Ақидада адашмайлик!
الْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي هَدَانَا لِهَٰذَا وَمَا كُنَّا لِنَهْتَدِيَ لَوْلَا أَنْ هَدَانَا اللَّهُ
وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى رسوله محمد وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أجمعين، أَمَّا بَعْدُ
Муҳтарам жамоат! “Ақида” сўзининг ўзаги луғатда “ақд” яъни “тугиш”, “боғлаш”, “маҳкамлаш” маъноларини англатади. “Ақида” сўзининг шаръий атамаси эса “бирор нарсага шак-шубҳасиз даражада қатъий ишониш”га айтилади. Демак, ақида қалбда содир бўладиган жараён бўлиб, у инсон қалбидан ишонган, ўзи учун эътиқод қилиб олган нарсаларга айтилади. Агар ўша қатъий ишонган нарсаси тўғри бўлса, у тўғри ақида ҳисобланади. Агар нотўғри бўлса, ботил ақида саналади. Худди Аҳли сунна вал жамоа ақидаси – тўғри ақида ва адашган фирқалар ақидаси эса – ботил ақида деганга ўхшаб.
Ақида илми – охиратда нажот топишда аҳамиятли эканлиги сабабли ҳар бир киши ўрганиши вожиб бўлган илмдир. Кимнинг ақидаси тўғри бўлса, имони тўғри бўлади ва охиратда омонда бўлади. Кимни ақидаси тўғри бўлмаса, бунинг акси бўлади.
Aқида илми инсон ҳаётида одоб-ахлоқ, ибодат, олди-берди алоқалари ва барча илмлардан муҳимроқ ўрин тутади. Чунки инсон Исломни қабул қилгандан сўнг, биринчи навбатда унинг зиммасига ибодатларни ўрганишдан ҳам аввал ақида илмини ўрганиш вожиб бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Mуоз ибн Жабал разияллоҳу анҳуни Яман аҳлига элчи қилиб юбораётганларида:
فليَكن أوَّل ما تدعوهم إليه أن يُوحدوا الله تعالى، فإذا عرَفوا ذلك، فأخْبِرهم أن الله فرَض عليهم خمس صلوات
(رواه الامام البخاري والامام الترمذي)
яъни: “Aввало уларни Aллоҳ таолони бир дейишга чақиринг, қачон улар Aллоҳни бир деб билишса, Aллоҳ таоло уларга беш вақт намозни фарз қилганлигини хабарини беринг”, – деганлар (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривоятлари).
Ушбу ҳадиси шариф ақидани нақадар аҳамиятли эканига далолат қилади. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Яман аҳлини намоз ўқиш ва бошқа амалларни бажаришга буюришдан аввал, уларнинг ақидасини тўғрилашга буюрдилар.
Ақида илми энг шарафли илм ҳисобланади. Зеро ақида илми орқали энг аҳамиятли ва энг улуғ маълумотларга эга бўлинади. Демак, маълумотларнинг зарурати ва шарофатлилигига қараб, илмнинг шарафли эканлиги маълум бўлади. Aллоҳ таоло Қуръони каримнинг Mуҳаммад сурасида шундай марҳамат қилади:
فَاعْلَمْ أَنَّهُ لآ إِلَـٰهَ إِلاَّ اللَّهُ وَاسْتَغْفِرْ لِذَنْبِكَ وَلِلْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ وَاللَّهُ يَعْلَمُ مُتَقَلَّبَكُمْ وَمَثْوَاكُم
яъни: “Бас, (эй, Муҳаммад!) Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканини билинг ва ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмин ва мўминалар(нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг! Аллоҳ сизларнинг (бу дунёдаги) кезадиган жойларингизни ҳам, (охиратда) борадиган жойларингизни ҳам билур” (19-оят).
