Ўзбекистондаги масжидлар сони яна биттага кўпайди. Сурхондарё вилоятининг олис Музработ туманида “Дўстмуҳаммад бобо” жоме масжиди давлат рўйхатидан ўтказилиб, ўз фаолиятини бошлади.
Шу кунларда халқимизнинг дилини бироз хира қилган вирус сабаб кўпчилик қаторида музработликлар ҳам таскинга, хушхабарга муштоқ эдилар. Аллоҳ таолонинг инояти ила 8 июндан диний ташкилотлар фаолиятига қайта рухсат берилиши арафасида, жорий йилнинг 5 июнь куни, Музработ туманида янги масжидга давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақида адлия бошқармасидан гувоҳнома тақдим этилди.
180 мингга яқин аҳолига эга Музработ туманида шу кунга қадар 1 та масжид фаолият юритар эди. У ҳам бўлса туман марказидан салкам 20 километр узоқликда жойлашган бўлиб, аҳолининг кўп қисми жамоат намозларини адо этиш учун узоқ масофада жойлашган масжидга қатнар эди. Бу, албатта кўпчиликка қийинчилик туғдирар, айниқса кексалар учун мушкул ҳолат бўлиб, “туманимиз марказида ҳам бир масжид бўлса эди”, дея эзгу ният билан яшарди.
Ниҳоят бу борада қилинган саъй-ҳаракатлар, уринишлар натижа берди. Аҳолининг мурожаатлари инобатга олиниб, маҳаллий ҳокимлик томонидан масжид қурилиши учун “Янги ҳаёт” маҳалласи ҳудудидан ер ажратилди.
Ўтган икки ярим йилдан зиёд вақт давомида, халқ ҳашари йўли билан бу жойда замон талабларига жавоб берадиган, намозхонлар учун қулай шароитларга эга, 1500 кишилик сиғимли жоме масжид бунёд этилди. Масжидга мамлакатимиздаги кўплаб қориларнинг, хусусан, Сурхондарё ва Қашқадарё воҳасидаги минглаб толиби илмларнинг табаррук устози бўлган воҳалик олим, марҳум Дўстмуҳаммад оҳун домланинг номи қўйилди.
Мазкур масжид, том маънода маърифат масканидек қад ростлаган. Хонақоҳ шарқ услубидаги замонавий кўринишда бунёд этилган бўлиб, сержило, иссиқ воҳа тафтини намоён этади. Масжид гумбазининг ички томонида Қуръони каримнинг ибодатга даъват этувчи оятлари битилган.
Меҳроб эса оловранг сиёҳлар билан куфий ва сулс ҳатларида Аллоҳ таолога ҳамд ва Пайғамбар алайҳиссаломга саловат, шунингдек, ояти карималар билан безатилган.
Хонақоҳ ёнида замонавий шаклда таҳоратхона бунёд этилган.
Масжид ҳовлисига туташ қилиб, боғ ва гулзор ҳамда автотураргоҳ бунёд этилган.
Хуллас, мазкур масжид мамлакатмизнинг энг олис туманларидан бири саналмиш Музработ аҳли учун чексиз қувонч ва бахтга сабаб бўлувчи маскан бўлди.
Марказ аҳолисининг севинчи чексиз. Тиллари-ю диллари шукронада, дуода. Кўп йиллик армонлар бугун барҳам топди. Энди уларнинг ҳам ўз масжидлари бор. Туман марказида ҳам азон баралла янграйди. Бу азон ҳудуд аҳолиси учун нажот чақириғи, маърифат, тарбия, илоҳий раҳматнинг даъвати бўлади, инша Аллоҳ. Зеро масжидлардан Аллоҳ таолонинг раҳмат нурлари таралиб туради. Ибодат, маърифат, биродарлик маскани бўлиб, мусулмонлар эътиқодини мустаҳкамлашга, ахлоқининг гўзаллашишига, ёмонликлардан узоқда бўлишига сабаб бўлади.
Шу билан Ўзбекистондаги масжидлар сони 2068 тага, Сурхондарё вилоятида эса 113 тага етди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8 июнь, душанба кунидан бошлаб, “яшил” ҳудудларда масжидлар ўз фаолиятини карантин талабларига амал қилган ҳолда бошлайди. Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги тақдим этган рўйхатга кўра, Музработ тумани ҳам “ЯШИЛ” ҳудуд тоифасига киради.
Демак, 8 июндан бошлаб “Дўстмуҳаммад бобо” масжидида ҳам санитар талаблар асосида илк намозлар адо этилади.
Аллоҳ таолодан янги бунёд этилган Ўзининг байтини мусулмонлар учун хайрли, то қиёматгача азон овозлари янграб турувчи маскан бўлмоғини тилаб қоламиз!
Музработликларни эса байтуллоҳ билан муборакбот этамиз!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати




















ЎМИ матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Саккизинчи далил
Аллоҳ таоло Ўз Каломида бундай марҳамат қилади:
﴿وَ رَفَعْنَا لَكَ ذِكْرَكَ﴾
«Ва зикрингни юксак кўтардик» (Шарҳ сураси, 4-оят).
Яхшилаб эътибор берсангиз «Лаа илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадун Расулуллоҳ» калимасида «Аллоҳ» ва «Муҳаммад» калималари орасига бошқа бирорта ҳарф ёки лафз қўшилган эмас. Яна буни кўрингки, иттифоқо бу икки калиманинг ҳар бири ўн бир ҳарфдан иборатдир!
Аллоҳ таоло у зотнинг исмларини азон лафзларига киритганидек, намоздаги лафзларга ҳам киритди. Шундай қилиб, у зотнинг исмлари Аллоҳ таолонинг исми билан бирга мағрибдан машриққача, шимолдан жанубгача ҳар куни беш маҳал такрор-такрор зикр қилиб турилади.
Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандийнинг
"Ишқи Расул" китобидан Нодиржон Одинаев таржимаси