Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
07 Март, 2026   |   18 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:31
Қуёш
06:49
Пешин
12:39
Аср
16:35
Шом
18:24
Хуфтон
19:36
Bismillah
07 Март, 2026, 18 Рамазон, 1447

Керагини сўрайлик

10.12.2019   2852   2 min.
Керагини сўрайлик

Ҳаммамиз ҳам ўғил уйлантирсак, қиз чиқарсак – фарзандларимизнинг бахту камолини кўрсак, деб орзу қиламиз. Меҳнатларимиз ҳам, дуоларимиз ҳам фарзанди зурриёдларимиз учун.

Шу табиатимизга кўра, қизимизга совчи келса, “Уйи борми, тайинли иш жойи борми, машинаси борми? деб  бошлаган саволимиз айланиб-айланиб ётоқхона кровати, кир машинаси, музлатгич, чангютгич кабиларга боради ва қайнота-қайнонаси билан бирга яшайдими, алоҳидами? қабилида юзлаб саволлар сўралади.  

Аммо шу саволлар ичида кўпинча асосий саволлар сўралмай қолади: Раббини танийдими, Ибодатга маҳкамми, Қуръони каримни ўқийдими, ҳалол-ҳаромни биладими? Эртага туғилажак фарзандларига ҳалол луқма едириш учун тунни кунга улаб ишлайдими?

Зеро, дунё ҳаётидан мақсад – Жаннатга эришмоқдир. Жаннатга етишмоқ эса Аллоҳ таолонинг розилиги билан бўлади. Раббимизнинг ризоси эса Унинг амрларини бажармоқ, қайтарганларидан қайтмоқ туфайли ҳсоил қилинади. Табиийки, икки ёшнинг биргаликда ҳаёт кечириши ҳам Жаннатга эришиш йўлидаги қадамлардан биридир. Қачонки ёшлар шунга интилса!

Аммо шунча нарсани биламиз-у, динимиз биз мусулмон оилаларнинг қачон кундалик ҳаётига айланишини билмаймиз. Ёшларимиз қачон намоз билан туриб, намоз билан ётишни одат қилади. Қуръони каримни ҳаёти марказига қачон қўяди. Қачон Қуръон деб нафас олиб, Қуръон дея нафас чиқаради? Шуни англаб олмоғимиз учун бизга қабристонларда ўтганлар ортидан ўқишимиз керак бўлган  суралар, оятлар талқин этилди. Туғилганда ўқидик, жанозада ўқидик, очилишда ўқидик, ёпилишда ўқидик... Тирикларнинг ўқиганларни уқиб олишига эҳтиёжи йўқ каби тушундик ва ўзимизга зарур бўлган иштиёқ ила ўқимадик...

Саволни тўғри сўрашимиз керак. Бу йигит қўлни қўлга, кўнгилни кўнгилга боғлаб йўлга чиқяптими? Шу қизга Жаннатда ҳам етишмоқни ният қиляптими? 

Жаннатда ҳам бирга бўладиган жуфтларни сўрайлик.

Жаннатда ҳам бирга бўладиган жуфтларни топайлик.

Жаннатдаги жуфтимиз бўлсин дея жуфтимизнинг қадрига етайлик.

Раббимиз дунёдаги уйларимизни Жаннат тимсоли ўлароқ гўзал ҳаёт кечирмоғимизни ва охиратда Жаннатига ва жамолига етишмоғимизни насиб айласин.

 

“Пул емас ота” жоме масжиди имом-хатиби Музаффархон АЪЗАМ тайёрлади.

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Банданинг ҳаққи

05.03.2026   4750   2 min.
Банданинг ҳаққи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Банданинг ҳаққи енгил қараладиган нарса эмас. Бу ҳақ – то адо қилинмагунча кечилмайдиган ҳақ. Бу шундай ҳақки, Аллоҳ таоло аралашмайдиган ҳақ.

Банданинг ҳаққи иймоннинг бир бўлаги. Адо қилинмагунча жаннатга киришдан тўсиб турадиган девор. Бандани ҳаққини адо қилиш аслида иймон келтиришдан бошланади.

Гувоҳлик бераман албатта Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир, яна гувоҳлик бераман албатта Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг бандаси ва элчисидир.

“Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир” бу калом Аллоҳнинг ҳаққидир.

“Муҳаммад Аллоҳнинг бандаси ва элчисидир” буниси эса банданинг ҳаққидир.

Ушбу жумлалар бир-биридан ажратилганда эса, иймон мукаммал бўлмайди.

Намозни баркамол ўқингиз, Аллоҳнинг ҳаққидир.

“Закот берингиз” банданинг ҳаққидир.

“Аллоҳга итоат этингиз” Аллоҳнинг ҳаққидир.

“Пайғамбарга итоат этингиз” банданинг ҳаққидир.

“Менга ва ота-онангга шукр қилгин”

“Менга (шукр қилгин) Аллоҳнинг ҳаққидир.

“Ота-онангга шукр қилгин” банданинг ҳаққидир.

Агар киши Аллоҳнинг ҳаққини гўзал адо қилса-ю, банданинг ҳаққига риоя қилмаса нажот топмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким ҳаж қилса-ю, (унда) рофас (фаҳш) ва фисққа йўл қўймаган бўлса, у уйига худди онадан янги туғилгандек гуноҳлардан пок бўлиб қайтади” (Имом Бухорий ривояти).

“Ҳаж” – Аллоҳнинг ҳаққи.

“Фахш ва фисқ” бандалар ҳаққига риоя қилмаслик оқибатида бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга “Фалончи аёл кечалари намоз ўқиб, кундузлари рўза тутади. Бироқ тили ёмон, қўшниларига беҳаёлик билан озор беради”, дейишган эди, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унда яхшилик йўқ, у дўзахда” , дедилар (Имом Ҳоким ривояти, саҳиҳ ҳадис).

“Намоз ва рўза” Аллоҳнинг ҳаққи. Аёл уни адо қиларди.

“Тилдаги озор ва беҳаёлик” бандаларнинг ҳаққи. Шу ҳақ адо қилинмагани сабабли “Унда яхшилик йўқ, у дўзахда”, дедилар.

 

Ёрбек ИСЛОМОВ,
Олмазор тумани “Охунгузар” масжиди имом-хатиби.