Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги барча ўрта махсус ислом таълим муассасаларида 2019-2020 ўқув йили учун 2019 йилнинг
13 июль куни қабул имтиҳонлари бошланди. Бугунги кунда республикамизда 9 та ўрта махсус ислом таълим муассасалари фаолият олиб бормоқда. Шундан, 7 таси ўғил болалар учун, 2 таси аёл-қизлар учун мўлжалланган.
Мазкур таълим муассасаларига 2019-2020 ўқув йили бўйича жами
4252 нафар абитуриент ҳужжат топширган бўлиб, ушбу кўрсаткич ўтган 2018-2019 ўқув йилида ҳужжат топширган абитуриентлар сонига нисбатан
2,5 баробарни ташкил этмоқда.
Жорий йилдаги қабул жараёнларига юқори даражада тайёргарлик ишлари кўрилган бўлиб, кириш тест синовларини янада шаффоф, очиқ ва ошкора ўтказилишини таъминлаш мақсадида жорий ўқув йилидан бошлаб, тест синовлари Давлат тест маркази томонидан ўтказилмоқда.
Бу йилги тест синовлари барча диний таълим муассасаларида бўйича махсус тайёрланган павильонларда ўтказилмоқда. Мазкур павильонларда тест жараёнларини кузатиб бориш учун кузатув камералари ўрнатилган бўлиб, тест жараёнлари абитуриентларнинг ота-оналари учун катта мониторлар орқали тўғридан-тўғри узатиб борилмоқда. Шунингдек, ота-оналарнинг дам олишлари учун ҳам зарур шарт-шароитлар яратилган.
Абитуриентларни бинога тартибли киритиш, уларнинг хавфсизлиги ва соғлиғини таъминлаш мақсадида Ички ишлар, Миллий гвардия ва тиббиёт ходимлари жалб қилинган.
Тест синовлари эрталаб соат 9:00 да бошланган бўлиб, 12:00 гача давом этади. Абитуриенлар ўрта махсус ислом таълим муассасаларига ўқишга кириш учун “Чет тили”, “Тарих” ва “Маънавият асослари” фанлари бўйича тест синовларини топширмоқда.






Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими
Аҳли сунна валжамоа ақидасига кӯра Аллоҳ таоло макондан пок деб эътиқод қилинади. Бу борада аҳли сунна валжамоа имомларидан нақл қилинган айрим жумлалар билан танишиб олишимиз мақсадга мувофиқдир:
1. Ҳижрий 285 йилда вафот этган Муҳаммад ибн Язид ал-Мубаррид "Ал-Комил фил-луғоти вал-адаб" асарида келтиришича, Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга бир киши деди: "Роббимиз осмонлар ва ерни яратишидан олдин қаерда эди?" Шунда Алий розияллоҳу анҳу: "Қаерда? деган сӯз макон ҳақидаги сӯроқдир. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло макон мавжуд бӯлмаганда ҳам бор эди", дедилар.
2. Абу Мутиъ ал-Балхий "Ал-Фиқҳул абсат" китобида айтади: "Аллоҳ таоло қаерда? дейилса, нима деб жавоб берасиз? дедим. Шунда у зот (яъни, устозим Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ): "Бундай савол берган кишига, Аллоҳ таоло макон йӯқлигида ҳам бор эди, махлуқотларни яратишидан олдин ҳам У бор эди. На қаер, на бирор махлуқ, на бирор нарса вужудга келмаганида ҳам Аллоҳ таоло мавжуд эди. У барча нарсанинг яратувчисидир, дейилади", дедилар".
3. Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ "Ал-Олим вал-мутаъаллим" китобининг хутбасида айтадилар: "У (яъни, Аллоҳ таоло) азалда ҳам шундай бӯлган (яъни, барча комиллик сифатлари билан сифатланиб, барча айбу нуқсонлардан пок бӯлган). У ҳамиша азалда бӯлганидек бӯлиб қолади".
4. Имом Мотуридий роҳимаҳуллоҳ "Китоб ат-тавҳид" асарида айтадилар: "Бу борада асл қоида шуки, макон йӯқлигида ҳам Аллоҳ таоло бор эди.Маконларнинг йӯқолиши ҳам, ҳозиргидек қолиши ҳам жоиз. Аллоҳ таоло эса (оламни, хусусан, маконларни яратганидан кейин ҳам) азалий сифатларига кӯрадир, азалда ҳам ҳозирда (биз Аллоҳ таолони унга кӯра таниган) сифатларига кӯра бӯлган. У ӯзгаришдан, заволга учрашдан, муҳоллик ва ботилликдан олийдир. Зеро, булар (яъни, ӯзгариш ва заволга учраш) оламнинг кейин пайдо бӯлганлиги у орқали билинган яратилганлик белгиларидир".
5. Имом Мотуридий роҳимаҳуллоҳ "Таъвилот ал-Қуръон" асарида айтадилар: "Балки, макон йӯқлигида ҳам У (Аллоҳ таоло) бор эди. Бас, У азалий сифатларига кӯрадир, У муҳоллик ва ӯзгаришдан олийдир".
Аллоҳ таоло барчамизни Ӯзи ҳақидаги тӯғри эътиқодда собит қадам қилсин!
Мир Араб олий мадрасаси катта ӯқитувчиси
Асрорхон Маҳмудов тайёрлади