Мамлакатимиз ҳудудида коронавирус касаллиги кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида, республика махсус комиссияси йиғилишининг қарори қабул қилинди. Унга кўра, 23 мартдан тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар сингари оммавий тадбирлар ўтказилиши бекор қилинади. Ушбу маросимларни зарур бўлган тақдирдагина ихчам ҳолда, яқинлар билан бирга 10-15 киши иштирокида ўтказиш тавсия этилади.
Комиссиянинг бундай қарорга келишидан кўзлаган бирдан-бир мақсади шуки, халқимизнинг саломатлигини сақлаш, улар орасида янги турдаги вируснинг тарқалишининг олдини олишдир. Агарда, шундай синовли кунларда янада ҳамжиҳат бўлсак, барча қийинчиликларни биргаликда енгиб ўтамиз, инша Аллоҳ.
Шундай пайтларда ўзимизни ва яқинларимизнинг соғлигига бефарқ бўлмай, бир-биримизни қўллаб-қувватлашни, карантин ва гигиена талабларига қатъий риоя қилишни яна бир бор илтимос қиламиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг коронавирус (COVID-19) инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича фатвосида ҳам “Жаноза намозлари вафот этганнинг яқин қариндошлари иштирокида хонадонларда ўқилсин”, дея алоҳида таъкидланган эди.
Дарҳақиқат, маййитга жаноза намозини ўқиш фарзи кифоя бўлиб, вафот этганнинг яқинлари иштирокида адо этилса ҳам бўлади. Мўътабар манбаларда ҳадиси шарифларга таянган ҳолда улуғларимиз қазо қилган одамнинг жаноза намозини тезлик билан адо этиб, дафн этишга шошилганлари баён этилган.
Таъкидлаш жоизки, жаноза, дафн ва таъзия маросимларини ихчам тарзда ўтказиш баробарида эпидемия ҳамда карантин давридаги талаблар, хусусан, гигиена қоидалари – қўлларни ювиш, тиббий ниқобларни тақиш ва бошқаларга жиддий амал қилиш лозим бўлади. Шунингдек, махсус комиссия қарорида қайд этилганидек, худойилар ҳам 10-15 киши атрофида ўтказилади. Мазкур маърака-маросимлар хонадонларда ўтказилишини яна бир бор эслатиб ўтамиз.
Аввало бундай дамларда Аллоҳ таолодан барчага сиҳат-саломатлик сўраймиз. Яратганнинг тақдири ила бу фоний дунёдан боқий охиратга риҳлат қилган инсоннинг жаноза намози ва маъракасини айни кунлардаги оғир касалликнинг пандемияси даврида ихчам шаклда ўтказиш шариатимизнинг талаби ҳисобланади.
Ҳаёт бор экан, синов бор, қийинчилик бор. Бу ҳақиқатни шу кунларда янада чуқур ҳис этмоқдамиз. Бугун коронавирус инфекцияси деган жиддий бир хавфга дуч келдик. Барча юртдошларимиз янада жипслашиб, ҳар томонлама тартиб-интизомни сақлаган ҳолда, юксак онглилик ва масъулият кўрсатиб, уламоларимиз, имом-домлаларимиз, мўйсафидларимизнинг дуои фотиҳалари ила бу синовдан эсон-омон ўтамиз, деб ишонамиз.
Фурсатдан фойдаланиб, вазиятни тўғри тушуниб, кўрилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаётганлари учун мўмин-мусулмонларимизга яна бир бор ташаккур айтамиз.
Яратганнинг изни ила тез орада бу ташвишли кунлар ортда қолсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати
Ўзбекистонда фаолият юритаётган хорижлик устоз сифатида сўнгги йилларда бу мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юксак баҳолашни истардим. Айниқса, маънавий-маърифий соҳани ривожлантириш, диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш ва инсон қадрини улуғлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар ўзининг амалий натижаларини яққол намоён этмоқда.
Хусусан, бу йилги муборак Рамазон ойида Давлат Раҳбари томонидан катта маблағ ажратилиб, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш, жойларда ифторлик ва хайрия тадбирларини кенг ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ишлар жамиятда меҳр-шафқат ва ҳамжиҳатлик руҳини янада кучайтирмоқда. Бу каби эзгу ишлар халқ манфаати йўлида давлат ва жамоатчилик ҳамжиҳатлигининг ёрқин намунаси бўлиб хизмат қилмоқда.
Шунингдек, диний таълим муассасаларини ривожлантириш, масжидлар инфратузилмасини яхшилаш, имом-хатиблар ва соҳа мутахассисларининг билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган чора-тадбирлар ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Маърифий тарғибот ишларининг замонавий шакл ва усуллар асосида йўлга қўйилаётгани эса аҳолининг, айниқса, ёшларнинг тўғри таълим олишига хизмат қилмоқда.
Кузатувчи сифатида айтиш мумкинки, мазкур изчил ислоҳотлар мамлакатда ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва ижтимоий барқарорлик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бу эса Ўзбекистоннинг маънавий тараққиёт йўлида собитқадамлик билан илгарилаётганини яққол кўрсатади.
Шайх Аҳмад Муҳаммад Али,
Мир Араб Олий мадрасаси ўқитувчиси