Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Яратганга шукрки мусаффо осмон остида, дорул-омон ва жаннатмонанд ватанда тинч ва осуда, фаровон ҳаёт кечирмоқдамиз. Тинчликни ҳар ким ҳар хил тушунади. Кимдир бутун олам тинчлигини тушунса, кимдир юртининг тинчлигини тушунади, яна кимдир шаҳри, қишлоғи, маҳалласи ёки оиласи тинчлигини тушунади. Яна кимлардир эса фақат ўзининг тинчлигини тушунади.
Аждодларимиздан мерос бўлиб қолган шундай бир анъана борки, ота-боболаримиз, онахон ва бувижонларимиз доимо Яратгандан, аввало, олам тинчлигини кейин юрт тинчлигини илтижо қилиб, сўнгра бошқа хайрли ниятларни рўёбга чиқаришини сўраб дуо қилишадилар. Юртимиздаги шу кунгача эришилган ютуқларнинг барчаси, иқтисодий ривожланишлар, таьлим соҳасидаги ютуқлар, ободончиликлар, шаҳарларимиз кун сайин чирой очиб кўркамлашаётгани, барча-барчаси мана шу олий неьмат- тинчлик боисидандир.
Минг афсуслар бўлсин, айрим нокас кимсалар борки, катта-катта фитналарни қўзғаб вайронагарчилик, зулм ва зўравонлик билан тинч аҳолини қўрқувга солиб, минглаб оилаларни пароканда қилиб, қанчадан-қанча шаҳар ва қишлоқларни барбод қилишади, минглаб бегуноҳ инсонларни ноҳақ ўлимига сабабчи. Улар ўзларига динни ниқоб қилиб, дин номидан қинғир ишларини қилаётган қонхўр ваҳшийлардир.
Баъзи бир мамлакатларга назар ташлайдиган бўлсак, нокас кимсалар у ерда ҳар куни ўзларининг тўс-тўпалон, уруш-қирғинбарот қон тўкишдек қабиҳ ишларини олиб бормоқда. Тадқиқотчиларнинг айтишича энди бу давлатлар олдинги ўрнини топиши учун яьни, яна қайта аввалги ривожланаётган ҳолатига келиши учун қарийб бир аср вақт керак бўлар экан. Бу ўртача икки инсонннинг ҳаёти демакдир. Бу қандай даҳшат ва аянчли. Аниқки, фитна чиқарганлар, ноҳақ қон тўкканлар бу дунёда ҳам охиратда ҳам хору зор бўлишади.
Солиҳ амал қилувчиларни эса амали зое қилинмайди. Зеро, Ислом таьлимотида: ҳар бир қилинган заррача амал мукофот ёки жазосиз қолмайди,- деб таькидланади.
Шундай экан биз тинч ва осойишта мустақил диёрда яшаётганимизга беҳад шукрона айтиб, бу тинчликдек буюк неъматнинг қадрига етишимиз лозим бўлади. Бу тинчликнинг қадрига етиш деганда – оиламизга, халқимизга, юртимизга манфаатли ишларни қилишимиз, зарарли ишлардан ўзимизни тийишимиз тушунилади. Шунингдек, тинчлик сояси остида билим ва ҳунарларимизни оширайлик, одобимизни яхшилайлик, муомаламизни ривожлантирайлик, қариндошлик ва дўстлик ришталарини мустаҳкамлайлик, урушиб қолган оилаларни яраштириб қўяйлик, боқувчисини йўқотганларга ёрдам берайлик, озодалик ва ободончилик ишларига қарашайлик, ортимиздан боғлар қолдирайлик, соф динимизни, миллий урф-одатларимизни асрайлик, аждодларимиз қолдирган бебаҳо илмий меьросларини кенгроқ ўрганайлик ва ҳаётимизга тадбиқ қилайлик ва яна шунга ўхшаш эзгу ишларни қилайликки, яшаётган умримиздан маьно ҳосил бўлсин, ортимиздан яхши ном қолсин.
Музаффар Қосимов,
Хожа Бухорий ислом билим юрти маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ҳа, динимизда рўзадорга ифторлик қилиб бериш катта савоб ишлардан. Ҳатто битта хурмо, ё бир қултум сув, ё бир ҳўплам сут билан бўлса ҳам, рўзадорни ифтор қилдириш катта ажрга сабаб бўлади. Бу ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деганлар: “Ким рўзадорга ифтор қилиб берса, рўзадор савобича савобга эришади. Лекин рўзадорнинг савобидан ҳеч нарса камаймайди” (Имом Термизий ривояти).
Бугунги кунда ифторлик қилиб беришни ният қилганлар муҳтож қариндош ва қўни қўшниларига пул ёки маҳсулот шаклида ифторликни етказиб берсалар, айни муддао бўлади ва мазкур ҳадиси шарифда зикр қилинган савобга эришадилар.
Лекин шуни ҳам таъкидлаш керакки, бу иш қанчалик савоби улуғ бўлмасин, рўзадорга ифторлик қилиб берган кишининг зиммасидан рўзани соқит қилмайди. Чунки Рамазон ойида ҳар бир соғлом мусулмон киши рўза тутишлиги фарздир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: "Сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин", – деб буюрган (Бақара сураси, 185-оят). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.