Бу дунё ҳаёти инсонларга синов учун берилган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Албатта, Биз сизларни хавфу хатар, очлик, молу жон ва мева-чеваларни камайтириш каби нарсалар билан имтиҳон қиламиз” (Бақара сураси, 155-оят). Ушбу ояти кариманинг маъносини Имом Шаъровий роҳимаҳуллоҳ таъвил қилиб шундай дейдилар: “Биламизки, аслида кишилар бошига синовларнинг келиши ёмон эмас, балки уни синовлардан ўта олмаслиги ёмондир. Зеро, ҳар бир синов тажриба ва имтиҳон ҳисобланади. Ҳеч ким имтиҳонларни ёмон демаган, балки у муваффақиятга эришиш йўлидаги машаққатларни кўтара олмаган кишининг наздида ёмондир. Аммо, бор-куч ғайратини ишга солиб, пешқадамлардан бўлган киши наздида имтиҳон яхшидир”.
Бугунги кунда кўпгина мамлакатларга тарқалган Корона вирус (COVID-19) касаллиги ҳам инсонларга юборилган Аллоҳ таолонинг синовлардан биридир. Ҳар бир мўъмин-мусулмон бирор синовни қарши олар экан уни Аллоҳдан эканлигини билиб, унга сабр қилади. Ва у бу сабри учун Аллоҳ таолонинг мағфират ва раҳматига сазавор бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай хабар беради: (Эй Муҳаммад алайҳиссалом) бирон мусибат келганида: “ Бизлар албатта Аллоҳникимиз ва албатта Унга қайтамиз”, дейишади. Ана шуларга парвардигорларидан мағфират ва раҳмат бор, ана шулар тўғри йўлни топганлардир” ( Бақара сураси 156-157-оятлар). Бу оятларнинг тафсири ҳақида “Тафсири ирфон” да: “ Оятдаги “Бизлар албатта Аллоҳникимиз ва албатта Унга қайтувчимиз” (Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун) истиржоъ дуосидир. Мусибат ёки бир бало-офат етганида мусулмон киши сабрли бўлиб, Жаноби Ҳақ Ўзи ўргатган шу дуони айтиши лозим”[1] дейилган.
Синовлар олдида инсон ваҳимага тушмасдан, ўзидаги хотиржамликни зиёда қилиши лозим. Абу Али Ҳусайн ибн Абдуллоҳ ибн Сино ҳазратлари шундай деган эканлар: “Ваҳиманинг ўзи ярим касаллик, хотиржамлик ярим соғлик ва сабр эса шифони бошланишидир”.
Ваҳима ва қўрқув ичра яшайдиган кишиларга айтар сўзимиз шуки, сиз ваҳима билан ўзингизни чарчатасиз. Шундай экан, сиз яхшиси ўзингизни ваҳимага солаётган ишни олдини олишга ҳаракат қилинг. Уни содир бўлишига йўл қўйманг!
Мўмин-мусулмон киши Аллоҳ таолонинг тақдир қилгани юзага чиқишига қаттиқ ишонган ҳолда, касалликдан сақланиш чора тадбирларини кўради. Вабо ва шу каби тез тарқаладиган касалликлар чиққан жойга кирилмайди ва қаттиқ зарурат бўлмаса, у ердан чиқиб кетмайди. Тиббий соҳа вакиллари кўрсатмаларига тўла амал қилади. Ўзида ҳар хил ваҳималарга ўрин бермайди ва бошқаларни ҳам ваҳимага тушишдан қайтаради.
Аллоҳ таоло ҳаммамизни турли ваҳималарга берилишдан сақлаб, турли бало-офатлардан Ўз паноҳида асрасин.
Р. Усмонов
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакили,
вилоят бош имом хатиби
[1] Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий. “Тафсири ирфон”.“Шарқ” НМАК, 2019.1-жилд.146-бет.
- 54دُخُولُ النَّاسِ فِي الْجَنَّاتِ فَضْلٌ مِنَ الرَّحْمَنِ يَا أَهْلَ الأَمَالِ
Маънолар таржимаси: Эй умидвор бандалар, инсонларнинг жаннатларга киришлари Ар-Роҳманнинг фазлидир.
Назмий баёни:
Жаннатга эришмоқ Ар-Роҳман фазли,
Бу муҳим эътиқод, эй умид аҳли.
Луғатлар изоҳи:
دُخُولُ – мубтадо.
النَّاسِ – музофун илайҳ.
فِي – жор ҳарфи اِلَى маъносида келган.
الْجَنَّاتِ – луғатда “дархтзор боғ” маъносини англатади. Жор мажрур دُخُولُ га мутааллиқ.
فَضْلٌ – хабар. Луғатда “марҳамат” ва “мурувват” каби маъноларни англатади.
مِنَ – “табйиния” (уқтириш) маъносида келган жор ҳарфи.
الرَّحْمَنِ – жор мажрур فَضْلٌ га мутааллиқ.
يَا – яқинга ҳам, узоққа ҳам ишлатиладиган нидо ҳарфи.
أَهْلَ الأَمَالِ – музоф мунодо. Луғатда “умидворлар” маъносига тўғри келади.
Матн шарҳи:
Қайси бир инсон жаннатга кирадиган бўлса, албатта, Аллоҳ таолонинг лутфу марҳамати билан кирган бўлади. Шунинг учун У меҳрибон зотнинг фазлу марҳаматидан умидвор бўлиб ҳаракат қилиш лозим.
Жаннатдаги даражалар қилинган амаллар эътиборига кўра эгалланса-да, унга кириш фақат ва фақат Аллоҳ таолонинг фазлу марҳаматига боғлиқ бўлади. Бу ҳақиқатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари алоҳида таъкидлаганлар:
عَنْ عَائِشَةَ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ سَدِّدُوا وَقَارِبُوا وَاعْلَمُوا أَنْ لَنْ يُدْخِلَ أَحَدَكُمْ عَمَلُهُ الْجَنَّةَ وَأَنَّ أَحَبَّ الْأَعْمَالِ إِلَى اللَّهِ أَدْوَمُهَا وَإِنْ قَلَّ. رَوَاهُ البُخَارِيُّ
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тўғри бўлинглар, ғулуга кетманглар, билингларки сизлардан бирортангизни амали жаннатга киритмайди, албатта амалларнинг Аллоҳга севимлироғи оз бўлса-да, давомлироғидир”, – дедилар”. Бухорий ривоят қилган.
Яъни бирор инсон ҳам яхши амаллари кўплиги сабабли ўзининг жаннатга киришини нақд қилиб қўя олмайди, балки жаннат фақатгина Аллоҳ таолонинг раҳматига сазовор бўлган бахтли инсонларгагина насиб этади.
Шунинг учун ҳар бир банда Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлиб яшаши лозим. Қуръони каримда тақводор бандаларнинг жонлари олинаётганда фаришталар уларга салом бериб, жаннат башоратини беришлари баён қилинган:
Ушбу ояти каримадаги ب ҳарфи “сабабия” маъносида бўлса ҳам, “бадалия” маъносида бўлса ҳам, ҳадисда баён қилинган маънога зид бўлиб қолмайди. Агар “сабабия” маъноси бериладиган бўлса, “қилиб юрган яхши ишларингиз сабабли Аллоҳ таолонинг раҳматига сазовор бўлдингиз, жаннатга киринг” деган маъно тушунилади. Агар “бадалия” маъноси бериладиган бўлса, “қилиб юрган яхши ишларингиз бадалига Аллоҳ таолонинг раҳматига сазовор бўлдингиз, жаннатга киринг” бўлади.
Модомики, барча Аллоҳ таолонинг раҳматига сазовор бўлиш билангина жаннатга кирар экан, доимо У зотнинг раҳматидан умид узмай амал қилиб бориш лозим. Аммо умидвор бўлиш билан хом хаёл суришнинг орасини ажратиб олиш керак. Хом хаёл суриш – бирон иш қилмасдан фақатгина “ширин хаёл” суришнинг ўзи бўлса, умидвор бўлишнинг ўзига яраша бир қанча шартлари бор.
Умидвор бўлиш ва хом хаёл суриш орасидаги фарқлар
Умидвор бўлиш ва хом хаёл суриш орасидаги фарқлар ҳақида “Талхису шарҳи ақидатит Таҳовия” китобида қуйидагилар айтилган:
“Кимки бир нарсадан умидвор бўлса, унинг умидворлиги бир қанча ишларнинг бўлиши зарурлигини келтириб чиқаради:
1. Умид қилган нарсасига муҳаббатли бўлиши;
2. Умид қилган нарсасига эришолмай қолишдан қўрқиши;
3. Умид қилган нарсасига эришиш учун имкони борича ҳаракат қилиши.
Ушбуларнинг бирортасига ҳам боғланмасдан, умид қилиш хом хаёл суриш бўлади. Умидворлик ва хом хаёл суриш бошқа-бошқа нарсалардир”[2].
Демак, кимки Аллоҳ таолодан ўзини жаннатга туширишини умид қилаётган бўлса, ўша умид қилгани жаннатга муҳаббатли бўлиши, уни доимо ёдида сақлаши ва унга олиб борадиган йўллардан юриши лозим.
Кимки Аллоҳ таолодан ўзини жаннатга туширишини умид қилаётган бўлса, ўша умид қилгани жаннатга эришолмай қолишидан қўрқиши, ундан ажратиб қўядиган нарсалардан сақланиб юриши лозим.
Кимки Аллоҳ таолодан ўзини жаннатга туширишини умид қилаётган бўлса, ўша умид қилгани жаннатга эришиши учун унга эриштирадиган барча омилларни ишга солиб имкони борича ҳаракат қилиши лозим. Аллоҳ муваффақ қилсин.
Кейинги мавзулар:
Улуғ ҳисоб-китоб бўлиши баёни.