Шайх Шаъровий раҳимаҳуллоҳ айтадилар “Ҳаддан ташқари мутаассиб йигитлардан бири билан мунозара қилиб тургандим. Ундан “Мусулмон давлатларидан биридаги тунги клубни портлатиб юбориш ҳалолми ёки ҳаромми?” деб сўрадим. У “Албатта, ҳалол ва у ердагиларни ўлдириш жоиз” деди. Мен ундан “Агар уларни гуноҳ содир этиб турганларида ўлдирсанг, борадиган жойи нима бўлади?” десам, у “Албатта, дўзах” деди. Ундан яна “Шайтон инсонларни (охиратда) қаерга киришларини истайди?” деб сўрасам, у “Дўзахга, албатта” деб жавоб берди. Шунда мен “Демак, сизлар билан шайтоннинг мақсади бир экан-да! Яъни одамларни дўзахга киритиш” дедим”.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг мусулмон бўлишларини, дўзахдан қутулиб қолишларини қаттиқ истар, шу боис ҳамманинг ҳидоят топишига ҳарис эдилар.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яҳудий хизматкорлари бор эди. (Бир куни) у касал бўлиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳолидан хабар олгани бордилар. Унинг боши тарафига ўтириб: «Исломни қабул қил», десалар, у олдида турган отасига қаради. Отаси: «Абул Қосимга (бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кунялари) итоат қил», деди. У йигит Исломни қабул қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб кетаётиб: «Уни (йигитни) дўзахдан халос қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин», дедилар». Имом Бухорий ривояти.
Шайх Шаъровий раҳимаҳуллоҳ мунозара сўнггида йигитга бундай деганлар: “Инсонларнинг ҳидоят топишларини ва дўзахдан қутулишларини қаттиқ хоҳлайдиган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сизларнинг ўртангиздаги фарқни ўйлаб кўр! Сизлар бир водийда бўлсангиз, Ҳабиб соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа водийдалар”.
Шайх Шаъровий раҳимаҳуллоҳ ўша йигитга тунги клубда айшу ишрат қилаётганларни ўлдириш ўрнига, уларни тўғри йўлга чорлаш, ҳидоят устида яшашлари учун ҳаракат қилиш лозимлигини тушунтирмоқчи бўлганлар.
Аллоҳ таоло Муҳаммад Мутаваллий Шаъровийни раҳматига олсин!
Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
Инсон ер юзидаги энг гўзал яратиқ ҳисобланади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган: “Батаҳқиқ, Биз инсонни энг яхши суратда яратдик” (Тийн сураси, 4-оят).
Шундай экан, нега замон тараққий этгани сайин инсонлар бир-бирини етарлича қадрламай қўймоқда. Бари инсон учун хизмат қилишга яратилган бойлик, тилла-темир ва бошқа матоҳлар баъзан инсондан кўра кўпроқ авайлаб-асралмоқда. Бир чинни идишни авайлаганчалик бир кўнгилни авайламайдиган насллар пайдо бўляпти...
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари қаламига мансуб “Инсон қадри” асарини ўқир эканман, шулар ҳақида ўйладим. Ушбу асар азиз ва мукаррам қилинган инсоннинг қадр-қиммати билан боғлиқ муаммолар муолажасига хизмат қилади. Унда одамийлик фазилатларига риоя қилиш, инсон шаънини юксалтириш, унга муносиб эҳтиром кўрсатиш, ёмон хулқ ва фитналардан узоқ юриш йўл-йўриқлари кўрсатилади.
Зеро, бугун ахборот тўқнашуви авж олган, ер юзининг турли нуқталари бир зумда алоқа боғлай оладиган бир пайтда инсоният низо ва можаролар гирдобида қолмоқда. Шундай экан, ҳозирги тараққиёт даврида одамийлик мезонларига риоя этиш, ўзаро аҳиллик муҳити яратиб, саодатли ҳаёт кечириш йўлида ушбу асар ҳам бир маёқ вазифасини ўтайди, иншоаллоҳ.
“Инсон қадри” китоби ҳар бир ватандошимизга муборак ва манфаатли бўлсин!
Акбаршоҳ Расулов