Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Июн, 2025   |   18 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:28
Аср
17:39
Шом
20:01
Хуфтон
21:39
Bismillah
14 Июн, 2025, 18 Зулҳижжа, 1446

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф асарлари кўплаб тилларда таржима қилинган

14.05.2019   2617   5 min.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф асарлари кўплаб тилларда таржима қилинган
Президент Шавкат Мирзиёев 10 май куни Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари билан танишув чоғида ёшлар таълим-тарбияси, маънавият ва маърифат масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
 
Хусусан, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг илмий меросини ўрганиш, китобларни чоп этиш бўйича тавсиялар берилди.
 
Бу бежиз эмас. Шайх ҳазратлари нафақат диний, балки маърифий, тарихий, ахлоқий, ижтимоий мавзуларда 100 дан зиёд китоблар ёзган. Унинг ҳикматли асарлари, суҳбатлари, телевидение ва матбуотдаги чиқишлари юртимиздаги ҳар бир хонадонга кириб борган.
 
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф асарлари рус тилига ҳам таржима қилиниб, чоп этилган. “Тафсир Хилал” (Қуръон каримнинг шарҳи), “Хадисы и Жизнь”, “Ийман, Ислам, Куръан”, “Суннитские вероубеждения”, “Разногласия: причины и решения”, “Васатыя – путь жизни”, “Счастливая семья”, “Открытое послание”, “Истина о сути гадания”, “Заем и связанные с ним вопросы” каби китоблар шулар жумласидандир.
 
e1be0aea-5813-4b41-90b2-12991f8d28d9.jpg
 
de717a99-b091-454e-9909-2c57353f0afc.jpg
 
Шунингдек, олимнинг асарлари инглиз, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ ва бошқа тилларга таржима қилинган. Яқинда турк тилига ҳам таржима қилиниб, нашрга тайёрланди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг китоблари кенг илмий асосга эга бўлиб, қўшни мамлакатлар, Россия ва Европада ҳам ўрганилмоқда.
 
Аллома жуда қийин ва мураккаб даврда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий бўлиб, диний қадрият ва анъаналар қайта тикланишига катта ҳисса қўшган. Ислом оламида маълум ва машҳур бўлган “Адабул муфрад”, “Мухтасарул Виқоя”, “Мазҳаблар – бирлик рамзи”, “Мазҳабсизлик – ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъат” каби китобларни ўзбек тилида шарҳлаб, халқимизга динимизнинг асл арконларини етказган.
 
a7f6c921-0869-41e2-bb1c-0aebe052e062.jpg
 
9096691a-7eb8-4cf1-8cc9-814283cae3df.jpg
 
Муфтий вазифасида у киши халқаро миқёсда ҳам кенг фаолият юритиб, кўплаб ислом мамлакатлари билан маданий-маърифий алоқаларни йўлга қўйиш ва ривожлантиришга эришган.
 
Ўша даврда бутун собиқ Иттифоқ бўйича ҳар йили бор-йўғи 20-30 киши ҳажга борар эди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг саъй-ҳаракатлари натижасида шўро ҳукуматининг мусулмонларга нисбатан сиёсати ўзгариб, масжид ва мадрасалар очилган, ҳаж зиёратига борувчилар кўпайган. 1990 йилда Марказий Осиё мамлакатларидан 500 нафар мусулмон илк бор Тошкент шаҳри орқали ҳаж зиёратига боришга муваффақ бўлди.
 
8483b62d-b3fd-491c-b59d-4dc9b5efb6b4.jpg
 
12d8deec-76c5-4014-ba1e-6e5c38e52e5d.jpg
 
У кишининг дунё мусулмонлари ўртасидаги обрў-эътибори жуда баланд эди. Бу улуғ ватандошимиз Бутундунё мутафаккир уламолари уюшмасининг Ижроия қўмитаси аъзоси, Бутунжаҳон мусулмон уламолари халқаро уюшмаси, Бутундунё Ислом уюшмаси каби нуфузли халқаро ташкилотларнинг, Иордания қироллик академиясининг ҳам аъзоси эди. У киши Миср Араб Республикасининг “Нил лаври” олтин нишони, шунингдек, Россия, Ливия ва бошқа давлатларнинг кўплаб юксак мукофотларига сазовор бўлганди.
 
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ислом динининг асл моҳиятини тарғиб этиш, ёш авлодни миллий қадриятларимиз руҳида тарбиялашга қаратилган эзгу ишлар амалга оширилмоқда. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг турли тилларда чоп қилинган асарлари ёш авлод учун улкан тарбия ва ибрат манбаи бўлиб хизмат қилади.
 
5d7d9d47-54f9-4653-bad7-945d08318736.jpg
 
4e033f10-a20a-4e44-badf-be378c6c998d.jpg
 
01bc93b8-3414-4828-af07-6979e7012e5f.jpg
 

 

Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА
 
МАнба: http://uza.uz
Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Фатво беришга ким ҳақли

13.06.2025   2364   6 min.
Фатво беришга ким ҳақли

Ҳозирги кунда ислом жамиятида, дунё мусулмонлари, айниқса юртимиз мусулмонлари орасида фатво бериш, фатво чиқариш, фатво сўраш каби атамалар кўп ишлатилмоқда.

Фатво сўзи араб тилида “саволга жавоб бериш” маъносини англатади. Истилоҳда эса, шаръий масала ҳақида савол сўраган одамга далилга асосланган ҳолда жавоб беришдир.

Биринчи фатво берувчи шахс Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бўлган. У зотдан кейин саҳоба, тобеин ва кейинги давр мужтаҳид уламолар фатво бериш билан шуғулланиб, бугунги кунимизгача давом этиб келмоқда. Шариатда мусулмонлар ҳаётида пайдо бўладиган саволлар бўйича фатво берилиши бу фарзи кифоя амал ҳисобланади.

Қуръон ва ҳадисдан ҳукм чиқаришнинг ўзига хос талаблари мавжуд. Қуръон ва ҳадисга асосланган ҳолда мусулмонларнинг манфаатларидан келиб чиқиб, инсон камолоти, жамият фаровонлиги ҳамда унинг ижтимоий тараққиётини кўзлаб ҳукм чиқариш алоҳида билим ва малака талаб этади. Мўътабар манбаларда қайд этилишича, араб тили, Қуръон ва ҳадис илмлари, фиқҳ ва ислом тарихини жуда чуқур ва мукаммал биладиган ва яна бошқа зарур сифатларга эга бўлган шахсларгина фатво бериш ҳуқуқига эга.

Шундай бўлса-да, бирор-бир масалада ҳукм чиқариш зарур бўлиб қолса, аввало, мазҳаблар таълимотига таянилади, агар уларнинг бирортасида масаланинг ечими топилмаса, мусулмонларга осонлик ва қулай шароит яратиш нуқтаи назаридан муфтийлар томонидангина фатволар чиқарилиши мумкин.

Фатво бериш масъулияти. Исломда фатвонинг ўрни ва таъсири муҳим бўлиши билан бирга ўта масъулиятли вазифа ҳам ҳисобланади. Чунки фатвода Аллоҳнинг ҳукмларини баён қилиш мақсад қилиниб, унда ҳалол-ҳаром, савоб-гуноҳ, жаннат-дўзах орасидаги амаллар кўрсатиб берилади. Имом Шотибий раҳматуллоҳи алайҳ фатво бериш масъулияти ҳақида тўхталиб қуйидагиларни таъкидлайди: “Муфтий – ҳукмларни етказишда Расулуллоҳ саллалллоҳу алайҳи васалламга ўринбосар ва У зотнинг меросхўри ҳисобланади. Шу боис у Расулуллоҳ соллалллоҳу алайҳи васаллам номларидан гапиради”.

Ҳақиқатан, Абдуллоҳ ибн Жаъфардан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада огоҳ ва эътиборли бўлишга чақириб: “Фатвога журъатли бўлганларингиз дўзахга журъатли бўлганингиздир”, – деганлар. Яъни воқеъликни тўлиқ ўрганмай, етарли билим ва тажриба орттирмай туриб, қўрқмасдан журъат билан фатво беришдан қайтарганлар.

Буни чуқур англаб етган мусулмонларнинг дастлабки авлодлари ўзларидан илмли шахс бўлган жойда сукут сақлашган.

Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳдан гоҳо элликта масала сўралганда биттасига ҳам жавоб бермаган пайтлари бўлган экан. Бунинг сабаби сўралганда, у зот: “Жавоб берувчи ўзини аввал дўзахга солиб кўрсин, халос бўлишига кўзи етса, жавоб берсин”, – деган эканлар.

Абу Алий аз-Зарирдан ривоят қилинади: “Мен Аҳмад ибн Ҳанбалга: “Кишига фатво бериши учун қанча ҳадис етарли, юз минг ҳадис етадими?” – дедим. У: “Йўқ”, – деди. Мен: “Икки юз мингчи?” – дедим. У: “Йўқ”, – деди. Мен: “Уч юз мингчи?”, – дедим. У: “Йўқ”, – деди. Мен: “Тўрт юз мингчи?” – дедим. У яна: “Йўқ”, деди. Шунда мен: “Беш юз минг бўлсачи?”, – деган эдим, у: “Умид қиламан”, – деб айтди”.

Юқорида келтириб ўтилган далиллардан келиб чиқиб шуни таъкидлаш лозимки, фатво бериш ўта масъулиятли бўлганлиги жиҳатидан унга ҳамма ҳам журъат қилавермайди. Бунинг ортида жамият ва унда яшовчи шахслар учун ғоят хатарли зарарлар келиб чиқиш мумкин. Шайх Рамазон Бутий айтади: “Ҳукм чиқариш илми тиббиёт илми кабидир. Мабодо бировнинг фарзанди оғир касалга чалиниб қолса, у тегишли ташхис қўйиш ва фарзандини даволаш учун тиббиётга оид китобларни титадими ёки малакали шифокорнинг олдига борадими? Тўғрисини айтганда, унинг эси жойида бўлса, кейинги йўлни танлайди. Динда ҳам худди шундай. Аслида бу тиббиётдан ҳам муҳимроқ, шунингдек қамрови жиҳатидан хавфлироқдир”.

Ҳеч кимга сир эмаски, ҳозирги кунда баъзилар ўзича оят ва ҳадислардан ҳукм чиқариб, нотўғри фатволар бериб, ўзини ва ўзгаларни адаштирмоқда.

Баъзи бир эътироф этилмаган шахслар ёки маълум мақсадларга йўналтирилган тузилмалар томонидан қўштирноқ ичидаги “фатволар” инсонларни ислом маърифатидан узоқлаштиришга сабаб бўлмоқда. Айниқса, уларнинг “жиҳод”, “байъат”, “такфир”, “бемазҳаблик”, “ҳижрат” каби масалалардаги асоссиз “фатволари” ноҳақ қон тўкилишига олиб бормоқда ва инсонларнинг кафолатланган ҳуқуқларига раҳна солинишига сабаб бўлмоқда. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳнинг устозлари бўлган Робиа ибн Абдураҳмонни йиғлаган ҳолда кўриб, ундан бунинг сабабини сўрашганда, у зот кишилар диний-ҳуқуқий саволларни билими бўлмаган шахслардан сўрашаётганини кўрганлиги, бу ҳолат исломда катта хатар пайдо бўлганлигидан дарак беришини таъкидлаган эканлар.

Демак, чуқур илм, тажриба ва холислик каби фазилат бўлмай туриб, фатво беришнинг оқибати хайрли эмас. Шундай экан, баъзи доира ёки гуруҳлар томонидан исломда улкан масала сифатида қаралган ҳукмларга эътиборсиз ва масъулиятсизлик билан фатво беришлари ўзлари ва ўзгаларни ҳам адаштиришдир. Қандай қилиб шахсларни ва бутун бошли жамиятларни кофирга чиқариб, жамоат олдида уларга эргашишни ҳаром демоқдалар?!

Хулоса қилиб айтганда, фатвонинг мусулмонлар ҳаётида ўрни муҳимлигини ҳисобга олган ҳолда илм ва салоҳиятсиз фатво бериш ёки учраган кишидан фатво сўраш ва унга эргашиб кетавериш адашувга олиб боради. Бу каби салбий оқибатларни келтириб чиқарувчи ихтилофларнинг олдини олиш биринчи навбатда ислом марказлари ва уламоларнинг муҳим вазифаларидан ҳисобланади.

Аллоҳ таоло барчамизни турли ихтилоф ва фитналардан асраб, барчамизни мамлакатимизда минг йиллардан бери амал қилиб келинаётган ҳанафий мазҳабимизга мувофиқ ибодатларини адо этиб, завқли ҳаёт кечириш бахтига насиб этсин!


Манба: "Аҳли сунна" телеграм канали

МАҚОЛА