Рамазон ойи келиши сабабли жаннат эшиклари очилиб, дўзах эшиклари беркитилар экан. Шайтонлар кишанбанд қилиниб, Аллоҳ таолонинг раҳмат фаришталари ер юзига тушар экан. Рамазон ойининг бошқа фазилатлари ҳам кўп бўлиб, улардан яна бири рўза ўз соҳибини дўзах ўтидан асрашлигидир. Инсон рўза тутиш билан гуноҳ ишлардан ўзини сақлашга ҳаракат қилади, шу жумладан рўза инсондаги шаҳвоний ҳирсларни бўғиб туради. Рўза бизларга бу дунёда гуноҳ ишлардан сақлагувчи бир қўрғон бўлса, охиратда дўзахдан тўсиб тўсиб турувчи бир қўрғон кабидир. Шунинг учун Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам рўза ибодатини дўзахдан асровчи восита дедилар.
Рўза тутмоқлик фақат еб ичиш ва шаҳвоний ҳирсни жиловлаш каби моддийликдан иборат нарсалардан сақланиш эмас. Балки, рўза фарз қилинишининг асосий ҳикмати бандаларда тақво ҳосил қилиш, мусулмонларнинг маънавий-руҳий дунёсини шакллантириш эканлигини Аллоҳ таоло “Бақара” сурасининг 183-оятида маълум қилган. Инсоннинг руҳий ва маънавий дунёсини шакллантириб, унинг хулқини олийларга кўтарадиган ишлардан бири бемаъни сўзлар, ҳақорат қилиш, масхаралаш, беҳуда гап сотиш, ғийбат, бўҳтонлардан ўзини тийишдир. Рўза тутган киши эса ўзини мана шундай қабиҳ ишлардан сақлаш кераклигини Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам таъкидлаганлар. Тилни бундай беъмани нарсалардан сақламаслик рўзанинг асл моҳиятига путур етказиб, уни савобидан маҳрум бўлишга олиб келади.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳадисларида рўза ва унинг фазилатлари, рўзадорнинг зиммасидаги бурчлари ва унга бўлган ҳисобсиз ажр-савобларни бирма-бир баён қилдилар. Дарҳақиқат, муборак Рамазон ойи келиши билан бандаларга мана шундай фазилатлар, улкан савобу ажрлар ёғилади.
Рамазон ойларнинг саййиди, хожасидир. Унинг бошқа ойлардан фазилатли жиҳатлари бор. Улар қуйидагилар:
1) Рамазонда Қуръони карим нозил бўлди.
У Рамазонда, хусусан, Лайлат ул-қадрда Лавҳ ул-маҳфуздан Байт ул-иззатга бир дафъада эндирилди. Кейинчалик Қуръони карим Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васалламга 23 йил давомида бўлиб-бўлиб нозил этилди. Аллоҳ таоло деган:
شهر رمضان الّذي أنزل فيه القرآن هدًى للنّاس وبيّناتٍ من الهدى والفرقان
“Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир”. (Бақара сураси, 185-оят).
2) Рамазон ойининг рўзаси Исломнинг бешта арконлардан биридир.
Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Ҳазрати Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Ислом бешта устун тепасига бино бўлгандир: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига, Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси эканлигига гувоҳлик бериш; намозни барпо қилиш; закотни бериш; Байтуллоҳни тавоф қилиш; Рамазон рўзасини тутишдир”.
3) Рамазон ойида қилинган садақалар, хайр-эҳсонлар бошқа ойлардан кўра афзалдир.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари табиатан сахий эдилар, Рамазон кириши билан эса саховатлари, яхшиликлари оммавий, узлуксиз бўлиб кетар эди. Рамазон ойида қилинган яхшиликлар бошқа ойлардагидан етмиш баробар ортиқ бўлиши ҳақидаги ҳадиси шариф (Байҳақий ривоятида) ворид бўлган. Иброҳим Нахаъийдек тобиъин: “Рамазонда бир марта тасбиҳ айтиш бошқа ойларда минг марта айтишдан яхшироқдир”, деган эканлар.
4) Рамазонда минг ойдан яхшироқ бўлган бир кеча бор.
У Лайлат ул-қадр, яъни Қадр кечасидир. Мазкур кечанинг минг ойдан яхшироқ эканлигини Аллоҳ таолонинг ўзи ҳам, Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳам таъкидлаганлар.
5) Рамазонда бошқа ойлардан фарқли ўлароқ кечалари намоз билан қоим бўлиш суннат қилинган.
Таровеҳ намозлари масжидларда омматан ўқилиши, жамоат бўлиб дуо қилишлар файзу футуҳини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди!
6) Рамазоннинг охирги ўн кунлигида масжидларда эътикоф ўтиришлар суннати муаккададир.
Жаноби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам, аҳли аёллари ва асҳоблари билан эътикоф ўтиришни канда қилмаганлар. Ҳатто ул зоти шариф умрларининг охирги йилида йигирма кун эътикоф ўтирганлари нақл қилинган. Эътикоф эса ибодатларга шўнғиш, Аллоҳга астойдил бандалик қилиш демакдир!
7) Рамазон Қуръон ойидир.
Қуръони каримни ўқиш ва ўрганиш ойидир. Қуръон ўқишни кўпайтириш, Қуръон дарсларини зиёда қилиш бу ойда мустаҳабдир. Зотан, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Жаброил алайҳиссалом билан Қуръон дарсларини Рамазони шарифда ҳамманинг кўз ўнгида қилар, кўпайтирар эдилар. Ўтган салафи солиҳийн, ота-боболаримиз ҳатто мадраса дарсларини, ўзларининг илмий ишларини Рамазонда тўхтатиб, фақатгина Қуръони карим билан шуғулланганлари маълум.
8) Рамазонда бошқа ойларда бўлмайдиган ифторликлар бор.
Бу хурсандчилик, каттаю кичикнинг дили шод бўладиган бир тадбирдир. “Кимки бир рўзадорни ифтор қилдириб, қорнини тўйдирса, унинг савобидан камайтирилмасдан унга ҳам берилади”, деган маънодаги ҳадиси шариф ворид бўлган.
9) Рамазонда қилинган умра ибодати бошқа вақтда қилинганидан савоби ортиқдир.
Рамазонда қилинган умра фарз ҳаж амали билан тенглиги айтилган ҳадис ҳам бор.
Сафватулло Қаюмов,
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бир қиз айтади: «Ҳайз бошланиб қолса, роса алам қилади. Чунки мен намоз ўқишни яхши кўраман, ҳайз эса мени намоздан тўсади. Қайғуларим Рамазонда яна ҳам ортади. Ҳамма рўза тутса, бир ўзим рўза тутмаслигим менга оғир ботади. Бундан ташқари, ўша тутмаган рўзаларимни барибир кейин бир ўзим тутиб беришимга тўғри келади.
Аввалига қалбим хотиржам бўлмас эди. Лекин ҳайз кунларида қила олмаган ибодатларимнинг савоби поклигимда қилиб юрган пайтимдагидек ёзилиб бораверишини билганимдан кейин кўнглим таскин топди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Банда касал бўлиб қолса ёки сафарга чиқса, унга муқим ва соғлом пайтида қилиб юрган амалларига ёзилганидек савоб ёзилаверади» (Имом Бухорий ривояти).
Масалан, бир киши доим нафл намоз ўқиб, нафл рўзалар тутиб юрса, кейин бир куни сафарга чиқишга мажбур бўлиб ёки касал бўлиб қолиб, доимги ибодатларини қила олмай қолса, унга соғлом, муқим пайтидаги ибодатларининг савоби ёзилаверади.
Мисол учун, бир киши душанба-пайшанба кунлари рўза тутиб юрса, сафар қилгани учун рўза тута олмаса, ўша кунлардаги рўзасининг савоби барибир ёзилаверади. Яна бир одам суннат ва чошгоҳ намозларини доим ўқиб юрган бўлса, бир неча кун бетоб бўлиб, намозларини ўқий олмаган бўлса ҳам, шу кунлардаги намознинг савоби барибир ёзилаверади. Шунга қиёсан, қиз бола ҳам шаръий узр – ҳайз сабабли доимий ўқиб юрган намозини, тутиб юрган рўзасини адо қила олмаса ҳам, Аллоҳ таоло шаръий узри келишидан олдин доимий қилиб юрган амалларининг савобини ёзиб тураверади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ғазотда шундай деганлар: «Ортимизда, Мадинада шундай одамлар борки, биз қайси бир дара ёки водийни босиб ўтмайлик, улар ҳам биз билан бирга бўлдилар, чунки уларни узр ушлаб қолди, холос» (Имом Бухорий ривояти).
Шундай экан, хайрли ишни ният қилиб, бажармоқчи бўлган одам узрли сабаб туфайли уни бажара олмаса, ўша амалнинг савоби ёзилаверади. Ҳайз ҳам шаръий узр бўлиб, Аллоҳ таоло уни барча аёлларнинг пешонасига ёзган. Шунинг учун ҳар қандай яхшиликни, ибодатларни бажаришни ният қилган қизни унинг ихтиёрида бўлмаган ҳайз қони амал қилишдан тўсиб қолса, унга ўша амалларнинг савоби ёзилаверади. Ҳайзи сабабли намозни, рўзани тарк этишга мажбур бўлган қизга Аллоҳ таоло Ўзининг фазлу карами билан ўша ибодатларни адо этганларга бериладиган савобларни бераверади.
Яна бир қиз айтади: «Ҳайз сабабли эркак зотига ҳасад қилардим, уларга нисбатан гина сақлар эдим. Мен ҳам уларга ўхшаб ҳайзсиз, хотиржам яшашни орзу қилардим.
Лекин қизлар ҳайзнинг жисмоний, маънавий оғриқларини бошдан ўтказганлари учун жуда кўп савобларга эга бўлар экан. Буни билганимдан кейин ичим анча ёришди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Мусулмонга бирор ҳорғинликми, беморликми, ташвишми, қайғуми, озорми, ғамми етса, ҳатто тикан кирса ҳам, Аллоҳ булар туфайли унинг хатоларини ўчиради» (Имом Бухорий ривояти).
Мўмин бандага етадиган ҳар қандай каттаю кичик мусибат учун унинг гуноҳлари мағфират қилинади. Демак, қуйидаги мусибатга учрасак, хотиржам бўлайликки, улар туфайли гуноҳларимиз кечирилар экан:
• ҳорғинлик (ҳолсизланиш, меҳнат, ҳатто юриш сабабли пайдо бўладиган қийналиш);
• беморлик;
• ташвиш (ҳали содир бўлмаган ишнинг ғами);
• қайғу (бўлиб ўтган мусибатга сиқилиш);
• озор (ўзгалар тарафидан етадиган ноҳақ жабр-ситам),
• ғам (ҳеч қандай сабабсиз кўнгил хира тортиши).
Қиз бола ҳайз келишидан олдин ҳадисда келган мана шу қийинчиликларнинг деярли барчасини бошидан кечиради. Ҳайзда жисмоний зўриқиш бор. Бу – ҳадисда келган ҳорғинликдир. Ҳайз келишидан олдин қиз бола ҳайз келишини ўйлаб сиқилади, эзилади. Бу эса мазкур ҳадисда зикри келган ташвишдир. Қиз бола ҳайз вақтида турли дилихираликлар сабаб маҳзун бўлади. Бу – ҳадисдаги қайғудир. Бу даврда баъзилар унга айнан ҳайз кўраётгани учун ҳам қўпол муомалада бўлади, бечора қиз бундан азият чекади. Бу – ҳадисдаги озордир. Ҳайз келишидан бироз олдин қиз бола ўзидан-ўзи сиқиладиган бўлиб қолади. Бу – ҳадисда келган ғам бўлиб, бирор-бир сабабсиз унинг юраги сиқилаверади.
Кўриб турганингиздек, қиз бола ҳайз даврида табиий касалликдан ташқари, турли мусибатларни бошдан кечиради.
Энди ушбу саволга жавоб беринг:
Бу мусибатларнинг ҳаммаси ҳайз даврига жамланган экан, унга сабр қилиш, рози бўлишнинг савоби қанчалар улкан бўлар экан-а? Демак, аслида қиз бола ҳайз кўришидан хурсанд бўлиши керак эмасми? Чунки бу нарса унинг кўплаб гуноҳлари кечирилишига сабаб бўлмоқда-ку!
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.