Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилиши назарда тутилган. Мазкур академия Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Ўзбекистон ислом академияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университети негизида ташкил этилиши, шунингдек Халқаро ислом академияси Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита муассислигидаги Қуръон илмлари, ҳадис, ислом ҳуқуқи, ақида, тасаввуф, ислом иқтисодиёти ва молияси, халқаро муносабатлар, хорижий тиллар (араб, форс, инглиз, рус, урду, турк ва б.) ва бошқа халқаро миқёсда эҳтиёж мавжуд бўлган соҳалар бўйича малакали кадрларни тайёрлаши белгиланган.
Жорий йил 11-июль куни Нукус шаҳри Имом эшон Муҳаммад жоме масжиди мажлислар залида Ўзбекистон хақаро Ислом академияси Қорақалпоғистон Республикаси минтақавий филиали Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги диний соҳа ходимларининг малакасини ошириш ўқув-семинарини бошлаш маросими бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси, республикадаги Олий талим муассасалари профессор-ўқитувчилари, қозиёт ходимлари, имом-хатиблар ва Муҳаммад ибн Ахмад ал Беруний номидаги ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчилари иштирок этди.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти
Ислом цивилизацияси марказида “Марказий Осиё: умумий маънавий-маърифий мерос – умумий келажак” мавзусида халқаро конгресс бўлиб ўтмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган форум халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус, илмий ва маданий муассасалар вакиллари, шунингдек Марказий Осиё мамлакатлари ҳамда Озарбайжондан келган уч юз нафарга яқин олимлар ва санъат арбобларини бирлаштирди.
Ислом цивилизацияси маркази, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти (WOSCU), Ўзбекистон Фанлар академияси ҳамда Марказий Осиё халқаро институти ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда Президент Шавкат Мирзиёевнинг иштирокчиларга йўллаган қутлови ўқиб эшиттирилди. Унда жумладан, бундай дейилади:
“Бугунги мураккаб даврда, дунёда зиддият ва можаролар кучайиб бораётган бир пайтда, тарихдан сабоқ олиш, тинчлик ва барқарорликни асраш, барча соҳаларда илм ва маърифатга таяниш, халқлар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш ҳамда цивилизациялараро мулоқотни ривожлантириш — энг долзарб вазифаларимиздан бири бўлиб қолмоқда.
Конгресс доирасида янги илмий-тадқиқот ва маърифий лойиҳалар ишлаб чиқилади, улар давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик ҳамда маънавий-маданий ришталарни янада кучайтиришга хизмат қилади, деган умиддаман”.
Конгресснинг айнан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилиши рамзий аҳамиятга эга. Бу ноёб мажмуа минтақанинг уч минг йиллик тарихи, Ренессанс даврлари ва Янги Ўзбекистон тараққиётини мужассам этган.
Конгресс бошланишида иштирокчилар Ислом цивилизацияси маркази музейи экспозициялари билан танишди. Марказ қурилиши ва унинг ички мазмунига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Шундан сўнг давлат идоралари, илмий муассасалар ва маданият арбоблари ўртасида кенг мулоқот ташкил этилди. Унда умумий тарихий меросни асраш, замонавий ҳамкорлик шаклларини излаш ва маънавият ғояларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Бош мавзулардан бири ёшлар сиёсати бўлди. Ёшларни маънавий етуклик, ватанпарварлик ва ижодкорлик руҳида тарбиялаш, уларнинг жамият ҳаётида фаол иштирокини рағбатлантириш масалалари борасида фикр-мулоҳазалар ўртага ташланди.
Қизғин ва кўтаринки руҳда давом этаётган конгресс минтақанинг тарихий бирлиги, маданий мероси ва маърифий салоҳиятини яна бир бор намоён этди. Таклиф этилган ғоя ва ташаббуслар барқарор тараққиёт, ўзаро ҳурмат ва маънавий юксалиш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Конгресс доирасида 15 ноябрга қадар “Ягона ўтмиш – умумий келажак”, “Миххат ёзувидан рақамли архивларгача: Марказий Осиё кутубхоначилиги истиқболлари”, “Тирик тарих” халқаро кино форуми ҳамда “Ёшлар ва рақамли давр: қадимий қўлёзмалардан сунъий интеллектгача” каби мавзуларда шўъба йиғилишлари бўлиб ўтади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати