Аллоҳ Муҳаммадга (алайҳиссалом) нозил қилган Қуръонда пашша, ўргимчакларни зикр қилганига қаранглар, бу билан Аллоҳ нима демоқчи?" дейишди. Шунда Аллоҳ бу оятни нозил қилди" (Алий ибн Аҳмад Найсобурий. "Асбабун-нузул", 14-15-бетлар).

Машҳур олимлардан бири оддийгина чивиннинг мўъжизавий тузилиши ҳақида бундай ёзади: "Одамлар чивинни зарарли, фақат қон сўриб яшайдиган ҳашарот деб ўйлашади. Бу нотўғри. Чивинларнинг ҳаммаси эмас, фақат урғочиси қон сўради. У ҳам бўлса бу ишни қорин тўйдириш учун эмас, қўйган тухумларининг қон оқсилига бўлган эҳтиёжини қондириш, яъни наслини давом эттириш учун қилади. Чивиннинг ривожланиш жараёни ниҳоятда ҳайратланарли. У заррадек қуртчадан то баркамол ҳашаротга айлангунича қуйидаги босқичлардан ўтади: қон билан озиқлантириб етилтирган тухумларини ёзда ва кузда нам баргларга ёки саёз кўлмаклар юзасига қўяди. Айрим чивинлар ўртача уч юзтагача тухум қўяди. Қатор-қатор оппоқ тухумлар кўп ўтмай қорая бошлайди ва нақ икки соат ичида кўмирга ўхшаб қораяди. Унинг қорайиши ҳимоя воситаси бўлиб, тухумларни қушлар ва бошқа ҳашаротлар еб кетишидан сақлайди. Ниҳоятда мураккаб кимёвий жараёнлардан сўнг турли омиллар таъсирида оқ тухумлар қорага ўзгаради. Бу жараённи чивинларнинг ўзи йўлга қўйганига ёки ўз-ўзидан пайдо бўлганига мутлақо ишониб бўлмайди. Чивинларга бундай ҳимоя воситасини Парвардигорнинг Ўзи улар яратилган пайтдаёқ ато этиб қўйган".

ٱلَّذِينَ يَنقُضُونَ عَهۡدَ ٱللَّهِ مِنۢ بَعۡدِ مِيثَٰقِهِۦ وَيَقۡطَعُونَ مَآ أَمَرَ ٱللَّهُ بِهِۦٓ أَن يُوصَلَ وَيُفۡسِدُونَ فِي ٱلۡأَرۡضِۚ أُوْلَٰٓئِكَ هُمُ ٱلۡخَٰسِرُونَ٢٧

  1. Бундайлар Аллоҳ аҳдини маҳкам қилганидан кейин бузишади, Аллоҳ уланишга буюрган қариндошлик ришталарини кесишади ва ер юзида бузғунчилик қилишади, ана шулар зиёнкорлардир.

Ҳар бир банданинг Парвардигори билан боғлаган аҳди бор, кофир ва мунофиқлар уни бузишади. Инсон қадри, эъзозини асровчи омиллардан бири аҳдга, ваъдага вафо қилишдир. Динимизда ваъдага вафо қилиш вожиб саналади. Ваъдасини бузувчилар ушбу ояти каримага кўра бузғунчи зиёнкорлар қаторидадир. Аллоҳ таоло айтади: "Йўқ! Аҳдига вафо қилувчигина Аллоҳдан қўрқади, Аллоҳ албатта тақводорларни яхши кўради". (Оли Имрон, 76). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ваъдага вафосизлик мунофиқлик аломатларидан биридир", деганлар (Бухорий ривояти). Ҳазрати Алий каррамаллоҳу важҳаҳунинг Аштар Нахаъий Молик ибн Ҳорисга мактубларидаги ушбу насиҳатлари ҳам аҳдга вафо қилишнинг улкан аҳамияти борлигига далилдир: "Ҳатто душманингиз билан битим тузган ёки унга ваъда берган бўлсангиз, вафо қилинг, сўзингиз устидан чиқинг. Ваъдангиз учун жон фидо қилинг. Зеро, инсонлар ақидада бир-бирларидан фарқ қилишса-да, ваъдага вафо қилишнинг Аллоҳ таоло фарзларидан сўнг буюклиги ҳақида якдил фикрдалар. Тузган аҳднома ва берган ваъдангизга асло хиёнат қилманг!".