Уламоларимиз мазкур ояти кариманинг тафсирида шундай дейдилар: “Ушбу оятда Aллоҳ таолони ёлғиз эканини билишга бўлган буйруқ истиғфор айтишга бўлган буйруқдан олдин келтирилмоқда”. Бу эса Aллоҳ таолонинг ёлғизлигини билиш, яъни тўғри эътиқодни шакллантириш қанчалар аҳамиятли эканига ишорадир. Шу сабабдан ҳам Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ: “Фиқҳдан олдин ақида илмига буюрилдик”, – деганлар. Имом Aбу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ эса: “Ақидада билимдон бўлиш фиқҳий аҳкомларда билимдон бўлишдан афзалроқдир”, – деганлар.
Муҳтарам азизлар! Энг аввало, қалбда ақида асослари ўрнашмас экан, шариат аҳкомларини бажаришдан фойда бўлмайди. Зеро, улуғ машойихларимиздан Сўфи Оллоёр айтганларидек:
“Ақида билмаган шайтона элдир,
Агар минг йил амал деб қилса – елдир”.
Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг йўналишларига кўра имон бу – тил билан иқрор бўлиш ва қалб ила тасдиқлашдир. Қуйидагиларга имон келтириш вожиб: 1. Аллоҳ таолога; 2. Унинг фаришталарига; 3. Китобларига; 4. Набийларига; 5. Охират кунига; 6. Қадарнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам Аллоҳ таолодан эканига; 7. Ўлгандан кейин қайта тирилиш бор эканига.
Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг таъкидлашларига кўра, амал имоннинг шарти ҳисобланмайди. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг жуда кўп ўринда имонни алоҳида, амалларни алоҳида ажратиб, шундай марҳамат қилади:
إِنَّ الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ وَآتَوُا الزَّكَاةَ لَهُمْ أَجْرُهُمْ عِنْدَ رَبِّهِمْ
وَلَا خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلَا هُمْ يَحْزَنُونَ
(سورة البقرة/277)
яъни: «Албатта, имон келтирган, яхши ишларни қилган, намозни баркамол ўқиб, закотни берганлар учун Парвардигорларининг ҳузурида (махсус) мукофотлари бордир…» (Бақара сураси 277-оят).
Лекин шуни билиш керакки, уламоларимиз амални имон шартларига киритишмаган бўлсаларда, имон тақозо қилган шариат ҳукмларига амал қилишни вожиб деб билганлар.
Қолаверса, аҳли сунна ва жамоа эътиқодига кўра, агар бирор киши имон
келтирса-ю, лекин амалларни тўлиқ бажармаса, у гуноҳкор мўмин ҳисобланади ва «аҳли қибла» дея эътироф этилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا تُوبُوا إِلَى اللَّهِ تَوْبَةً نَّصُوحًا عَسَىٰ رَبُّكُمْ أَن يُكَفِّرَ عَنكُمْ سَيِّئَاتِكُمْ وَيُدْخِلَكُمْ جَنَّاتٍ
تَجْرِي مِن تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ
(سورة التحريم/8)
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга чин тавба қилингиз, шоядки, Роббингиз сизларнинг гуноҳларингизни ўчириб, остида анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга киритса!…”(Таҳрим сураси 8-оят).
Ушбу оятда гуноҳ содир этган мўминларга “Эй, имон келтирганлар” дея мурожаат қилиниши гуноҳ қилиш билан киши кофир бўлмаслигига ёрқин далилдир.
Афсуски, ҳозирги вақтда дунё мусулмонларини ташвишга солиб турган, низоли юртларда содир этилаётган қонли воқеаларга сабаблардан бири ҳам ақидавий масалаларни тўғри англамасликдир. Масалан, амални имоннинг шартлари қаторига киритиш билан Ислом шариатида буюрилган амалларни бажармаётган ёки динда қайтарилган ишларни қилаётган кишиларни куфрда айблаб, уларнинг қонини тўкиш ва молларини талон-тарож қилишни ҳалол дейиш авж олмоқда. Бунинг оқибатида ислом оламида қанчадан-қанча ҳунрезликлар, мусулмонларнинг, хатто ёш гўдакларнинг халок бўлиши билан боғлиқ аянчли воқеалар содир этилмоқда.
Албатта, бу фитналарнинг асосий сабаблардан бири – жаҳолат, ислом ақидасини тўғри англамасликдир!
