Хайрия Ҳусайн Собир хоним Жидда шаҳрининг бу йилдаги энг ёши улуғ қорияси деб эълон қилинди. Бу ҳақда iqna агентлиги хабар берди.
Айтишларича, у Аллоҳнинг каломини ёдлашни бошлаганида катта қийинчиликларга дуч келган. Бироқ қисқа фурсат ичида Аллоҳнинг инояти билан бу йўлдаги барча мураккабликлар ниҳоясига етган.
Унга бу йўлда қория синглиси катта ёрдам берган. Хайрия Ҳусайн Собир хоним Жидда шаҳридаги Дорул Ҳуда Қуръон марказида икки йилда Қуръони Каримни бутунлай ёд олиб, махсус гувоҳнома олган. Маълум бўлишича, қория хоним ҳозирда Қуръони карим билимлари ва тафсири бўйича ўз малакасини оширишда давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Мамлакатимиз раҳбарияти ташаббуси билан хорижда меҳнат қилаётган юртдошларимиз ҳолидан хабар олиш, улар билан маънавий-маърифий суҳбатлар ўтказиш мақсадида бир гуруҳ таниқли уламолар ва имом-хатиблар хизмат сафарига йўл олган эди.
Айни пайтда Жанубий Корея Республикасида бўлиб турган Шаҳрисабз шаҳридаги “Ҳазрати Имом” масжиди имом-хатиби Акмал қори Низомов ватандошларимиз билан учрашувлар ўтказмоқда. Жумладан, Мокпо шаҳрида меҳнат фаолиятини олиб бораётган ўзбекистонлик фуқаролар билан самимий мулоқотлар ташкил этилди.
Учрашувлардан кўзланган асосий мақсад — ватандошларимизга муборак Рамазон ойини кўтаринки руҳда, ибодат ва эзгу амалларга бой тарзда ўтказишларига кўмаклашиш, уларнинг диний саводхонлигини янада оширишдан иборат.
Суҳбатлар давомида рўза тутишнинг фазилатлари, таровиҳ намозининг аҳамияти, сабр-қаноат, аҳиллик ва ўзаро ҳурмат масалалари атрофлича ёритилди. Шунингдек, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар берилиб, амалий тавсиялар тақдим этилди.
Бундай маънавий-маърифий учрашувлар хориждаги юртдошларимизни қўллаб-қувватлаш, уларнинг юксак маънавий руҳини мустаҳкамлаш ва Ватан билан боғлиқлик ҳиссини янада кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати