Осим ибн Собит ибн Абул Ақлаҳ – ансорийлардан, авс уруғидан, ансорлар ичида Исломга аввал кирган кишилардан бири бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини муҳожирлардан Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳу билан биродар қилиб қўйдилар.
У киши Бадрда иштирок этиб, Уқба ибн Абу Муайтни, Уҳудда эса Мусофиъ ибн Талҳа ва унинг укаси Килоб ибн Талҳани ўлдирганлар. Мусофиъ ярадор ҳолда онаси Сулофанинг олдига бориб, бошининг унинг тиззасига қўяди. Онасининг “Сени ким бу аҳволга солди?” деган саволига ўғли “Менга ўқ отаётган одамнинг “Мана буни ол. Мен Ибн Абу Ақлаҳман” деганини эшитдим” деб жавоб берди. Шунда онасининг жаҳли чиқиб, агар имкон топса, ўғлини ўлдирган кишининг бош суягида хамр ичишга назр қилди ва Осимнинг бошини келтирганга катта мукофот эълон қилди.
Уҳуд жангидан сўнг бироз вақт ўтгач, қабилалар мусулмонлардан ноодатий йўл билан ўч олишга киришдилар. Сафар ойида Ҳузайл қабиласи Азл ва Қора уруғи вакилларини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига юборди. Улар Мадинага келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Бизга фиҳқни, Қуръонни, Ислом шариатини таълим бериш учун бир гуруҳ саҳобаларингизни биз билан юборсангиз” деб илтимос қилишди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг илтимосига рози бўлиб, бир ривоятда Марсад ибн Абу Марсад розияллоҳу анҳу, бошқа ривоятда Осим ибн Собит розияллоҳу анҳу бошчиликларида 6 кишилик гуруҳни (баъзи ривоятларда 7 киши, бошқасида эса 10 киши дейилган) улар билан бирга юбордилар.
Саҳобалар Ҳузайл қабиласига тегишли Ражийъ қудуғи олдига етганларида, келган кишиларнинг хоинлиги маълум бўлиб қолди. Ҳузайл қабиласининг Бану Лиҳён уруғидан тахминан икки юз киши саҳобаларни қуршаб олди. “Биз сизларни ўлдирмоқчи эмасмиз. Сизларга тегмасликка аҳд берганмиз. Фақат сизларни Маккага топшириб, эвазига пул олмоқчимиз” дейишди. Осим ибн Собит, Марсад розияллоҳу анҳумо ва яна бир шериклари “Мен ҳеч қачон мушрикларнинг ёнига бормайман” деб, уларнинг таклифини рад этдилар ва урушишга бел боғладилар. Қолган уч нафар саҳобалар Абдуллоҳ ибн Ториқ, Хубайб ибн Адий, Зайд ибн Дасинна розияллоҳу анҳум таслим бўлиб, асир олиндилар. Осим розияллоҳу анҳу ва икки шериклари эса шаҳид этилдилар. Кейинчалик Зайд ибн Дасинна, Хубайб ибн Адий ва Абдуллоҳ ибн Ториқ розияллоҳу анҳум ҳам шаҳид этилдилар.
Ҳузайл қабиласи вакиллари Сулофанинг Осимнинг боши учун катта мукофот ваъда қилганидан хабарлари бор эди. Ана шу бойликка эришиш илинжида Осимни унга топширмоқчи эдилар. Осим розияллоҳу анҳунинг ўлдирилганларини эшитган Сулофа Осим розияллоҳу анҳунинг бошларини олиб келиш учун Ҳузайл қабиласига ваъда қилинган пул билан элчи жўнатди.
Қотиллар Осимнинг жасадини олиш учун борганларида, кўп сонли арилар соябонга ўхшаб Осим розияллоҳу анҳунинг танаси устида учаётганини кўрдилар. “Ариларни ўз ҳолига қўйинглар. Кечгача кутсак, арилар ўзи кетади” дейишди ва нарироққа кетишди. Орадан бироз вақт ўтиб, қаттиқ ёмғир ёғиб, сел улуғ саҳобийнинг танасини оқизиб кетди. Кеч тушгач, хоинлар Осим розияллоҳу анҳунинг танасини олиш учун боришганда, уни жойидан топа олмадилар. Осим ибн Собит розияллоҳу анҳу “Бирорта мушрик мени ушламайди ва мен ҳам бирорта мушрикка қўлимни теккизмайман” деб назр қилган эдилар. Аллоҳ таоло у кишини тириклик чоғларида ҳам, вафотларидан кейин ҳам мушрикларнинг қўли тегишидан сақлади.
Арилар тўдаси Осим розияллоҳу анҳуни ҳимоя қилгани ҳақидаги бу ҳодиса Мадинага етиб борганда, Умар розияллоҳу анҳу “Осим бирор мушрик унга қўлини теккизмаслигига ва ўзи ҳам бирорта мушрикни ушламасликка назр қилган эди. Аллоҳ таоло уни ҳаётлик чоғида асраганидек, вафотидан кейин ҳам мушрикларнинг қўли унга тегишидан сақлабди” дедилар.
Ана шу ҳодисадан кейин Осим ибн Собит розияллоҳу анҳу “Ҳамийюд дабр” (“Арилар тўдаси ҳимоя қилган киши”) деб аталадиган бўлдилар.
Аллоҳ таоло барча саҳобалардан, шу жумладан, Осим ибн Собит розияллоҳу анҳудан рози бўлсин!
Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Моида сураси Қуръони Каримнинг бешинчи сураси бўлиб, у Мадинада нозил бўлган, бир юз йигирма оятдан иборат. «Моида» сўзининг маъноси «дастурхон»дир. Сурада Исо алайҳиссаломдан унинг энг яқин сафдошлари осмондан моида, яъни ясатилган дастурхон тушириб беришни сўрайдилар. Ундан овқатланиш ва башорат олишни мақсад қиладилар. Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломни қўллаб-қувватлаш ва у зотнинг пайғамбар эканликларини тасдиқлаш учун ҳаворийлар талаб қилган моидани туширди. Сурада моида тўғрисида тўртта оят келгани сабабли унга шу ном берилган.
Суранинг иккинчи номи “Уҳууд” (шартнома, аҳдномалар)дир. Сурада инсоннинг Робби билан қилган аҳдномаси, шахсий ва жамоавий аҳднома ва шартномалар, ҳақида баён қилинади. Шунингдек, уларда аҳдга вафо қилиш, адолатли бўлиш ва уларга амал қилиш лозимлиги таъкидланади.
Сурада “Эй, имон келтирганлар!...” деган нидо ўн олти бор келган бўлиб, ҳар бир нидодан кейин келган маънолар ўзига хос шартномага айланган.
Сурада тавҳид, шаръий ҳукмлар, ҳалол ва ҳаром нарсалар, жонлиқларни сўйиш масаласи, ҳаж ва умра вақтида эҳромда ов қилиш ҳукми ва унинг каффароти, таҳорат, ғусл, таяммум, никоҳ, аҳдга вафо қилиш, ҳукмда адолатли бўлиш, одил гувоҳ бўлиш, ҳар бир ҳолатда адолатли бўлиш, жиноят ва жазо масаласи, хамр ва қимор ҳаромлиги, ўғрилик ҳукмлари, қасамнинг каффорати, васият ҳақида, ибрат олиш учун пайғамбарлар қиссаси, Қобил ва Ҳобил қиссаси ва бошқалар баён этилади.
Ислом шариатида инсон ҳаёти учун зарур бўлган асосий мақсад ва тамойиллар бўлган жон ҳимояси, дин ҳимояси, инсон ақлининг ҳимояси, насл ва шаън ҳимояси, мол ҳимоясига асосий эътибор қаратилади. Муфассир уламолар сурага “Ислом шариатидаги мақсад ва тамойилларнинг барчаси Моида сурасида жамланган” деб таъриф беришади.
Бу сура энг охирги нозил бўлган суралардан бири бўлиб, унда жуда кўп шаръий ҳукмлар баён қилингани сабабли уни ўрганишга тарғиб қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашиш ҳажида Моида сурасини ўқидилар ва шундай дедилар: “Албатта, Моида сураси энг кейин нозил бўлган сурадир. Бас, ушбу сурада ҳалол дейилган нарсаларни ҳалол деб билинглар, ҳаром қилинган нарсаларни ҳаром деб билинглар”.
Шунингдек, ушбу сурада Аллоҳ таъало шундай марҳамат қилади:
“Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг. Аллоҳга тақво қилинг! Албатта, Аллоҳ иқоби шиддатлидир” (2-оят).
Ушбу оят бизнинг фаолиятимиздаги асосий мақсад бўлиши лозим, оятда барча мўмин ва мўминаларга ҳамкорлик ишларида амал қилиши лозим бўлган асосий қоида баён қилинмоқда.
“Бу кун сизга динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни тўкис қилдим ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим” (3-оят).