Муҳтарам жамоат! Aқида – динни асосидир. Инсонларнинг солиҳ амалларини қабул бўлиши ширк ва куфрдан ҳоли бўлган соғлом ақидага боғлиқдир. Aгар кишининг ақидаси тўғри бўлмаса, қилган амаллари бекор бўлади. Бу борада Aллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
لَئِنْ أَشْرَكْتَ لَيَحْبَطَنَّ عَمَلُكَ وَلَتَكُونَنَّ مِنَ الْخَاسِرِينَ
(سورة الزمر/65)
яъни: “Қасамки, агар мушрик бўлсанг, албатта, қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта, зиён кўрувчилардан бўлиб қолурсан!” (Зумар сураси 65-ояти).
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Aнъом сурасида эса шундай марҳамат қилади:
وَلَوْ أَشْرَكُوا لَحَبِطَ عَنْهُمْ مَا كَانُوا يَعْمَلُونَ
(سورة الأنعام/88)
яъни: “Агар мушрик бўлганларида қилган (савобли) амаллари йўққа чиққан бўлур эди” (88-оят).
Tўғри ақидани ўрганиш инсонни адашишдан, ширкдан ва залолатдан сақлайди. ақидани билмаслик эса инсоннинг гумроҳ бўлиб қолишига сабаб бўлади. Минг афсуски, бугунги кунда баъзан ўтганларни қабрини зиёрат қилиш асносида қабрдагилардан ёрдам сўраш, қабрни тавоф қилиш, чироқ ёқиш, дарахтларга ип боғлаш каби хурофотларни бажариш ҳолатларига гувоҳ бўлиб қоламиз. Ваҳоланки, шариатимизда бу каби амаллардан қайтарилган. Аслида қабрлар зиёратидан Аллоҳ таолонинг розилигини, қалбни ислоҳ этишни ҳамда ўтганларга дуойи хайрлар қилишни қасд қилиниши керак.
Муҳтарам жамоат! Ҳозирда Ислом дини ҳақида билимларини ошириш мақсадида ўқиб-ўрганаётган, хусусан интернет тармоғидан фойдаланаётган юртдошларимиз, айниқса ёшларнинг сони ортиб бораётгани маълум. Бу қувонарли ҳолат, албатта. Аммо ана шу сайтларнинг барчасида ҳам ақидавий масалаларда Аҳли сунна вал жамоа ақидасига мувофиқ фикрлар берилмайди.
Аксинча минг йилдан бери мусулмонларни бирлаштирган соф ақида асослари борасида оддий инсонларни шубҳага солиш ва ўзининг бузуқ ақидасини тиқиштиришга уринади. Жумладан, сохта салафийлар томонидан Аллоҳ таолони ҳудди инсон каби “жони бор”, “қўли бор”, “юзи бор” дея даъволарни қилиб, аслида тилни тийишликка чақирилган масалаларда чуқур кетмоқдалар. Бу билан улар “мужассималик” (Аллоҳни жисм, деб эътиқод қилиш), “мушаббиҳалик” (Аллоҳни бандасига ўхшаш, деб эътиқод қилиш) каби сохта ақидаларни сингдиришмоқда. Ваҳоланки, бундан минг йил аввал ўтган имом Мотуридий каби уламоларимиз айнан ўша мужассималарга, мушаббиҳаларга илмий асосда раддиялар бериб, Аллоҳ таолога нисбатан бундай нотўғри эътиқодда бўлиш залолат эканини таъкидлаганлар.
Ҳижрий учинчи асрнинг охири ва тўртинчи асрнинг бошларида яшаб ўтган буюк муҳаддис ва фақиҳ Имом Абу Жаъфар Таҳовий раҳимаҳуллоҳ ҳам бу ҳақда огоҳлантириб, шундай деганлар:
"وَمَنْ وَصَفَ اللَّهَ بِمَعْنًى مِنْ مَعَانِي الْبَشَرِ فَقَدْ كَفَرَ، فَمَنْ أَبْصَرَ هَذَا اعْتَبَرَ، وَعَنْ مِثْلِ قَوْلِ الْكُفَّارِ انْزَجَرَ، وَعَلِمَ أَنَّهُ بِصِفَاتِهِ لَيْسَ كَالْبَشَرِ"
яъни: “Ким Аллоҳ таолони инсонларга хос бўлган бирон маъно билан сифатласа, шаксиз кофир бўлади. Буни англаган инсон ибратланади ва кофирларнинг сўзига ўхшаш гап-сўзлардан тийилади ҳамда Унинг (Аллоҳнинг) сифатлари инсонларники каби эмаслигини билади” (манба: "Ал-Ақида ат-Таҳовия" китоби).
