Тўйлардаги дабдавозлик айни исрофдир! Динимизда исрофгарлик қаттиқ қораланган бўлиб, исроф қилиш ҳаромдир.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
وَلاَ تُبَذِّرْ تَبْذِيراً إِنَّ الْمُبَذِّرِينَ كَانُواْ إِخْوَانَ الشَّيَاطِينِ وَكَانَ الشَّيْطَانُ لِرَبِّهِ كَفُوراً
«Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйма. Албатта, исрофчилар шайтонларнинг биродарлари бўлганлар. Шайтон эса, Роббига ўта ношукр бўлгандир» (Исро сураси, 26-27-оятлар).
Исроф фақат ортиб қолган таомни ташлаб юборишнинг ўзигина эмас. Вақт, умр исрофи ҳам бор. Афсуски, вақтимизнинг қадрига етмаймиз, уни бефойда нарсалар билан совурамиз.
Одамлар кимўзарга, мақтанишга дабдабали тўй қилишади. Мақтанчоқлик, одамлардан ўзини устун деб билиш ҳам оғир гуноҳдир.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
إِنَّ اللّهَ لاَ يُحِبُّ مَن كَانَ مُخْتَالاً فَخُوراً
«Албатта, Аллоҳ ўзини юқори тутувчи ва одамлар устидан фахр қилувчиларни хуш кўрмас» (Нисо сураси, 36-оят).
Кишилар одамлар кўрсин учун тўйларда ортиқча харажат қилишади. Бу риёдир. Риё эса оғир гуноҳлардан. Биз “одамлар нима деркин?” деб эмас, балки “Аллоҳ нима дейди?”, “Шариатда бу борада нима дейилган?” деган ўй билан ҳаракат қилишимиз керак.
Кўпчилик тўй қиламан деб қарзга ботади. Ўзим эшитган бир ҳодисани айтиб берсам.
Бир хонадонда қиз узатилади. Ота қарздор бўлиб қолиб, уни узиш учун Россияга ишлагани кетаётганда, йўлда автоҳалокатга учраб вафот этади. Қиз онасига «Қаердан ҳам тўйим бўлди. Агар турмушга чиқмаганимда отам қарзга ботмаган ва пул топаман деб йўлда вафот этмаган бўлардилар» дея додлаб йиғлаяпти. Шунда онаси «Ундай дема қизим. Ҳеч бўлмаса, отанг тўйингни кўриб қолди-ку!» деяпти.
Аслида тарихга назар солсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам икки олам сарвари бўла туриб, қизлари Фотима розияллоҳу анҳога жуда камтарона сеп бериб, тўйларини ҳам ихчам, содда тарзда ўтказганлар. Бу биз умматлари учун ибратдир!
Тўйга ишлатиладиган ортиқча маблағларга янги оила учун керакли маиший техникалар, китоблар олиб берсак, шу оқилона иш эмасми?! Бир соатга келиб кетадиган машина учун, артистлар учун фалон пул сарфламай, шу пулларни дунё ва охиратимизга фойдали нарсаларга ишлатсак, айни муддао бўларди. Агар уйимизда маиший техника буюмлари, китоблар етарли бўлса, у ҳолда қариндошимиз, қўшниларимиз орасида ночор, муҳтож, қорни тўйса хурсанд бўладиган, қийналиб кун кўраётган оилаларга эҳсон қилсак, ўша оила аъзолари қанчалик хурсанд бўлишини тасаввур қилиб кўрайлик! Ахир улар икки ёшнинг ҳақига ихлос билан дуо қилишади. Зеро, тўй куни хонадонимизга меҳмонларни таклиф қилишдан мақсад ҳам икки ёшнинг ҳақига улардан дуо олишдир.
Никоҳ бу ибодат! Демак, никоҳ маросими Аллоҳ рози бўладиган тарзда ўтиши керак. Агар дастурхонга спиртли ичимликлар қўйилса, бир-бирига бегона бўлган эркак ва аёллар бирга рақс тушсалар, бунда тўйбошилар ҳам, келин-куёв ҳам, ўша рақсга тушувчилар ҳам, спиртли ичимликларни олиб келганлар, ичганлар, ичувчилар билан бирга ўтирганлар баробар гуноҳкор бўлишади.
Яна бир муҳим жиҳатни айтиб ўтсак. Тўй зиёфатига имкон борича ночор, етим, камбағал кишиларни чақириб, кўпроқ улардан дуо олишга ҳаракат қилсак, биз ташкил этган зиёфат энг яхши зиёфат ҳисобланади. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Албатта, зиёфатларнинг энг ёмони бойлар (қорни тўқлар) таклиф этилиб, камбағаллар ман этилган зиёфатдир» деганлар.
Аллоҳ таоло никоҳ маросимларини Ўзи рози бўладиган тарзда ўтказишимизни насиб этиб, қурилаётган оилалар бахтиёр, саодатли оилалардан бўлишини насиб айласин!
Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
Унутмангки, Аллоҳ таоло Ўзига юзланишингиз учун сизни турли мусибатлар билан синайди. Баъзан Аллоҳдан имтиҳонлардан муваффақиятли ўтишни ёки солиҳа жуфт ҳалол ё яна бошқа нарсаларни сўраб ой ва йиллар давомида дуо қиласиз. Аммо дуоингиз ижобат бўлмаётганидан ташвишга туша бошлайсиз.
“Нега Аллоҳ дуоларимни қабул қилмаяпти?” деган саволлар ҳаёлингизда тинмай айланади. Аммо Аллоҳ сизга қанча неъматларини тайёрлаб қўйганини билмайсиз! Сиз банда эканингизни эътироф этиб, ноумид бўлмай Аллоҳдан қанча кўп сўрасангиз, қалбингиз шунча юмшайди. Тобора Аллоҳга муҳтож эканингизни тушунасиз. Аслида, ҳар бир олган ва чиқарган нафасимиз Аллоҳнинг бизга берган чексиз неъматидир.
Аллоҳнинг юборган синовлари сабабли банда ожизлигини англаш билан бирга, Аллоҳдан бошқа ҳеч ким унга ёрдам бермаслигини тушуниб етади. Бу банданинг иймонини янада мустаҳкамлайди.
Агар Сиздан “Аллоҳга энг яқин бўлган вақтиниз қачон бўлган?” деб сўрасалар сиз “Оила қурганимда”, “фарзандли бўлганимда” ёки “янги ишга кирганимда” деб айтмайсиз. Балки ҳаётингизнинг энг қийин лаҳзаларини, қийинчиликка дуч келганингизда вазиятдан қандай чиқишни билмай қолганингизни, фарзандингиз касал бўлганда, онангиздан айрилганингизда Аллоҳга янада яқин бўлганингизни эслайсиз.
Сиз ҳаётингизнинг ана шундай энг мушкул вазиятларида Аллоҳга ҳар қачонгидан ҳам кўра кўпроқ ёлвориб дуо қилгансиз.
Нега? Чунки фақат Аллоҳ сизни бу қийинчиликлардан қутқариши мумкинлигини билгансиз. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким ёрдам бера олмаслигини англаб етгансиз.
Ҳа, айрим бандалар турли синов-мусибатлар сабабли Аллоҳга юзланади, Роббига қайтади.
Яна баъзи бандаларнинг эса Аллоҳ таолога қайтишига гуноҳ амаллар сабаб бўлади. Бу ҳақда Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи бундай дейдилар: “Гоҳида У Зот сенга тоат эшигини очади ва қабул эшигини очмайди. Гоҳида сенга гуноҳни тақдир қилади ва у (У Зотга) етишишга сабаб бўлади”.
Уламолардан бири айтади: “Банда гуноҳ сабабли жаннатга кириши ва савоб иш туфайли жаҳаннамга тушиши мумкин”, деди. Одамлар таажжубланиб: “Қандай қилиб бундай бўлиши мумкин?” деб сўрашди. Олим уларга: “Банда баъзан гуноҳга қўл уради, кейин ўзига келиб, қилган гуноҳига қаттиқ афсусланади, тинмай афсус-надомат чекади. Охир оқибат унда ўзини паст олиш, синиқлик ва надомат пайдо бўлади. Аввалгидан кўра тоат-ибодатга кўпроқ уринади, ихлос қилади. Натижада бу гуноҳи унинг жаннат сари ҳаракат қилишига сабаб бўлади. Яна бошқа банда бир яхшилик қилиб, кибрга, ужбга, мақтанишга, одамлардан мақтов эшитишга берилади. Айнан шу ҳол унинг ҳалокатига, дўзахга сари етаклайди”.
Даврон НУРМУҲАММАД