Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Август, 2025   |   4 Рабиъул аввал, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:20
Қуёш
05:44
Пешин
12:30
Аср
17:08
Шом
19:08
Хуфтон
20:25
Bismillah
27 Август, 2025, 4 Рабиъул аввал, 1447

Ғанимат ой остонасидамиз!

26.04.2019   4035   2 min.
Ғанимат ой остонасидамиз!

Рамазон ойи – фараҳли ой. Катта-кичик шу ойда ниҳоятда тақводор бўлиб қолади. одамлар бир-бирларига одатдагидан ҳам меҳрибон бўлади. Таровеҳ намозига чиққан кишилар кўп вақтлардан бери кўришмаган дўсту ёронлари билан дийдорлашади. Маза қилиб таровеҳни ўқиб бўлганларидан сўнг эса ҳазил-ҳузул қилиб бири иккинчисини саҳарликка, ифторликка таклиф қилиб тарқалади.

Бу ойда, айниқса, ёш болаларнинг ғайрат-шижоатини айтмайсизми! Ҳаммадан бурун саҳарликка туриб олади. Ухлаб қолганлари эса саҳарликка уйғотмагани учун ота-онасидан чошгоҳгача, бирорта ўйинга овуниб кетгуни қадар аразлаб туради.

Тасаввур қилинг, саҳар вақти турасиз, атроф жим-жит. ҳаво мусаффо. Гўёки осмон эшиклари очилгану тананингизга беҳисоб куч-қувват ёғдираётган тонг ҳавоси айнан ўша ёқдан келаётгандек. Узатсангиз қўлингиз юлдузларга етадиганга ўхшайди. Оилангиз жам бўлиб саҳарлик қиласиз, мириқиб суҳбатлашасиз. Бомдод киргунига қадар зикр қиласиз, қазо намозларингиз бўлса, уларни ўқийсиз. Бу вақтда булбуллар чаҳ-чаҳлаб сайраб ётган бўлади. Кейин эса намоз қуши келиб бомдоднинг кирганини хабар қилади. Маҳаллангиздаги масжидда чақирилган азон овози қулоқларингиздан кириб танингиздаги энг инжа томирларингизни ҳам силаб ўтади – роҳат-фароғат, бахту саодат бундан ортиқ бўлиши мумкинми!

Нафсиламри, имони заифроқларимизга рамазон дарров келиб қолгандек туйилади. Аммо шуни ёдда тутайликки, машойихларимиз: “Бу дунёда вужудга  оғир келадиган нарсалар қиёматда тарозида ҳам оғир келади”, деганлар. Зотан, бизнинг аъмолимиз қиёматга захира  ҳозирлаш эмасми!..

Бинобарин, Аллоҳ таоло муборак Каломида: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сурасининг 183-ояти), деб марҳамат қиларкан, фарз амали бўлган рўзани тутсак, тақводорлигимиз янада зиёда бўлишининг хабарини берган.

Рамазон рўзасини руҳимиз (сиддиқлар рўзаси), ақлимиз (хослар рўзаси), жисмимизни (авомлар рўзаси) жамлаб тутсак, шубҳасиз, Раббимиз ушбу ояти каримада айтганидек, тақводорлигимиз ортади, ажру савобларимиз кўпаяди,

Аслида эшик қоқиб турган рамазон – савоблар қўлга киритиладиган фурсат ойи. Шу ойдан ҳаммамиз фойдаланиб қолайлик, юртимизга тинчлик, элимизга файзу барака, хонадонларимиз хотиржамлик, фарзандларимизга бахту саодат тилайлик. Чунки бу ой – мағфират ойи. Бу ойда дуолар мустажоб бўлади, иншаа Аллоҳ!

Дамин ЖУМАҚУЛ   

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Мустажоб дуолар: Роббим қалбимни тоатингга йўналтир

01.08.2025   8036   1 min.
Мустажоб дуолар: Роббим қалбимни тоатингга йўналтир

رَبَّنَا لَا تُزِغْ قُلُوبَنَا بَعْدَ إِذْ هَدَيْتَنَا وَهَبْ لَنَا مِن لَّدُنكَ رَحْمَةً إِنَّكَ أَنتَ الْوَهَّابُ

Роббанаа лаа тузиғ қулубанаа баъда из' ҳа-дайтанаа ваҳаб ланаа милладунка роҳматан иннака антал ваҳҳааб.

“Ё Раббимиз, бизни ҳидоят йўлига солганингдан кейин дилларимизни (тўғри йўлдан) оғдирма ва бизга ҳузурингдан раҳмат ато эт! Албатта, Сен Ваҳҳоб (барча неъматларни текин ато этувчи) дирсан (Оли Имрон сураси, 8-оят).

Бу дуода инсон ҳидоят топганидан кейин ҳам куфрга оғиб кетиши мумкинлигидан огоҳлантирилган.


Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп дуо қилар эдилар: “Эй қалбларни ағдарувчи Зот! Қалбимни Ўз динингда собит қилиб қўй!" ва яна: “Эй қалбларни юритувчи Зот! Қалбимизни Ўз итоатинг сари йўналтир!”.

Тақводор мўминлар Аллоҳнинг раҳматини “ҳадя” сифатида сўрайди: “Раҳмат фақат Сенинг иноятинг, биз бунга ҳақли эмасмиз”.

Яъни, қалбда иймон ва маърифат нурини ёқадиган, охиратда жаннатга етаклайдиган раҳматингдан бенасиб қолдирма!.

Барча яхшиликларнинг ҳақиқий манбаи ҳам, ихлос берувчи Зот ҳам Сенсан.

Банданинг қалби тўғриликда собит қолиши, Аллоҳнинг раҳматини сўраши ва Унинг ҳидояти да бардавом бўлиши жуда аҳамиятлидир. Бу дуо мўминнинг Аллоҳга бўлган муҳтожлиги, муҳаб бати ва умидини акс эттиради. Дуо билан яшаш эса қалбни пок, иймонни мустаҳкам қилади.

Қуръоний дуолар қисқа, лекин маънолари жуда кенг қамровлидир.

Илёсхон АҲМЕДОВ
тайёрлади