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларини Аллоҳ таолонинг сифатлари борасида ғулувга кетишдан қайтариб шундай деганлар:
تَفَكَّرُوا فِي خَلْقِ اللهِ، وَلَا تَفَكَّرُوا فِي اللهِ
(رَوَاهُ الامَامُ أَبُو نُعَيْم الإِصْبَهَانِيُّ فِي "حِلْيَةُ الأَوْلِيَاءِ" وَسَنَدُهُ حَسَنٌ)
яъни: “Аллоҳнинг яратган мавжудотлари борасида тафаккур қилинг, Аллоҳнинг зоти ҳақида тафаккур қилманглар”, – деганлар (Имом Абу Нуайм Исбаҳоний ривояти).
Муҳтарам жамоат! Ҳозирда пайдо бўлган баъзи тоифалар Пайғамбар алайҳиссалом мақтаган аввалги уч асрда яшаб, таълим олиб, умматга пешқадамлик қилган Имом Абу Мансур Мотуридий ва Имом Ашъарий каби уламоларимиздан хато излаш пайида бўлмоқдалар. Ваҳоланки, неча асрлардан буён мусулмон олами бир овоздан имом Абулҳасан Ашъарий ва Имом Абу Мансур Мотуридийни Аҳли сунна вал жамоанинг ақида бўйича имомлари деб тан олганлар.
Имом Муҳаммад Зоҳид Кавсарий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
"فالأشعري والماتريدي هما إماما أهل السنة والجماعة في مشارق الأرض ومغاربها، لهم كتب لا تحصى، وغالب ما وقع بين هذين الإمامين من الخلاف من قبيل الخلاف اللفظي
яъни: “Имом Ашъарий ва Имом Мотуридий — машриқу мағрибда Аҳли сунна вал жамоа имомларидир. Уларнинг кўп сонли китоблари бор. Улар ўртасидаги фарқли масалалар асосан лафзийдир”.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бизга турли фирқалар кўпайган пайтда мусулмонларнинг катта жамоасини лозим тутишни таъкидлаб, шундай дейдилар:
"فَإِذَا رَأَيْتُمُ اخْتِلَافًا فَعَلَيْكُمْ بِالسَّوَادِ الْأَعْظَمِ"
яъни: “Агар ихтилофни кўрсангиз, катта жамоани лозим тутинг” (Имом Ибн Можа ривоятлари).
Демак, ҳозирги кунгача ҳам ва ҳозирги кунда ҳам катта жамоат – Имом Мотуридий ва Имом Ашъарийларнинг ақидада тутган йўллари ҳамда фиқҳда тўрт мўътабар мазҳаб – ҳанафий, моликий, шофеъий ва ҳанбалийларга мувофиқ келади. Мана шулар Аҳли сунна вал жамоани ташкил этади. Аҳли сунна вал жамоа ичида булардан бошқа эътиқодий ва фиқҳий мазҳаблар мавжуд эмас.
Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзи рози бўлган ҳақ йўлида бўлишимизга муваффақ этиб, ақидада адашишдан, турли фирқаларга бўлинишдан паноҳида асрасин!
Ҳурматли азизлар! Маърузамизнинг фиқҳий масалалар қисмида таҳоратдаги учинчи фарз бўлмиш бошга масҳ тортиш мавзусига боғлиқ баъзи ҳукмлар ҳақида суҳбатлашамиз.
