Салмонул хайр (яхши Салмон), Боҳис аънил ҳақиқа (ҳақиқат изловчи), Ибн Ислом (Ислом фарзанди), Соҳибул китабайн (икки китоб соҳиби) каби номлар билан мақталадиган ушбу саҳобанинг исми Абу Абдуллоҳ Салмон Форсий (розияллоҳу анҳу) эди.
Салмон Форсий асли Исфаҳондан бўлиб, мажусийликка эътиқод қиларди. Бир куни у насороларнинг ибодатини кўради ва отасига бу дин мажусийликдан яхши эканини айтади. Шундан сўнг отаси Салмонни тутқунликда сақлай бошлайди. Охир-оқибат у нажот излаб Шомга қочиб кетади. Шомда ўз даврининг роҳибларидан таълим олади. Вақт ўтиб, роҳиблар бирин-кетин вафот этишади. Салмон Форсий ҳар бир роҳибнинг ўлимидан олдин ундан кейин кимга шогирд бўлишни сўрайди. Энг охирги устозидан: “Кимни тавсия қиласиз?” деб сўраганида у бундай жавоб беради: “Болам, Аллоҳга қасамки, ер юзида биз тутган нарса (асл насронийлик)ни тутувчи бирор киши қолмади. Лекин араб ерида пайғамбар чиқадиган замон яқинлашиб қолди. У Иброҳимнинг дини билан юборилади. Сўнгра ўз еридан хурмозорлари бор юртга ҳижрат қилади. Унинг махфий бўлмайдиган аломатлари бор: ҳадяни қабул қилади, садақани емайди. Икки кураги орасида нубувват муҳри бор. Агар имконини қилсанг, ўша юртга бор!”
Салмон Форсий сўнгги устози айтган набийни топиш учун йўлга чиқади. Йўлда қароқчилар унинг молларини олиб қўйиб, ўзини водил қуролик яҳудийга сотиб юборадилар. Яҳудий эса уни ясриблик амакиваччасига сотади. Шундай қилиб, Салмон тақдир тақозоси билан Ясрибга келиб қолади. Бу вақтда Расулуллоҳ (алайҳиссалом) Маккада эдилар. Салмон Форсий қул бўлгани сабаб у зот ҳақларида эшита олмаган. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) Ясрибга келганларидан хабар топган Салмон Форсий Аммуриядаги устози айтган гапга мувофиқ ҳадя ва садақа бериб, у кишини синамоқчи бўлади. У зот ҳадяни қабул қилиб, садақани рад этадилар. Кейинги воқеа ҳақида Салмон Форсий бундай ҳикоя қилган: “Расулуллоҳ Бақийда турганларида ҳузурларига келдим. У зот саҳобаларидан бирини дафн қилаётган эканлар. Елкаларига иккита лунгини ташлаб ўтирганларини кўрдим. Мен у кишига салом бердим. Кейин устозим таърифлаган муҳрни кўрармиканман деб, елкаларига қарай бошладим. Набий (алайҳиссалом) ниятимни англадилар ва елкаларидаги ридони тушириб юбордилар. Мен муҳрни кўриб, у зотнинг пайғамбар эканини англадим. Ўзимни оёқларига ташлаб йиғлай бошладим, бошимдан ўтганларни айтиб бердим. У зотга қиссам ёқди ва саҳобалар буни эшитишса, хурсанд бўлишларини айтдилар. Мен уларга ҳам айтиб бердим. Шундай қилиб, мусулмон бўлдим. Қул эканлигим Бадр ва Уҳуд жангларида иштирок этишимга тўсқинлик қилди. Бир куни Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Хўжайининг сени озод қилиши учун у билан мукотаба (тўлов эвазига озод қилиш)га келиш”, дедилар. Айтганларини қилдим. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) саҳобаларини менга ёрдам беришга чақирдилар. Аллоҳ мени қулликдан озод қилди. Мусулмон ва ҳур бўлиб яшадим. Расулуллоҳ билан Ҳандақ ва бошқа жангларда қатнашдим”.
Ушбу жангда ҳандақ қазиш фикри айнан Салмон Форсий (розияллоҳу анҳу)дан чиққан. Ўша куни ансорлар: “Салмон биздан”, дедилар. Шунда муҳожирлар: “Йўқ, Салмон биздан, бу ерга ҳижрат қилиб келган”, дейишди. Пайғамбар (алайҳиссалом): “Салмон биздан – аҳли байтдандир”, дея бу баҳсга нуқта қўйдилар.
Салмон (розияллоҳу анҳу)нинг Ибн Ислом деб номланиши боиси, замондошлари: “Сиз кимсиз?” деб сўрашса, у зот: “Мен Ислом фарзандиман! Мен Одам (алайҳиссалом)нинг фарзандлариданман”, дея жавоб қайтарган.
Ҳам Инжил, ҳам Қуръонни тўлиқ ёд олгани учун “Икки Китоб соҳиби” номини олган. Шунингдек, Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) Салмон Форсийни “Луқмони Ҳаким” деб чақирганлари ҳам машҳур.