Яна Аллоҳ таоло қариндошлик алоқаларини улашга буюрган. Гумроҳ кимсалар хеш-ақраболарига силаи раҳм қилмай, бу ришталарни ҳам узишади. Яқинлар ҳолидан хабар олиш, муҳтожларга ёрдам бериш, қариндошлар билан кўришиб-суҳбатлашиб туриш, уларга ёрдам кўрсатиш ва совға-салом улашиш «силаи раҳм» дейилади. Яқиндаги қариндошни бориб зиёрат қилиш, узоқдагиси мактуб ёзиш ёки телефон қилиб сўзлашиш силаи раҳмдир. «Силаи раҳм умрни узайтиради», деган ҳадиси шариф бор. Силаи раҳмнинг акси раҳм-марҳамат ришталарини узишдир. Бу ҳолат исломий бурч-вазифаларга зид келади.

Тафсири ирфон
Бошқа мақолалар

Бомдод намозининг фойдалари

18.04.2025   11021   2 min.
Бомдод намозининг фойдалари

Бомдод намози савоби кўп ва аҳамияти катта намоздир. Баъзиларда “Нега Аллоҳ таоло бандалари бомдод намозини адо этиши учун бу пайтни, яъни уйқу пайтини ихтиёр қилди?” деган савол пайдо бўлиши мумкин.

Инсон бирор мукофотга эришганда ёки бирор воқеадан хурсанд бўлганда, гўзал манзарани кўрганда, миясида дофамин деган секреция, гармон ишлаб чиқарилади.

Хўш, дофамин нима? Бу – роҳатланиш ва завқланиш учун жавобгар нейромедиатор (нервларга сигнал узатувчи восита). Биз учун ёқимли бирор ҳодиса рўй берган пайтда миямизда дофамин ишлаб чиқарилади. Кечасидаги уйқу миянинг бу моддани камроқ ишлаб чиқаришига ёрдам беради. Шунда мия кундузи бу моддани кўпроқ ишлаб чиқаришига имкон қилинган бўлади. Қуёш чиқишидан олдин уйқудан туриш дофаминнинг кўп миқдорда ишлаб чиқарилишига ёрдам беради. Мана шунда мия ўз вазифасини юксак лаёқат билан бажаради. Натижада, инсон хушкайфият, хурсанд ҳолда бўлади.

Дофамин мия ҳужайралари орасида гармон, асаблараро узатгичи вазифасини бажаради. Бу модда кўпайгани сари мия энг яхши ҳолатда, инсон эса бағри дили очилган, ёқимли туйғулар оғушида бўлади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда бундан бир минг тўрт юз йил олдин айтганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан бундай ривоят бор: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Шайтон сизлардан бирингиз ухлаб ётган пайтида гарданига учта тугун тугади. У ҳар бир тугунга ура туриб: «Ҳали тун узоқ, ухлайвер», дейди. Агар (банда) уйғониб, Аллоҳни зикр қилса, битта тугун ечилади. Агар таҳорат қилса, иккинчи тугун ечилади. Агар намоз ўқиса, учинчи тугун ҳам ечилади ҳамда у тетик ва хушҳол бўлиб қолади. Акс ҳолда ланж ва танбал инсонга айланади» (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Ҳадисдаги “Акс ҳолда ланж ва танбал инсонга айланади” деган жумла ҳозирги замон илмининг хулосасидир. Қуёш чиқишидан олдин уйқудан туриш кишини нафсий, руҳий хотиржамликка олиб боради.

Эй мўмин биродарим! Энди бомдод намозига уйғониб, танангизда тетиклик, қалбингизда хотиржамлик, кайфиятингизда кўтаринкилик, бутун жисмингизда хушҳолликни ва энг муҳими, Аллоҳнинг фарзини адо этиб, улкан савобларни қўлга киритинг.