“Масҳ” сўзи “силаш”, “текказиш” маъноларини ифодалайди. Таҳоратда бошнинг тўртдан бирига масҳ тортиш – фарз, бошнинг ҳаммасига масҳ тортиш эса – суннатдир. Бошга масҳ тортиш учун ҳўлланган қўл билан қулоқ ва бўйинга ҳам масҳ тортилади. Уни кайфияти қуйидагичадир:
Икки кафтига сув олиб, тўкиб ташлайди ва қўлларининг хўли билан бошига бир марта масҳ тортади. Масҳни бошнинг олди томонидан орқага қараб тортади, кўрсатгич бармоғи билан қулоғининг ичига ва бош бармоғи билан қулоғининг устига, кафтининг орқа томони билан бўйинга масҳ тортади;
Масҳ тортмасдан туриб масҳ тортиш учун ҳўлланган қўл билан бош кийим ечилмайди, балки аввал бош кийимни ечиб, кейин қўл ҳўлланади;
Бўйинга масҳ тортишда қўллар томоққача етиб келмаслиги керак, балки бўйиннинг икки томонига қўл бармоқларининг орқа томони теккизилади холос, пастга тортилмайди.
Салла, дўппи ва шу кабиларга масҳ тортилмайди. Улар сочга сув етиб боришига тўсқинлик қилади. Аёл киши рўмолига масҳ тортмайди. Рўмол тагига масҳ тортади. (“Фатовои ҳиндийя” ва “Фатҳу бобил иноя” китобларидан).
Аллоҳ таоло ибодатларимизни мукаммал адо этишимизга Ўзи муваффақ этсин! Омин!
Халқимизда қиз фарзанд тарбияси билан одатда она ва бувилар шуғулланади. Бироқ бу борада отанинг ҳам ўз ўрни бор. Айниқса, қизлар орасида беодобликлар кўпаяётган бугунги кунда бу масала янада долзарблашди. Чунки фарзанд тарбиясига оид муаммолар таҳлил қилинганда аксар ахлоқсиз ўғил-қизлар отасиз улғаётгани ёки ижтимоий тармоқларга ҳаддан ортиқ берилиб кетаётгани маълум бўлган.
Бугун ўспирин қизлар орасида TikTok, Instagram, Likee каби ижтимоий тармоқларга қарамлик авж олган. Улар тармоқлар орқали эътиборни жалб қилиш, “лайк” ва кузатувчилар билан ўз қадрини ўлчашни одат қиляптилар. Бу эса уларнинг тарбиясида жиддий муаммоларни келтириб чиқаряпти.
Моҳира Очилова бундай дейди: «Оилада қизимнинг тарбияси билан асосан ўзим машғул бўлардим. Дадаси унинг раъйига қарар, қаттиқ гапирмасди. Охирги пайтларда у интернет ва телефонга муккасидан кетиб, оддий танбеҳни кўтара олмай қолди. Ундан телефонни олиб қўйганимда, уйдан қочиб кетди. Шаҳар ташқарисида яшайдиган “Тик Ток” орқали танишиб олган қизнинг уйига кетибди. Профилактика нозирлари ёрдамида зўрға топдик. Кейинги ҳунари ошиб тушди. Ўз жонига қасд қилишга уринди. Зўрға қутқариб қолдик. Руҳшуносга мурожаат қилдик. Шифокор “Муолажаларга дадаси билан бирга келсин”, деди. Унинг айтишича, қизлар отасининг гапини икки қилолмайди, ундан ҳадиксирайди ва айнан унинг гапини қонун деб қабул қилади. Бу гапи тўғри чиқди, қизимнинг тарбиясига дадаси эътиборли бўлгач, у ўзгарди. Инглиз тили дарсларига қатнай бошлади, мактабдаги баҳолари яхшиланди, феъли ҳам ўзгарди. Чамамда оналар қалбан меҳрибон ва юмшоқ бўлади, болалар буни суиистеъмол қилишади. Шу боис айни кунда қизлар тарбиясида оталарнинг ўрни ҳар қачонгидан кўра зарур деб биламан».
