Корона вирус (CОВИД-19) касаллиги шиддат билан тарқалиб унинг географик ҳудуди кенгаяётган ва одамлар орасида уни юқумли касаллик эканлиги ваҳимаси кучаяётган пайтда дунё ислом уламолари бу касалликнинг шаръий муолажаларини эслатмоқдалар.
Бундай ҳолатларда мусулмон киши Аллоҳ таолонинг тақдир қилгани юзага чиқишига қаттиқ ишонган ҳолда, касалликдан сақланиш чора тадбирларини кўради. Вабо ва шу каби тез тарқаладиган касалликлар чиққан жойга кирилмайди ва қаттиқ зарурат бўлмаса, у ердан чиқиб кетилмайди. Тиббий соҳа вакиллари кўрсатмаларига тўла амал қилинади. Ибодатлар ва истиғфор кўпайтирилади. Мана шу шартларга амал қилиб, вабо, ўлат ва шу каби касалликлардан вафот этган мўмин-мусулмонлар шаҳидлик мартабасини топадилар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
{ أَيْنَمَا تَكُونُوا يُدْرِكْكُمُ المَوْتُ وَلَوْ كُنْتُمْ فِي بُرُوجٍ مُشَيَّدَةٍ } [ النساء : 78 ]
яъни: “Қаерда бўлсангиз ҳам ўлим сизларни топади, ҳатто мустаҳкам қалъалар ичида бўлсангиз ҳам” (Нисо сураси 78-оят).
{ وَلاَ تُلْقُوا بِأيْدِيكُمْ إلَى التَّهْلُكَةِ } [ البقرة : 195 ] .
яъни: “...ўз қўлларингиз (бахиллигингиз) билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!” (Бақара сураси 195-оят).
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг вабо ҳақидаги сўзлари юқоридаги оятларининг тасдиғидир. У зот алайҳиссалом шундай деганлар:
إِنَّ هَذَا الْوَبَاءَ رِجْزٌ أَهْلَكَ اللَّهُ بِهِ الْأُمَمَ قَبْلَكُمْ وَقَدْ بَقِيَ مِنْهُ فِي الْأَرْضِ شَيْءٌ يَجِيءُ أَحْيَانًا وَيَذْهَبُ أَحْيَانًا فَإِذَا وَقَعَ بِأَرْضٍ فَلَا تَخْرُجُوا مِنْهَا وَإِذَا سَمِعْتُمْ بِهِ فِي أَرْضٍ فَلَا تَأْتُوهَ (رواه الامام احمد عَنْ أُسَامَةَ بْنِ زَيْدٍ رضي الله عنه)
яъни: “Албатта, бу вабо – Аллоҳ у билан сиздан аввалги қавмларни ҳалок қилган азобдир. Ер юзида ундан бир ози қолган. Гоҳида келади, гоҳида кетади. Агар бир ерда вабо пайдо бўлса, у ердан чиқиб кетманглар. Агар бир ерда вабо борлигини эшитсангиз, у ерга борманглар” (Имом Аҳмад ривоятлари).
Мадинага ҳижрат қилингандан кейин бир муддат ўтгач, Абу Бакр ва Билол разияллоҳу анҳумони иситма (безгак, вабо) тутди. Бу ҳақда Пайғамбаримизга хабар берилганда, У Зот алайҳиссалом вабонинг кўтарилиши ва Жуҳфа деган жойга кетишини сўраб дуо қилдилар. Аллоҳ таоло У Зотнинг дуоларини қабул қилди (Имом Байҳақий ривоятлари).
Вабо ва ўлат (эпидемиялар) сабабидан вафот этган мусулмонлар ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:
الطَّاعُونُ شَهَادَةٌ لِكُلِّ مُسْلِمٍ (رواه الامام البخاري عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ)
яъни: “Вабо – ҳар бир мусулмон учун шаҳидликдир” (Имом Бухорий ривоятлари).
Тарихда Юсуф алайҳиссалом Миср азизи (вазири)нинг аёли уни зинога чорлаган пайтда энг аввало Аллоҳ таолодан паноҳ сўраган. Марям онамизга Жаброил алайҳиссалом одам қиёфасида кўринганида у зот ҳам энг аввало: “Мен Раҳмондан сендан паноҳ беришини сўрайман”, – дедилар. Демак, мусулмон киши бирор мусибатга йўлиқса, аввало Аллоҳ таолодан бу балоларни даф қилишини, машаққатларни енгиллатишини сўраб дуо қилиши лозим бўлади. Банданинг бошига келадиган касаллигу ташвишларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг тақдири илоҳийсидир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:
ولا يرد القدر إلا الدعاء ... (رواه الامام ابن ماجة عن ثوبان)
яъни: “Қазои қадарни дуогина қайтаради”, – деганлар (Имом ибн Можа ривоятлари). Дуони ижобат бўлиши учун аввало инсоннинг луқмаси ҳалол бўлиши, дуосининг қабул бўлишига қатъий ишониши ва дуо ижобат бўладиган муборак вақтларни эътиборга олиши лозим.
Қуръони карим инсоннинг ҳиссий ва маънавий касалликларига шифо бўлади. Аллоҳ таоло Исро сурасиниг 82-оятида шундай марҳамат қилган.
وَنُنَزِّلُ مِنَ الْقُرْآنِ مَا هُوَ شِفَاءٌ وَرَحْمَةٌ لِلْمُؤْمِنِينَ
яъни: “Биз Қуръонни мўминлар учун шифо ва раҳмат ўлароқ нозил қилурмиз”.
Инсоннинг иймон эътиқоди қанча кучли бўлса, Қуръони Каримнинг шифоси ҳам шунча зиёда бўлади. Бу борада Аллоҳ таоло Фуссилат сурасиниг 44-оятида шундай марҳамат қилган.
{قُلْ هُوَ لِلَّذِينَ آمَنُوا هُدًى وَشِفَاءٌ}
яъни: “У (Қуръон) иймон келтирганлар учун ҳидят ва шифо” деб айт”.
Қуръони Каримнинг барчаси шифо бўлиб, хусусан Оятал Курсий, Фотиҳа, Ихлос, Фалақ ва Нас суралари билан даволанишни уламоларимиз тавсия қилишган. Хусусан Ихлос, Фалақ ва Нас сураларини эрталаб ва кечқурун уч мартадан ўқиб юрса барча касаллик ва балоларни даф қилишга етарли бўлади.
Шунингдек, Пайғамбаримиз алайҳиссалом:
مَنْ قَرَأَ بِالْآيَتَيْنِ مِنْ آخِرِ سُورَةِ الْبَقَرَةِ فِي لَيْلَةٍ كَفَتَاهُ (رواه الامام البخاري عَنْ أَبِي مَسْعُودٍ)
яъни: “Ким Бақара сурасининг охирги икки оятини тунда ўқиса, унга етарли бўлади”, – дедилар (Имом Бухорий ривоятлари). Яъни, бу оятларнинг баракасидан Аллоҳ бандасини турли бало-офатлардан асрайди.
Киши беш вақт намоз ўқиб юриши, хусусан бомдод намозини жамоат билан адо қилишда бардавом бўлса, турли касалликлардан омонда бўлади.
Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом:
«مَن صَلَّى الصُّبْحَ فَهو في ذِمَّةِ اللهِ...»
Ҳадиси шарифларда инсон бирор мусибат ёки касалликка йўлиққанда ўқийдиган махсус дуолар ҳам келган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом:
مَا مِنْ عَبْدٍ يَقُولُ فِي صَبَاحِ كُلِّ يَوْمٍ وَمَسَاءِ كُلِّ لَيْلَةٍ: بِسْمِ اللَّهِ الَّذِي لَا يَضُرُّ مَعَ اسْمِهِ شَيْءٌ فِي الأَرْضِ وَلَا فِي السَّمَاءِ، وَهُوَ السَّمِيعُ العَلِيمُ ثَلَاثَ مَرَّاتٍ، لم يَضُرَّهُ شَيْءٌ
яъни: “Кимки: “Унинг исми туфайли еру осмонда бирор нарса зарар бера олмайдиган Аллоҳнинг номи билан паноҳ сўрайман. У ўта эшитувчи ва билувчи зотдир”, – деб уч марта айтса, унга бирор нарса зарар бермайди”, – дедилар. (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).
Банда зикр ва истиғфорни кўп айтиши унинг турли бало қазолардан омонда бўлишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло “Анфол” сурасида шундай марҳамат қилган:
وَمَا كَانَ اللَّهُ مُعَذِّبَهُمْ وَهُمْ يَسْتَغْفِرُونَ
яъни: “Модомики, улар истиғфор айтар эканлар, Аллоҳ уларни азобловчимас”.
