Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Феврал, 2026   |   24 Шаъбон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:03
Қуёш
07:22
Пешин
12:42
Аср
16:11
Шом
17:57
Хуфтон
19:10
Bismillah
12 Феврал, 2026, 24 Шаъбон, 1447

Аҳмад ибн Ҳанбалнинг сабри

31.07.2019   10042   2 min.
Аҳмад ибн Ҳанбалнинг сабри

Мўътазилийлар ҳижрий иккинчи – милодий саккизинчи асрда ҳукуматни бошқараётган даврда “Қуръонни махлуқ дедириш” сиёсати авж олди. Халифа Маъмун олиму уламоларни саройига чақиртириб, уларга мажбуран “Қуръон махлуқ” деган гапни айттиришга уринди. Баъзи олимлар таъриз – сўз ўйини билан вазиятдан қутулиб қолдилар. Аммо уламолар орасида Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳдек ҳақда собит туриб, у гапни умуман тилга олмаганлар ҳам бўлди.

Халифанинг ёнидаги баъзилар “Аҳмад ибн Ҳанбални ҳамма яхши кўради ва унга эргашади. Шунинг учун “Қуръон махлуқ” деган гапни аввал унга айттириш керак” дея маслаҳат беришди. Халифа бу маслаҳатга амал қилиб, буюк олимни саройига олиб келтирди ва мазкур гапни айттиришга уринди. Улуғ имом бу гапни айтмадилар. Ғазаб отига минган халифа буюк олимни зиндонга ташлади ва дарра уришга амр қилди.

Кунларнинг бирида дарра уриш учун имомни ташқарига олиб чиқиб кетилаётганда бир воқеа бўлади-ки, бу ҳодиса Имом Аҳмаднинг хотираларидан ҳеч қачон кетмади. Воқеани имомнинг ўғиллари Абдуллоҳ ибн Аҳмад ҳикоя қилади:

“Мен отамнинг мана бу гапларини кўп эшитганман: “Аллоҳ Абул Ҳайсамни раҳматига олсин! Аллоҳ Абул Ҳайсамни афв этсин! Дарра уриш учун мени ташқарига олиб чиқиб кетишаётганда, бир киши ортимдан кийимимни тортди ва менга қараб: “Мени танийсизми?” деб сўради. Мен “Йўқ” дедим. “Мен Абул Ҳайсам Айёрман. Ўғри, киссовурман. Амирул мўъмининнинг девонхонасида менга алоҳида-алоҳида тарзда ўн саккиз минг марта дарра урилгани ёзиб қўйилган. Мен шайтонга эргашиб, дунёга эришиш илинжида бу оғриқларга сабр қилдим. Сиз эса Раҳмоннинг тоати йўлида, Дин учун оғриқларга сабр қилинг!” деди. Менга ўн саккиз минг марта ўрнига ўн саккиз марта дарра урилди. Кейин ходим чиқиб, “Амирул муъминийн сизни афв этди” деди”.

“Маноқибу Имом Аҳмад”, “Сифатус софва” китоблари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Қуръондан таъсирланган аъробий

12.02.2026   569   3 min.
Қуръондан таъсирланган аъробий

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Абул Фазл Аббос ибн Фараж Риёший Басрий ҳикоя қилади: “Асмаъий (асл исми Абдулмалик ибн Қарийб ибн Абдулмалик ибн Али Асмаъий Абу Саъийд Басрий бўлиб, 216 ҳижрий санада, тўқсон ёшга яқинлашиб вафот этган дейилади)ни бундай деяётганини эшитдим:

“Бир куни Басрадаги масжиддан чиқиб, шаҳар кўчаларида кетиб бораётсам, рўпарамдан туя миниб, белига қилич осиб, қўлига камон ушлаб олган аъробий чиқиб қолди. Яқинлашиб, менга салом берди. Мендан: “Қаердансан?” деб сўради. “Асмаъ уруғиданман” деб жавоб бердим. У: “Асмаъиймисан?” деди. Мен: “Ҳа, шундай” дедим. У: “Қаердан келяпсан?” деб сўради. Мен: “Раҳмоннинг Каломи тиловат қилинадиган жойдан”, деб жавоб бердим. У мендан: “Раҳмоннинг одамлар тиловат қиладиган Каломи борми?” деб сўради. Мен: “Ҳа, бор” деб жавоб бердим. “Менга ўшандан тиловат қилиб бер!” деди у. Мен унга: “Туянгдан туш!” дедим. У туясидан тушди. “Зарият” сурасининг бошидан тиловат қила бошладим. Аллоҳ таолонинг:

