Рамазон ойининг безаги бўлмиш Қуръони каримни хатм қилиш ўлкамизда гўзал анъанага айланган. Аллоҳнинг каломи қалбларга шифо, дилларига сурур, руҳларига қувват бағишлайди. Юртимизда шаҳри Рамазоннинг ҳар оқшомида Илоҳий калом садолари янграмоқда.
Шу йил 20 апрель кунидаги Президентимизнинг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарори асосида онлайн Қуръони карим тиловатлари ташкил этилиши элимизни чексиз хурсанд қилди.
Улуғ ой давомида диёримизда энг хушовоз қорилар онлайн хатми Қуръонларни ўқидилар. Интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлар орқали қорилар қироатларини юртимиз аҳли диққат билан тинглади.
Шундай онлайн хатми Қуръонларнинг якуни ва хатмона дуоси 2020 йил 19 май (Қадр кечаси) куни соат 22:15 да жонли эфирда узатилиши режалаштирилди. Хатмона тадбири интернет сайтлари, ижтимоий тармоқлар орқали онлайн намойиш этилади. Шунингдек, ушбу тадбир “Uzreport” телеканалида тўғридан-тўғри, қолган каналларда эса ёзиб олинган ҳолда эфирга берилади.
Мана шундай хатми Қуръонлар файзу баракасидан бутун дунёга, хусусан, юртимизга қут-барака инсин, балою офатлар даф бўлсин, деб илтижолар қиламиз.
Қадр кечасидаги онлайн Қуръон хатмонасига марҳабо, азиз юртдошлар!
MuslimTV - https://www.youtube.com/channel/UCLbdL0ibb4zqlqe7LRNOSNQ
Uzreport - https://uzreport.news/live
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Маънавий озуқа олишнинг, чин инсон бўлиб етишишнинг асосий йўли — китоб мутолаасидир. Инсон камолоти манбаи ҳам китобдир. Дарҳақиқат, китоб — инсоннинг дунёқарашини кенгайтириб, нутқини ўстирувчи, хотираси ва фикрлаш қобилиятини мустаҳкамловчи маънавий сарчашмадир. Ана шундай бебаҳо асарлардан бири — Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари томонидан тасниф этилган “Эй бандаларим... Бир қудсий ҳадис шарҳи” номли китобдир.
Жорий йилнинг 19 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти вакиллиги томонидан мазкур асарнинг тақдимоти ўтказилиб, тадбир кўтаринки руҳда ўтди.
Тадбирни Сирдарё вилояти бош имом-хатиби, устоз Ҳабибуллоҳ домла Зокиров очиб бериб, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг “Эй бандаларим... Бир қудсий ҳадис шарҳи” китоблари бугунги кун ва келажак учун ўта долзарб аҳамиятга эга эканини таъкидладилар. У киши асарнинг халқимиз, имомлар, ноиблар ва отинойилар учун манфаатли бўлишини Яратгандан сўрадилар.
Китоб муқаддимасида ҳар бир ўқувчи Устоз Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг марҳум ота-оналари ҳақларига дуо қилиш илтимоси келтирилгани ҳам айни муддаодир. Чунки ота-она хизматини инкор этиб бўлмайди — олим фарзанднинг ҳар бир ютуғида уларнинг меҳри ва дуоси турган бўлади.
Шунингдек, ҳазратнинг “Ёшларга насиҳатим” китоблари ўзбек ва рус тилларида чоп этилаётгани ҳам муборак хабар сифатида қайд этилди. У киши томонидан ёзилган “Исломда Ватан тушунчаси”, “Фитна – кўз илғамас хатар”, “Ҳаж — буюк ибодат”, “Умра — улуғ амал” каби асарлар ҳам ҳар биримиз учун муҳим қўлланма экани алоҳида таъкидланди.
Тадбир давомида вакиллик ўринбосари Султон Жангиров, Абдурауф домла Ёрбеков, Оқолтин тумани бош имом-хатиби Мансуржон Исмаилов, Боёвут тумани бош имом-хатиби Файзуллоҳ домла Эшбеков китоб ҳақида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар. Шунингдек, Ховос ва Мирзаобод туманлари бош имом-хатиблари ҳам асарнинг аҳамияти, имомлар, ноиблар ва барча диний соҳа ходимлари учун муҳим манба эканини қайд этиб ўтдилар.
Гулистон шаҳар бош отинойиси Мавлуда Йўлдошева ҳам асарнинг ўзига хос жиҳатларига тўхталиб ўтди.
Тадбир сўнгида хайрли дуолар қилинди ва тақдимот кўтаринки руҳда ўз ниҳоясига етди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Сирдарё вилояти вакиллиги Матбуот хизмати