МУСИБАТНИНГ КЕЛИШИ ҲАМ, КЕТИШИ ҲАМ СИНОВДИР
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Аллоҳ таолога ҳамд ва санолар, пайғамбаримиз Муҳаммадга дуруд ва саломларимиз, ул зотнинг оила аҳллари ва саҳобаларига Аллоҳ таолонинг раҳмати ва мағфирати бўлсин!
Дунёнинг барча давлатларида тарқаган СОVID-19—Коронавирус пандемияси сабабли дунё ўз қиёфасини ўзгартирди. Чегаралар ёпилди, ўзаро муносабатлар савдо-сотиқ, олди-берди, нафақат хориж, балки қўшни вилоятга ҳам бориш, ишхонада жамоа бўлиб ишлаш, жамоат намози учун масжидларга бориш, жумъа, таровеҳ ва ҳайит намозларини жамоат билан адо этиш, аҳли-оила, фарзандлар билан бахорнинг гўзал палласида сайр ва зиёратларга чиқиш, умра зиёратига бориш ва шунга ўхшаш нарсалар кишиларнинг орзусига айланди.
Юмушлари сабабли фарзанди-оиласи учун “вақти етмаётган” ота-оналар, хайрли ишларни бошлашга, Аллоҳнинг амрига итоат қилиб, шайтоний йўлдан қайтишга “ҳали вақти келмаганини” рўкач қилаётган бепарволар, арзимаган нарсалар учун ака укаси ва жигарлари холидан хабар олишни пайсалга солаётган “туғишганлар” ҳамда улардан бошқалар ҳам, қилиб турган ишлари бу ўткинчи дунёдаги арзимас баҳоналар эканини англашларига туртки бўлди.
Баъзан ҳол тили билан қилинган насиҳат, забон тили билан қилинган насиҳатдан кучлироқ ва тасирлироқ бўлади. СОVID-19—Коронавирус пандемияси, инсоният учун ҳол тили билан қилинган насиҳат бўлди. Аллоҳ таоло инсониятни бу дунёга ўринбосар ўлароқ яратар экан, дунёдаги барча нарсани, таъкидлаб айтаман барча-барча нарсани инсон учун яратди ва унинг учун буйсундириб қўйди.
Ҳақиқатдан, хилқат жиҳатидан кўзимизга ҳақир кўринган, аслида эса ўз жисмига нисбатан бир неча баробар юкни кўтара оладиган, одамдан фарқли ўлароқ оёқларини шифтга қўйиб юра оладиган чумолидан ҳам заиф яратилган инсон учун, Меҳрибон Яратувчимиз барча нарсани мусаххар қилиб берди.
Ер остидаги лойхўрак жонзоддан тортиб, денгиз қаъридаги балиққача, ердаги наботот, ҳайвонот, паррандадан тортиб, шамол, булут ёмғирларгача, коинотдаги қуёш, ой, юлдузлардан тортиб, дунё осмонига шифт-ҳимоя бўлиб турган атмосфера, озон қатламигача, барчаси инсониятга хизмат қилади.
Нима учун? Аллоҳ таоло бизларга шунчалар муҳтожми? Ёки бизлар Аллоҳ таолога фаришталарданда кўпроқ итоатли ва ибодатлимизми? Ёки биз бўлмасак, дунёни иши тўхтаб қоладими? Унда нима учун?!
Аниқ жавобни барчамиз топишимиз мумкин. Инсон, Аллоҳ, уни яратишида берган ақл-идрокини, онг-тафаккурини озгина ишлатиши билан бунга эриша олади. Фақат биздан талаб қилингани озгина тафаккур, ўз ҳолимизга назар ва борлиқ билан муқояса холос.
Бир оз олдин интернет саҳифаларида кўрганим бир сурат эътиборимни тортди. Унда космосдан олинган ер шарининг иккита сурати бўлиб, уларнинг бирининг тагига “дунёга келишимдан олдинги ернинг ҳолати” ва иккинчисининг тагига “дунёдан ўтганимдан кейин, ернинг ҳолати”, деб ёзиб қўйилганди.
Ўйланиб қолдим. Инсон ўзини ернинг ҳокимидек тутади. Гўёки у бўлмаса, ишлар юришмай қолади ва у ўзини ҳар бир нарсага бевосита таъсирини ўтказадиган муҳим шахсдек тутишга ҳаракат қилади. Ўзига омонат тарзида берилган мол-давлат, мансаб-мартаба, сихат-саломатлик, обрў-эътибор, шону-шавкатдан, Яратганнинг изни бўлмаса, ичган бир пиёла сувини ҳам чиқаришга қодир бўлмаган Аллоҳнинг заиф бандаси сифатида эмас, балки қудратли “инсон” сифатида суйистеъмол қилади. Манманлик қилиб, кибр-ҳавога берилади, инсонларни оёқ ости қилиб, жабр-зулмга берилади. Суратга қарар эканман, биринчи суратда ҳам, иккинчи суратда ҳам бизнинг ерда бор эканимиз ҳам, йўқлигимиз ҳам ёки ернинг ўзгаргани ҳам билинмаслиги, юқоридаги нарсаларнинг барчаси нисбий нарсалар экани, мулк Аллоҳнинг қўлида ва уни қандай хохласа шундай тасарруф қилишига яна бир бора амин бўлдим.
Бироқ, яхши англаб етишимиз лозимки, Аллоҳ бизларни ер юзида яхшилик ва адолат билан, Ўзининг буйруқларини амалга оширадиган, зулм, жаҳолат, фисқ-фасод ва адолатсизликка қарши курашадиган ўринбосари қилиб танлаб, Ўзининг фазли билан бизларни “ҳазрати инсон” қилди. Коинотдаги нафақат ер ва ундаги нарсалар, балки ундан катта бўлган жисмларни ҳам бизларнинг манфаатларимиз учун яратиб қўйди. Ҳазрати инсондан эса, бор йўқ талаб қилинган нарса, Яратувчини таниб, Унга шукр қилишлик ва ер юзини фасодга тўлдирмасдан яхшилик ила обод қилишлик бўлди.
Маълумки, Аллоҳ таоло бандаларини икки йўл билан имтихон қилади. Уларнинг бири мусийбат ва иккинчиси неъмат. Аслида биз, буларнинг иккинчиси имтиҳон эканини унутиб қўямиз. Ҳақиқатда эса, мусийбатдаги имтиҳондан кўра, неъмат билан бўлган имтиҳондан ўтиб олиш қийинроқдир.
Яқин кунларда Аллоҳ таоло бутун инсониятни, олимлар эътирофи билан айтганда жуда ҳам кичкина, заиф бир верус билан имтиҳон қилди ва Ўзининг “Бўл, деса бас, бўлади”, амрини намоён қилди. Бу ҳақда ўйлар эканман, бу верусни мусийбат эмас, балки Аллоҳ таолонинг инсониятга яна бир бора шафқати деб билдим.
Нима учун шафқати? Ахир инсонлар бундан азият кўрдиларку?, дерсиз. Тўғри. Уйлаб кўринг, борлиқ Аллоҳнинг мулки. Уни ҳеч кимдан сўрамасдан яратган ва ҳеч кимдан сўрамасдан тасарруф қилади. Буни ҳар бир, Аллоҳга имони бор банда билади. Тарихга назар солайлик. Аллоҳ уларни қандай мусийбатлар билан синаганига гувоҳ бўламиз. Нуҳ (ас) ва Лут (ас) қавми, Од ва Самуд қавми, Абраҳа ва унинг аскарларининг холига қаранг. Уларга нима бўлган?!
Аллоҳ сақласин, агар синов, тош ёмғири, зилзила, олов ёки сув балоси билан бўлганда нима бўларди?! Аллоҳнинг иродасига ким қарши тура оларди?! Энди эса, синовдан олдинги неъматга ғарқ бўлган холимизни тафаккур қилайлик. Мен, “фалон давлатда бундай бузуқлик, писмадон жойда бундай жабр-зулм”, демоқчи эмасман. Булар ҳақиқатда содир бўлди. Лекин хозир, уларнинг барчасини бир ёнга қўйиб, ўзим ва яқинларимдан нима камчилик ўтганини мушоҳада қилишимизни ва қилган хато камчиликлармиз учун истиғфор айтиб, уларни тўғрилашни истар эдим. Чунки нафс, доимо ўзини ҳақ ва тўғриман деб билади.
Зеро, яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳ таолонинг иродаси ва илоҳий ҳикматига кўра воқеъ бўлади. Ишларимизни бир маромда давом этиши ва ризқимизни кенг бўлиши омили, Аллоҳга бўлган мустаҳкам ишонч, тақво ва таваккулдир. Бунга далолат қилувчи ояти карималар Қуръони Каримда бир неча ўринларда зикр қилинган, жумладан:
وَمَنْ يَتَّقِ اللَّهَ يَجْعَلْ لَهُ مَخْرَجًا (2) وَيَرْزُقْهُ مِنْ حَيْثُ لَا يَحْتَسِبُ وَمَنْ يَتَوَكَّلْ عَلَى اللَّهِ فَهُوَ حَسْبُهُ (3)
“Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг йўлини очиб қўядир. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур. Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, унга У Зотнинг Ўзи кифоядир”.[1]
Инсон ўзлигини яъни, “ҳазрати инсон” эканлигини йўқотмас экан, унинг ҳаёти фаровонлик сари давом этаверади. Қачонки ундан нонкўрлик, ношукрлик содир бўлса, Меҳрибон Аллоҳ таоло уларни тўғри йўлга қайтариш учун турли синовларга рўбарў қилади.
Аслида бу каби синовлар, гарчи зоҳирда ёмон кўринсада, унинг ортида кўплаб яхшилик яширинган бўлиши мумкин. Том маънода, юртимизга келган СОVID-19—Коронавирус пандемияси, Бухородаги шамол ва Сирдарёдаги тошқин ҳодисаси бизларни гарчи зоҳирда узоқлаштирган бўлсада, лекин қалбан яқинлаштирди. Барча Ўзбекистон аҳолиси бу мусийбатларни қалбан ҳис қилди ва ундан қутилиш чораларида бирдек иштирок этди.
Ҳукумат томонидан бу синовларни бартараф этиш учун катта миқдорда маблағлар йўналтирилди. Бу синовлардан ўтиб олиш учун фидоий халқимиз, шифокорлар, ички ишлар ходимлари, ҳомийлар ва диний соҳа вакиллари жонбозлик кўрсатганлари таҳсинга лойиқ. Хали хануз халқимиз томонидан ёрдам карвонлари тўхтагани йўқ. Бундай халқни вакили бўлиш ва бундай халқни ичида яшаш шараф эканини барчамиз анлашимиз керак. Зеро, биз ўзи тўқ бўлиб, қўшниси оч ҳолда тонг оттирадиган миллат эмасмиз, Алҳамдулиллаҳ!
Дунё бўйича бу пандемияга хали-хануз вакцина топилмаган. Аммо, қилинган хайрли ишлар, қурбонликлар, хатми Қуръонлар, саловатлар ва дуолар шарофатидан, Аллоҳ таоло беморларимизга шифо берди ва уларнинг кўплари соғайиб кетишди. Шу муносабат билан юртимизнинг баъзи вилоят ва туманларига карантин юмшатилди. Бироқ, масаланинг иккинчи афсусланарли жойи шундаги, баъзи юртдошларимиз бу юмшатишни нотўғри тушиниб ёки умуман менсимасдан суистемол қилишди.