وَفِي السَّمَاء رِزْقُكُمْ وَمَا تُوعَدُونَ

“Ва осмонда ризқингиз ҳамда сизга ваъда қилинаётган нарсалар (бор) оятига етганимда, аъробий мендан “Эй Асмаъий, бу Раҳмоннинг Каломи-ми?” деб сўради. Мен: “Ҳа, шундай. Муҳаммадни ҳақ ила хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юборган Зотга қасамки, бу Унинг Каломи! У Зот буни Муҳаммадга нозил қилгандир”, дедим. Аъробий менга: “Шу кифоя қилади” деди.

Кейин туясининг олдига бориб, уни сўйди. Гўштини бўлакларга бўлиб, менга: “Бу ёққа келиб, бу гўштларни тарқатишга ёрдамлашиб юбор!” деди. Кейин бўлинган гўштдан ўтган-кетган кишиларга тарқатиб чиқдик. Сўнгра қиличини ва камонини қўлига олиб, уларни синдирди. Синиқларни қум остига яширди.

Кейин саҳро ичкарисига қараб юриб кетди. Кетар экан,  “Ва осмонда ризқингиз ҳамда сизга ваъда қилинаётган нарсалар (бор) оятини ўқиб борар эди. Бу ҳолатни кўргач, ўзимни маломат қила бошладим. “Нега аъробий таъсирланганда, қалбига етиб борганда, сен таъсирланмадинг?!” дедим.

Кейинги йили Ҳажга борганимда, Маккага кирдим. Каъбани тавоф қилиб турганимда, кимдир паст, мулойим овозда мени чақирди. Ўгирилиб қарасам, ўша аъробий турибди. Менга салом берди. Қўлимдан тутди-да, Мақоми Иброҳимнинг орқасига бошлаб борди. Кейин мени ўша ерга ўтқизиб қўйиб, “Менга Раҳмоннинг Каломини тиловат қилиб бер!” деди. Мен яна “Зарият” сурасини бошидан бошлаб ўқидим. Аллоҳ таолонинг:

وَفِي السَّمَاء رِزْقُكُمْ وَمَا تُوعَدُونَ

“Ва осмонда ризқингиз ҳамда сизга ваъда қилинаётган нарсалар (бор) оятига етганимда, аъробий қичқириб юборди ва: “Роббимиз бизга ваъда қилган нарсани ҳақиқатда топдик, кўрдик” деди. Кейин мендан: “Бундан бошқа Каломи ҳам бор-ми?” деб сўради. Мен: “Ҳа, Аллоҳ таоло бу оятнинг давомида:

فَوَرَبِّ السَّمَاء وَالْأَرْضِ إِنَّهُ لَحَقٌّ مِّثْلَ مَا أَنَّكُمْ تَنطِقُونَ

“Осмону ернинг Роббиси ила қасамки, албатта, у (гап) мисоли сиз нутқ қилаётганингиздек ҳақиқатдир” деб марҳамат қилган” дедим. Шунда аъробий шунақа қаттиқ қичқирдики, “Субҳаналлоҳ! Буюк Аллоҳни ким ғазаблантирдики, ҳатто У Зот Каломини қасам ила таъкидлаяпти. Бандалар Унинг Каломини тасдиқламайдилар-ми? Унинг Каломига ишонмайдилар-ми? У Зот Каломи ҳақлигини таъкидлаш учун қасам ила гапиряпти” деб уч марта такрорлади. Учинчи марта гапирдию, ўша онда жони узилди”.

Аҳмад ибн Иброҳим Саълабийнинг
"Қуръон ошиқлари" китобларидан

Мақолалар