Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Июн, 2025   |   18 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:28
Аср
17:39
Шом
20:01
Хуфтон
21:39
Bismillah
14 Июн, 2025, 18 Зулҳижжа, 1446

Муҳаррам ойи ва ашуро кунининг фазилатлари

28.08.2019   5097   3 min.
Муҳаррам ойи ва ашуро кунининг фазилатлари

МУҲАРРАМ ОЙИ

Ҳижрий йилимизни бошлаб берувчи муҳаррам ойининг номи луғатда «ҳурматланувчи», «улуғланувчи» деган маъноларни анг­латади. Бу ой ҳижрий сананинг боши бўлгани, урушлар ҳаром бўлгани, ўнинчи куни Ашуро куни бўлгани учун муҳтарамдир, муҳаррамдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳаррам ойидаги рўзани Рамазондан кейинги энг афзал рўза деганлар, Рамазондан кейин рўза тутилса, муҳаррамда тутиш афзаллигини айтиб, «У Шаҳруллоҳдир (Аллоҳнинг ойидир). Аллоҳ шу ойда бир қавмнинг тавбасини қабул қилган, бошқа қавмларнинг ҳам  тавбасини қабул қилади», деганлар.

 АШУРО КУНИ

«Ашуро» сўзи луғатда «ўнинчи» деган маънони билдиради. Муҳаррам ойининг ўнинчи куни Ашуро номи билан машҳурдир. Бу кун барча умматлар томонидан қадимдан ҳурматлаб келинадиган фазилатли кундир. Ислом кириб келган даврда насронийлар ҳам, яҳудийлар ҳам бу кунни улуғлашарди. Пайғамбаримиз ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Ашуро куни рўза тутганлар, саҳобаларига ҳам рўза тутишни буюрганлар. Буни эшитган баъзи саҳобалар бу кунни бошқа дин вакиллари ҳам улуғлашини эслатишган, шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ундай бўлса, келаси йили муҳаррам ойининг фақат ўнинчи кунида эмас, тўққизинчи кунида ҳам рўза тутамиз», дедилар. Шунинг учун мўмин-мусулмонлар муҳаррам ойининг тўққизинчи ва ўнинчи кунлари рўза тутадилар.

Ашуро кунининг рўзаси ниҳоятда фазилатли нафл ибодатдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умид қиламанки, Ашуро кунининг рўзаси ўтган йилнинг гуноҳларига каффорот бўлади», деганлар.

Ашуро кунининг яна бир ажойиб фазилати, хислати бор. Мўмин-мусулмонлар бу кунлари рўзғорни бут қилиб қўйишлари суннатдир.

Оила аъзолари учун одатдагидан кенг-мўл сарф-харажат қилса, Аллоҳ таоло бу куннинг ҳурматидан унга йил бўйи кенглик қилиб беради.

Имом Тобароний ва Байҳақийлар ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади», деганлар.

Муҳаррам ойининг ўнинчи куни Ашуро деб номланиши ҳақида аллома Қози Иёз раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг «Машориқул анвор» асарларида баён қилиб, жоҳилият кишиларининг тилида «фоъуло» вазни ишлатилмаган, дейдилар. Бинобарин, бу куннинг Ашуро деб номланиши Ислом дини билан боғлиқдир.

Ашуро кунида инсоният тарихидаги жуда кўп муҳим воқеалар содир бўлганлиги ҳақида  манбаларда баён қилинган. Жумладан, ватандошимиз Абу Лайс Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг «Танбиҳул ғофилин» номли китобларида Икрима розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб айтадилар: «Ашуро куни Одам алайҳиссаломнинг тавбалари қабул қилинган, Нуҳ алайҳиссалом кемадан тушиб, бунинг шукронасига рўза тутган, Фиръавн ғарқ этилиб, Бани Исроилга денгиз ёрилган ва шунинг учун улар рўза тутган кундир. Сен ҳам ўша куни рўза тутишга қодир бўлсанг, албатта тутгин».

Демак, инсон бирор улуғ неъматга мушарраф бўлса, бунинг шукронасига ҳеч бўлмаса бир кун нафл рўза тутмоғи мақсадга мувофиқдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳафтанинг ҳар душанба куни нафл рўза тутар эдилар. Саҳобалар бунинг сабабини сўраганларида: «Мен шу кунда туғилганман, шу куни пайғамбар бўлганман», деб жавоб берганлар.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

 

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Хорижий ҳамкорлардан Қурбон ҳайити муносабати билан самимий қутловлар

09.06.2025   17952   2 min.
Хорижий ҳамкорлардан Қурбон ҳайити муносабати билан самимий қутловлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига маънавий ҳаётимизда муҳим ўрин эгаллаган, азалдан халқимизга хос бўлган меҳр-оқибат, бағрикенглик ва саховат каби олижаноб фазилатларни ўзида мужассам этган муқаддас Қурбон ҳайити – Ийд ал-Адҳо муносабати билан хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, нуфузли халқаро ташкилотлар ва минтақавий тузилмалар раҳбарларидан табрик мактублари келиб тушмоқда.

 

Хорижий ҳамкорлар ўз қутловларида Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқига чуқур ҳурмат билдирган ҳолда, юртимизга тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилаб, дўстлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ҳар томонлама ривожлантиришга қатъий интилишларини таъкидламоқдалар. 

 

Жумладан, қуйидагилар ўз табрикларини йўллаган:

Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев;

Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров;

Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон;

Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов;

Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов;

Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев;

Қозоғистон Республикасининг биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев;

Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси;

Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған;

Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён;

Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён;

Бирлашган Араб Амирликлари Вице-президенти, Бош вазири, Дубай амирлиги ҳокими Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум;

Бирлашган Араб Амирликлари Вице-президенти, Бош вазири ўринбосари, Президент ишлари бўйича вазири Шайх Мансур бин Зоид Ол Наҳаён;

Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазири ўринбосари, ички ишлар вазири Шайх Сайф бин Зоид Ол Наҳаён;

Кувайт Давлати Амири Шайх Мишъал ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ;

Қатар Давлати Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний;

Қатар Давлати Амири ўринбосари Шайх Абдуллоҳ бин Ҳамад бин Ҳалиф Ол Соний;

Ўмон Султони Ҳайсам бин Ториқ;

Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Подшоҳи Абдулла II;

Жазоир Халқ Демократик Республикаси Президенти Абдулмажид Теббун;

Фаластин Давлати Президенти Маҳмуд Аббос;

Ислом ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Ҳусайн Иброҳим Тоҳа;

Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Кубаничбек Омуралиев;

Туркий давлатлар ташкилоти Оқсоқоллар кенгаши раиси Бинали Йилдирим;

Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Асад Мажид Хон;

Кавказ мусулмонлари идораси раиси шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода.

Қутловлар келишда давом этмоқда. 

President.uz