Шунинг учун ҳам эслатиб ўтмоқчиманки, агар бандага бир мусийбат келадиган бўлса, кўп ҳолларда бунга унинг ўзи сабабчи бўлади. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:
وَمَا أَصَابَكُمْ مِنْ مُصِيبَةٍ فَبِمَا كَسَبَتْ أَيْدِيكُمْ وَيَعْفُو عَنْ كَثِيرٍ (30)
“(Эй, инсонлар!) Сизларга не мусибат етса, бас, ўз қўлларингиз қилган нарса (гуноҳ) сабаблидир. Яна У кўп (гуноҳлар)ни афв этиб турур”.[2]
Демак, мусийбатнинг сабабларини ўзимиздан изламоғимиз мақсадга мувофиқ экан. Алҳамдулиллаҳ, юртимиздаги ислоҳотлар, хайрли ишлар, дуо ва истиғфорлар, халқимизнинг бағри кенглиги ва ёшларимиз ичидан кўплаб Аллоҳдан қўрқадиган ва ибодатлик, ота-онасини ҳурмат қиладиган, илмга чанқоқ, меҳнатга рағбатли, эсли, хушли авлод вакиллари етишиб чиқаётган бўлсада, бошимизга келган бу мусийбат нега тамомила кўтарилиб кетмаётгани ҳақида уйлаб қоламан. Бунинг ҳикмати нима экан?!
Куни кеча Рамазоннинг охирги яъни, хар бир тоқ кунида қадр кечаси яширинган ўн кунлиги, таровеҳ намозидан сўнг телевизорни қўйсам, “25-соат” кўрсатувида, юртимиздаги қоида бузарлар ва жиноятчиларни кўрсатаётган экан. Бу кўрсатувда кўрганларим, юқоридаги саволимга жавоб бўлди деб ўйладим ва шу мақолани ёзишга жазм қилдим.
Унда “Ёши олтмиш тўртга кирган, соқоли оппоқ “отахон” ўз уйида қирқ минг сўм эвазига бегона эркак ва аёлга жой бериб, қўшмачилик қилаётгани ҳақида” ички ишлар ходимлари навбатдаги рейдларини кўрсатаётган эди.
Ундан сўнг Тошкент шахар Чилонзор туманида ярим оқшомда шахарда дайдиб юрган аёллар ички ишлар ходимлари томонидан ушланиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштириш учун олиб келингани ва шу мавзейда яшайдиган онахон эса, уларнинг дастидан тинчлик бўлмаслиги, хатто улар нимани гаплашаётгани ҳам эшитилиб туриши ва бунинг ёшларнинг тарбиясига салбий таъсири ҳақида куйиниб гапирдилар. Кўрсатувни охири нима бўлар экан дея кузатиб турдим. Тартиб бузарларга бир миллион бир юз эллик минг сўм атрофида моддий жарима белгиланди ва кўрсатув ниҳоясига етди.
Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани илоҳий ҳикмат билан яратган. Агар инсон касал бўлса, унинг ҳарорати кўтарилади. Мана шу ҳарорат инсондаги барча зарарли касаллик аломатлари куйдириб, еб битиради. Шундан сўнггина ҳарорат тушиб, киши нормал ҳаётга қайтади.
Муборак Рамазон, Аллоҳнинг раҳмати, мағфирати тўлиб тошган, шайтонлар кишанланган бу ойда, бўлиб ҳам устимизда шундай синовлар келиб, ҳар куни бу офатни даф қилиши учун миллионлаб халқимиз Аллоҳга ёлбориб, дуолар қилиб турган чоғда, хаттоки Мисрдаги Инсоний биродарлар бирлашмаси Динлараро Олий қўмитаси барча дин вакилларини 14 май куни Рамазон рўзасини тутишни таклиф қилиб, бу таклифини қўллаб-қувватлаб, Рим папаси Франциск католиклар ва барча динларга мансуб одамларни Рамазонда бир кун рўза тутишга ва пандемияга барҳам бериш учун Худога дуо қилишга чақириб турган вақтда, ёши бир жойга, оёғи эса қабр лабига бориб қолган кимсанинг қўшмачилик қилиши, паспортида “Ўзбекистон” ёзуви бор аёлларни “харидор” излаб, карантинлигига ҳам қарамасдан ярим кечаси изғиб юриши ва уларнинг касри ёшларимизга, нафақат ёшлар балки барчамизга уриши ҳақидаги ўйлар мени жуда махзун қилди ва ғазабимни келтирди.
