Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Январ, 2025   |   19 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:22
Қуёш
07:45
Пешин
12:39
Аср
15:42
Шом
17:26
Хуфтон
18:44
Bismillah
19 Январ, 2025, 19 Ражаб, 1446

Илм-фан рўза ҳақида: Ўрта аср мусулмон олимларининг сири

19.05.2020   3933   3 min.
Илм-фан рўза ҳақида: Ўрта аср мусулмон олимларининг сири

Олимлар Ўрта аср Шарқ мусулмон мамлакатларини, том маънода илм-фан ўчоғи ва дунё тамаддун бешиги сифатида эътироф этиши барчамизга маълум. Тадқиқотчилар мусулмон уламоларнинг серқирра ижодкор ва қомусий олим бўлиб етишиш сирлари ҳақида кўплаб изланишлар олиб борган.

Эми Милтон, Даунинг коллежи катта илмий тадқиқотчиси (Кембриж). Милтоннинг сўзларига кўра мусулмон олами илм-фан уйғониш даври олимларининг ўзаро чамбарчас боғлиқлик жиҳатлари бўлган. Деярли барчалари ўхшаш одатлар ва принциплар асосида фаолият юритган.

Жумладан, мусулмон олимларининг барчалари асосий илҳом ва мотивацияни Қуръони каримдан олишган. Улар учун Қуръон йўл кўрсатувчи вазифасини бажарган. Шунинг билан бирга Қуръон мусулмон олимлар учун илмий нуқтаи назардан, забт этилмаган чўққи, кашф этилмаган ихтиро, ўрганилмаган олам учун эшикларни очиб берувчи калит вазифасини ҳам бажарган.

Энг қизиқиғи, мусулмон олимларининг барчаларида, кунлик ҳаёт тарзи ҳам жуда ўхшаш бўлган. Деярли барчалари йил давомида узликсиз ёки қисқа танафусили рўза тутиб юришган. Шу сабаб уларнинг мия фаолияти асосий кучни организм эҳтиёжларига эмас балки ижодий, илмий ишларга сарфлаган.

Бугунги замонавий илм-фан ҳам танага ортиқча озуқа кириши ҳамда ошқозон, ичак ва бошқа ҳазмда иштирок этувчи аъзоларнинг (жигар, буйрак, ўт ва бошқалар) узлуксиз фаолияти бутун тана, бош мияни кун давомида фақатгина овқат ҳазм қилишга машғул этиб қўйишини исботлаган.

Бу ҳодисани мусулмон уламолар бунданг минг йиллар аввал англаб етишганлар. Улар йилда бир бор 30 кун рамазон рўзасини тутгач ундан келадиган фойдани бошқа ойларда ҳам олишга ҳаракат қилишган.

Инсон танаси шундай мураккаб механизмки, унга керакли меёрий минимал озуқа берилса у ўзини қайта тиклаш хусусиятини кучайтиради. Натижада бутун жисм бор кучини ҳазм органларига ишлатмасдан жисмоний дам олади. Бу вақтда эса руҳ сокинлашиб, мия ортиқча босим ва стрессларсиз фаолият юритади. Шу орқали олимлар миянинг кўплаб имкониятларидан фойдаланади.

Мусулмон олимлар рўза тутганда ҳам шунчаки оч юрмаган, бакли ўзларини 3 омилга асосан иҳоталаган. Булар:

  • Атроф муҳитга муносабатдаги чеклов,
  • Хулқ-атвордаги чеклов,
  • Овқатланишдаги чеклов.

Мазкур одатдан бугунги кун олимлари ҳам фойдаланиб келмоқда.

Мазкур хулосаларни бугунги кун фан олимлари узоқ тадқиқотлардан сўнг билдиришган.

Аммо, рўзанинг фойдаларини бизга бир ярим минг йил аввал нозил бўлган Қуръони каримда Аллоҳ таолошундай таъкидлаб ўтган:

“Эй иймон келтирганлар, олдинги ўтганлар каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шунда тақводор бўлурсизлар. У саноқли кунлардир, сизлардан ким бемор ёки сафарда бўлса,  бошқа кунлари саноқни тўлдирсин. Қодир бўлмаган кишилар зиммасида бир мискин таомича фидя бордир. Ким ихтиёри билан яхшилик қилса, ўзига фойдадир. Агар билсангизлар, рўза тутишингиз ўзларингиз учун  яхшидир. Рамазон ойида инсонларга ҳидоят бўлган ҳамда ҳидоят ва фурқоннинг очиқ башорати бўлиб Қуръон туширилган. Ким бу ойга етса. рўза тутсин. Ким бемор ёки сафарда бўлса, бошқа кунлари сонини тўлдирсин. Аллоҳ сизларга осонликни истайди, қийинчиликни хоҳламайди. Шунинг учун саноқни мукаммал қилинглар ва ҳидоят қилгани учун Аллоҳни улуғланглар, шоядки шукр қилсангизлар” (Бақара сураси 183-185-оятлар).

“Агар билсангизлар, рўза тутишингиз ўзларингиз учун  яхшидир”!

 

Саидаброр Умаров тайёрлади

Рамазон-2020
Бошқа мақолалар

Эҳсонингиз ўрнини Аллоҳ тўлдиради

17.01.2025   3665   3 min.
Эҳсонингиз ўрнини Аллоҳ тўлдиради

Савол: Ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар тонг қуёш чиққанда икки фаришта нидо қилади. Эй Аллоҳ инфоқ қилувчини инфоқини ўрнини тўлдиргин ва хасис, зиқнага талофат бер” дер эканлар. Лекин биз ҳаётда бу ҳадиснинг аксини кўрамиз. Инфоқ, эҳсон ва садақа қилувчилар яшашда ўрта ҳол, баъзилари эса бироз қийналган бўлса, зиқна, хасис Аллоҳ йўлида бир чақа ҳам инфоқ қилмайдиганлар эса, дунёлари зиёда бўлиб бораётганлигини кўрамиз. Шунда киши ҳаёлига бу ҳадис саҳиҳмикан ёки ёлғонми деган ўй келади. Агар саҳиҳ бўлса нега инфоқ қилувчининг қилган инфоқини ўрни тўлмаяпти? Нега хасис, зиқна одам талофат кўрмаяпти?

Жавоб: Мазкур ҳадис саҳиҳ, муттафақун алайҳ. Ҳадиснинг тўлиқ матни қуйидагича.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бандалар ҳар тонг оттирганларида икки фаришта тушиб, уларнинг бири: "Ё Аллоҳ инфоқ қилувчини инфоқини ўрнини тўлдиргин", иккинчиси эса: "Ё Аллоҳ хасис, зиқнага талофат бер" дейди” (Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ, 445-бет, 1442-ҳадис)

Ушбу ҳадиснинг маъносига ўхшаш бошқа ҳадислар ҳам мавжуд. Мисол учун, Абу Умома розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Эй Одам боласи агар саҳоватли бўлсанг, бу ишинг сен учун яхшидир. Агар зиқна, хасис бўлсанг, бу ишинг сен учун ёмондир" (Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти).

Оятда эса: “Ҳар бир инфоқ қилган нарсангизнинг ўрнини У тўлдирур. У зот ризқ бергувчиларнинг яхшисидир” дейилади (Сабаъ сураси, 39-оят). Ушбу оятни Ибни Касир раҳимаҳуллоҳ тафсирларида: "Роббингизнинг буюрган ёки мубоҳ қилган ишларида бирор бир нарсани инфоқ қилсангиз, албатта, У дунёда унинг бадалини беради. Охиратда эса, савоб ва мукофот беради", деганлар.

Энди савол берувчининг фикрига келадиган бўлсак, у инсон фақатгина ҳадисдаги тўлдириш ва талофот сўзларини мол-мулк маъносида тушунганлар. Ҳадиснинг асл моҳияти эса, бундан кўра чуқурроқ ва кенгроқдир. Аслида инфоқ қилувчи кишига Ғоний ва Карим бўлган Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилиши унинг инфоқига энг яхши эваздир. Аллоҳни инфоқ қилувчи бандасининг аҳлини ислоҳ, фарзандларини иқтидорли, танасини соғ, озига барака бериши ва уни тўғри йўлга бошлаши, яхшиликлар қилишга муваффақ қилиши, қалбида сакинат, инсонларни унга нисбатан муҳаббатли ва иймон ҳаловатини сезувчи қилиб қўйиши инфоқ қилувчи кишига дунё матоларидан чекланишидан кўра яхшироқдир. Зотан орифлар руҳий ризқларни кўзни қувонтирувчи дунё матоларидан кўра абадий ва қиймати баланд деб биладилар.

“Талофат” эса, фақатгина молнинг талофати дегани эмас, балки кишининг оиласини нотинчлиги, фарзандларини ноқобил, ўзгалар билан яхши алоқада бўлмаслиги, доим ташвишда, ҳаётда кишини хафа қиладиган ишлар билан яшаши, моли кўп бўлса-да фойдалана олмаслиги ва доимо танасининг дарди билан азоб уқубатда ҳаёт кечириши тушунилади. Бундай ҳолатлар эса, молнинг талофотидан кўра ёмонроқдир.

Ҳадисда келган фаришталарнинг дуоси Қуръони каримдаги ушбу оятларга мувофиқдир: "Аммо кимки (ато) берса ва тақво қилса. Ва гўзал (сўз)ни тасдиқ қилса. Бас, Биз уни осонга муяссар қиламиз.  Аммо кимки бахиллик ва истиғно қилса. Ва гўзал (сўз)ни ёлғонга чиқарса. Бас, Биз уни қийинга муяссар қиламиз" (Лайл сураси, 5-10-оятлар).

Аллоҳ барчамизни оятларини ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини асл моҳиятлари билан англаб етишимизни осон қилсин.

Юсуф Қорозовийнинг “Фатаава Муасира” номли асаридан
“Имом ат-Термизий” жомеъ масжиди имом хатиби
Яҳё Абдураҳмонов таржимаси