Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Июл, 2025   |   19 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:21
Қуёш
05:02
Пешин
12:34
Аср
17:40
Шом
19:59
Хуфтон
21:33
Bismillah
14 Июл, 2025, 19 Муҳаррам, 1447

ФОЙДАСИЗ СЎЗДАН ТИЙИЛИШ

22.01.2020   2362   4 min.
ФОЙДАСИЗ СЎЗДАН ТИЙИЛИШ

Аллоҳ таоло инсонни яратиб, унга жуда кўплаб неъматларни ато қилдики, токи одам боласи ер юзида ҳаёт кечириши мобайнида ўзига манфаат берадиган  нарсалардан фойдалансин. Шу билан бирга ўзи ва бошқаларга зарар бўлишига сабаб бўладиган ишлардан сақланиши керак бўлган амалларни ҳам инсонга билдирди. Шундай гўзал фазилатлардан бири фақатгина инсонга берилган нарса бу тил неъматидир. Инсон бу тил орқали ўзини номаи аъмолига  бу дунёда ва охиратда ҳам фойда берадиган улкан савобларни қўлга киритиши ёки аксинча ўзи ҳамда бошқа инсонларга ҳам  фойдасиз сўзларни сўзлаши билан охиратда надомат ва хасратда қолиши мумкин. Бугунги кўнимизда кўплаб инсонларда учраб турадиган иллатлардан бири гапираётган вақтида беҳуда гап-сўзлар билан ўзининг бебаҳо умрини фойдасиз ишлар билан ўтказаётганини гувоҳи бўламиз. Нафақат ўзларини, балки суҳбатдошларини ҳам вақтини олиб унга кераги бўлмаган сўзларни гапираётганларини кўришимиз мумкин. Аслида нима учун Ислом дини ва бизнинг миллий қадриятларимизда инсон бекорчи сўзлардан ўзини сақлашга чорланади. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам айтадилар;

 “Беҳуда  ишларни тарк қилиш киши Исломининг гўзаллигидандир”.

  Бу набавий таълимотда инсон учун жуда кўплаб манфаатлар бордир. Аслида буни туб негизида инсонларга ва жамият аъзоларига зарари борлиги учун ҳам бундай кераксиз ишга  рухсат берилмаган. Одатда бекорчи сўзларга эътибор қилинса, қайси бир инсон тўғрисида ёлғон, ғийбат, чақимчилик, иғвогарлик, масҳара қилиш, камситишга доир суҳбат кетаётганини кўришимиз мумкин. Аслида инсонга ато қилинган тил неъмати ўзгалар билан муомалада гўзал муносабатда бўлиш ва барча кишиларга фойдали бўлган сўзларни сўзлаш учун берилган. Қадимда ўтган олимларимиз ўзлари сўзлаётган гап қанчалик ўзларига манфаатли бўлиши борасида доимо айтган гапларини текшириб турганлар. Имом Муновий ўзларининг “Файзул-Қодир” номли китобларида шундай маълумотни келтирадилар: Ибнил Арабий айтади: “Машойихларимиз ҳар куни ўзлари кун давомида нима гапирганлари ва қандай ишларни қилганларини ҳисоб-китоб қилиш учун  уни дафтарга қайд қилиб қўярдилар. Хуфтон намозини адо қилганларидан сўнг дафтарга қараб ўзларини ҳисоб китоб қилар, агар истиғфорга ҳақли бўладиган ишни кўрсалар  истиғфор айтар, тавба қилишга лойиқ бўлса, тавба қилишар, шукр қилиш керак бўлган амалларда шукр қилиб, сўнг ухлар эдилар.” Чунки инсон гапираётган биргина беҳуда сўзи орқали Аллоҳнинг азобига ва ақлли инсонларларнинг дашномларига қолиши аниқ. Келинг, қуйидаги сатрларда биздан олдин яшаб ўтган олимлар бефойда сўзларни гапирадиганлар борасида қандай ўгитлар айтиб ўтишганлигини кўриб чиқамиз.

  Имом Кархий раҳимаҳуллоҳ: “Инсон ўзига фойдасиз бўлган нарсани сўзлашлиги Аллоҳ томонидан хорланишидир”, деганлар.

  Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ: “Аллоҳ таоло бир бандасидан юз ўгиришининг аломати ўша бандани фойдасиз ишда машғул қилиб қуйишидир”, деганлар .

  Молик ибн Динор раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Агар қалбинг қотганлиги, баданинг заифлашгани, ризқингда маҳрумликни кўрсанг, билгинки, сен ўзингга фойда бермайдиган нарса тўғрисида гапиргансан”.

  Юнус ибн Убайд раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Киши ўзига фойда бермайдиган бир сўзни тарк қилиши бир кун рўза тутишдан кўра афзалроқдир”.

  Имом Шофиий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Кимки Аллоҳ уни қалбини нурлантириб қуйишини  хоҳласа, беҳуда сўзларни тарк қилсин”.

  Имом Шофиий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Уч нарса ақлни зиёда қилади.

  1. Уламолар билан ўтириш.
  2. Солиҳ кишилар билан ҳамсуҳбат бўлиш.
  3. Беҳуда гап-сўзлардан тийилиш”.

  Ҳа, азизлар, биз ҳам юқорида зикр қилиб ўтилган уламоларимизнинг сўзларига амал қилиб, ҳар бир ўтаётган кунимизни ғанимат билишимиз ҳамда бизга берилган тил неъматидан унумли фойдаланишимиз керак бўлади. Зеро, беҳуда гап-сўзлардан кўра вақтимизни илм-фан, касб-ҳунар, таълим-тарбия, жамиятимизни янада юксалишига сарфлаганимизда ўзимиз ва жонажон ватанимиз келажаги учун ҳам катта фойдали иш қилган бўламиз. Аллоҳ таоло барчаларимизга ўзимиз ва атрофимиздаги инсонлар учун ҳам фойдали бўлган сўзларни айтишимизни муяссар айласин!

 

 

Раҳимов Учқун

Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус

ислом билим юрти маънавий­ – маърифий

ишлар бўйича мудир ўринбосари.

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Ўзини болалардек тутсин...

14.07.2025   981   3 min.
Ўзини болалардек тутсин...

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Болалар билан муомала қилиш услуби

Эрингизнинг ҳурматини жойга қўйинг!

Эркак кишининг оилада оила бошлиғи, ота сифатида ўз ўрни бўлмоғи лозим. Бунинг учун аёл киши турмуш ўртоғига нисбатан меҳр-муҳаббатли, айниқса, фарзандларининг олдида отанинг ҳурматини жойига қўймоғи керак. Солиҳа аёл ҳар қандай вақтда оталарининг буюк шахс эканини билдириб туради ва отани ҳурмат қилиш, уни яхши кўришда болаларига ўрнак бўлиб, амалий йўл кўрсатади. Фарзандларига отасининг гўзал хислатларини ўрнак сифатида айтиб беради. Онанинг фарзандига: “Мана шундай қилсанг отанг сендан хурсанд бўлади. Бундай қилмагин, дадангнинг жаҳллари чиқади. Дадангнинг сендан жаҳли чиқса, Аллоҳнинг ҳам ғазаби келади”, дея панд-насиҳатлар қилмоғи мақсадга мувофиқдир.


Арзимас бўлса ҳам ҳадялар беринг!

Фарзандингизга кичик бўлса-да, ҳадялар беринг. Байрам кунлари, бирор муваффақиятга эришганликлари муносабати билан, айниқса, ҳайит кунлари буни унутманг. Бу билан фарзандингизнинг сизга бўлган меҳр-муҳаббати, эътибори ортади, кайфияти кўтарилади, яхшиликлар сари интилади. Совғаларингиз ичида у қизиққан китоблар бўлса, ундан-да яхши.


Фарзандингизга қулоқ солинг!

Фарзандингиз боғчасида ёки мактабида нима бўлганини айтиб бериш учун олдингизга келса, унинг шаштини қайтарманг. Сўзларини диққат билан тингланг. У сиз билан ўзининг ҳис-туйғуларини бўлишмоқчи бўлади. Фарзандингизнинг муваффақиятларини рағбатлантиринг, агарда у имтиҳондан юқори баҳо олса, йилни аъло баҳоларга якунлаб, мақтов ёрлиғи билан тақдирланса, сиз ҳам фарзандингизни муносиб баҳоланг, ширин сўзларингиз билан уни янада илҳомлантиринг. 


Фарзандларингиз билан ҳазиллашиб туринг!   

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам болалар билан ҳазиллашар ва уларга меҳр кўрсатар эдилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам неваралари Ҳасайинни ўпдилар. У зотнинг олдиларида тамиймлик Ақро ибн Ҳобис ўтирган эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Менинг ўнта болам бор, улардан биронтасини ҳам ўпмаган эканман”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Раҳм қилмаган кишига раҳм қилинмайди” [1],  дедилар».

Набий алайҳиссалом болалар билан ҳазиллашар, уларнинг бошларини силар эдилар. Болалар эса у зотнинг тафтини, меҳрини ҳис қилишарди. Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллари билан менинг бошимни силадилар ва: “Аллоҳ, Жаъфарга боласи учун ўринбосар бўл” [2], дедилар. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам болаларнинг яноқларини силаганлари борасида  “Саҳиҳи Муслим”да ривоят келтирилади. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга намоз ўқидим, кейин у зот уйларига чиқиб кетдилар, мен ҳам бирга қўшилиб олдим, йўлда иккита ёш бола у зотнинг қаршиларидан чиқди, ҳар бирининг яноқларини алоҳида-алоҳида силаб қўйдилар”.

Муовийя розияллоҳу анҳу: “Кимнинг кичик ёшдаги фарзанди бўлса, фарзанди билан муносабатда ўзини болалардек тутсин”, деганлар. 


Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.

 


[1]  Муттафақун алайҳ.
[2]  Имом Ҳоким ривояти.