Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
02 Март, 2026   |   13 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:38
Қуёш
06:56
Пешин
12:40
Аср
16:30
Шом
18:19
Хуфтон
19:30
Bismillah
02 Март, 2026, 13 Рамазон, 1447

РОСУЛУЛЛОҲ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) БУХОРОГА КЕЛДИЛАР!

17.05.2020   6238   11 min.
РОСУЛУЛЛОҲ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) БУХОРОГА КЕЛДИЛАР!

Нақл қилинишича, Бухоро муҳаддиси ва ҳофизи, Имом Бухорийнинг устози Муҳаммад ибн Салом Пойкандий тушларида Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни Бухорога ҳадисларда сифатланган машҳур туяларини миниб, бошларига оқ кулоҳ (дўппи) кийган  ҳолда келганларини кўрди. Одамлар бу муборак ташрифдан бағоят хурсанд эдилар. Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Ҳафс Кабирнинг уйларига келиб тушдилар. Сўнг Абу Ҳафс Кабир Росул алайҳиссаломга китоб ўқиб берди, Ул зот эса Абу Ҳафс Кабирнинг мутолаасига қулоқ солар ва мақуллар эдилар[1].

Мусулмон олами балки бутун дунё Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан фақиҳ-алломаларимизни катта ҳурмат-эътибор билан тилга олишлари ҳаммага маълум. Аммо ўлкага энг биринчи фиқҳ илмини олиб келиб, уни кенг ёйган ва бу жойда бутун оламга машҳур Мовароуннаҳр фиқҳ мактабига асос солган фақиҳ бобокалонимизнинг ҳаётлари кўпчилигимизга ҳали номаълум ва қизиқарли эканига шубҳа йўқ.

Ислом ҳуқуқи – фиқҳ шаклланганидан сўнг бу ўлкада Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг машҳур шогирди Абу Ҳафс Кабир ал-Бухорий орқали илк бор, том маънода кенг тарқала бошлаган. Имом Шофиъий Абу Ҳанифа ҳақларида «Одамлар фиқҳда у зотнинг боқимандаларидир (шогирдларидир)» деган бўлсалар, Мовороуннаҳр фақиҳлари ҳам Абу Ҳафс Кабирнинг боқимандалари, шогирдлари ҳисобланади. Чунки, Мовороуннаҳрга фиқҳ илмини олиб келган ва Бухорода илк мадрасани қурдирган ҳам Абу Ҳафс Кабир ҳисобланадилар.

Бутун ислом оламига Абу Ҳафс Кабир номи билан танилган буюк фақиҳ, муҳаддис, Имом Бухорийнинг  замондоши ва устози[2] бўлган юртдошимизнинг тўлиқ исмлари Абу Ҳафс Аҳмад ибн Ҳафс ибн Зибриқон ибн Абдуллоҳ Ижлий Бухорий бўлиб, 150/768 йили Кўҳна Бухоронинг “Фахсодара” махалласида туғилган. Алломага Кабир (Катта) номи берилиши ҳақида Абдулҳай Лакнавий: «Абу Ҳафс Бухорийни Кабир деб аташлари ўғиллари Абу Ҳафс Сағир (Кичик Абу Ҳафс) билан фарқлаш учун бўлган», дейдилар.[3] Чунки фарзандлари Абу Ҳафс Сағир ҳам отасидек ислом оламида машҳур фақиҳ бўлган. Бу ҳақда Имом Заҳабий «Сияру аъламин нубала»асарида: «Аҳмад ибн Ҳафс (яъни Абу Ҳафс Кабир) буюк фақиҳ, Мовороуннаҳр ва бутун машриқ устози ҳамда Бухоронинг шайхул-исломи бўлган Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳафс (яъни Абу Ҳафс Сағир)нинг отасидир», дейдилар.

Абу Ҳафс Кабир бошланғич таълимни Бухорода олгандан сўнг, Бағдодга бориб, Имом Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг шогирди Имом Муҳаммад (раҳматуллоҳи алайҳ)дан таълим олдилар. Бу ҳақда Имом Заҳабий: «Абу Ҳафс Кабир Имом Муҳаммаддан фиқҳни ўрганди ҳамда Вакиъ ибн Жарроҳ, Абу Усома, Ҳушайм ибн Башир, Жарир ибн Абдулҳамид каби муҳаддислардан ҳадис эшитди. Билингларки, Абу Ҳафсдан келган ривоятлар ишончли ҳисобланади», дейдилар.[4] Муҳаммад Зоҳид Кавсарий ҳам:«Абу Ҳафс Кабир ва Абу Сулаймон Жузжоний Имом Муҳаммад китобларининг ривоятида асос ҳисобланадилар», дейдилар[5]. Бундан кўринадики, Имом Муҳаммаднинг асарлари кейинги авлодга асосан ушбу икки шогирд орқали етган ва улар Имом Муҳаммаднинг энг яқин шогирдларидир.

