Шу йилнинг муборак Рамазон ойида муҳтарам юртбошимиз “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” мажмуасининг очилиш маросимида бу жойда уламолар, диний соха ходимларининг илмий суҳбатларини уюштириш, уларнинг малакасини ошириш ҳамда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг илмий меросларини ўрганиб, кенг тарғиб қилиш юзасидан тавсиялар берган эдилар. Зеро, умрини дин хизмати, илм равнақи йўлида сарф этган буюк аллома раҳматуллоҳи алайҳ ўзлари ҳаётлик чоғларида илм аҳли, уламолар, шогирдлари билан кўплаб илмий суҳбатлар, анжуманлар ўтказар эдилар. Ана шу эзгу анъана яна давом эттирилмоқда. Эндиликда, шайх ҳазратлари номлари билан аталгувчи мазкур мажмуанинг махсус мажлислар залида маҳаллий ва халқаро миқёсда илмий анжуманлар, мунаввар суҳбатлар, динимиз, халқимиз учун манфаатли тадбирлар ўтказилади.
Бугун, 4 июль куни биринчи бор ушбу мажмуада “Ҳанафийлик – мўътадил мазҳаб” номли диний соха ходимларининг анжумани ташкил этилди.
Аввало анжуман айнан мазҳаблар мавзусида ўтказилиши бежиз эмас. Зеро Шайх ҳазратлари мусулмонларни доим буюк уламолар, улуғ мужтаҳид зотлар йўлини маҳкам тутишга, умматнинг бирлиги, тотувлигини таъминлашга, ихтилофларга барҳам беришга чақириб келганлар. Бу йўлда йирик асарлар таълиф этган эдилар.
Чиндан ҳам бугун ана шу меросни ўрганиш, нафақат диёримиз, балки минтақамизда кенг тарқалган Ҳанафий мазҳабида мустаҳкам бўлиб, ихтилоф ва фитналарнинг олдини олиш ҳар қачонгидан ҳам зарур бўлиб қолди. Бугун ҳар ердан турли воситалар орқали мусулмонларни чалғитиб, мазҳабларни инкор қилаётган, уламоларни рад этиб, Қуръон ва суннатдан ўзича мустақил ҳукм чиқариш даъвосини қилаётган саводи чала кимсалар ислом умматини адаштиряпти, тафриқа ва ихтилофларга сабаб бўляпти.
Анжуманда иштирок этган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва бошқа нотиқлар ўз чиқишларида “Мужтаҳид уламоларнинг таърифи”, “Мазҳабларнинг келиб чиқиши ва ислом оламидаги аҳамияти”, “Имом Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳнинг ҳадис илмидаги ўрни” каби мавзуларда маъруза қилдилар.
Шунингдек тадбирда ЎМИ раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансуров "Ислом динида мўтадиллик" мавзусида, ЎМИ Котибият бўлими мудири Муҳаммадайюб Хомидов "Имом Абу Ҳанифанинг ҳадис борасидаги ўрни" мавзусида маърузалари билан иштирок этдилар.
Уламолар мужтаҳид даражасига етмаган кишилар муайян мазҳабни ушлашлари лозим, деб айтганлар. Доктор Ваҳба Зуҳайл: “Фиқҳий мазҳабларнинг ихтилоф ва фитналарга, қонли тўқнашувларга олиб келганини билмаймиз. Йирик тўқнашувлар ақидавий масалаларда бўлган”, деб айтган.
Баъзилар Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳни кам ҳадис билганликда ноўрин айблайди. Ваҳоланки ул зот ҳадисларни аниқлшда талаблари шу даражада юқори эдики, уни фақат муҳаддислар англай олардилар. Ўзларининг талабларига кўра энг ишончли деб билган ҳадисларинигина “Муснад”га киритган ва фиқҳий масалаларда қўллаган эдилар. Абу Ҳанифа ҳадисни тушунишда, идрок этишда кўп муҳаддислар етиб бормаган нуқтага етиб бордилар. Бу борада ул зот шундай деган эдилар: Аллоҳнинг динида ўз раъйингиз билан ҳеч бир сўз айта кўрманг. Ҳадисга эргашинг. Ким ҳадисдан четга чиқса адашади.
Ана шу мукаммал фиқҳ мактабига асос солган, илм ва тақвода пешқадам бўлган зотларга ҳурматсизлик қилаётган, ислом оламининг мужтаҳиди мутлақларидан ўз фикрини устун қўйиб, мусулмонларни чалғитаётган, мазҳабга тош отаётган кимсаларга холис, илмий, асосли раддия бериш, диний саводсизликка барҳам бериш, фитналарнинг олдини олиш бугун ҳар бир имом-хатиб, исломшунос мударриснинг вазифаси эканлиги таъкидланди.




















Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Туркиянинг “CNN-Türk” телеканалида эфирга узатилган “Тафаккур доираси” дастурида сўзга чиққан таниқли олим, Миллий мудофаа университети ректори, профессор Эрҳан Афёнжу Ўзбекистоннинг бой тарихий мероси ва сайёҳлик салоҳияти ҳақида фикр юритди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Кўрсатувда қатнашган турк тарихчиси Эрҳан Афёнжу Ўзбекистонни туркий цивилизациянинг энг гўзал шаҳарлари жойлашган алоҳида географик ҳудуд сифатида таърифлаган.
Олимнинг фикрича, жуда кўпчилик сайёҳлар Ўзбекистонни ўз кўзи билан кўришни истайди. Чунки дунёга машҳур Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент каби шаҳарлар ана шу заминда жойлашган.
Турк тарихчиси ёшларга мурожаат қилиб, хорижга саёҳат қилишни, аввало, Туркий дунё мамлакатларини кашф этиш, аждодлар юрти билан яқиндан танишишдан бошлаш лозим эканини таъкидлади.
“Ёшларга тавсиям шуки, ҳозир хорижга саёҳат қилмоқчи бўлсангиз, аввало Туркий заминни айланинг. Масалан, Ўзбекистонга бориб, тарихий шаҳарларни кўриб келинг, аждодларингиз юрти билан танишинг. Сўнг Салжуқийлар давлати барпо этилган заминларни кўринг”, – деди профессор.
Эрҳан Афёнжунинг таъкидлашича, бундай саёҳатлар ёшлар учун ҳар томонлама фойдали ва қизиқарли бўлиб, уларнинг тарихий хотираси ва дунёқарашини бойитади.
“Масалан, Самарқанднинг гўзаллигини дунёнинг кўп жойларида топа олмайсиз. Айниқса, турк ёшлари ўз аждодлари яшаган заминни бориб кўришлари лозим”, – деди олим.
Профессор Ўзбекистонни туркий цивилизациянинг асосий бешикларидан бири, илм-фан маркази сифатида ҳам алоҳида эътироф этган.
Шунингдек, турк тарихчиси Ўзбекистоннинг нафақат тарихий ва маданий, балки географик жиҳатдан ҳам яшаш учун қулай ҳудуд эканини таъкидлаган.
Дастур давомида профессор билдирган фикр-мулоҳазалар Туркия жамоатчилиги орасида Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари, бой маданий мероси ва туризм салоҳиятига бўлган қизиқишни янада оширишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати