У ўзи ишлайдиган вазирликдаги уй-жой қурилиш жамиятидан озгина ерга эгалик қилар эди. Ота фарзандига ўша ерга уй қуриб беришга бел боғлаб, қурилиш ашёлари, уста ҳақларини беришни ўз зиммасига олди. Қурилиш бошланди. Бино кундан-кунга кўтарилиб, икки йил ичида бино тўла битказилди.
Ота иш бошида ўғил-қизлари вояга етиб, ўғиллари ишда ишлаб, қизлари турмушга чиқишгани, уйда кампири билан ёлғиз қолганлари сабаб, ўғли билан қурилажак янги уйда бирга яшашларини айтган эди.
Тўсатдан отанинг кампири вафот этди. Ота ёлғиз қолди.
Фарзанд янги уйга кўчиб ўтаркан, у билан бирга отаси ҳам кўчиб ўтди. Ота олтмиш ёшни қоралаган бўлиб, турли дардларга чалиниб, касбини давом эттиришга кучи етмай қолган эди.
Фарзанднинг бу қари бекорчи отаси билан бўлган муамоласида муаммолар кўрина бошланди. Бу муаммолар кундан-кунга катталашар, ҳатто бундай оилавий ҳаётга тоқат қилиб бўлмай қолган эди.
Қайнотаси улар билан бирга бир ҳовлида бўлиши келиннинг жонига теккан эди. У гоҳо қайнотасини унинг шахсий ишларига аралашишда айбласа, гоҳо унга хизмат қила олмаслигини айтар, бир сафар қайнотаси ҳавони булғаб, болаларига касал юқтиришлигини туҳмат қилса, бошқа сафар муомалани билмаслик, маданиятсизликда айблар эди.
Ахийри у вулқон каби портлаб, эрига деди: “Бу ҳовлида ё мен, ёки отанггиз туради, биттасини танланг!”.
Иброҳим Ҳозимийнинг
ОҚПАДАРЛИК ОҚИБАТЛАРИ китобидан
Бугунги ахборот асрида инсон онги ва қалби учун кураш янги босқичга чиқди. Айниқса, диний қадриятларга ҳурмат кучли бўлган жамиятларда кишиларнинг муқаддас туйғуларидан ғаразли мақсадларда фойдаланиш, яъни манипуляция ҳолатлари тез-тез бўй кўрсатмоқда. Ижтимоий тармоқлар бундай таъсир ўтказишнинг энг қулай майдонига айланиб қолди.
Диний ҳиссиётлар орқали оммани жунбушга келтирувчилар, одатда, холис таҳлил ва илмий асосларга эмас, балки инсоннинг эҳтиросларига урғу берадилар. Уларнинг асосий қуроли эмоционал чақириқлардир. Масалан, бирор ижтимоий муаммони диний бўёқлар билан бўрттириш орқали одамларда ҳимояланиш ёки агрессия инстинктини уйғотишади.
Бундай вазиятда инсон ақл билан фикрлашдан тўхтайди ва ўзи билмаган ҳолда фитначиларнинг қўлидаги қуролга айланади. Ваҳоланки, Ислом дини ҳар бир хабарни текширишга ва ақл билан иш тутишга чақиради: “Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар...” (Ҳужурот сураси, 6-оят).
Бугунги кунда етарли илми бўлмай, аммо нотиқлик маҳорати билан оммани эргаштираётган қатлам шаклланди. Улар кўпинча мураккаб фиқҳий ёки ақидавий масалаларни юзаки ва популистик тарзда талқин қиладилар. Бунинг натижасида жамиятда ихтилоф пайдо бўлади, уламоларга нисбатан ишончсизлик уйғотилади.
Диний ҳиссиётларни суиистеъмол қилиш жамиятни ичдан емиради. Биринчидан, бу жараён ёшларни манипуляция қилади. Иккинчидан, жамият мувозанатини бузишга қаратилган хуружларга йўл очади. Энг ёмони, бундай ҳаракатлар диннинг асл моҳияти тинчлик, бағрикенглик ва маърифат эканини четга суриб, уни низолар манбаи сифатида кўрсатишга хизмат қилади.
Бундай хавфларга қарши энг самарали раддия, бу саводхонликдир. Ҳар бир мусулмон ахборот гигиенасига амал қилиши, интернетда эшитган ҳар қандай таъсирли гапни мутлақ ҳақиқат деб қабул қилмаслиги лозим.
Дин нажот ва сакинат манбаи бўлиб, кимларнингдир ғаразли ёки шахсий манфаатлари йўлида қўлланиладиган бошқарув воситаси эмас. Муқаддас туйғуларимизни виртуал фирибгарлардан ҳимоя қилиш бугунги куннинг энг долзарб вазифасидир.
Шермуҳаммад Болтаев,
Хоразм вилояти Шайх Қосим бобо
масжиди имом-хатиби