Жорий йил Ҳаж мавсумида ҳожиларга қулайлик яратиш мақсадида Мино водийсида илк бор баланд чодирлар ўрнатилиши режалаштирилмоқда. Бу ўз навбатида зиёратчилар сонининг ортишига ва турли ноқулайликларнинг олдини олишга хизмат қилади. Бу ҳақда islam-today.ru нашрига таяниб "Ислом.уз" портали хабар беради.
Ҳар бир чодир саккиз кишига мўлжалланган бўлиб, чодирлар оловга чидамли материаллардан тайёрланган ва улардан фойдаланиш жуда ҳам қулай. Махсус дизайн асосида тайёрланган чодирларни йиғиш ва олиб ташлаш жуда осон. Бу эса ташкилотчиларнинг ҳам ишини енгил қилиши айтилган.
Мазкур чодирнинг биринчи қавати уй ходимларига ва озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш учун ишлатилса, юқори қаватларда зиёратчилар яшайди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида олимлар иштирокида музей экспозицияси учун тайёрланган илмий лойиҳа-тадқиқот ишларининг матнлари, маълумотлари, медиамаҳсулотларини махсус рақамли платформага жойлаштириш масалаларига бағишланган якуний маслаҳат йиғилиши бўлиб ўтди.
Марказдаги йиғилишда таъкидланишича, ўтган йили маҳаллий ва халқаро анжуманлар доирасида ишлаб чиқилган 800 дан зиёд илмий лойиҳадан 330 таси биринчи босқич учун устувор йўналиш сифатида ажратилган ва уларнинг асосий қисми якунланган. Қолган ишлар эса 60–70 фоиз даражада амалга оширилган.
Олимлар иштирокида ўтказилган йиғилишда Марказ раҳбари, Илмий кенгаш раиси Фирдавс Абдухолиқов Президентимизнинг Марказга навбатдаги ташрифлари чоғида олиб борилаётган ишлар юзасидан берган кўрсатмалари ҳақида тўхталди. Қайд этилишича, давлатимиз раҳбарининг берган навбатдаги кўрсатмалари бу йўналишдаги ишларга яна катта руҳий қувват беради.
– Бу олдимизда катта масъулият борлигини яна бир бор исботлайди. Музейдаги барча бўлимларда амалга оширилаётган ишлар ва умуман маҳобатли бинонинг кўриниши Президентимизнинг буюк ғоялари асосида шакллантирилаётган бўлиб, ҳар биримизни бир мақсад йўлида бирлаштирди. Марказ экспозициясида “Цивилизациялар, шахслар ва кашфиётлар” мавзусига катта аҳамият қаратган ҳолда шакллантиришга бор ғайратимизни йўналтирдик. Шу ўринда, ҳар бирингизнинг меҳнатингизни қадрлаймиз. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ёшларимизни маънавий ва ақлий жиҳатдан тарбиялайдиган маскан бўлади. Ҳурматли Президентимиз таъкидлаганидек, Ислом цивилизацияси марказига кирган одам чиққач, бу миллатга таъзим қилиши керак.
Йиғилишда тадқиқот матнларини рақамлаштириш ва электрон платформага жойлаштириш ташаббуси илмий натижаларни кенг жамоатчиликка тақдим этиш, музей экспозицияси мазмунини бойитиш ҳамда Марказнинг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилишига ҳам тўхталиб ўтилди.
Олимларга илмий матнларни махсус платформага жойлаштиришда техник ва услубий имкониятлар ҳақида батафсил тушунтириш берилди, шунингдек, тадқиқот натижаларини экспонатлар, видеолойиҳалар ва электрон маҳсулотлар орқали тақдим этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Йиғилиш якунида қайд этилганидек, илмий лойиҳа-тадқиқот матнларини рақамли платформага жойлаштириш жараёни нафақат музей экспозициясини мазмунан бойитишга, балки Марказнинг халқаро нуфузини оширишга ҳам хизмат қилади. Бу ташаббус келгусида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси меросини ўрганиш ва оммалаштириш йўлида муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Ислом цивилизацияси маркази
Ахборот хизмати