Бу ҳам касаллик аломати. Уларга қандайдир моддий чора кўрмасдан, балки жиддий қонуний чораларни қўллаш вақти келгандир. Балки, устимиздаги бу мусийбатни даф бўлиши сабабини Аллоҳ таоло ўзимизга қолдиргандир. Халқимиз бир томон бўлса-ю, бу каби нобакорлар бир томон бўлса, на худодан қўрқса ва на халқдан уялса...
Бу мусийбат халқимизни янада бирлаштирди. Энди эса, бу каби разил, ярамас иллатларни таг-томири билан қўпориб ташлашда ҳам халқимиз ва ҳукуматимиз керакли қарорларни чиқаришига умид қиламиз. Таъкидлаб айтишни истардимки моддий чора улар учун чора бўлмаслиги керак. Чунки бундай пасткаш инсонлар, жамиятнинг кесиб ташламаса бўлмайдиган “қора сон” касаллигидир. Шунча йиллардан бери уни даволаш учун “моддий чора” қўллангани етарли бўлмади. Бу услуб ўзини оқламади.
Халқимиз ва жамиятимиз манфаатлари учун, қонун чиқарувчи органларимиз керакли қонунларни қабул қилиш вақти етди чамамда. Чунки бир жойда мункар иш содир бўлса-ю, унга етарлича аҳамият берилмаса, уни олди олинмаса, пировардида гуноҳкорга қўшилиб бегуноҳлар ҳам зарар кўриши шубҳасиз.
Хулоса ўрнида барчамиз огоҳ ва сергакликни қўлдан бермасликка тарғиб қилган ҳолда, қуйидаги ҳадиси шарифни келтириб ўтишни мақсадга мувофиқ деб билдим:
عن النعمان بن بشير رضي الله عنهما يقول: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: "مَثَلُ الْقَائِمِ عَلَى حُدُودِ اللَّهِ وَالْوَاقِعِ فِيهَا كَمَثَلِ قَوْمٍ اسْتَهَمُوا عَلَى سَفِينَةٍ فَأَصَابَ بَعْضُهُمْ أَعْلَاهَا وَبَعْضُهُمْ أَسْفَلَهَا فَكَانَ الَّذِينَ فِي أَسْفَلِهَا إِذَا اسْتَقَوْا مِنْ الْمَاءِ مَرُّوا عَلَى مَنْ فَوْقَهُمْ فَقَالُوا لَوْ أَنَّا خَرَقْنَا فِي نَصِيبِنَا خَرْقًا وَلَمْ نُؤْذِ مَنْ فَوْقَنَا فَإِنْ يَتْرُكُوهُمْ وَمَا أَرَادُوا هَلَكُوا جَمِيعًا وَإِنْ أَخَذُوا عَلَى أَيْدِيهِمْ نَجَوْا وَنَجَوْا جَمِيعًا"
Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилиб дедилар: “Аллоҳнинг чегарисида (яъни, ундан ўтиш мумкин бўлмаган ҳудудда) қоим турган киши ва у чегарани бузиб ўтувчининг мисоли, худди ўзаро қуръа ташлаб бир кемани шерикчиликка ижарага олган қавмга ўхшайди. Шунда уларнинг баъзисига кеманинг юқорисидан ва баъзиларига пастидан жой тегади. (Кеманинг) пастидан жой олган кишилар, агар сув олмоқчи бўлсалар, юқоридагилар ҳузурига чиқардилар. Шунда (пастдагилар ўзларича): “Агар биз ўзимиз учун (керакли сувни) тешиб чиқариб олсак, устимиздагиларни азиятга қўймаган бўлардик”, дейишди. Бас, агар уларни қилмоқчи бўлган нарсаларига қўйиб берсалар, барчалари ҳалок бўладилар. Агар қўлларидагини (кемани тешмоқчи бўлган нарсани) олсалар, ўзлари ҳам улар ҳам барчалари нажот топадилар”.[3]
Аллоҳ таоло юртимиз ва бутун дунёдан бу касалликни кўтарсин. Бунинг ортидан битмас туганмас яхшиликларни ато этсин. Жаннатмакон юртимиз кишиларини ҳам, жаннатмонанд имон-эътиқодли, покиза, яхшиликка шукр қиладиган, ёмонликни ўз вақтида тўхтата оладиган ҳиммати баланд, зийрак ва шижоатли бандаларидан қилсин! Ва охиру даъвана анил ҳамдулиллаҳи Роббил аламийн!
Олимхон Юсупов,
Ҳадис илми мактаби ректори
[1] Талоқ сураси 2-3-оятлар.
[2] Шўро сураси 30-оят.
[3] Имом Бухорий ривояти.
Унинг илмий мероси ва таълимоти то бугунга қадар бардавом бўлиб келмоқда. Ҳатто бу таълимот, Имом Ашъарий таълимоти билан бирга, бугунги кунда аҳли сунна вал-жамоа деб танилган мусулмонларнинг тўқсон фоизини ташкил этади. Мотуридийликка мансуб мусулмонлар эса аҳли суннанинг қарийб тенг ярмидан иборат.
Мовароуннаҳр диёри ислом оламининг етук алломалари вояга етадиган муборак замин бўлган. Хусусан, Бухоро ва Самарқанд каби мўътабар шаҳарлари ўз даврида жаҳон зийнати, одамларни ўзига оҳанрабодек тортган илм-фан ва олимларнинг қароргоҳи бўлиб, илмга ташна инсон борки дунёнинг турли бурчакларидан бу ўлкага унинг олимлари ичра муродини ҳосил қилиш учун сафар қилар эди. Ким нақл илми – яъни ҳадис ва ривоятларни истаса, Имом Бухорий ва Имом Термизий сингари муҳаддислар бор. Ким ақл ва мантиқий илмларга талабгор бўлса, у Мотуридий, Насафий, Собуний, Сиғноқий ва Пешоғарий каби мутафаккирларни топарди. Тилшунослик, тафсир ва адабиётшунослик илмларини излаганлар Замахшарий ва унинг мактабидан, фалсафа ва ҳикмат илми талабидагилар эса Форобий, Ибн Сино ва бошқа зотлардан баҳра олишар эди.Ҳар бир талабгор бу диёрда ўз истагини топгани учун ҳам Самарқанд “Илм Каъбаси” – номини олган. Инсонларнинг қалблари Аллоҳнинг Байтини тавоф қилса, уларнинг ақллари Самарқанд атрофида парвонадек чарх урар эди.
Шу боис ўзбек халқи ўзининг улуғ олимлари билан фахрланади ва уларни ислом илмлари соҳасининг барча йўналишларида кўрсатган буюк хизматлари учун эъзозлайди. Ўзбекистон ҳукумати ўзбек халқининг орзу-истакларини рўёбга чиқаришга вазифадор бўлган. Буни биз Янги Ўзбекистон Президентининг бу улуғ юртдан чиққан етук олимларга кўрсатган эътибор ва эътирофида яққол кўриб турибмиз.
Ўзбекистон раҳбарияти халққа унинг миллий ўзлиги ва ислом цивилизациясини қайтаришни мақсад қилди. Давлат раҳбари “Янги Ўзбекистон” ва “Жаҳолатга қарши маърифат” шиорларини илгари сурди. Ҳеч қайси миллат ўзининг теран илдизлари ва асосларисиз замонавийлик ва цивилизация поғоналарида юксалиб, тараққий этолмайди. Шунинг учун ҳам бу юрт олимлари улкан ҳисса қўшган ислом илмларини қайтариш – тараққиёт учун зарурат ва юксалишнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади.
Президент ўз раҳбарлиги даврида амалга оширган дастлабки ишларидан бири – илмий-тадқиқот марказларини ташкил этиш бўлди. Булар орасида Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий номлари билан аталган марказлар алоҳида ўрин тутади. Шунингдек, пойтахт Тошкент шаҳрида, мазкур юртнинг ислом маданияти ва инсоният тафаккурига қўшган ҳиссасини намоён этувчи Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази ташкил этилди.
Ушбу йўналишда яна бир муҳим қадам – ислом олами уламолари билан фикр алмашиш бўлди. Бу мақсадда ўнлаб илмий анжуманлар ташкил этилди. Улар исломий илмларнинг ақлий ва нақлий йўналишларини чуқур ўрганиш, уларнинг мазкур юрт тараққиётига қандай ҳисса қўша олиши ва мамлакатни янада юксалтиришдаги ўрнини белгилашга қаратилган эди. Бу орқали Ўзбекистон нафақат ислом оламида, балки бутун дунёда илмий-маънавий етакчига айланиши кўзда тутилган.
Қолаверса, ушбу йўналишда ташкил этилган энг муҳим анжуманлардан бири – 2020 йилда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган халқаро илмий конференция бўлди. Унда дунёнинг турли мамлакатларидан юздан ортиқ ислом уламолари иштирок этди. Анжуманда ал-Азҳар шайхи, доктор Аҳмад Таййиб ҳам қатнашди. Мазкур анжуманнинг муҳим тавсияларидан бири – Имом Мотуридий номидаги илмий марказни ташкил этиш бўлди. Бу марказ мотуридийлик уламолари меросини тадқиқ этиш, уларни кенг жамоатчиликка танитиш ва илмий меросларидан фойдаланиш мақсадида илм нурини сочувчи маскан сифатида фаолият юритиши назарда тутилди.
Марказ томонидан ўзбек ва араб тилларида ўнлаб китоблар нашр этилди. Уларнинг энг муҳимлари – “Таъвилот ал-Қуръон”, Имом Мотуридийнинг “Китоб ат-Тавҳид” ва “Рисолатун фи ат-тавҳид” асарларининг араб тилидаги илмий матни ва ўзбек тилидаги таржималари бўлди.
Шунингдек, Марказ томонидан илмий мақолаларни ўз ичига олган ва исломшунослик ҳамда мотуридийлик таълимотларига бағишланган олим ва мутахассислар тадқиқотларини чоп этувчи илмий-таҳлилий чораклик “Мотуридийлик” журнали таъсис этилди. Марказ халқаро миқёсда кўплаб анжуман ва илмий учрашувлар ўтказди. Унинг қошида ислом оламининг турли минтақаларидан етук олимлар ва мутахассислардан иборат халқаро илмий кенгаш фаолият олиб бормоқда.
Санаб ўтилган муҳим босқичлардан кейин, жорий йилда Имом Абу Мансур Мотуридий таваллудининг юбилейи нишонланмоқда. Шу муносабат билан унинг илмий ва ақидавий меросини қайта ёдга олиш ҳамда қадрлаш давлат ва жамият ҳаётида муҳим ўрин тутмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан юксак эҳтиром билан қабул қилинган қарорга мувофиқ, Имом Абу Мансур Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини нишонлашга давлат даражасида эътибор қаратилмоқда. Ушбу қарорга асосан турли давлат идоралари ва ташкилотлари ҳамкорлигида бир қатор тадбирлар ўтказилиши белгиланган. Энг муҳим воқеалардан бири – 2025 йили Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган халқаро конференция бўлиб, унга ислом оламининг етакчи уламолари ҳамда исломшунослик соҳасида фаолият юритувчи машҳур шарқшунос олимлар иштирок этишидир. Мазкур анжуман Имом Мотуридийнинг ислом оламидаги юксак мақомини муносиб тарзда ёритишни кўзлаб, “Мотуридийлик – бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти” мавзусида ўтказилади.
Шунингдек, тадбирлар доирасида қуйидаги йўналишларда бир қатор танловлар ва маданий-маърифий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган:
– хорижлик тадқиқотчилар ўртасида мотуридийлик таълимоти бўйича илмий танлов;
– Ўзбекистоннинг диний таълим муассасалари барча босқич талабалари ўртасида Имом Мотуридий таълимотига бағишланган танлов;
– имом-хатиблар ва ислом таълим муассасалари талабалари ўртасида мотуридийлик таълимоти ва манбалари юзасидан мусобақалар.
Шу қаторда, Ўзбекистон бўйлаб танлов ғолиблари иштирокида маданий-маърифий учрашувлар, ўқув-семинарлар ва тарғибот тадбирлари ташкил этилади.
Бундан ташқари, Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” ва “Китоб ат-Тавҳид” асарлари ҳамда мотуридийлик таълимотини таништирувчи бошқа муҳим асарларнинг ўзбек ва бошқа тиллардаги илмий-академик таржималари нашр этилиши режалаштирилган.
Санаб ўтилганлардан ташқари, юбилей санасини муҳрловчи эсдалик буюмлари, Имом Мотуридий ва мотуридийлик уламоларининг ҳаёти ва илмий мероси билан боғлиқ ноёб манбаларни тизимли ўрганиш, уларнинг нусхаларини Ўзбекистонга олиб келиш ва таҳлил қилиш, юксак сифатли медиа маҳсулотлар, ҳужжатли фильмлар ва аудиовизуал материаллар тайёрлаш, уларни маҳаллий ва халқаро оммавий ахборот воситаларида, интернет ва ижтимоий тармоқларда кенг тарғиб қилиш бўйича зарур чоралар кўрилиши белгиланди.
Энг қувонарлиси, Президент қарорининг Имом Абу Мансур Мотуридий мақбараси жойлашган Самарқанддаги Чокардиза зиёратгоҳи қайта таъмирланиб, ободонлаштирилиши, бу жой яхлит композицияга эга ёдгорлик мажмуасига айлантирилиши хусусидаги банди бўлиб, барчамиз узоқ кутган бу янгилик қалбимизга бетакрор фараҳ бахш этди...
Бу юртда янги бир руҳият уфуриб турибди. Бу руҳият ҳозирги замонни ўтмиш билан боғлайди, келажакни бунёд этишга сафарбар этади. Бу – илм ва маърифат қудрати, фикр ва ақл қуввати, тараққиёт ва тамаддун кучи, бирлик ва бағрикенглик кучи, қалб ва ахлоқ кучи, таъсир ва бунёдкорлик кучидир. Бу янги руҳ – миллий илдизларга суянган ҳолда тараққиётга йўл очувчи, чуқур ва теран бир тафаккурнинг ифодасидир. Чунки, ҳар қандай тамаддуннинг пояси маданиятдир.
Миллат ўз тамаддунини қадрламас экан, юксалмайди. Ўз тафаккурини, қадриятларини бой манба сифатида дунёга таклиф эта олмас экан, у ҳар тарафдан ўзлаштиришга муҳтож бўлиб қолади. Аммо бизда дунёни бойитишга қодир фикр, маданият ва куч мавжуд.
Аждодлар қолдирган илм ва маданият омонати ёш авлод қалбига илғор тарзда сингдирилиши ва ўз тарихидан фахрланиш руҳида тарбияланиши зарур. Президент қарори ва унинг ила амалга ошириладиган ишлар айнан шу мақсадга хизмат қилади.
Аллоҳ ҳар бир бунёдкор қўлни, ҳар бир оқилона қарорни ва ҳар бир авлодни улуғ аждодлар билан боғлаётган сўзни хайрли қилсин – шоядки, улар ўз буюк ўтмишларини қайта тиклаб, инсоният карвонини яна маърифат, мўътадиллик, бағрикенглик сари бошлаб бора олгайлар!
Доктор Аҳмад Саъд Даманҳурий,
мотуридийшунос олим.
ЎзА