Демак, юқоридаги каби бало-офатлар тарқалганда бандалар янада ибодат, зикру тасбеҳга, истиғфорга зўр беришлари, катта жамоатларда, айниқса жума намозларида дуо қилиб, Аллоҳ таолодан офият сўрашлари керак бўлади. Аллоҳ таоло дунёдаги мўмин-мусулмонларни, жумладан юртдошларимизни турли бало-офатлардан паноҳида асрасин.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Диний ёки дунёвий бўлса-да, бир инсонга берилган неъматнинг қўлидан кетишини истаб ҳасад қилиш динимизда ҳаром қилинган.
Қуръони каримда ҳасад ҳақида шундай марҳамат қилинади:
“Ёки Аллоҳ одамларга Ўз фазлидан берган нарсаларга ҳасад қилмоқдаларми? Батаҳқиқ, Иброҳим оиласига китобни, ҳикматни ва улуғ мулкни берганмиз-ку?!” (Нисо, 54-оят).
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам замонида яшаган яҳудийлар бугунгиларидек барча яхши нарсаларга фақат ўзларини муносиб кўрардилар. Улар охирзамон пайғамбари келишини билардилар, аммо уни ўзларидан чиқади, деб ўйлардилар. Ўйлаганларидек бўлмаганди, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламни пайғамбарликка, мусулмонларни иймон ва исломга лойиқ кўрмадилар. Қурайш қабиласи ва арабларни улардан пайғамбар чиққани учун ёмон кўрдилар, ҳасад қилдилар. Ояту карима ҳасад – Аллоҳнинг тақдири ва марҳаматига норозилик қилиш, эътироз этишлик эканини, бунга ҳеч кимнинг ҳақи йўқлигини кўрсатмоқда. Қуръони каримда ҳасадгўйлиги ва ғайирлиги билан тилга олинган яҳудийларга ўхшашни истамаган банда қалбини ҳасад ва кўролмасликдан поклаши керак.
Ҳасад – яхшиликларни ейди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қиладилар: “Ҳасаддан сақланинглар! Олов ўтинни еб битириганидек, ҳасад ҳам яхшиликларни еб битиради” (Абу Довуд ривоят қилган).
Аллоҳга иймон келтирган мўминнинг Унинг тақдири ва эҳсонига кўнмаслиги хайрсиз ҳиссиёт. Бу туйғу бўлган қалбда иймон ва таслимият бўлиши ишонарли эмас.
Ҳасадгўйнинг дини ҳам, дунёси ҳам маҳрумиятга тўлади.
Олов учун ўтин ва ёғочларни кулга айлантириш қанчалик осон бўлса, кўролмаслик ҳам инсоннинг яхшиликларини шундай ёқиб адо қилади. Чунки ҳасадгўй ҳасад қилган кишисини ғийбат қилади, унга ёмонликлар келишини истайди. Бу ҳасадгўйнинг маҳрумияти ва зарарини, ҳасад қилинган инсоннинг эса неъмат ва савобини ортиради. Ҳасадга мойил қалб вақтида муолажа қилинмаса, оқибатда кишининг иймони зиёнга кетади. Яхшиликлар, хайр ва ҳасанотнинг қуввати — иймоннинг камоли, ўзини йўқотишдан қаттиқ қўрқиш керак. Шунинг учун ҳам ҳасаддан қатъий қайтарилади.
Қуръони каримда марҳамат қилинган: “Мўмин киши томонидан қилинган ҳар бир яхши иш ёмонликларни кетказади” (Ҳуд, 114-оят) ояти каримаси юқорида келтирилган ҳадисни тасдиқлайди. Ҳасадгўйни яхшиликларни кўролмаслиги бадном қилади. Ёмонликларини ўчирувчи яхшиликларидан маҳрум ҳасадгўйнинг ҳолига вой.
Ҳадис бизга нима ўргатади?
1. Ҳасад — ҳаром.
2. Ҳасад — ҳасадгўйнинг яхшилик ва савобларини еб битиради.
3. Аллоҳнинг тақдири ва эҳсонига норозилик қилиш — ҳасаддан зинҳор тийилиш керак.
4. Мусулмон тақдир неъматларига муносибдир.