Охирги пайтларда мужтаҳид имомларга эргашиб, бирдамликда ибодатини қилиб юрган мусулмонлар жамоасини бўлиниб, турли хил қарама-қаршиликларни келтириб чиқариш авж олмоқда. Афсусланарли жиҳати шундаки, аввалдан бир-бирига дўст-биродар бўлиб яшаб келаётган жамият орасида арзимаган нарсалар эвазига катта фитна қўзғатиш, бу билан мусулмон жамиятини тарқоқ аҳволга олиб келиб кўзланаётгандек гўё. Аммо бундан ким манфаат кўради? Фитна, бўлиниш, тарафкашлик каби иллатнинг охири нимага олиб боради? Тарихдан ҳам бунга кўплаб мисолларни келтириш мумкин.
Ана шундай фитна уюштирганлардан бири бу Умар розияллоҳу анҳунинг даврларида, Қуръонинг муташабиҳ оятларини одамлар орасида тафсир қилиб фитна қўзғатиб юрган Сабиғ ибн Асал исмли киши эди. Уни Умар розияллоҳу анҳу ҳаммага ибрат бўладиган тарзда жазолаган эдилар.
Бу воқеани Имом Доримий раҳмутуллоҳи алайҳ ўзларининг «Сунан» асарларида қуйидагича ривоят қилган:
«Сабиғ (ибн Асал) Ироқий (исмли киши) мусулмон жангчилар ичида Қуръондаги турли нарсалардан сўрай бошлади. У Мисрга келганида Амр ибн Осс уни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга юборди. Чопар мактубни олиб кирган эди, уни ўқиб бўлиб:
– «Бу одам қани?» деди.
– «Юклар билан», деди у.
– «Тез топ! Агар кетиб қолган бўлса, сенга аламли уқубат етади!» деди.
Уни олиб келди. Умар унга: «Нималар ҳақида сўрайсан», деди. У айтиб берди. Умар хурмо шохи сўраб, одам юборди. Ўша билан унинг орқасини уриб, яра қилди. Кейин уни қўйиб қўйди ва тузалганидан кейин яна урди. Сўнгра уни қўйиб қўйди ва тузалганидан кейин яна урди. Кейин уни яна уриш учун олдириб келди. Шунда у: «Эй мўминларнинг амири, агар мени ўлдирмоқчи бўлсангиз, чиройли қилиб ўлдиринг. Агар даволамоқчи бўлсангиз, Аллоҳга қасамки, тузалдим», деди. У киши унга ўз юртига кетишга изн берди ва Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳуга: «Мусулмонлардан ҳеч ким у билан ўтирмасин», деб мактуб ёзди. Бу ҳалиги одамга ниҳоятда оғир бўлди. Абу Мусо Умарга: «Унинг ҳоли яхши бўлди», деб ёзди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: «Одамларга у билан ўтиришларига изн беравер», деб ёзди».
Бу одам Бани Тамимлик Сабиғ ибн Асал бўлиб, Қуръондаги баъзи оятлардан ихтилофли муаммо чиқаришга уринар эди.
Ҳазрати Умар кўрган чорадан кейин у юз кишининг олдига келса ҳам, ҳаммаси тарқалиб кетар эди. Мана шундай қилиб Умар розияллоҳу анҳу бу фитначини даволадилар.
Минг афсуслар бўлсинки, Қуръон, Суннат ва салафларга эргашиш даъвоси билан чиқиб, Сабиғ ибн Асалга ўхшаб уммат ўртасида турли тафриқа ва бўлинишни келтириб чиқарадиган “сохта салафийлар” диёримизда пайдо бўлиб қолди.
Аслида бу оқимнинг тарихига назар ташласак, улар ҳижрий тўртинчи, мелодий ўнинчи асрда пайдо бўлган. Бу ҳақида муҳаққиқ олим Абу Заҳро раҳмутуллоҳи алайҳ асарида шундай ёзади: «Салафийя деганда тўртинчи ҳижрий асрда пайдо бўлган тоифа тушунилади. Улар ҳанбалий мазҳабида бўлиб, «Бизнинг қараш ва фикрларимиз Аҳмад ибн Ҳанбалнинг фикрига бориб тақалади», дея даъво қилишарди. Сўнг орадан вақт ўтиб, аниқроғи еттинчи ҳижрий асрда бу даъвони Ибн Таймия яна қайта жонлантирди ва кўп масалаларда янгликлар киритди. Сўнг ўн иккинчи ҳижрий асрда Араб ярим оролида бу қарашлар яна қайта жонлантирилди. Бу ишни Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб амалга оширди».
Демак, салафийлар уч босқичли марҳаладан сўнг араб ярим оролида ўз фикр ва қарашларини ривождантирган. Бу фикр ва ғояларни 1970-1980 йилларда асли касби соатсоз бўлган, тайинли устозда таҳсил олмаган Носириддин Албоний исмли киши янада оммалаштирган ва “ваҳобий” деган номни “салафий” деган номга ўзгартирган.
Агар салафийларнинг асосчилари яшаб ўтган даврни кўрсак, ўша даврнинг буюк олимлари салафийлик ғоясини тарқатаётган оқим асосчиларига илмий раддиялар бериб, уларнинг йўллари хатолигини исбот қилишган. Жумладан, Ибни Таймияни ўз давридаги кўплаб олим, қози ва фақиҳлар танқид остига олган. У ўзининг нотўғри эътиқоди сабабли бир неча бор қамалган. Ҳатто Ибн Таймиянинг шогирди бўлган имом Заҳабий раҳмутуллоҳи алайҳ устозининг нотўғри эътиқоддан қайтишини сўраб унга мактуб ёзган.
Агар салафийлик даъвосини яхшилаб ўрганадиган бўлсак, бу даъво пуч эканини билиш мумкин. Чунки, салафийлик даъвосини қилаётган кимса, «Бизнинг йўлимиз салафлар, яъни саҳоба ва тобеинлар йўли», дейди. Мантиқан олиб қаралса, бу асоссиз даъводир. Чунки, Аллоҳнинг каломи, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, саҳобаларнинг сўзини Ибн Таймия ёки Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб ёки Албонийдан кўра, имом Абу Ҳанифа, имом Молик, имом Шофеий ва имом Аҳмад раҳмутуллоҳи алайҳимлар яхши тушунишган. Ким мана шу тўрт мазҳабнинг бирига эргашса, ҳақиқий салафларнинг йўлини тутган бўлади. Салафийларнинг йўлига эргашиш эса, аслида саҳоба ва тобеинларнинг эмас, аксинча Албоний ва унга ўхшаган кимсаларнинг фикр ва қарашларига эргашишдир.
Интернет маълумотлари асосида
Қува тумани “Қўшкечик” масжиди имом-хатиби
Бозорали ХОМИДОВ тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
“(Улар) сабрли, садоқатли, итоатли, саховатли ва саҳар чоғларида (Аллоҳдан) мағфират сўрайдиган кишилар эди” (Оли Имрон сураси, 17-оят).
Саҳар вақти дуо қабул бўладиган улуғ фурсатдир. Луқмони Ҳаким ўғлига қилган насиҳатларидан бирида: “Эй ўғлим, хўроз сендан чаққонлик қилиб, саҳар чоғида сен уйғонмай туриб қичқирмасин”, деган экан (Абул Барокот Насафий. Мадорикул танзил ва ҳақоиқул таъвил).
Яқуб алайҳиссаломга фарзандлари: “Эй, ота, (Аллоҳдан) бизларнинг гуноҳларимизни мағфират қилишини сўранг! Албатта, бизлар хато қилувчилардан бўлган эканмиз” (Юсуф сураси, 97-оят) дейишганда, Яқуб алайҳиссалом: “Албатта, Роббимдан сизларни мағфират қилишини сўрайман. Албатта, У Ғафур (мағфиратли) ва Раҳим (раҳмли)дир” (Юсуф сураси, 98-оят) деб истиғфор айтишни саҳар вақтига қолдирганлар (Тафсирул Қуртубий, Тафсир ибн Касир).
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу кечани ибодат билан ўтказарди. Нофеъ раҳматуллоҳи алайҳдан саҳар вақти бўлди-ми? деб сўрарди. Агар ҳа деган жавобни олса, тонггача дуо ва истиғфор билан машғул бўларди (Ибн Абу Хотим ривояти).
Ибн Жарир раҳматуллоҳи алайҳ Иброҳим ибн Ҳатиб раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилади: «Саҳарда масжид яқинида бир мўминнинг истиғфор айтатуриб: “Аллоҳим буюрдинг, итоат этдим. Гуноҳларимни кечир” деяётганини кўрдим».
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу “...саҳар чоғларида (Аллоҳдан) мағфират сўрайдиган кишилар”ни Аллоҳдан гуноҳларини кечиришини сўраб истиғфор айтувчилар” деб тавсифласа, Қатода розияллоҳу анҳу: “Улар саҳар вақтида намоз ўқувчилар”, деган (Тафсирул Қуртубий).
Аллоҳ таоло бошқа оятда жаннатдаги тақводор бандаларининг сифатини келтирганида ҳам саҳарда истиғфор айтувчиларни алоҳида васф этади: “(Улар) туннинг озгина (қисмидагина) ухлар эдилар. Саҳарларда улар (Аллоҳдан) мағфират сўрар эдилар” (Зориёт сураси, 17-18 – оятлар).
Набий алайҳиссалом қудсий ҳадисларнинг бирида: “Албатта, Аллоҳ таоло ҳар куни кечанинг учдан бири қолганда дунё осмонига тушади ва тонг отгунча “Тавба қилувчи борми? Тавбасини қабул қиламан, истиғфор айтувчи борми? Мағфират қилиб, гуноҳини кечаман? Сўровчи борми, сўраганини бераман”, дейди”, деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломдан: “Кечанинг дуо қилиш учун мақбул ва дуолар тез ижобат бўладиган энг афзал вақти қайси?” деб сўрадилар. Шунда Жаброил алайҳиссалом: “Саҳар вақтидан бошқа пайтларда Аршнинг ларзага келганини кўрмадим”, деди (Тафсирул Мунир).
“Аллоҳумма анта Роббий лаа илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика мин шарри ма сонаъту, абуу лака би неъматика алаййа ва абуу бизамбий фағфирлий зунубий фаиннаҳу лаа йағфируз-зунуба илла анта бироҳматика йа Арҳамар Роҳимийн”
Аллоҳим! Сен менинг Роббимсан. Сендан бошқа илоҳ йўқ, фақатгина Сен борсан. Мени Сен яратдинг. Шубҳасиз, мен Сенинг бандангман. Кучим етгани қадар Сенга берган сўзимда туришга ҳаракат қиляпман. Ё Роббий, қилаётган гуноҳларимдан Сендан паноҳ тилайман. Менга лутф этган неъматларингни эътироф қиламан. Гуноҳларимни ҳам эътироф этаман. Ё Роббий! Мени мағфират эт. Зеро, Сендан бошқа мени мағфират қиладиган илоҳ йўқ.
Аллоҳ таоло гуноҳларимизни мағфират этадиган, устимизга файзу барака ёғиладиган қулай фурсат – саҳар вақтини ғанимат билиб, унинг фазилатидан тўлиқ баҳраманд бўлишга интилайлик. Бунда Аллоҳ таоло барчамизга тавфиқ ато этсин.
Даврон НУРМУҲАММАД