Мисрлик ёш шифокор Aҳмад қори Aтия Рабиъ Қуръони каримни араб, рус ва инглиз тилларида тўлиқ ёд олишга муваффақ бўлди.
“IQNA” сайтининг “ал-Ватан” нашрига таяниб маълум қилишича, мисрлик ёш қори Aҳмад Aтия Рабиъ “ал-Aзҳар” университети ўрта мактабида ўқиганидан сўнг Қуръони каримни тўлиқ ёд олишга муваффақ бўлган, бироқ университетнинг тиббиёт йўналишидаги таҳсиллари унинг Қуръони каримни ёдлашига тўсқинлик қилмаган.
Мисрда ўрта таълимни тамомлагандан сўнг Фаюм вилоятидан бўлган ёш қори Қозондаги Россия Федерал тиббиёт коллежига ўқишга кириб, шу ерда рус тилини ўрганди. Қозон шаҳри аҳолиси уни илиқ кутиб олиб, Ислом ва Қуръон ҳақида кўплаб саволлар билан мурожаат қилишди.
Унинг сўзларига кўра, Қуръони каримнинг рус тилидаги таржимасини ёд олгани унинг рус тилини яхши ўзлаштиришига ёрдам берган ва бу унинг бу мамлакат аҳолиси билан мулоқотини осонлаштирган. Бошқа томондан Қуръони каримнинг русча таржимасини ёдлаш орқали у Қуръон ва Ислом ҳақидаги саволларга яхшироқ жавоб бера олади.
Aҳмад Рабиъ ҳам Қуръоннинг инглиз тилидаги таржимасини тўлиқ ёдлашга муваффақ бўлди. У инглиз тилининг бутун дунёда кенг қўлланилишини Қуръони каримнинг ушбу тилга таржимасини ёдлаш борасидаги саъй-ҳаракатларига сабаб қилиб кўрсатади.
Шунингдек, у Қуръоннинг немисча таржимасини ўрганиш нияти ҳам борлиги ҳақида сўзлади. Aҳмаднинг сўзларига кўра, унинг ушбу тилларни яхши билиши, бу тилларда турли миллат вакиллари билан яхши мулоқот қилиши, уларга Ислом ва Қуръон ҳақида яхшироқ маълумот бериш ва уларнинг саволларига жавоб бера олиш имконини берган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.
Кеча, 28 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари иштирокларида “Ҳаж – 2025” мавсумини юқори даражада ўтказиш бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ҳаж делегацияси вакиллари, ишчи гуруҳи аъзолари, мингбошилар ва шифокорлар жамоаси иштирок этди.
Мажлис аввалида Муфтий ҳазратлари ҳаж қилувчи инсон Ҳақ таолонинг меҳмони экани, шу боис ҳаж амалини бажараётган кишига кўмак берган, унинг оғирини енгил қилган инсон улуғ ажру савобларга ноил бўлиши ҳақида сўзладилар. Шунингдек, ҳар бир ишчи гуруҳи аъзоси ана шундай улуғ даражаларни мақсад қилиб, Раҳмоннинг меҳмонларига Ўзи рози бўладиган даражада сидқидилдан хизмат қилиши лозимлигини алоҳида қайд этдилар.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари йиғилиш давомида муборак сафарга қадар зиёратчилар билан мунтазам суҳбатлар ташкил этиш ва уларда ҳажнинг тартиб-қоидалари, фарз, вожиб ва суннатлари, ўзига хос машаққатларини тушунтириш ва зикру дуолар қилиш ва юртдошларимизнинг барча саволларига батафсил жавоб бериш зарурлигини таъкидладилар. Шунингдек, муборак заминларда ҳар бир дақиқани ғанимат билиш, тоату ибодат ила ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қилишга урғу қаратдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Обиджон Қодиров, Дин ишлари бўйича қўмита Зиёрат туризмини ривожлантириш бўлими бошлиғи Бобомурод Рустамов ва Шифокорлар гуруҳи раҳбари Алишер Саатов кабилар сўзга чиқиб, ташкилий ишлар, тиббий жиҳатлар, хат-ҳужжатлар, жамоавий тартиб-интизомга риоя этиш, қонун-қоидаларга амал қилиш, ҳожилар хавфсизлини таъминлаш ва огоҳликга оид муҳим тавсияларни бердилар.
Шунингдек, жорий мавсумда “Ҳаж – 2025” ишчи гуруҳи ва шифокорлар зиммасига жуда катта масъулият юклангани, шу боис ҳар ким ўз вазифасини виждонан тўла бажариши зарурлиги таъкидланди.
Тадбир якунида Ҳақ таолодан бу йилги ҳаж мавсуми муваффақиятли ўтишини сўраб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати