Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Феврал, 2026   |   9 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:44
Қуёш
07:03
Пешин
12:41
Аср
16:26
Шом
18:14
Хуфтон
19:26
Bismillah
26 Феврал, 2026, 9 Рамазон, 1447

Ижтимоий тармоқларда мунозарага сабаб бўлаётган масалага аниқлик киритилди

06.11.2019   8110   1 min.
Ижтимоий тармоқларда мунозарага  сабаб бўлаётган масалага аниқлик киритилди

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги “Искандархўжа” масжиди имом ноиби Мажидов Муроднинг маърузасидаги Нажмиддин Кубро ҳазратлари билан бўлган ит воқеаси кенг тарқалмоқда. Ундаги улуғ зотнинг назари тушган итнинг қабрини айланган инсон қутуриш касаллигидан халос бўлиши тўғрисидаги ривоят баҳсларга сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассислари Мажидов Мурод билан мазкур масала юзасидан суҳбат олиб борганда маълум бўлдики, имом-домла мутасаввиф олимлар асарларида келган воқеаларни баён қилиш асносида ит қабрини айланиш масаласини асоссиз маълумотларга таянган ҳолда нотўғри гапни айтиб юборганини эътироф этди.

Ўз навбатида билдириб ўтмоқчимизки, Аҳли Сунна вал Жамоа эътиқодига кўра, авлиёларнинг кароматлари ҳақ эканига имон келтирамиз. Бу ҳақда, Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг “Фиқҳул акбар” китобида “Пайғамбарларга берилган мўъжизалар ва авлиёларга ато этилган кароматлар ҳақ ва ростдир”, дейилган.

Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, инсон хатосини оммага кенг ёйиш ёки турлича талқин қилиш мўминлик сифати эмас. Чин маънода ислоҳ қилишни хоҳлаган одам бировнинг хатосини оммага кўтариб чиқмай, балки ўша одамнинг ўзига айтади. Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ “Агар менга ёлғиз ўзим турганимда насиҳат қилсанг, чиндан насиҳат қилган, агар одамлар ичида турганимда насиҳат қилсанг, шарманда қилган бўласан” деганлар.
Таъкидлаш зарурки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси имом-домлаларни доимо ҳужжат-далил билан гапиришга ундайди. Зеро, динимизни тарғиб қилишда асоссиз ривоятларга ҳожат йўқ. Шунингдек, Диний идора мана шундай тариқат аҳлининг ботиний ҳикматлари ва кароматларини тушунтиришда жуда ҳам эҳтиёт бўлишга чақиради.

Аллоҳ таборака ва таоло динимиз ривожи йўлида хизмат қилаётган барча ходимларнинг тиллари ва дилларини саҳву хатодан Ўзи асрасин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Расулуллоҳ ﷺнинг Рамазонда Аллоҳ билан бирга бўлган ҳолатлари

03.03.2025   13363   4 min.
Расулуллоҳ ﷺнинг Рамазонда Аллоҳ билан бирга бўлган ҳолатлари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳидоят элчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга мавжудотлар ичида Аллоҳни энг кўп билувчи ва Унинг буйруқларини бажо келтиришда энг пешқадами бўлганлар. У зот Аллоҳга бандалик қилиш поғонасидан шу даражада юқори кўтарилганки, бу мақомнинг энг чўққисигача етиб, ҳеч қайси мавжудот етиб бора олмаган мартаба ва манзилларни забт этганлар. Яъни, Аллоҳ таоло у зотнинг олдингию кейинги гуноҳларини мағфират қилган.

Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу даражада бўлишларига қарамасдан тунларини ибодат билан ўтказар, ҳатто намозда кўп тик турганларидан оёқлари шишиб кетар эди. Оиша розияллоҳу анҳо бу ҳолатдан ажабланар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса мулойимлик билан: «Шукр қилувчи банда бўлишни ёқтираман-да!» дер эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йиғиларида қўрқинч, дуоларида эса мусибатли инсонларнинг ўтинчлари каби эди.

Абдуллоҳ ибн аш Шахир розияллоҳу анҳу бу ҳақда бундай деган: «Мен Расулуллоҳнинг намоз ўқиётганларини кўрдим. У зотнинг кўкрагидан тегирмон тошининг шовқинига ўхшаш йиғи шовқини эшитилиб турар эди» (Имом Абу Довуд ривояти, 904-ҳадис. Бу саҳиҳ ҳадис).

Мўминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг ҳайратланарли ҳолатлари ҳақида бундай ҳикоя қилади: «Тунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Оиша, менга рухсат беринг, Роббимга ибодат қиламан», дедилар. Мен: «Аллоҳга қасамки, мен сизга яқин (сиз билан бирга) бўлишни ёқтираман ва сизни хурсанд қилган нарсани яхши кўраман», дедим. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан туриб, таҳорат олдилар, сўнг намоз ўқишга киришдилар. У зот тўхтамай йиғладилар, ҳатто этаклари ҳўл бўлди. Сўнг яна тўхтовсиз йиғладилар, ҳатто соқоллари нам бўлди. Сўнг яна тўхтовсиз йиғладилар, ҳатто ер ҳам нам бўлиб кетди. Шунда Билол намозга чақириш учун келди. Билол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йиғлаб турганларини кўриб: «Ё Расулуллоҳ! Нима учун йиғлаяпсиз? Ахир, Аллоҳ Сизнинг олдингию кейинги гуноҳларингизни мағфират қилган-ку!», деди. Шунда Расулуллоҳ: «Шукр қилувчи банда бўлмайми?! Зеро, бу кеча менга бир оят нозил бўлди. Бу оятни ўқиб, уни тафаккур қилмаганга вайл бўлсин!», дедилар ва оятни ўқидилар: Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: «Албатта, осмонлару ернинг яратилишида ҳамда кеча ва кундузнинг алмашиб туришида ақл эгалари учун оят(белги)лар бор» (Оли Имрон сураси, 190-оят).

Ибн Ҳиббон ривояти, исноди Имом Муслим шартига кўра.

Эй тавфиқли дўстим! Бу Аллоҳнинг амрини бажо келтиришнинг энг комил кўринишидир. Одам фарзандининг саййиди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Иллиййинда эканликларини аниқ билсалар-да, бор кучлари ва токати билан Аллоҳнинг розилиги учун ҳаракат қилар, шунчалар умидсиз бўлар, муҳаббат, хавф ва ражони шу қадар гўзал тарзда жамлар эдилар!

Биз-чи?! Биз ибодатларга бепарво бўлиб, кўплаб гуноҳларни содир этамиз ёки шу гуноҳлар атрофида айланиб юрамиз, Аллоҳга бўлган тавозелик ва итоатимиз кам ва заиф ҳолда ҳаёт кечирамиз. Ҳатто ғафлат зулматига ғарқ бўлиб ҳам, Аллоҳнинг мағфиратини умид қиламиз, ўзимизни Унинг макридан омонда деб ўйлаймиз. Ҳатто айрим ҳолатларда шунчалик хатокорлигимизни унутиб, Аллоҳнинг ғазабидан қўрқмаймиз, балки ўзимизни худди жаннатий одамдек тутамиз!

Бизнинг бу ҳолатимиз билан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳолатлари орасида тупроқ билан сурайё юлдузича - ер билан осмонча фарқ бор.

Ё Аллоҳ! Ё Маннон! Ё Карим! Бизларга лутф қил! Бизларни афв эт!

Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Рамазондаги Аллоҳ билан бирга бўлиш ҳолатлари барча мусулмонларга абадий ўрнак бўла оладиган даражада мукаммал бўлган.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда»
китоби асосида тайёрланди

Рамазон