Шунингдек, Абу Ҳафс Кабир Имом Муҳаммаднинг асосий илмий мероси ва ҳанафий мазҳабининг асоси ҳисобланган «Зоҳирур-ривоя» китобларининг ровийси ҳамдир. Фақатгина олтинчи китоб – «Китаб ас-сияр ал-кабир» Абу Ҳафс Кабир она юртларига қайтгандан сўнг ёзилгани учун уни ривоят қилиш насиб этмади.[6] Абу Ҳафс Кабир ривоятлари билан бизгача етиб келган Имом Муҳаммаднинг асарлари нафақат Ислом оламида балки бутун дунё ҳуқуқшунослигининг асос манбаси ҳисобланади. Ушбу олти китобни ўрганиб чиққан ғарб шарқшунослари Имом Муҳаммадни «Ислом Гроцийси[7]» деб аташган эди. Лекин Имом Муҳаммад Гроцийдан саккиз ярим аср муқаддам халқаро ҳуқуқнинг барча соҳаларидаги меъёрларни ўз асарларида илк бор муфассал ёритиб берган эдилар.

Абу Ҳафс Кабир Ироқ аҳли фиқҳи ва бошқа кўпгина илмларни пухта эгаллагандан сўнг, она шаҳри Бухорога илм ва тақво билан бойиган хазина мисол бўлиб қайтдилар. Халқ у кишини катта хурсандчилик билан кутиб олди. Шундан сўнг, эски манзиллари яқинига бир неча масжид ва мадраса қурдириб, талабаларга таълим бериш ҳамда халқдан тушган саволларга фатво бериш билан машғул бўлдилар. Абу Ҳафс Кабир, амир ёки оддий фуқаро бўладими, қандай муаммо билан келса, ҳал қилиб беришга ҳаракат қилган. Шу боис, одамлар олимни «Ҳожатбарор имом» деб ҳурматлашган.

Ривоят қилинишича, бир куни Имомнинг зиёратига Бухоро амири Муҳаммад ибн Толут келиб, салобатларидан тили айланмай қолади ва зиёрат сўнгигача бир оғиз гапиришга ботина олмайди. Қайтишда ҳамроҳи бўлган вазирига: «Мен Халифа ва жуда кўп улуғлар ҳузурига кирганман лекин, ҳеч кимдан бунчалик ҳайбатланмаган эдим» деган экан.[8] Шунингдек, фақиҳнинг ҳар кун Қуръони каримнинг тенг ярмини хатм қилишга одатланганлари ва бу умрларининг охиригача давомий бўлгани манбаларда зикр қилинади.[9]

Абу Ҳафс Кабир ўзлари берган фатволарни жамлаб «Фатовойи Абу Ҳафс» китобини ёзганлар. Алломанинг фатволари Ислом оламида кенг тарқалган бўлиб, у киши берган фатволар ва асарларидан олинган иқтибослардан кейинги давр уламолари ўз асарларида кенг истефода этишган. Жумладан: «Баҳрур-роиқ шарҳу канзул-дақоиқ», «Фатовои Оламгирия», «Фатовои ҳиндия», «Тахриж мин фатовои Абу Хафс Кабир Бухорий»,«Дурру-л-мухтор», «Иноя шарҳу-л-ҳидоя», «Мабсуту-с-Сарахсий», «Бадоиъу-с-саноиъ», каби китобларда мавжуд. Шунингдек, Абу Ҳафс Кабир «Китаб ат-тахриж» ва «Наводир» номли асарлар муаллифи ҳамдир.[10]

