Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки, бизни муборак Рамазон ойига етказди ва аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири Дўзах оловидан халос бўлиш ойи неъмати билан ризқлантирди. Қанча инсонлар бор ушбу кунгача етиб кела олмади. Аммо, бизни Аллоҳ таоло шундай шараф билан сийлади. Бу учун Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар бўлсин!
Ушбу ойнинг фазилатини зикр этиш учун Аллоҳ таолонинг қуйидаги каломининг ўзини келтириш кифоя қилади:
شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِيَ أُنزِلَ فِيهِ الْقُرْآنُ هُدًى لِّلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِّنَ الْهُدَى وَالْفُرْقَانِ
“Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир” (Бақара сураси 185-оят).
Бутун мусулмон умматини ҳидоят йўлига бошлашлик учун нозил қилинган Қуръони карим ушбу ойда нозил қилингандир. Албатта, ушбу ой мусулмон уммати учун яхшиликларни кўпайтирадиган, Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қиладиган, нафсни тарбиялайдиган, маъсиятдан тоатга ва фасоддан ислоҳга ўтадиган баракали ой ҳисобланади.
Рамазон бизни ўзгартирсин! Чунки, бу ойда раҳмат ва баракалар мўлу-кўл бўлади. Раҳмат эса бутун мусулмонларни қамраб олади, фақатгина якка бир кишини эмас!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Беш маҳал намоз ва жума кейинги жумагача, Рамазон кейинги Рамазонгача орадаги (гуноҳ)ларга каффоратдир, агар киши гуноҳи кабиралардан сақланган бўлса», дер эдилар. (Муслим ривоят қилган).
Имом Термизий роҳимаҳуллоҳнинг “Сунан”ларида келади, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиланади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: “Бурни ерга ишқалансин! Унинг ҳузурида менинг номим зикр этилиб, саловот айтмаган кишини. Бурни ерга ишқалансин! Рамазонга кириб, ундан (гуноҳлари) кечирилмай чиққан кишини. Бурни ерга ишқалансин! Ота-онасини катталик чоғида топиб, Жаннатга кирмаган кишини”.
Кўрдим, гуноҳлар қалбни ўлдирар,
Унда бардавомлик хорлик келтирар.
Гуноҳларни тарк этиш қалблар ҳаёти,
Нафсга бўйсунмаслик киши нажоти!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким Рамазон рўзасини иймон билан, савоб умидида тутса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади. Ким қадр кечасини иймон билан, савоб умидида ибодат билан ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади," дедилар. (Муттафақун алайҳ)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким Рамазонда фарзлигига ишониб, савоб умидида рўза тутса, уни аввалги гуноҳи кечирилади", дедилар. (Муттафақун алайҳ)
Ҳасан Басрий айтадилар: «Халойиқ тоат-ибодатда мусобақалашиши учун Рамазон ойини Аллоҳ таоло мусобақа майдони қилди. Бир қавм у мусобақада ғалаба қозонди, бошқа бир қавм ортда қолиб, енгилди».
Ишонч ҳосил қилайлик, биз тавба қиладиган ва ўз ҳолатларимизни тўғирлаб, Роббимиз билан алоқамизни мустаҳкамлайдиган кунлар олдида турибмиз.
Аллоҳ таоло ушбу ойда қиладиган ибодатларимизни Ўз даргоҳида ҳусни мақбул айласин!
Абдуссамиъ Эргашев тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб: «Мен қийналган кишиман», деди. Яъни, оч эканини билдирди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинларидан бирига овқат сўраб одам юбордилар. «У зотни ҳақ ила жўнатган зотга қасам ичиб айтаманки, уйимда сувдан бошқа ҳеч нарса йўқ!», деди у.
Худди шундай қилиб барча хотинларига овқат сўраб одам жўнатдилар. Уларнинг бари юқоридагидек жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бу кеча бу одамни ким меҳмон қилади, Аллоҳ унга раҳм қилсин», дедилар. Шунда ансорлардан бир киши туриб: «Ё Аллоҳнинг Расули! Уни мен меҳмон қиламан», деди. Сўнгра уни уйига олиб кетди. Бориб хотинига шундай деди:
- Бу одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меҳмонлари. Унга таом ҳозирла!
Хотин деди:
Болаларимизнинг овқатидан бошқа овқат йўқ.
Эр деди:
- Болаларингни ухлатиб овқатни олиб кел. Меҳмон овқатга қўл узатганида чироқни ўчириб қўй. Биз қоронғуда ўзимизни овқат еяётгандек кўрсатамиз. Аммо емаймиз. Меҳмон шунда озгина овқатга тўяди.
Улар шундай қилиб оч ухлашди. Меҳмон тўйди. Эрталаб улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига боришгач, у зот дедилар:
- Аллоҳ таоло сизнинг ишингиздан ажабланди. Сиз ҳақингизда Қуръон нозил қилди: «Гарчи ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам, (бошқаларни) ўзларидан устун кўрадилар. Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақланса, ундай кишилар, ҳа, ана ўшалар нажот топгувчилардир» (Ҳашр сураси, 9-оятдан).
Дунё чархпалакдир. Замон айланиб туради. Бугун пулинг бор. Эртага йўқ, ишинг орқага кетади. Бугун фақирсан, аммо эртага бойиб кетишинг мумкин. Фақирлик айб эмас, бойлик фазилат эмас. Муҳими қалбдаги нарсадир, чўнтакдаги эмас. Муҳими инсоннинг бойлик ва фақирлик пайтидаги ахлоқидир.
Тасаввур қиляпсизми, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳеч бир аёллари уйидан овқат топилмаяпти! У киши Аллоҳнинг Расули бўлиш билан бирга раҳбар ҳам эдилар. Уйларида сувдан бошқа ҳеч вақо йўғ-а?!
Фақирликни уқубат, бойликни эса мукофот деб ўйлашдан эҳтиёт бўлинг. Дунё бор-йўғи имтиҳон, холос. Имтиҳон саволлари қанчалар қийин бўлмасин, ўтириб қолманг.
Ақлли инсон бошқаларнинг ҳожатини чиқаришга ҳаракат қилади. Уларни қийин аҳволда қолдирмайди. Кишиларга эҳсон қилганингизда улар ўзини айбдор ва нуқсонли санашмасин!
Бемор кишининг фақирлигини билиб қолсангиз, у сўрашидан олдин аҳволидан хабар олишингиз оқилона ишдир. Баъзиларнинг иффати сўрашдан тўсади. Инъомнинг энг афзали инсонларнинг иффатни эҳтиром қилиб, обрўларини муҳофаза қилиб берилган инъомдир!
Эҳсон қилишнинг ҳам одоблари бор. Бир кишига ҳамманинг олдида садақа ёки эҳсон берсангиз, уни хижолатга қўясиз, иффатини жароҳатлайсиз, ожизлигини юзига солгандек бўласиз... Бунақа садақа-эҳсон қилгандан кўра, қилмаганинг афзалдир!
Ансорийнинг одобига боқинг. Овқати озлиги учун хотинига чироқни ўчиришни буюрди. Мақсади меҳмонни хижолат қилмаслик эди. Чироқ ёниб турганида меҳмон овқатнинг камлигини кўриб, уялиб, овқат барчага етиши учун эҳтимол тўйиб ея олмасди.
Кишилардан ноқулайликни кетказиш ҳам уларни хотиржам қилишдир. Хотиржам қилиш эса, ибодатдир!
«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди