Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Январ, 2025   |   27 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:17
Қуёш
07:39
Пешин
12:41
Аср
15:52
Шом
17:36
Хуфтон
18:52
Bismillah
27 Январ, 2025, 27 Ражаб, 1446

Қуръон илмлари: ВАҲИЙНИ ТУШУНИБ ЕТМАСЛИК

3.01.2020   3511   17 min.
Қуръон илмлари: ВАҲИЙНИ ТУШУНИБ ЕТМАСЛИК

ВАҲИЙНИ ТУШУНИБ ЕТМАСЛИК (охири)

  1. Қуръоний ваҳийни илҳом ва кашф деган даъво.

Қуръони Карим ваҳийсини тушуниб етмаслик фақат қадимги мушриклар ва ҳозирги душманларгагина хос эмас. Балки Исломдан бошқа динларнинг пешволарига ҳам тегишли хусусиятдир. Улар ваҳийни тан олсалар ҳам, уни нотўғри тушуниб олганлар.

Бу ҳақда доктор Субҳий Солиҳ раҳматуллоҳи алайҳи қуйидагиларни ёзади:

«Афсуски, биз Қуръони Карим таъкидлаганидек, «ваҳий» тушунчасининг барча пайғамбарлар ҳузурида ягона эканини айтар эканмиз, «Муқаддас Китоб» қомусида «ваҳий» сўзига турли хил ихтилофли тафсирлар берилганини кўрамиз. Ушбу қомусга кўра: «Ваҳий – бу Аллоҳнинг руҳи руҳий ҳақиқатлар ва ғайбий хабарларни кўриш учун илҳомлантирилган котибларнинг руҳига тушишидир. Мазкур ваҳий котиблари ўз шахсиятларида бирор нарсани йўқотиб қўймайдилар, уларнинг ҳар бири ўз таълиф йўналишлари ва таъбирида ўз услубларига эгадир».

Бу ерда бизни афсуслантираётган нарса – қомусий таърифга кўра, ваҳийнинг Аллоҳга диний боғланишдан анча узоқлигидир. Ваҳий аслида Аллоҳдан олинади. Бу ердаги ваҳийнинг таърифи кўпроқ кашф ёки илҳомнинг далолатига яқинроқдир.

Кашфнинг шундай соф турлари борки, башарият орасида руҳий покланишлар бўлиб, улардан илҳом берилган шоирлар, сўфилар ва орифлар кашф орқали турли хил соф фикрларни айтганлар. Кашфнинг кирланган тарафи ҳам борки, бу коҳинлар ва фолбинларда кўринади. Уларнинг аксари ёлғончи ва дажжоллардир.

Биз калималарни ўз ўрнида ишлатмасликдан қўрқишимиз лозим бўлади. Ваҳий ҳолатини «кашф» лафзидан ажратиб қўйишимиз керак. Шунга ўхшаш, «илҳом», «ботиний ва ички ҳис-туйғулар» каби калималарни ҳам «ваҳий» калимасидан узоқлатишимиз даркор. Ажамларга тақлид қилаётган баъзи одамлар ажабтовур соддалик билан набийлар ва набийларнинг охиргиси бўлмиш Муҳаммад алайҳиссалом ҳузурларидаги ваҳий ҳолатини нотўғри тафсир қилмоқдалар.

Кашфнинг далолатини ҳар қандай даъвогарга исботлаб бермоғимиз, сўнгра «Ваҳийнинг далолати ҳам кашфнинг далолатидандир», демоқчи бўлаётганларни инкор қилишимиз ниҳоятда осон иш.

Албатта, кашф очиқ-ойдин чегарада нафсий далолатдан холи бўлмайди. Чунки у кўпинча машаққат ва уриниш самараси бўлади, ёки руҳий риёзат таъсирида юзага келади, ёхуд узун тафаккурнинг натижаси бўлади. Кашф инсоннинг ўзида комил ишончни ва комилликнинг мислини пайдо қилмайди, балки бу шахсий иш бўлиб, ҳақиқатни Улуғ ва Олий масдардан олмайди.

Орифларнинг кашфи восилларнинг илҳомига ўхшайди. Нафс уни яқийн бўлмаган, яъни ўта ишончли бўлмаган маърифат ила билади. Нафс унга унинг масдарини сезмаган ҳолда ажраб чиқади. Унга завқлиларнинг завқи, топқирларнинг топқирлиги ҳам қўшилиб кетади. Яна юнонларнинг наздидаги шеър худосининг афсоналари ва жоҳилият арабларининг наздидаги шеър шайтонларининг уйдирмалари ҳам кашфдан дейилаверади.

Шубҳасиз, кашф илҳомга ўхшайди. «Кашф» лафзи янги пайдо бўлган «психология» фанининг лафзларидан бўлиб, ҳатто уни бор дейдиганлар ҳам мубҳамлик ичидадир. Исмидан ҳам кўриниб турибдики, у ҳис ва сезиш ҳолатларидан узоқдир. Агар инсон тўғрисида «Бу кашф ва илҳом эгаси», дейилса, ушбу сифатлар билан у нубувват ва ваҳий даражасига етолмайди. Чунки ҳар бир ваҳийда ўзига сингдириш бор. Ҳар бир нубувватда (илоҳий хабарни қа­бул қилишда) унинг маъносини сезиш ва мағзини идрок қилиш бор. Ўзига бирор нарсани сингдириш хусусиятини йўқотган кишига нисбатан хотирасиз, деб тош отилади. Ҳис-туйғудан маҳрум бўлган кишига бефаҳмлик шармандалиги ёпиштирилади» қтибос тугади).

Ушбу илмий мулоҳазалар ҳақида хулоса қилинар экан, кашф билан ваҳийнинг ўртасида катта фарқ борлиги очиқ-ойдин маълум бўлади. Бошқа динларнинг муқаддас китобларида кашф билан ваҳийнинг ажратилмагани ўша китобларнинг ўзгариб кетишига асосий сабаблардан бири бўлган. Натижада масиҳийлик динининг асоси бўлган муқаддас китоблари учун кашфни ваҳий ўрнида қабул қилишга мажбур бўлиб қолишган. Набийнинг сўзини ажратиб, Аллоҳнинг сўзини алоҳида муҳофаза қилишга аҳамият берилмагани учун, бутун бошли илоҳий китоб зое бўлган. Инжилдан нафақат пайғамбарнинг сўзлари, балки Ийсо алайҳиссаломни мутлақо кўрмаган кишиларнинг ҳам сўзлари ўрин олиб қолган ва насронийлар ушбу сўзларни ҳам илоҳий калом сифатида қабул қилишган. Кишилар уйларида ёлғиз ўтириб, ўзларига кашф бўлаётганини даъво қилиб, Инжиллар ёзишган ва ана шу ёзилган нарсалар ваҳий ўрнига ўтиб қолган.

Қуръони Каримнинг ўзида Аллоҳ таоло Ўз ваҳийсини Ўзи муҳофаза қилишини айтиш билан бирга, ушбу ваҳийни бошқа каломлардан, ҳатто ўз Пайғамбарининг каломидан ҳам ажратиб тушунадиган ва тушунтирадиган миллатни Аллоҳ таолонинг Ўзи чиқарган. Қуръони Карим фақатгина Аллоҳнинг сўзи экани ва унда башарият каломидан бирор луқма аралашмагани Қуръони Каримнинг ўзидан далиллар келтириб, исботлангандир.

Кўриб ўтганимиздек, Қуръони Каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни койиш, одоб бериш, таҳдид қилиш, қўрқитиш, ҳатто агар у киши соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг Каломига ўзларидан бирор нарса қўшсалар, «собр» ўлими каби даҳшатли ўлим билан огоҳлантириш борлиги Қуръони Каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бирорта сўзлари йўқлигини билдиради.

Бугунги кунда ўзларини «маданиятли» дейдиган ўлкалардаги мусулмон бўлмаганлар Қуръони Каримни Муҳаммад алайҳиссаломнинг шахсий сўзлари дейишади ва бу гапларига бизнинг эски китобларимизда ёзилиб қолган исроилиётларни, заиф ва турли мавзу ҳадисларни далил қилиб келтиришади. Бу каби даъволарга ваҳий тўғрисидаги соф илмий баҳсларда етарлича раддиялар берилган. Ажабланарлиси шуки, шаккок шарқшуносларнинг Мусо алайҳиссаломга, Ийсо алайҳиссаломга ваҳий нозил бўлишини, осмондан китоб тушишини сиғдирган аққлари негадир Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий нозил бўлишини сиғдира олмайди.

Уламоларимиз Қуръони Каримнинг нозил бўлиши ўзига хос ягона ҳолат эканини муфассал баён қилганлар. «Аз-Зоҳира ал-Қуръания» – «Қуръоний ҳодиса» истилоҳи жазоирлик машҳур мутафаккир Молик ибн Набий раҳматуллоҳи алайҳига мансубдир. У кишининг «Аз-Зоҳира ал-Қуръания» номли француз тилида ёзилган китоби бор. У киши ушбу китобда ваҳий ҳолатини чуқур таҳлил қилиб, соғлом ақл таслим бўладиган даражада баҳс юритган. Ваҳийнинг инсон сифатидан мустақил эканини, Қуръони Карим Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ичларидан чиқмаганини, балки у илоҳий иноят ўлароқ, юқоридан но­зил бўлганини исботлаб берган.

Аммо, минг афсуслар бўлсинким, ҳозиргача инсоният тарихидаги ушбу нодир ҳолатни ҳар ким ўз қаричи билан ўлчаб келмоқда ва ўзининг айтганини илмий ҳақиқат деб даъво қилмоқда. Турли мантиқсиз даъволарни бир тарафга қўйиб турайлик-да, Қуръони Карим маъноларини рус тилига таржима қилиш борасида икки оғиз сўз айтиб ўтайлик.

Ҳозирги кунга келиб, Қуръони Карим маъноларининг рус тилидаги таржима ва тафсирлари ўн бешдан ортиб кетди. Лекин мазкур таржималарда «Қуръон» сўзининг луғавий ва истилоҳий маъноси ҳақида бирор сўз учратиш қийин. Энг ачинарлиси, Қуръони Каримнинг асоси бўлган «ваҳий» сўзининг маъноси бутунлай бузиб юборилган, у «внушение» ёки «откровение» деб таржима қилинган. Агар рус тилининг изоҳли луғатларига мурожаат қиладиган бўлсак, ушбу икки сўз қанчалик изоҳланса ҳам, «ваҳий»нинг асл маъносига ҳатто яқин ҳам келмаслигини кўрамиз.

Абрамов луғати

Внушениевдохновление, веяние, совет, рекомендация, предложение, наущение, вдохновение, побуждение – ишонтириш (сингдириш), илҳомлантириш, маслаҳат бериш, тавсия қилиш, таклиф қилиш, васваса қилиш, гиж-гижлаш, ундаш, туртки бериш...

 

Ефремова луғати

Внушение ср.

1) а) Словесное воздействие на волю, сознание человека с целью убедить его в чем-л. или вызвать какое-л. чувст­во. – Иродага, инсон онгига уни бирон нарсага ишонтириш ёки қандайдир ҳиссиёт уйғотиш мақсадида сўз билан таъсир кўрсатиш.

б) Воздействие на поступки человека чувств, настроений, состояний – Инсоннинг хатти-ҳаракатига ҳислар, кайфиятлар ва ҳолатларнинг таъсир кўрсатиши

в) Целенаправленное воздействие словами на психику человека (обычно приведенного в состояние гипноза) для изменения его отношения к чему-л., преодоления вредных привычек, коррекции поведения и т.п. (в медицине) – инсон руҳиятига (одатда гипноз ҳолатига келган кишига) унинг бирон нарсага нисбатан муносабатини ўзгартириш, зарарли одатларини тарк эттириш, феъл-атворини ислоҳ қилиш учун мақсадли равишда сўз воситасида таъсир кўрсатиш (тиббиётда).

2) Поучение, наставление, выговор – панд-насиҳат, ўгит,
койиш, ҳайфсан.

внушать 1) а) Воздействуя словами на волю, сознание, заставлять усвоить какую-л. мысль, прийти к какому-л. убеждению – Иродага, онгга сўз билан таъсир кўрсатиб, қандайдир фикрни ўзлаштиришга, қандайдир ишончга келишга мажбур қилиш.

б) Целенаправленно воздействовать словами на пси­хику человека (обычно приведенного в состояние гипноза) для изменения его отношения к чему-л., преодоления вред­ных привычек, коррекции поведения и т.п. (в медицине) – Инсон руҳиятига (одатда гипноз ҳолатига тушган кишига) мақсадли равишда сўз ёрдамида таъсир этиш (тиббиётда).

2) Возбуждать в ком-л. какое-л. чувство – кишида маълум бир ҳиссиётни уйғотиш, қўзғаш.

 

Ожегов луғати.

Внушениевоздействие на психику больного, гипноз. Например, лечение внушением, наставление, выговор ро­дительское внушение – Беморнинг руҳиятига таъсир кўрсатиш, гипноз. Масалан, ишонтириш билан даволаш, панд-насиҳат, койиш, оталарча ўгит.

внушитьвоздействуя на волю, вознание, побудить в чему-нибудь, заставить усвоить что-нибудь. Например, внушить страх, внушить уважение к старшим – Иродага, онгга таъсир кўрсатиб туриб, бирор ишга ундаш, турт­ки бериш, бирор нарсани ўзлаштиришга мажбур қилиш, Масалан, қўрқув уйғотиш, юрагига ваҳима солиш, катталарга ҳурмат ҳиссини сингдириш.

 

Ушаков лугати.

Внушение. 1. Воздействие на волю другого с тем, чтобы заставить его бессознательно выполнять чужие желания; гипноз (книжн.). Роль внушения в душевной жизни. Массовое внушение. Лечить алкоголика внуше­нием – Кишининг иродасига бировларнинг истак-хоҳишини онгсиз (кўр-кўрона, ҳушсиз) равишда бажаришга мажбур қилиш мақсадида таъсир кўрсатиш, гипноз (китобий). Ишонтиришнинг руҳий ҳаётдаги ўрни. Оммавий ишонтириш. Ичкиликбозни ишонтириш йўли билан да­волаш;

– Воздействие кого-чего-н. на волю; влияние, подчиняю­щее себе волю кого-н. (книжн.). Он действует по внушению своих товарищей – Иродага алланарсанинг ёки аллакимнинг таъсир кўрсатиши. Бировнинг иродасини ўзига бўйсундирувчи таъсир. У дўстларининг таъсирида иш тутяпти.

  1. Совет, наставление. Она не слушалась внушений. || Выговор, словесное взыскание (разг.). Отеческое внуше­ние. Сделать строгое внушение кому-н. – Маслаҳат, ўгит. У панд-насиҳатларга қулоқ солмас эди. Ҳайфсан, оғзаки таъзир. Оталарча ўгит. Қатьий ҳайфсан эълон қилиш.

Внушать 1. что кому-чему. вызывать, возбуждать по отношению к себе какие-н. ощущения, мысли, заставлять чувствовать что-н. Он внушает мне отвращение. Внушать к себе страх. Внушать почтение. || – Ўзига нисбатан қандайдир сезги, фикр қўзғатиш, уйғотиш, маълум бир ҳиссиёт ҳосил қилдириш. У менда нафрат уйғотяпти. Ўзига қўрқув сингдириш. Ҳурмат уйғотиш;

– Наводить на какие-н. мысли, вызывать какие-н. чувст­ва. Его вид внушает мне опасение за его здоровье – Маълум бир хаёлга, ҳиссиётларга олиб бориш. Унинг кўриниши менда унинг соғлиғидан ташвиш уйғотяпти;

  1. что кому-чему и без доп. Поучать, наставлять, застав­лять усвоить какие-н. убеждения. Внушать мораль. Всегда внушал ему, что необходимо действовать вместе – Ўргатиш, ўқитиш, уқтириш, насиҳат қилиш, ўгит, маълум бир ишонч-эътиқодни ўзлаштиришга мажбур қилиш. Одоб бериш. Ҳар доим унга биргаликда иш тутиш кераклигини ўргатарди.

 

Абрамов луғати

Внушать, вдохновлять, вкоренять, внедрять, впечатлевать, вселять; запечатлевать; научать, вразумлять, настав­лять; надоумливать, намекать, советовать, уговаривать. При­вивать кому правильные понятия. Вливать в сердце добрые помыслы. «Вселял безверие, укоренял разврат». Крыл. На­мекни свинье вилами, чтоб в огород не лазила! Ср. Учить, Советовать, Возбуждать, Вдохновлять и Утверждать. См. вдохновлять, влагать, влиять, научать, советовать – Ишонтириш, илҳомлантириш, сингдириш, киритиш, татбиқ қилиш, жорий қилиш, таассурот қолдириш, ўргатиш, ақл ўргатиш, ақл бериш, насиҳат қилиш, ақл киргизиш, шама қилиш, киноя қилиш, маслаҳат бериш, кўндириш, йўлга солиш. Тўғри тушунчани сингдириш. Қалбга яхши ният солиш. «Иймонсизлик киритар, бузуқлик сингдирарди» (Кры­лов). Чўчқага паншаха билан тушунтир, полизга кирмасин! Ўқитиш, маслаҳат бериш, қўзғаш, илҳомлантириш, тасдиқлаш. Таъсир кўрсатиш, ўргатиш, маслаҳат бериш.

 

Даль луғати

ВНУШАТЬ, внушить что кому. Вселять, вперять, вкоренять, внедрять; передавать, убеждать, поселять в мыслях, помыслах; заставить думать, хотеть; побудить к принятию передаваемого словами или другим способом. Не внушайся бесом, не согрешишь – Сингдириш, тиқиштириш, ўзлаштириш, татбиқ қилиш, ўйлашга мажбур қилиш, ишонтириш, калласига фикр жойлаш, сўз ёки бошқа восита билан берилган фикрни қабул қилишга мажбур қилиш. Шайтонга эргашма, гуноҳ қилмайсан.

 

ОТКРОВЕНИЕ и пр. см. открыватьочилиш – очишнинг мажҳули

 

Ожегов луғати

Откровение то, что неожиданно открывает истину, вно­сит ясность, понимание. Эта новость – полное о. для всех – Бирдан ҳақиқатни очувчи, ойдинлик киритувчи, аниқлаштирувчи. Бу янгилик ҳамма учун мутлақо ойдинлик бўлди.

 

Ушаков луғати

ОТКРОВЕНИЕ, откровения, ср. (книжн.).

  1. Сообщение, открывающее тайну (ритор.). «Не тре­буй от меня опасных откровений». Пушкин – Сирни очув­чи, фош этувчи хабар. «Мендан хавфли изҳорларни талаб қилма» (Пушкин).
  2. То, что внезапно объясняет остававшееся непонят­ным, открывает какую-н. истину, дает новое понимание чего-н. Новая постановка вопроса была для всех открове­нием – Тушунарсиз бўлиб келган нарсани тўсатдан изоҳловчи, ҳақиқатни ошкор қилувчи, бир нарсага янгича таъриф берувчи. Масаланинг янгича қўйилиши ҳамма учун ойдинлик бўлди.
  3. По христианским догматам истина, сообщение, открывающие волю божества (церк.) – Насроний ақийдаларга кўра – илоҳнинг иродасини очиб берувчи ҳақиқат, хабар (черков истилоҳи).

 

РУСЧА-ЎЗБЕКЧА ЛУҒАТДАН ОЛИНГАН ТАЪРИФЛАР

Внушить сов. (несов. внушать) что кому

  1. таъсир кўрсатиб (ёки гап билан) ишонтирмоқ; инонтирмоқ, кўнглига солмоқ, маъқул қилмоқ; уқтирмоқ; ~ ко­му-л. какую-л. мысль, кимсага бирор фикрни уқтирмоқ;
  2. бирор ҳис туғдирмоқ, уйғотмоқ; ~ отвращение нафрат ҳиссини уйғотмоқ; нафрат туғдирмоқ;
  3. ўргатмоқ, панд-насиҳат қилмоқ.

 

Внушени/е с

  1. по гл. внушить; по ~ю товарищей дўстларнинг гапига ишониб;
  2. инонтириш, ихлос туғдириш, гипноз; лечить ~ем инонтириш (гипноз) йўли билан даволаш;
  3. койиш; танбеҳ; ўгит, панд-насиҳат.

 

Откровение с

  1. рел. уст. ваҳий;
  2. кўзни очувчи янгилик, кутилмаган янгилик, такая пастановка вопроса была ~м для всех масаланинг бундай қўйилиши ҳамма учун кутилмаган бир янгилик эди;
  3. уст. очиқ (очиғини) айтиш, рўйи-рост гапириш; дилдагини (дил розини) айтиш; очилиб гапириш, очиқ (рост, бор) гап; дил рози.

Ниҳоятда узайиб кетган иқтибослар ва уларнинг таржималаридан кўриниб турибдики, Қуръони Карим маъноларининг ўн бешдан ортиқ таржималарида бу муқаддас Китобнинг асоси бўлмиш ваҳий тамоман нотўғри талқин қилинган. Энг яқини «илҳом» маъноси бўлиши мумкин. Бу эса «Қуръони Каримнинг ўзи ҳам, аҳли Қуръон уммати ҳам ҳеч қандай далил ва ҳужжат бўлиши мумкин эмас, чунки бу оддий илҳом экан», деган нотўғри хулосага олиб келиши мумкин.

Энди инсоф билан ўйлаб кўрайлик. Дунёдаги энг кўп тарқалган тиллардан бирйда Қуръони Карим маънолари таржималарида на «Қуръон» сўзининг маъноси ва на Қуръони Каримнинг асоси бўлган «ваҳий» сўзининг маъ­носи мутлақо ўз ифодасини топмаган бўлса, буни қандай баҳолаш мумкин?!

Бундай нохуш ҳолатнинг давом этишида мусулмон уламоларнинг ҳам айби бор. Чунки мазкур таржималарнинг кўпчилиги мусулмон бўлмаган одамлар, сўнггилари эса мусулмон миллатларга мансуб бўлса ҳам, Исломий илмлардан бехабар шахслар томонидан қилинган. Шунинг учун ҳам мусулмон уламолар бошқа тилларда ҳам мавжуд бўлган ушбу муаммони ҳал қилишда, Қуръони Карим ва ваҳий ҳақиқатини тўғри баён қилиб беришда мажбуриятларини шараф билан адо этишлари лозим.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Қуръони Каримнинг тарқоқ нозил бўлиши ҳикматлари;

Кутубхона
Бошқа мақолалар

Уламолар мавлид ҳақида

27.01.2025   603   22 min.
Уламолар мавлид ҳақида

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Уламоларнинг мавлид борасидаги фикрлари хакида маълумот ахтариш давомида биринчи булиб Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Али ибн Ҳажар Ҳайтамийнинг машҳур «Туҳфатул муҳтож фи шарҳил минҳож» китобидаги матн эътиборимни тортди. Уни ўқиб чиккач, мазкур маълумотларни мақсадни баён қилиш учун етарли деб билиб, бошқаларини ахтаришдан воз кечдим. Мазкур матнни сиз муҳтарамларнинг эътиборингизга ҳавола қилишни маъқул деб топдим. Чунки мазкур матндан кўп нарсаларни англаб олиш имкони бор экан. Жумладан, мавлид ҳақида баҳс юритган уламоларнинг вакиллари ҳақида ҳам маълумот олиш мумкин.

Мазкур матн бошидан-охиригача машҳур аллома, ҳофиз Жалолиддин Суютий раҳматуллоҳи алайҳга оид бўлиб, биз номини айтиб ўтган китоб эгаси Ибн Ҳажар Ҳайтамий у кишидан тўлиқ кучирган.

Матнни эътиборингизга ҳавола қилишдан олдин унда номи зикр қилинган ва мавлидни қўллаб-қувватлаган уламолар ҳақида қисқача маълумот бериб ўтсак, масалани англаб етишга ёрдам берар, деган умиддамиз.

Ҳофиз Жалолиддин Абу Фазл Абдурраҳмон ибн Абу Бакр ибн Муҳаммад Суютий Шофеъий. Муҳаққиқ ва машҳур олим. Ғоятда машҳур ва фойдали китоблар муаллифи. Ҳижрий 849 сананинг ражаб ойида таваллуд топган. Саккиз ёшлигида Қуръонни хатм қилган. Кўплаб матнларни ёд олган. Ёзган китобларининг сони беш юзтадан ошган. Китобларининг шуҳрати ҳақида гапиришнинг ҳожати ҳам йўқ.

Бу зот ўз замонасининг ҳадисга оид барча илмларида ҳам пешқадам бўлган. У киши икки юз минг ҳадисни ёддан билган ва «Яна бошқаларини топсам, ёдлар эдим», деган. Қўшимча тарзда айтадиган бўлсак, ҳаммага маълум ва машҳур «Жалолайн» тафсирининг икки муаллифидан бири ҳудди шу имом Жалолиддин Суютий бўладилар.

Энди Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Алий ибн Ҳажар Ҳайтамийнинг машҳур «Туҳфатулмуҳтож фи шарҳил-минҳож» китобидаги матнни шарҳлашга ўтайлик. Шарҳдан ажраб туриши учун матннинг остига чизиқ қўйдик.

«Ҳофиз Суютийнинг фатволарида, «Валийма» бобида рабиъул-аввал ойида мавлидун-Набий қилиш ҳақида, унинг шаръий ҳукми, бу иш яхшими, ёмонми, қилган одамга савоб бўладими, йўқми, шу ҳақда сўралди.

У киши қуйидаги жавобни берди:

«Менинг жавобим шуки, аслида одамлар жамланиб, муяссар бўлганича Қуръон тиловат қилинса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ишларининг аввалида бўлган хабарлар, у зотнинг туғилишларида содир бўлган мўъжизалар ривоят қилинса ва охирида уларга егулик улашилиб, бунга бошқа нарсалар зиёда қилинмай тарқалиб кетиладиган бўлса, бу иш бидъати ҳасанадир.

Уни қилган одамга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлагани, у зотнинг мавлидлари муносабати ила хурсандчилик изҳор қилгани учун савоб берилади».

Ҳофиз Жалолиддин Абу Фазл Абдурраҳмон ибн Абу Бакр ибн Муҳаммад Суютий Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳнинг мавлид ҳақидаги бу фатволаридан бир неча хулосалар чиқариб оламиз.

1. Мавлид бидъати ҳасанадир.

Мавлидда қуйидаги ишларни қилишга рухсат берилади:

2. Қуръон тиловати.

Иложи бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларидаги оятларни ўқиб, ҳар қавм ўз тилида тафсир қилса, жуда ҳам яхши бўлади.

3. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ишларининг аввалида бўлган хабарларни ривоят қилиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилиш даврларидаги жаҳолат ҳолатини, у зотнинг хайр-барака бўлиб туғилганларига оид саҳиҳ ривоятларни ўқиб, таржима ва шарҳ қилиб берилса, халқ оммаси керакли маълумотни олган бўлади.

4. У зотнинг туғилишларида содир бўлган мўъжизаларни ривоят қилиш.

Бунда асоссиз, муболағали ва тўқима хабарлардан эҳтиёт бўлиш лозим. Баъзи китобларда ана шундай нарсалар аралашиб қолганини унутмаслик керак. Ҳадис ва ишончли сийрат китобларида келган хабарларнинг ўзи етарли.

5. Охирида егулик улашиш.

Бунда ҳам ҳаддан ошмаслик, исроф ва ношаръий нарсаларга йўл қўймаслик лозим.

6. Бошқа нарсаларни зиёда қилмай тарқалиб кетиш.

Яъни юқорида зикр қилинган нарсалардан ортиқча иш қилмаслик керак. Баъзилар «Бундан бошқа нима бўлиши мумкин», дейишлари мумкин. Бошқа ерларда, хусусан, арабларда мавлид маросимларида турли бидъат ва хурофот ишлар пайдо бўлган. Шунинг учун ҳам имом Жалолиддин Суютий бу шартни алоҳида таъкидламоқдалар.

7. Мавлид қилган одамга савоб берилиши.

Бу савоб мавлид қилган одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлагани, у зотнинг мавлидлари муносабати ила хурсандчилик изҳор қилгани учун берилади.

Кейин яна қуйидагиларни зикр қилган:

«Буни биринчи бўлиб қилган шахс Ирбил ҳукмдори Малик Музаффар бўлган. Унинг ҳузуридаги мавлидга уламо ва сўфиларнинг аъёнлари ҳозир бўлар эди. Сўнгра Ҳофиз Абул Хаттоб ибн Диҳя унга (Малик Музаффарга) атаб мавлидун-Набий ҳақида бир китоб тасниф қилди ва «Танвир фии мавлиди баширин-назир» деб номлади».

Имом Жалолиддин Суютийнинг маълумотлари бўйича биринчи бўлиб мавлид маросимини ташкил қилган одам Ирбил ҳукмдори Малик Музаффар бўлган.

Бу гапни бошқа уламолар ҳам қўллаб-қувватлайдилар. Шайх Муҳаммад Закий Иброҳим «Абжадийяту тасаввуфил исломий» номли китобда қуйидагиларни айтади:

«Мавлидун-Набийни биринчи бўлиб нишонлаган шахс Малик Музаффар (Тоғрил) Ироқдаги Ирбилнинг подшоҳи бўлган. У бу ишни имом Абу Шома ва бошқа уламоларнинг розилиги билан қилган».

Дастлабки мавлид маросимлари катта уламолар ва сўфийлар ҳузурида бўлгани алоҳида эътиборга сазовордир.

Яна мавлид ҳақида китоблар ёзилгани ҳам бежиз эмас.

«Сўнгра моликийларнинг кейингиларидан Фокиҳоний номи билан машҳур бўлган шайх Тожиддин Умар ибн Али Лаҳмий Сакандарий мавлидун-Набийнинг ёмон бидъат эканини даъво қилиб чиқди ва бу ҳақда «Ал-Маврид фил калами ъала амалил-мавлид» деган китоб ёзди».

Демак, ўша вақтда оз бўлса-да, мавлидга қарши чиққанлар ва ҳатто бу масалада китоб ёзганлар бўлган экан.

«Ҳофиз Абу Хаттоб ўша китобни аввал тўлиқ кўчира туриб, кейин бирма-бир чиройли танқид қилди ва балоғатли раддиялар берди. Аллоҳ бундай Ҳофизнинг хайрини берсин!»

Мавлидга қарши бўлганларга ўз ўрнида ва қойиллатиб илмий жавоб ҳамда раддиялар берилган экан.

«Асрнинг ҳофизи бўлмиш шайхулислом Абу Фазл Аҳмад ибн Ҳажардан мавлид ҳақида сўралди. У киши қуйидаги жавобни берди:

«Мавлиднинг асли бидъат бўлиб, у ҳақда биринчи уч асрдаги салафи солиҳлардан ҳеч нарса нақл қилинмаган. Лекин, шу билан бирга, бу иш яхшиликларни ҳам, унга зид бўлган нарсаларни ҳам ўз ичига олган. Бас, ким яхшиликларини олиб, ёмонликларидан четда бўлса, бидъати ҳасана бўлади. Ким бундай қилмаса, акси бўлади».

Аввало, бутун бошли бир асрнинг ҳофизи бўлмиш шайхулислом Абу Фазл Аҳмад ибн Ҳажар кимлигини билиб олайлик.

Бу зот ҳофиз, шайхулислом Абу Фазл Шаҳобиддин Аҳмад ибн Алий ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Алий ибн Аҳмад ибн Ҳажар Асқалоний бўлиб, ҳижрий 773–852, милодий 1372–1449 йилларда яшаб ўтган. Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалонийнинг ҳадис, тарих, фиқҳ, адабиёт, усулуд-дин ва усулул фиқҳ бўйича ёзган китоблари бир юз элликдан зиёддир. Жумладан, бутун дунёга машҳур «Фатҳул Борий шарҳу саҳиҳил Бухорий» китоби ҳам Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалонийнинг қаламига мансубдир. У кишининг «Исоба фи тамйизис-саҳоба» китоби ҳам ўз бобида тенги йўқ китоблардан ҳисобланади.

Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалонийнинг мавлид ҳақидаги гаплари ҳам бу борада асос бўладиган гаплардандир. Улардан қуйидаги фойдаларни оламиз:

1. Дастлабки уч асрда мавлид бўлмагани.
2. Ўша вақтдаги мавлидларда яхши ва ёмон нарсалар аралаш бўлгани.
3. Мавлиднинг яхшиликларини олиб, ёмонликларидан четда бўлинса, бидъати ҳасана бўлиши.
4. Мавлиддан кўзланган яхши мақсадлардан бошқа нарсани аралаштириб бўлмаслиги.

Имом Жалолиддин Суютий гапларининг давомида яна қуйидагиларни айтади:

«Шу билан бирга, бу ишнинг собит асоси менга равшан бўлди:

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келиб, яҳудийларнинг Ашуро куни рўзасини тутаётганини кўрдилар ва: «Бу нима?» деб сўрадилар.

«Бу солиҳ кундир. Бу – Аллоҳ Бану Исроилни душманидан қутқарган кун. Ўшанда Мусо унинг рўзасини тутган», дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен Мусога сизлардан кўра ҳақлироқман», дедилар ва унинг рўзасини тутдилар, (бошқаларга ҳам) тутишни буюрдилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Мана шундан муайян кунда берган неъмати ва балони рад қилгани учун Аллоҳга шукр қилиш ҳамда буни ҳар йили ўша кунда такрорлаб туриш жоизлиги истифода қилинади. Аллоҳга шукр бажо келтириш сажда, рўза, садақа ва тиловат каби турли ибодатлар билан адо этилади. Раҳмат набийси бўлмиш Набийимизнинг дунёга келишларидан ҳам улуғ неъмат борми? Ашуро кунини Мусо алайҳиссаломга неъмат ато этилган кун сифатида нишонланганидек, мавлид учун ҳам тайинли бир кунни ихтиёр қилиш жоиз бўлади. Ким айнан буни мулоҳаза қилмаса, ойнинг қайси кунида бўлса ҳам мавлид қилаверади. Баъзи бирлар бундан ҳам кенг олиб, йил бўйи қиладилар. Булар мавлиднинг аслига тегишли гаплардир.

Энди ўша кунда қилинадиган амалларга келадиган бўлсак, улар шукр маъносини англатадиган, аввал айтиб ўтганимиз тиловат, садақа, таом улашиш, Набийни мадҳ этувчи ва қалбларни жунбушга келтирадиган зоҳидона шеърлар ўқиш, яхшилик ва охират учун зарур ишларни қилишдан иборат бўлиши лозим.

Аммо самоъ ва лаҳв нарсалар ҳақида шуни айтиш лозимки, ҳурсандчиликка сабаб бўладиган мубоҳ нарсалар бўлса, ҳеч қиси йўқ. Лекин ҳаром ва макруҳ нарсалардан ва яхшиликка хилоф бўлганларидан тийилиш керак.

Имом Жалолиддин Суютий мавлиднинг савобли иш эканига, уни қилиш жоиз эканлигига ҳадиси шарифдан далил келтирмоқдалар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яҳудийлар нишонлаб келган Ашуро кунини «Биз ҳам келаси йили шу куни рўза тутамиз», деб қабул қилишларини мавлид каби амалларни жорий қилиш жоизлигига асос қилиш мумкинлигини айтмоқдалар.

Шу билан бирга, Имом Жалолиддин Суютий мавлиднинг асли, уни қачон қилиш мумкинлиги ва унда қилинадиган ва қилинмайдиган амаллар бўйича ҳам умумий қоида бўладиган ибораларни келтирмоқдалар. Мавлид қилиш тарафдорлари бу ибораларни яхшилаб ўрганишлари ва уларга амал қилишлари лозим.

Сўнгра зикр қилиндики, Ҳофиз Ибн Носириддин ўзининг «Вирдис-содий фии мавлидил ҳодий» номли китобида қуйидагиларни айтади:

«Саҳиҳ қавлда айтилишича, ҳар душанба куни Абу Лаҳабнинг дўзаҳдаги азоби енгиллатилади, чунки у шу куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилганларидан қувониб, чўриси Сувайбани озод қилган.

Шеър:

Икки қўли қурисин деб қарғиш олган бир кофир
Жаҳаннамда абадул абад қоладган бўлса ҳам,
Аҳмад туғилганидан шод бўлганди барибир,
Шунга ҳар душанбада азоби бўларкан кам.
Энди ўзинг билавер, Мустафо деб бир умр
Шод бўлган мўминга не ажру шараф бўлар жам?»

Юкорида келтирилган маънони имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»ларида ҳам топамиз:

«Урва айтади: «Сувайба Абу Лаҳабнинг чўриси бўлган. Абу Лаҳаб уни озод қилган. Шунда у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни эмизган. Абу Лаҳаб ўлганидан кейин унинг аҳлларидан бири уни тушида жуда ёмон ҳолда кўриб, «Сенга нима бўлди?» деб сўраган. Абу Лаҳаб унга «Сизлардан ажралганимдан кейин Сувайбани озод қилганим учун ташналигим бироз қондирилганидан бошқа яхшилик кўрмадим», деган.

Имом Бадриддин Айний ушбу ривоятнинг шарҳида: «Суҳайлийнинг зикр қилишича, Аббос розияллоҳу анҳу шундай деган:

«Абу Лаҳаб ўлганидан бир йил ўтиб, тушимда уни жуда ҳам ёмон аҳволда кўрдим. У менга «Сизлардан ажралганимдан кейин ҳеч бир роҳат кўрмадим. Фақатгина ҳар душанба куни азобим енгиллатилмоқда», деди. Бунинг сабаби шуки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам душанба куни туғилганлар, Сувайба Абу Лаҳабга у зотнинг мавлидларини суюнчилаган, шунинг учун Абу Лаҳаб уни озод қилган».

Бошқа уламолар ҳам мавлид қилиш жоизлигига турли далиллар келтирганлар. Аммо биз юқорида зикр қилинганлари билан кифояланамиз. Хулоса шуки, умматнинг улкан уламолари мавлиднинг жоизлигини таъкидлаганлар ҳамда керакли ҳужжат-далилларни тақдим қилганлар.

Хўш, ундай бўлса нима учун биз ушбу масалада ҳилоф қиламиз?

Мавлидга рухсат берган улуғ уламоларнинг далил-ҳужжатларига қарамай, мавлидга қаршиларнинг гаплари баъзи ношаръий ишларни рўкач қилишдан бошқа нарса эмаслигига қарамай, бир тоифа ватандошларимиз мавлидга ашаддий равишда қарши чиқишни ўзларининг асосий масъулиятлари деб биладилар. Улар «Мавлид бидъатдир, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва салафи солиҳларнинг даврида йўқ эди, кейин пайдо бўлган янги нарса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ишларнинг энг ёмони янги пайдо бўлганларидир. Ҳар бир янги чиққан иш бидъатдир. Ҳар бир бидъат залолатдир. Барча залолат дўзаҳдадир», деганлар. Ким мавлид қилса, у бўлади, бу бўлади», деб такрорлашдан чарчамайдилар.

Ўз-ўзидан «Бундан нима фойда бор?» деган савол пайдо бўлади. Хилофчи тоифа бу саволга нима деб жавоб беради, билмаймиз. Аммо ўзимиз бу ҳақда ўйлаб кўрайлик.

Мавлид масаласида хилофчи тоифанинг барча гапларини қабул қилдик, деб фараз қилайлик. Бидъатнинг яхшиси йўқ, ҳаммаси залолат, дейлик. Мусулмон умматининг барчаси қадимдан ҳозиргача иттифоқ қилиб келган буюк ҳақиқатни инкор қилиб, шариатга Қуръон ва Суннатдан бошқа манба йўқ ҳам дейлик. Шунга биноан, мавлидни ҳам ҳеч нарсага арзимайдиган нарса дейлик.

Аммо «Умматнинг эътиборли уламолари ихтилоф қилган масалада талашиб-тортишиш мумкин эмас», деган қоидага нима деймиз?

«Иттифоқ қилган нарсамизда ҳамкорлик қиламиз. Ихтилоф қилган нарсамизда бир-биримизнинг узримизни қабул қиламиз», деган буюк қоида нима бўлади?!

Ахир Аллоҳга даъват қилиш, амри маъруф ва наҳий мункарнинг бош одобларидан бири уммат мункарлигига ижмоъ қилган нарсага қарши биргаликда курашиб, мусулмонлар ихтилоф қилган ижтиҳодий масалаларга шўнғимаслик эмасмиди?!

Ёки ҳаётимизда мавлиддан бошқа эътибор берадиган нарса қолмадими?

Ҳеч бўлмаганда очиғини тан олайлик, «Бу масалада мусулмонлар жумҳури билан бир гуруҳ орасида ихтилоф бор», дейлик. «Бу каби масалаларда бир-бирини маломат қилиб бўлмайди», дейлик.

 

Эслатма:

Ҳижрий 1430, милодий 2009 йили ўтказилган ҳалқаро анжуманда Африка қитъасида жойлашган Руанда давлатининг ички ишлар вазири сўзга чиқди. Бу давлатда мусулмонлар оз бўлсалар ҳам, тинчликсевар ва бағрикенг бўлганлари учун эътибор ва эҳтиром қозонибдилар. Руандада бўлиб ўтган қонли тўқнашувда иштирок этмабдилар. Бошқа диндаги кишиларга инсоний ёрдамлар берибдилар. Бошқа диндаги ватандошларини тинчликка, ярашувга, ихтилофни тарк қилиб, тинч-тотув бўлиб яшашга чақирибдилар. Вақти-соати келиб, уларнинг вакили бўлган ёш йигит ички ишлар вазири бўлибди.

Руанда ички ишлар вазири ўз сўзида ҳозирда бошқа диндагилар билан мулоқотда бўлиш, улар билан келишув асосида иш юритиш ҳақида кўп гапирилаётгани ва иш олиб борилаётгани тўғрисида эслаб ўтиб, ҳудди шу ишни мусулмонлар орасида ҳам қилиш кераклигини таъкидлади. У мусулмонларнинг арзимаган нарсаларда ҳам бир-бирлари билан ихтилофга берилиб кетишларини афсус билан таъкидлади. Вазир ўз сўзининг далили сифатида ватанида бўлиб ўтган бир ҳодисани мисол қилиб келтирди.

Мусулмонлар ўртасида қаттиқ хилоф чиқибди. Ҳилоф ҳукуматгача етиб келибдн. Ҳукумат масалани мусулмон вазирга ҳавола қилиб, ўз диндошларнни тинчитишни илтимос қилибди. Ихтилоф мавлид тўғрисида экан. Бир гуруҳ мусулмонлар мавлид ўтказишмоқчи бўлибди. Бошқа бир гуруҳ уларга «Мавлид қилмайсизлар», дея қарши чиқибди. Ихтилоф кучайиб, кечагина ҳаммани ихтилофни тарк қилишга чақириб турган мусулмонларни кечагина қирғинбарот уруш қилиб, бир-бирининг қонини тўкиб турган ғайримусулмон ватандошлар тинчликка ва келишувга чақириши керак бўлиб қолибди. Аммо ҳукумат ҳикмат билан иш юритиб, мусулмонлар орасида ихтилофга барҳам беришни мусулмон вазирга топширибди.

Вазир ихтилофчи икки тарафдан масаланинг тафсилотини эшитибди. Бир тараф мавлид қилмоқчи бўлган. Иккинчи тараф бу ишга қарши чиқиб, мавлид қилмайсан, деган. Орада нима бўлса-бўлган. Иш ҳукуматгача етиб келган. Вазир ихтилофчиларга: «Сизлар ҳам мусулмон, мен ҳам мусулмон. Ишни мусулмон банда сифатида ҳал қилишга уринаман. Агар кўнмасангиз, ички ишлар вазири сифатида қонун бўйича иш тутаман», дебди. Сўнгра ҳукмни эълон қилиб, «Мавлид қиламан деганлар қилаверсин, қарши бўлганлар қатнашмасин. Энг муҳими, орада ихтилоф бўлмасин!» дебди.
 

Мавлидчиларга

Мавлид тарафдорлари эътибор беришлари лозим ишлар ҳам анчагина. Аввало, мавлиднинг ҳақиқатини ва ундан кўзланган мақсадларни равшан билиб олиши керак. Бу ҳақиқатни бошқаларга ҳам етказиш лозим.

Энг муҳиими, мавлид маросимлари ҳақидаги майда ихтилофларга барҳам бериш зарур. Минг афсуслар бўлсинки, бу хилдаги ноқулай ҳолатлар кўпчиликни ташвишлантиришига қарамай, давом этиб келмоқда.

Айниқса, «маҳалли қиём» (мавлид ўқилаётганда ўриндан туриладиган пайт) ҳақидаги ва унда ўқиладиган матн ҳақидаги ихтилофлар кўпчиликнинг афсусига сабаб бўлмоқда. Мавлид яхши ният билан бошланган иш бўлганидан кейин унда бу каби ноқулай ҳолатларнинг юзага келиши тамоман мақсадга номувофиқ ишдир.

Маҳалли қиёмда, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилишлари ҳақидаги хабар ўқилганда мавлид иштирокчиларининг ўриндан туришлари жуда ҳам тортишадиган масала эмас. Туришни истаганлар турсин, истамаганлар турмасин. Аммо энг муҳими, ихтилоф қилмасин, бир-бири билан жанжал қилмасин.

Ўша ўриндан туриладиган пайтда мавлиднинг қайси байтлари ўқилади – «муҳайян» деб бошланган матн ўқиладими ёки «толаъалбадру»ми, деган тортишув ҳам худди аввалгисига ўхшаш. Тортишишнинг ўрнига иккисини ҳам ўқиб қўйса, айб бўладими? Агар кимнинг айтганини аввал ўқиш тўғрисида талашув бўлса, қуръа ташлаб аниқласа бўлмайдими?

Нима қилиб бўлса ҳам, бу масалада мусулмонлар орасида ихтилоф қўзғалмаслиги учун чора кўриш керак. Мандуб бидъат нарсани қиламан деб, ҳаром ишга қўл урмаслик лозим.

Мавлид ўтказишдан мақсад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини одамларга таништириш экани асло ёддан чиқмасин. Мавлидда албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бағишланган қасидаларни ўқиш шарт эмас. Хусусан, даврадагилар тушунмайдиган тилда ўқилган қасида кўзланган натижани бермаслиги аниқ. Агар кимдир: «Мавлидда албатта маълум бир қасидани араб тилида ўқиш шарт», деб айтса, бу ўша кимсанинг жоҳиллиги, холос.

Бугунги кун одамларнинг онги анча юксак. Маълумотни қабул қилиш имкониятлари ҳам кенг. Шунинг учун мавлидларни бугунги кун одамларининг онгига, савиясига мослаб ўтказишни йўлга қўйиш зарур. Буни ҳатто «Мавлидин-Набий» деб эмас, «Сийрат ва рисолат ҳақида суҳбатлар» деб аташ ҳам мумкин. Ва энг муҳими, «Ушбу суҳбатларни фақат бир кунда ёки мавлид ойида ўтказиш шарт», дея янги бидъат пайдо қилмаслик керак.

Аммо ўрганишни истасак, ўрганса арзигулик даражада ўтаётган мавлидлар ҳам бор.

Аввало, бундай мавлидлар даврадагилар тушунадиган тилда ўтказилади. Қуръони Каримдан оятлар ўқилади. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бағишланган қасида даврадагилар тушунадиган тилда ўқилиб, яна шарҳ ҳам қилинади. Салавотлар, дуолар сўнгида яна Қуръони Каримдан оятлар тиловат қилиб, суҳбатга якун ясалади.


Мавлидда нимага эътибор бериш керак?

Эътибор бериш лозим бўлган энг муҳим нарса шуки, мавлид маросимига келганлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида керакли маълумотларни олсинлар, ўзларида лозим бўлган маърифат ҳосил қилсинлар. Бидъат-хурофотларга мутлақо йўл қўйилмасин! Барча яхшиликлар тарғиб қилинсин!

Мавриди келганда, бир неча йил аввал мавлид ҳақида эълон қилинган, аммо кўпчиликка етиб бормаган бир мақоламни ҳам эътиборингизга ҳавола этишга ижозат бергайсиз.
 

Кейинги мавзулар:
Набийимиз алайҳиссаломнинг мавлидлари – нурнинг туғилиши;
Илова.