Ушбу сура нозил бўлиши орқали Ислом дини бенуқсон ва баркамол бўлгани, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эса то қиёмат кунига қадар барча инсон ва жинларга пайғамбар қилиб юборилгани, Аллоҳ таоло инсониятни амал қилиши учун фақат битта динни – Исломни туширгани алоҳида таъкидланади.
“У билан Аллоҳ ризосини топишга интилганларни (У) тинчлик ва саломатлик йўлларига йўллаб, Ўз изни билан уларни зулматлардан нурга чиқарур ва тўғри йўлга ҳидоят қилур” (16-оят).
Уламолар инсон тинч ва осойишта ҳаёт кечиришни истаса ушбу оятни мунтазам ўқиб юришини тавсия қиладилар, чунки чинакам мўмин инсон тинчлик ва хотиржамликни, Аллоҳ таолонинг розилигини Қуръони каримни ўрганиш ва унга амал қилиш орқали топади.
“Ана ўша (илк қотиллик) туфайли Исроил авлодига шундай ҳукмни битиб қўйдик: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам ҳудди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир”. Уларга расулларимиз (илоҳий) ҳужжатларни келтирганлар. Сўнгра уларнинг кўпчилиги ўшандан кейин (ҳам) Ерда исроф қилувчилардир” (32-оят).
Ушбу оятда бир беайб инсонни ўлдирган одам бутун бошли инсониятни ўлдиргандек жиноят қилган ҳисобланади. Битта жонни ҳаётини сақлаб қолиш эса бутун инсониятни сақлаб қолган билан тенгдир.
“Эй, имон келтирганлар! Сизлар учун Аллоҳ ҳалол қилиб қўйган нарсаларни ҳаромга чиқармангиз ва ҳаддан ошмангиз! Зеро, Аллоҳ ҳаддан ошувчиларни ёқтирмайди” (87-оят).
Ушбу оятда Аллоҳ ҳалол қилиб қўйган нарсаларни ҳаромга чиқариш мумкин эмаслиги, ҳаром нарсаларни ҳалол дейишлик эса куфр эканлиги, банда ҳаддидан ошиши эса катта гуноҳлардан бири эканлиги баён қилинмоқда.
“Эй имон келтирганлар, хамр, қимор, бутлар ҳамда қуръа чўплари шайтон ишидан бўлган ифлосликлардир, нажот топиш учун булардан четланинглар! Шайтон хамр ва қимор орқали орангизга душманлик ва адоват солиш, сизларни Аллоҳнинг зикри ва намоздан тўсишни истайди. Шунда ҳам тийилмайсизларми?” (90-91-оятлар).
Хамр ва қиморнинг оила, жамият ва бутун инсониятга келтирадиган зарарлари жуда ҳам кўп бўлиб, одамлар ўртасида ўзаро адоват ва нафратни кўпайишига, бир-бирларини ёмон кўриб қолишига сабаб бўлади. Қаерда ичкилик бўлса, ўша жойда кўнгилсизлик, тартибсизлик келиб чиқади. Ичкилик оилаларнинг бузилишига, яқин инсонларни бир-бирига душман бўлиб қолишига, жамиятда адоват ва ҳасадни кўпайишига олиб келади. Қимор ҳам инсонларни тубанликка, бировни ҳаққига риоя қилмасликка, зулмкорлик, қотилликка ундайди. Аллоҳ таало ушбу амаллар ифлос, қабих, энг разил амал эканини таъкидлаб, инсонларни бундай жирканч амаллардан қайтармоқда.
Ушбу сура фазилати ҳақида ҳадисларда қуйидагилар баён этилган:
Оиша онамиздан ривоят қилинади: “Ким еттита узун сураларни ёдласа, у олимдир” (Имом Аҳмад ва имом Ҳоким ривояти).
Мужоҳид ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эркакларингизга Моида сурасини ўргатинглар! Аёлларингизга Нур сурасини ўргатинглар!” дедилар” (Саид ибн Мансур, Ибн Мунзир ва Байҳақий ривоят қилган).
Сурада жуда кўп шаръий ҳукмлар баён қилингани сабабли уни ўрганишга кенг тарғиб қилинади. Сурани ўқиш, тафсирини ўрганиш, уларга ҳаётимизда амал қилиш орқали суранинг улуғ фазилатларига эга бўлишни Аллоҳ таоло барчамизга насиб қилсин.
“Тафсири Ҳилол”, “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири”, “Қуръони азим мухтасар тафсири”,
“Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолари таржимаси” ва бошқа манабалар асосида
Дилшоджон Мамадалиев тайёрлади.