* * *
Нигора Қодирова, Сариосиё туманидаги 12-мактаб ўқитувчиси: «Мактабда 18 йилдан бериишлайман. Турли ўқувчиларни кўрдим. Таассуфки, ҳозир нафақат ўғил болалар, балки қизларнинг тарбиясига жиддий қараш замон талабига айланди. Олдин қизларни тикиш, тўқиш, пазандачилик каби тўгаракларга жалб қилардик. Улар бунга қизиқишарди ҳам. Аммо ҳозир қизлар телефонга ўч, бизнинг мактаб олис қишлоқда бўлишига қарамай, кўпчилик ўқувчиларда смартфонлар бор ва бу нарса уларнинг юриш-туришига, ўқишига салбий таъсир қиляпти. Энг ёмони, бўш қолди дегунча беъмани видеолар олишга шўнғиб кетади. Бундай қизларни назорат қилиш, тартибга чақириш қийин. Улар ўқитувчига қўпол муомала қилиши ҳам мумкин. Аммо эркак ўқитувчилардан бироз ҳадиксирашади, барибир эркак кишининг қаттиққўллиги таълим жараёнида ҳам сезилар экан. Бироқ мактабларда эркак ўқитувчилар жуда кам.
Одатда ахлоқида муаммоаси бор қизларнинг онасини эмас, айнан отасини чақирамиз. Чунки оилада оталарнинг талабчанлиги ёки тарбияга тўғри ёндашуви фарзандлар камолида муҳим. Шу боис мактабдаги ота-оналар мажлисига фақат оталар келишини талаб қиламиз». Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Эй иймон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангиз…” (Таҳрим сураси, 6-оят). Бу оят оилада ота нафақат моддий таъминловчи, балки маънавий муҳофиз сифатида ҳам масъул эканини англатади. Афсуски, бугун орамизда шундай эркаклар борки, оилада уларнинг ўрни йўқ. На рўзғорга қарайди, на болалар тарбиясига. Соатлаб телефон томоша қилиш билан овора. Бундайлар эртага қиёматда оиласи ҳақида сўроққа тутилганда, нима деб жавоб бераркин?!
Қиз фарзанд тарбиясини тамомила онага ташлаб қўйиш ҳам тўғри эмас. Ота ҳам у билан ҳамфикр бўлиши зарур. Аслида қиз бола жуда сезгир бўлади. Падари билан вақтини ўтказишни, муваффақиятини эътироф этишини, хато қилганида тўғри йўл кўрсатишини истайди. У отаси тимсолида қўлидан ҳар иш келадиган ҳақиқий ҳимоячини кўради, шунинг учун унинг сўзини икки қилолмайди. Шу билан бирга, қиз фарзандга отанинг ортиқча қаттиққўллиги ҳам унинг руҳиятига салбий таъсир қилиши мумкин. Ортиқча эркалатиш эса масъулият ҳиссини пасайтиради. Шунинг учун ота – меҳр билан қатъиятни уйғунлаштириши, ҳам дўст, ҳам раҳбар бўлгани дуруст.
Орамизда бегона юртларда меҳнат қилиб оила боқаётган оталар ҳам талайгина. Улар телефон орқали фарзандларининг юриш-туриши, ўқишини доимий назорат қилишлари зарур. “Юзимни ерга қаратма, тўғри бўл, меҳнатдан қочма, доим ўқиш билан банд бўл, ойингга ёрдам бер. Сен оиламиз номусисан” каби сўзларни тасъирчан тарзда айтиш фарзанд тарбиясида манфаатли бўлади, иншоаллоҳ.
Оналар ҳам оилада отанинг нуфузини, ўрнини фарзандларига англатиши керак. Ўзи ҳам итоатда бўлиб, фарзандларига намуна бўлиши лозим. Чунки бола онага қараб улғаяди. Оилада кўрганини қилади. Она отани беҳурмат қилса, фарзандлар ҳам шунга ўрганади ва бутун жамият шундай деган фикрга боради. Сўнгра уни назорат қилувчи киши йўқлигидан ўзбошимчаликни ўрганади. Устозу ўқитувчиларнинг кўрсатмаю даккилари ҳам кор қилмайди. Шу боис оталар оилада ҳам бошқарувчи, ҳам тарбиячи эканини унутмасдан, болаларимизга ҳам шуни англатайлик!
Нафиса ДЎСТМУҲАММАД тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 12-сони
http://hidoyatuz.taplink.ws