Муҳаммад ибн Жаъфар Наршахийнинг «Бухоро  тарихи» китобида қуйидагича ҳикоя қилинади:«Абу Ҳафс Кабирнинг шуҳрати Ислом оламига тарқалди, ҳатто араб диёри олимлари бирон-бир мушкул масаланинг жавобини билмай қолишса, Бухородан улар томон қатнайдиган карвонга ўз вакилларини қўшиб масаланинг жавобини билиб келиш учун жўнатишар эди. Бир куни ҳожилар карвони келаётганида, карвондан бир киши Абу Ҳафснинг ёнига келиб, бир масаланинг жавобини сўради, Абу Ҳафс ажабланиб: «Нима учун Ироқ олимларидан сўрамадингиз?» деди. Ҳалиги одам: «Улардан сўрадик, лекин улар жавоб бера олмади ва менга Бухорога бориб, бу масалани Абу Ҳафсдан ёки унинг фарзандидан сўрагин, улар сенга бу масаланинг жавобини айтади дейишди», деб жавоб берди.[11]

Абу Ҳафс Кабирнинг мадрасаси ҳозирги «Пойи Калон» мавзеида бўлган. Аллома уйдан мадрасага боришда бозор орқали ўтганида ҳайбатларидан бозорчиларнинг шовқин-сурони тўхтаб қолар эди.[12]

Абу Ҳафс Кабир тарбиялаган шогирдлардан Абу Ҳафс Сағир, Абу Жаъфар Ризвон ибн Салим Бадокорий, Ҳотам ибн Наср ибн Молик Ғиждивоний, Абул Ҳасан Муқотил ибн Саид Байдарий, Муҳаммад ибн Ҳотам Субизғукий, Абу Заҳҳок Фазл ибн Ҳассон Сутиканий, Абу Саид Сулаймон ибн Довуд Шарғий ва унинг ўғли Абу Усмон Саид ибн Сулаймон Шарғий, Ҳорис ибн Абул Вафо ал-Бухорий, Абу Солиҳ Тоййиб ибн Муқотил Ҳуноматий, Абул Ҳасан ибн Толиб Ғишатий каби алломалар етишиб чиқди.[13] Жумладан, буюк муҳаддис – Имом Бухорий ҳам фақиҳдан ёшликларида таълим олган.[14]

Абу Ҳафс Сағир(фақиҳниг фарзанди кичик Абу Ҳафс)нинг тўлиқ исмлари – Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳафс ибн Зибриқон ал-Бухорийдир. У киши ўз оталарида талим олиб, катта фақиҳ ва Бухоро шайхи даражасига етишган.

Абу Ҳафс Сағир ҳам араб юртларига илмий сафар қилганлар. Бу сафар давомида Абул Валид ат-Таёлиси, Ҳумайди, Яҳё ибн Маъин каби муҳаддислардан ҳадис эшитган. Сафар давомида Имом Бухорий билан ҳамроҳ бўлган.[15]У зотни «ал-Аҳваъ вал-ихтилаф» («Ҳавойи гаплар ва ихтилофлар»), «ар-Радду ала-л-лафзийя» («Юзаки қаровчиларга раддиялар») номли китоблари мавжуд. Шу ўринда юқоридаги икки китоб ҳақидаги Абдулҳай Лакнавий қуйидаги сўзларини келтирамиз: «Ушбу икки китобни кўпгина манбаларда, жумладан «Кашфуз-зунун» ҳамда «ал-Фунун» асарларида Абу Ҳафс Кабирга нисбат беришган, бу эса хатодир. Аслида бу китобларни Абу Ҳафс Сағир ёзган», деб айтадилар.[16] Абу Ҳафс Сағир 264/878 йили Рамазон ойида вафот этганлар.[17]

Абу Ҳафс Кабир 216 ҳиж. (832 мил.) йили вафот этганларида Бухородаги Дарвозайи Нав қаршисидаги тепаликка дафн қилинди. Шундан кейин одамлар бу дарвозани Ҳазрати Имом дарвозаси деб атай бошлашди.

Абу Ҳафс Кабир дафн қилинган тепаликга яқин жойда алломанинг дарсхонаси ва атрофда кўплаб масжидлар жойлашгани ҳамда кейинроқ Абу Ҳафс Кабирнинг қабри устига мақбара қурилганини Наршахий «Бухоро тарихи»да зикр қилиб ўтган.

 

 

 

 

Тошкент ислом институти

 “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари”

кафедраси ўқитувчиси Юсуф Абдурахимов

 

 

[1]Ҳуснут-тақозий. – Б. 72.

[2]Қаранг: Муҳаммад Зоҳид ал-Кавсарий. Булуғул аманий фи сийрати имам Муҳаммад ибн ал-Ҳасан. Ҳимс, (Сурия) “Ал-Андалус” 388/1969.– Б.9.

[3]Абдулҳай Лакнавий. Ал-Фавоидул ал-Баҳийя фи тарожимил ҳанафия. –Миср, «Матбаъа ас-саъада” 1324/1906.

[4]Имом Заҳабий. Сияру аъламин нубала. – Миср:«Мактаба ат-тавфиқия” (йили кўрсатилмаган)Ж. 10. – Б. 159.

[5]Ҳуснут-тақозий – Б.72.

[6]Доктор Али Аҳмад ан-Надавий. Имом Муҳаммад ибн Ҳасан аш-Шайбоний нобиғоут фиқҳил-ислами. –Дамашқ, «Дорул қалам” 1314/1994. –Б.54.

[7]Европаликлар томонидан халқаро ҳуқуқ асосчиси сифатида қабул қилинган олим.

[8]Муҳаммад Зоҳид Кавсарий. Ҳуснут-тақозий фи сийрати Имам Абу Юсуф. Миср, “Мактабтул-азҳарийя” (йили кўрсатилмаган) – Б. 70.

[9]Ҳуснут-тақозий.– Б.72.

[10]Тузувчилар гуруҳи. Исломшунослик қомусий луғати. –Т: Тошкент ислом университети, 2014. –Б.70.

[11]Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар Наршахий. Бухоро тарихи. – Т.:«Шарқ баёзи”. – 1993.  –Б.53, 54.

[12]Қаранг: Ҳуснут-тақозий. – Б. 71.

[13]Тузувчилар гуруҳи. Исломшунослик қомусий луғати. –Т.: Тошкент ислом университети 2014. –Б.70.

[14]Ҳуснут-тақозий. – Б. 71.

[15]Қаранг: Ҳуснут-тақозий. – Б. 71.

[16]Фаваидул баҳийя. – Б.19.

[17]Фаваидул баҳийя. – Б.19.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Бир оят тафсири: Саҳар вақтида истиғфор айтувчилар

14.03.2024   3890   5 min.
Бир оят тафсири: Саҳар вақтида истиғфор айтувчилар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

(Улар) сабрли, садоқатли, итоатли, саховатли ва саҳар чоғларида (Аллоҳдан) мағфират сўрайдиган кишилар эди” (Оли Имрон сураси, 17-оят).

(Улар) сабрли...”. Мўмин банда машаққатларга сабр қилади. Аллоҳнинг ҳукмига рози бўлади. Имом Қуртубий оятда келган сабр ҳақида: “Гуноҳ ва масъиятлардан тийилишда сабр қилиш”, деса, баъзилар: “Итоатда сабрли бўлиш” дейди.

“...садоқатли...”. Садоқатли кишилар – имонда мустақим турувчилар, динда собит қадам бўлувчилар. Уларнинг содиқлиги айтаётган сўз ва бажараётган амалида намоён бўлади.

“...итоатли...”. Доимо Аллоҳга ибодатда бўлиш, ёлғиз Ўзигагина илтижо қилиш диннинг мағизи ва руҳидир.

“...саховатли...”. Аллоҳ учун инфоқ-эҳсон қилувчилар, одамларга меҳр-мурувват кўрсатувчилар, ҳадя улашувчи саховатпешалар.

Аллоҳ таоло сабрли, ростгўй, итоаткор, саховатли бандаларини бирма-бир зикр этиб, саҳарда истиғфор айтувчиларни алоҳида мадҳ этади: “...саҳар чоғларида (Аллоҳдан) мағфират сўрайдиган кишилар эди”.

Тун қоронғу кечасининг тонг ёғдусининг илк нурлари билан уйғунлашган лаҳза саҳар вақтидир. Бу пайт дуо қабул бўладиган улуғ фурсатдир. Луқмони Ҳаким ўғлига қилган насиҳатларидан бирида: “Эй ўғлим, хўроз сендан чаққонлик қилиб, саҳар чоғида сен уйғонмай туриб қичқирмасин”, деган экан (Абул Барокот Насафий. Мадорикул танзил ва ҳақоиқул таъвил).

Яқуб (алайҳиссалом)га фарзандлари: “Эй, ота, (Аллоҳдан) бизларнинг гуноҳларимизни мағфират қилишини сўранг! Албатта, бизлар хато қилувчилардан бўлган эканмиз” (Юсуф сураси, 97-оят) дейишганда, Яқуб (алайҳиссалом): “Албатта, Раббимдан сизларни мағфират қилишини сўрайман. Албатта, У Ғафур (мағфиратли) ва Раҳим (раҳмли)дир” (Юсуф сураси, 98-оят) деб истиғфор айтишни саҳар вақтига қолдирганлар (Тафсирул Қуртубий, Тафсир ибн Касир).

Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) кечани ибодат билан ўтказарди. Нофеъ (раҳматуллоҳи алайҳ)дан саҳар вақти бўлди-ми? деб сўрарди. Агар ҳа деган жавобни олса, тонггача дуо ва истиғфор билан машғул бўларди (Ибн Абу Хотим ривояти).

Ибн Жарир (раҳматуллоҳи алайҳ) Иброҳим ибн Ҳатиб (раҳимаҳуллоҳ)дан ривоят қилади: «Саҳарда масжид яқинида бир мўминнинг истиғфор айтатуриб: “Аллоҳим буюрдинг, итоат этдим. Гуноҳларимни кечир” деяётганини кўрдим».

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) “...саҳар чоғларида (Аллоҳдан) мағфират сўрайдиган кишилар”ни Аллоҳдан гуноҳларини кечиришини сўраб истиғфор айтувчилар” деб тавсифласа, Қатода (розияллоҳу анҳу): “Улар саҳар вақтида намоз ўқувчилар”, деган (Тафсирул Қуртубий).

Аллоҳ таоло бошқа оятда жаннатдаги тақводор бандаларининг сифатини келтирганида ҳам саҳарда истиғфор айтувчиларни алоҳида васф этади: (Улар) туннинг озгина (қисмидагина) ухлар эдилар. Саҳарларда улар (Аллоҳдан) мағфират сўрар эдилар” (Зориёт сураси, 17-18 – оятлар).

Набий (алайҳиссалом) қудсий ҳадисларнинг бирида: “Албатта, Аллоҳ таоло ҳар куни кечанинг учдан бири қолганда дунё осмонига тушади ва тонг отгунча “Тавба қилувчи борми? Тавбасини қабул қиламан, истиғфор айтувчи борми? Мағфират қилиб, гуноҳини кечаман? Сўровчи борми, сўраганини бераман”, дейди”, деганлар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Жаброил (алайҳиссалом)дан: “Кечанинг дуо қилиш учун мақбул ва дуолар тез ижобат бўладиган энг афзал вақти қайси?” деб сўрадилар. Шунда Жаброил (алайҳиссалом): “Саҳар вақтидан бошқа пайтларда Аршнинг ларзага келганини кўрмадим”, деди (Тафсирул Мунир).

Саййидул истиғфор деб номланган ушбу дуо энг афзал истиғфор калимларидан ҳисобланади: “Аллоҳумма анта Роббий лаа илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика мин шарри ма сонаъту, абуу лака би неъматика алаййа ва абуу бизамбий фағфирлий зунубий фаиннаҳу лаа йағфируз-зунуба илла анта бироҳматика йа Арҳамар Роҳимийн” (Аллоҳим! Сен менинг Роббимсан. Сендан бошқа илоҳ йўқ, фақатгина Сен борсан. Мени Сен яратдинг. Шубҳасиз, мен Сенинг бандангман. Кучим етгани қадар Сенга берган сўзимда туришга ҳаракат қиляпман. Ё Роббий, қилаётган гуноҳларимдан Сендан паноҳ тилайман. Менга лутф этган неъматларингни эътироф қиламан. Гуноҳларимни ҳам эътироф этаман. Ё Роббий! Мени мағфират эт. Зеро, Сендан бошқа мени мағфират қиладиган илоҳ йўқ).

Бу истиғфор ҳақида Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳар ким ихлос билан, савоб ва фазилатига ишонган ҳолда, бу дуони эрталаб ўқиб, оқшомга етмай вафот этса, жаннатга киради. Агар савоб ва фазилатига ишонган ҳолда ихлос билан оқшом ўқиб, тонгга етмай вафот этса, у ҳам жаннат аҳлидандир”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Саҳарда истиғфор айтиш нафақат гуноҳлардан фориғ бўлиш, балки қут-баракага ҳам ноил этади. Чунки Набий (алайҳиссалом): “Саҳарда туринглар, чунки саҳарда барака бордир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳ таоло гуноҳларимизни мағфират этадиган, устимизга файзу барака ёғиладиган қулай фурсат – саҳар вақтини ғанимат билиб, унинг фазилатидан тўлиқ баҳраманд бўлишга интилайлик. Бунда Аллоҳ таоло барчамизга тавфиқ ато этсин.

Даврон НУРМУҲАММАД

 

Мақолалар