Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
07 Март, 2025   |   7 Рамазон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:30
Қуёш
06:48
Пешин
12:39
Аср
16:35
Шом
18:24
Хуфтон
19:36
Bismillah
07 Март, 2025, 7 Рамазон, 1446

Онлайн: Муфтий ҳазратлари Тошкент шаҳридаги “Мевазор” жоме масжидининг янги қурилган биносига ташриф буюрдилар

8.07.2020   2136   2 min.
Онлайн: Муфтий ҳазратлари Тошкент шаҳридаги “Мевазор” жоме масжидининг янги қурилган биносига ташриф буюрдилар

Бугун, 8 июль эрта тонгда Тошкент шаҳридаги Олмазор туманида жойлашган “Мевазор” жоме масжиди янги биноси бунёд этилиши муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов бошчилигидаги уламолар ва мутассадди вакиллар ташриф буюрдилар.

– Бугунги замон талабларига тўла жавоб берадиган масжид барпо этилди, – дейди масжид имом-хатиби Раҳимжон домла Марҳумов. – Бунинг учун Президентимиз бошчилигидаги барча раҳбарларга, унинг қурилишига ҳисса қўшган барча кишиларга ташаккур билдирамиз.
Аввал “Мевазор” маҳаллий жоме масжиди 120 кишига мўлжалланган кичкина бир хонақоҳ ва уч кишига мўлжалланган таҳоратхонадан иборат эди. Сўнгги йилларда диний соҳада эркинликлар бўлгани туфайли намозхонлари кўпайиб, масжидимиз торлик қилиб қолган эди. Шу боис маҳалла фаоллари билан бирга масжидни янгитдан қайта қуришга рухсат олинди ва ҳашар йўли билан қурилиш бошлаб юборилди. Яқинда ушбу масжид қурилиш ишлари якунланди.
Алҳамдулиллаҳ, ҳозирда масжидимизда 1 500 нафар намозхонлар ибодатларни бекаму кўст адо этиш имконига эга бўлдилар. Масжиднинг битта минораси бўлиб, унинг узунлиги 30 метрни ташкил этади. Шунингдек, 30 кишига мўлжалланган таҳоратхона ишга тушди. Имом-хатиб, ноибларга, мутавалий, қаровулга мулжалланган 5-6 та маъмурий бинолари бор. Бундан ташқари, масжиднинг алоҳида кутубхонаси бор. Аёллар учун намозхона ва таҳоратхона алоҳида қурилган. Ер тўлада ҳам намоз ўқилади. Унга кириб чиқадиган учта катта эшик бор. Масжид биносида ёнғин хавфсизлиги бўйича барча жиҳатлар инобатга олинган.

Муфтий ҳазратлари ушбу мўжаз масжидга ташрифлари давомида унинг фаолияти юзасидан муҳим тавсиялар бердилар ва ушбу масжиднинг қиёматга қадар мўмин-мусулмонларга хизмат қилишини сўраб хайрли дуолар қилдилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Жаннат аҳлининг сифатлари қандай бўлади?

5.03.2025   2455   2 min.
Жаннат аҳлининг сифатлари қандай бўлади?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннатга кирадиган илк тоифа тундаги тўлин ой суратида бўлади, уларнинг кетидан кирадиганлари самодаги энг порлоқ юлдузданда нурафшон ҳолда бўлади, улар бавл қилмайдилар, ҳожат ушатмайдилар, туфламайдилар, улар бурун ҳам қоқмайдилар. Уларнинг тароқлари тиллодан, (баданларидан оқадиган) терлари мушк, тутатқилари “улувва” ёғочи, уларнинг жуфтлари ҳуру ъийнлардир. Жаннатга кирувчиларнинг ҳаммалари бир кишининг суратидек оталари Одам алайҳиссаломнинг кўринишларида бўлишади”[1], деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннатда бир хоналар борки, ичидан таши кўриниб туради ва ташидан ичи кўриниб туради”, деганларида, бир аъробий ўрнидан туриб: “Ё Аллоҳнинг Расули, бу хоналар ким учун?” деб сўради. “Сўзини ширин қилган, таом улашган, рўзада бардавом бўлган, одамлар ухлаб ётган тун пайтида намоз ўқиган одам учундир”[2], дедилар.

Жаннатлардаги энг улкан неъмат Раҳмон – Аллоҳ таолонинг жамолини кўришдир. Аллоҳ азза ва жалла: Аллоҳ (одамларни) тинчлик диёри (жаннат)га чорлайди ва хоҳлаган кишини тўғри йўлга ҳидоят қилур. Эзгу иш қилганларга гўзал оқибат ва зиёда неъматлар бордир. Уларнинг юзларини қоралик ҳам, хорлик ҳам қопламас. Ана ўшалар жаннат эгалари бўлиб, у жойда абадий қолурлар”,[3]дейди.

Оятдаги “гўзал оқибат”дан мурод – жаннат. “Зиёда неъмат” эса, Аллоҳ таолонинг жамолини кўришга мушарраф бўлишдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ё Роббим! Мен Сендан жамолингга назар солиш лаззатини, зарар етказмайдиган ҳамда залолатга бошловчи фитнага учрамаган ҳолда Сенга йўлиқишни сўрайман”, дея дуо қилар эдилар.

Ҳассон Шамсий Пошонинг “Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.

 


[1]Муттафақун алайҳ.
[2]Имом Термизий ривояти.
[3]Юнус сураси, 25–26-оятлар.