Манбаларга кўра, Салмон Форсий Исфаҳон яқинидаги Жайян деган қишлоқда, бир маълумотда эса Ромаҳурмуз деган жойда туғилгани қайд этилади (“Мўъжамул булдон”). Ота-онаси ҳақида маълумот деярли учрамайди. Мусулмон бўлганидан сўнг Мадинада уйлангани ва аёлининг исми Буқайра экани айтилади. “Расулуллоҳ (алайҳиссалом) Салмон билан Абу Дардони биродар қилдилар” (Имом Бухорий).
Бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай хушхабар бердилар: “Жаннат уч кишига муштоқ бўлиб турибди: Али, Аммор ва Салмонга”.
Салмон Форсий (розияллоҳу анҳу) ўз меҳнати билан бирор нарса топса, гўшт ёки балиқ сотиб олар ва касал одамларни чақириб, улар билан бирга ер эди.
У зотдан Анас, Каъб ибн Ужра, Ибн Аббос, Абу Саъид, Абу Туфайл, Умму Дардо (розияллоҳу анҳум) бир қанча буюк саҳобалар, Абу Усмон Наҳдий, Ториқ ибн Шиҳоб, Саид ибн Ваҳб, Абдураҳмон Нахаъий каби тобеинлар ҳадис ривоят қилишган. Имом Бухорийда 4 та, Имом Муслимда эса
3 та ҳадиси келтирилади.
Салмон Форсий Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) даврида ҳижрий 35-йили Мадоинда вафот этган. Жанозасини Али ибн Абу Толиб ўқиган. Қабри Бағдод яқинидаги “Салмон тоҳир” деган мавзедадир.
Манбалар асосида Тошкент
ислом институти ўқитувчиси
Фахриддин Муҳаммад НОСИР
тайёрлади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бир қиз айтади:
«Худонинг берган куни ҳали у тарафдан, ҳали бу тарафдан мени ғам-ташвишлар сиқувга олади. Лекин жума куни кайфиятим бошқача бўлади, қайғуларим камайиб, хурсандчилигим ортади. Сизларга бунинг сирини айтиб бераман.
Авс ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Энг афзал кунлардан бири – жума кунидир. Одам алайҳиссалом шу куни яратилган, руҳи ҳам шу куни қабз қилинган. Сурга шу куни пуфланади. Даҳшатли қичқириқ ҳам шу куни бўлади. Бу кунда менга кўп салавот айтинглар, чунки салавотларингиз менга кўрсатиб турилади». Саҳобалар «Ё Аллоҳнинг Расули, сиз тупроққа қоришиб кетган бўлсангиз, қандай қилиб салавотларимиз сизга кўрсатилади?» дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ азза ва жалла анбиёларнинг жасадини тупроққа ҳаром қилган», дедилар (Абу Довуд, Насоий ривояти).
Мана шу муборак ҳадисни эшитганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени қандай қилиб таниб олишларини ўйладим. Ҳар жума куни айтган салавотларим у зотга етказиб турилар экан. Расулуллоҳ мени умуман салавот айтмаган ёки жуда кам салавот айтган ҳолимда таниб қолсалар-чи? Буни ўйлаб, ўзимдан ҳам, Расулуллоҳдан ҳам жуда уялиб кетдим. Қиёмат куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени таниб олсинлар, у зотга кўп салавот айтганим учун шафоат қилсинлар деб умид қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп-кўп салавот айтадиган бўлдим. Ҳар жума куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга кўпроқ салавот айтишни одат қилдим.
Шундан кейин салавот айтиб бўлишим билан улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатилаётганини ўйлаб, жума кунини чинакамига севиб қолдим. Жума куни айтган салавотларим Расулуллоҳга кўрсатилгани учун бу кунни интиқлик билан кутадиган бўлдим. Жума куни тонгда бомдод намозини ўқиб бўлгач, қалбим шодликдан энтикиб кетадиган бўлди, чунки шу кунги салавотларим суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатилади! Иншааллоҳ, мен бу борада биринчилардан бўламан!
Салавотнинг бундан бошқа фойдалари ҳам билина бошлади. Жума куни уйимиз янада сокин, файзли бўлиб қолади, муаммо ва ташвишлардан холи бўлиб кетади. Шу куни онам билан бир-биримизга янада меҳрибон, илтифотли бўлиб қоламиз. Буларнинг барчаси, албатта, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган салавотларимизнинг шарофатидир. Ҳатто узрли пайтимда бошқа кунларни руҳан сиқилиб ўтказсам ҳам, жума куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп салавот айтганим учун қийинчиликлар йўқ бўлиб кетади. Мен бу ҳолатни тахминан етти йилдан бери кузатиб келаман. Ҳозирда эса жума кунлари ўзгача бахт, ўзгача тетиклик ҳис қиламан. Аллоҳ таоло барча муслима қизларни жума кунлари ҳам, бошқа кунларда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш ҳаловати билан сийласин!»
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.