26 апрель, якшанба куни Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазиз ҳазрати олийлари коронавирус пандемияси сабабли Қиролликнинг барча ҳудудларида ўрнатилган тақиқларни қисман бекор қилди.
Ушбу қарор мамлакатдаги Макка Мукаррама ва бир неча шаҳарлардаги изоляция қилинган жойларга тегишли эмас. Бу ҳақда Саудия Арабистони “SPA” ахборот агентлиги маълум қилди.
Янги қарор кўра аҳоли зарур эҳтиёжлар учун эрталаб 09:00 дан кечки 18:00 га қадар ҳаракатланиши мумкин бўлди. Бу ҳолат 13 май кунигача давом этади. Шунингдек, мамлакатдаги йирик “Савдо марказлари” мажмуалари соғлиқни сақлаш бўйича зарур қоидаларга риоя қилган ҳолда, мижозларга хизмат кўрсатиш учун очилиши маълум қилинди.
Маълумот учун, ҳозирда Саудия Арабистонида коронавирус билан касалланганлар сони 16299 нафарга етди. Ундан соғайганлар сони 2215 нафар, вафот этганлар сони 136 нафарни ташкил этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Халқаро алоқалар бўлими
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Зуннун Мисрий раҳимаҳуллоҳдан ҳикоя қилинади: “Аллоҳнинг Байтини ҳаж қилиш мақсадида йўлга чиқдим. Сафар асносида йўлдан адашдим. Бир пайт йўл устига ташлаб қўйилган кишига кўзим тушди. У шу туришда ўлимини кутиб яшаётгандек эди.
Бориб, салом бердим. Саломимга алик олди. “Ёнингизда туришимни хоҳлайсиз-ми?” деб сўрадим. “Сени нима қиламан?” деди ҳайрон бўлиб. “Сизга суҳбатдош, улфат бўламан”, дедим.
“Сенда мен учун қанақа улфатлик бор?!” деб сўради. “Агар бемор бўлсангиз, хизматингизда бўламан”, дедим. У: “Менга Кифоя қилувчи, Рост сўзловчи, аҳволимни Билувчи Зот бор. Ким Уни дўст деб билмаса, ундай кимсага бошқа улфат, суҳбатдош, дўст йўқ” деди.
“Менга яхшилик турларидан бирортасини ўргатинг ёки бирор насиҳат қилинг, эшитиб, амал қилай” дедим. Шунда у бошини кўтариб менга қаради ва: “Эй биродарим! Ўзингни ўз нафсингдан сақла! Қалбингга бирор иллат киришидан эҳтиёт бўл! Агар бир маъсиятни қилмоқчи бўлсанг, бошингни юқорига кўтар! Кимга қарши бўлаётганингни, Кимга журъат қилаётганингни, Кимга қарши уруш бошлаётганингни бил! Аллоҳга исён қилган кимса, Унга қарши урушган кимса бўлиб қолишини билмайсан-ми?! Қилиб турган солиҳ амалларингда бардавом бўл! Белингни маҳкам боғла! Сени бу дунёдан кетказилишидан олдин ўзинг Аллоҳ сари юзлан! Жаҳаннам муридларнинг кечаларини бедор қилганини, обидларнинг қалбларини жароҳатлаганини билмайсан-ми?! У Зот Китобида уларни мақтаб бундай деган:
كَانُوا قَلِيلاً مِّنَ اللَّيْلِ مَا يَهْجَعُونَ
“Улар кечалари оз ухлар эдилар”.
وَبِالْأَسْحَارِ هُمْ يَسْتَغْفِرُونَ
“Ва улар саҳарларда истиғфор айтар эдилар” (Зарият сураси, 17-18-оятлар).
У ушбу оятларни ўқидию, қичқириб юборди. Шу заҳоти жони узилди. У кишига ўхшаган етук кишини кўрмадим. Аллоҳ раҳматига олсин!”.
Аҳмад ибн Иброҳим Саълабийнинг
"Қуръон ошиқлари" китобидан олинди