Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Декабр, 2025   |    ,

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:21
Қуёш
07:46
Пешин
12:27
Аср
15:17
Шом
17:02
Хуфтон
18:21
Bismillah
23 Декабр, 2025, ,

ГЎЗАЛ АХЛОҚЛАР ҲАҚИДА

03.08.2019   4739   4 min.
ГЎЗАЛ  АХЛОҚЛАР ҲАҚИДА

Муқаддас ислом динимиз бизни дин-у диёнатли, одоб-у ахлоқли ва инсофли бўлишимизга даъват қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларининг бирида марҳамат қиладилар: “Аллоҳ таоло бандаларнинг ўртасида мол-у дунёни бўлиб берганидек, дин-у диёнатни, одоб-у ахлоқни ҳам бўлиб берган. Аллоҳ таоло мол-у дунёни яхши кўрган бандасига ҳам, яхши курмайдиган бандасига ҳам бераверади. Аммо, дин-у диёнатни ва одоб-у ахлоқни фақат яхши кўрган бандасига беради. Бас, кимга Аллоҳ таоло дин-у диёнатни ва одоб-у ахлоқни берган бўлса, уни Аллоҳ таоло яхши кўради”.

Динимиз асоси гўзал хулқ ва ибратли ахлоқдир. Хулқ сўзи инсоннинг феъл-атвори, фазилатли хислати ва одоби каби маъноларни билдиради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан динимиз  нима деб сўрашганда: “Динимиз ахлоқ динидир”, деб жавоб берган эканлар. Динимиз эзгулик динидир. Бас, қайси бир киши гўзал ва кўркам ахлоқ эгаси бўлса, ундан фақат эзгулик ва яхшилик кутилади. Чунки маънавияти юксак ва қалби тоза пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ўзлари улуғ ахлоқ эгаси бўлганлар.

Аллоҳ таоло буни ўз каломида баён этган: “Ва албатта, сен буюк хулқдасан”. Қалам сураси, 4-оят.

Бу оятда Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, хулқларини улуғлик билан сифатлади, бу пайғамбар алайҳиссалом учун катта баҳодир. Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан пайғамбаримиз алайҳиссалом хулқлари тўғрисида сўрашганда: “Хулқлари Қуръон эди”, деб жавоб берганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари: “Мен яхши хулқларни  мукаммал қилиш  учун юборилганман”, деб марҳамат қилганлар. Ҳамда у зот: “Инсон яхши хулқи билан кундузни рўза тутиб, кечани намоз ўқиб ўтказадиганлар мартабасига етади”, деганлар.

Умуман олганда мазкур оят ва ҳадислардан маълум бўладики, ислом динида одоб-ахлоқ, яхши хулққа катта эътибор берилган. У зотга уммат бўлган ҳар бир мусулмон пайғамбар алайҳиссаломнинг гўзал хулқлари билан хулқланиши лозим.

Одам боласи Аллоҳ таоло ҳузурида сурати билан эмас, сийрати билан, яъни, ички дунёси, маънавияти билан баҳоланади. Ота-она, устоз ва мураббийлар, қолаверса, ҳар бир тарбиячи энг аввало ўзи гўзал хулқли бўлиши лозим. Чунки ривоятларда келишича тарбия берувчи қандоқ бўлса, тарбия олувчи шундоқ бўлади. Айрим инсонлар боласини тарбия бераётганда ёки бошқа киши билан мулоқотда бўлганларида ёмон сўзлар (сўкиш) билан гапирадилар. Ёмон сўзни (сўкиш) одат қилган киши бадахлоқ одамга айланади. Ҳадиси шарифларда сўкиш гуноҳ эканлиги айтилган. Икки кишидан бири иккинчисига ёмон сўз (сўкиш) айтса маънавий жиноят қилган бўлади ва орадаги Аллоҳ таоло томонидан тутилган пардани бўзган бўлади, натижада гуноҳкор бўлиб хулқсиз инсонга айланади.  Яхши хулқ эгалари, масалан, устоз ва мураббийлар шогирдларига тарбия бераётганда, оилада эса ота-оналар ўғил-қизларига тарбия бераётганда уларга ёмон сўз (сўкиш) айтмасдан, урмасдан ва бақирмасдан тарбия берадилар. Демак, ҳар бир мураббий ва устоз киши гўзал ахлоқли бўлса, ёш авлодга берган насиҳатлари самара беради. Шунда  жамиятимизга фойдаси тегадиган, одоб-у ахлоқли ёш авлод вояга етади. Бундан ташқари яхши хулқли инсон  ота-онаси ва аҳли аёлини  ҳурмат қилади ва маҳалладаги маҳалладошлари, корхонасидаги ишчилар билан суҳбат қилганда гўзал ахлоқда бўлади.

 Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳаётлик даврларида ҳеч кимга озор бермаганлар. Имом Аҳмад Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қиладилар: “Пайғамбаримиз алайҳиссалом қўл остидаги хизматчиларни ва хотинларни ҳеч қачон урмаганлар. Икки ишдан бирини танлаш тўғри келса, гуноҳ бўлмаса, осонини танлар эдилар. Агар гуноҳ иш бўлса, ундан узоқда бўлардилар, ўзлари учун ўч олмаганлар...”.

Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Албатта, Аллоҳ таоло суратларингизга ва мол-у дунёларингизга қарамайди, балки қалбингиз ва амалингизга қарайди”, деганлар.

Юқорида келтирилган хадислардан хулоса қилиб, гўзал одоб-ахлоқ билан ўзимизни безаш, бир-биримизга меҳр-оқибатли бўлиш, одоб-ахлоқда пайғамбаримиз алайҳиссаломга муносиб уммат бўлиш ҳар биримизга насиб бўлишини тилаймиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолога илтижо қилиб: “Эй Роббим, менинг хилқатимни (суратимни) гўзал қилганингдек, хулқимни ҳам гўзал қилгин”, деб сўраган дуоларини ўзимизга одат қилиб олайлик!

 

Аминжон Исмоилов

Сирдарё тумани бош имом-хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Аллоҳ таоло макондан пок Зот

18.12.2025   4483   2 min.
Аллоҳ таоло макондан пок Зот

Аҳли сунна валжамоа ақидасига кӯра Аллоҳ таоло макондан пок деб эътиқод қилинади. Бу борада аҳли сунна валжамоа имомларидан нақл қилинган айрим жумлалар билан танишиб олишимиз мақсадга мувофиқдир:

 

1. Ҳижрий 285 йилда вафот этган Муҳаммад ибн Язид ал-Мубаррид "Ал-Комил фил-луғоти вал-адаб" асарида келтиришича, Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга бир киши деди: "Роббимиз осмонлар ва ерни яратишидан олдин қаерда эди?" Шунда Алий розияллоҳу анҳу: "Қаерда? деган сӯз макон ҳақидаги сӯроқдир. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло макон мавжуд бӯлмаганда ҳам бор эди", дедилар.

2. Абу Мутиъ ал-Балхий "Ал-Фиқҳул абсат" китобида айтади: "Аллоҳ таоло қаерда? дейилса, нима деб жавоб берасиз? дедим. Шунда у зот (яъни, устозим Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ): "Бундай савол берган кишига, Аллоҳ таоло макон йӯқлигида ҳам бор эди, махлуқотларни яратишидан олдин ҳам У бор эди. На қаер, на бирор махлуқ, на бирор нарса вужудга келмаганида ҳам Аллоҳ таоло мавжуд эди. У барча нарсанинг яратувчисидир, дейилади", дедилар".

3. Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ "Ал-Олим вал-мутаъаллим" китобининг хутбасида айтадилар: "У (яъни, Аллоҳ таоло) азалда ҳам шундай бӯлган (яъни, барча комиллик сифатлари билан сифатланиб, барча айбу нуқсонлардан пок бӯлган). У ҳамиша азалда бӯлганидек бӯлиб қолади".

4. Имом Мотуридий роҳимаҳуллоҳ "Китоб ат-тавҳид" асарида айтадилар: "Бу борада асл қоида шуки, макон йӯқлигида ҳам Аллоҳ таоло бор эди.Маконларнинг йӯқолиши ҳам, ҳозиргидек қолиши ҳам жоиз. Аллоҳ таоло эса (оламни, хусусан, маконларни яратганидан кейин ҳам) азалий сифатларига кӯрадир, азалда ҳам ҳозирда (биз Аллоҳ таолони унга кӯра таниган) сифатларига кӯра бӯлган. У ӯзгаришдан, заволга учрашдан, муҳоллик ва ботилликдан олийдир. Зеро, булар (яъни, ӯзгариш ва заволга учраш) оламнинг кейин пайдо бӯлганлиги у орқали билинган яратилганлик белгиларидир".

5. Имом Мотуридий роҳимаҳуллоҳ "Таъвилот ал-Қуръон" асарида айтадилар: "Балки, макон йӯқлигида ҳам У (Аллоҳ таоло) бор эди. Бас, У азалий сифатларига кӯрадир, У муҳоллик ва ӯзгаришдан олийдир".

Аллоҳ таоло барчамизни Ӯзи ҳақидаги тӯғри эътиқодда собит қадам қилсин!

Мир Араб олий мадрасаси катта ӯқитувчиси

Асрорхон Маҳмудов тайёрлади

МАҚОЛА