Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Март, 2026   |   12 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:40
Қуёш
06:58
Пешин
12:40
Аср
16:29
Шом
18:17
Хуфтон
19:29
Bismillah
01 Март, 2026, 12 Рамазон, 1447

Йилнинг энг яхши фиқҳ ўқитувчиси

25.04.2019   6315   9 min.
Йилнинг энг яхши фиқҳ ўқитувчиси

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 2019 йил 25 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларининг педагог-ўқитувчилари ўртасида “Йилнинг энг яхши фиқҳ ўқитувчиси” танловининг республика босқичи бўлиб ўтди.

Бу танлов Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари ўртасида ҳар йили анъанавий тарзда олиб борилади.

Фиқҳ илми илмлар ичида фазл ва шарафга эга илмдир. Аллоҳ таоло “Тавба” сурасининг 122-оятида фиқҳ илмини ўрганишга чақиради:

“Мўъминлар ёппасига (жангга) чиқишлари шарт эмас. Ҳар бир фирқадан бир тоифаси динда фақиҳ бўлиш учун қолсаларчи? Қавмлари уларга қайтганларида уларни огоҳлантирардилар, шоядки эҳтиёт бўлсалар”.

Мазкур оятда мусулмонлар жангга чақирилиб турилган бир даврда бир тоифа кишилар жангдан қолиб фиқҳ ўрганмайдиларми? – деб фиқҳнинг фазилати ва шарафи жангдан ҳам юқори эканлиги айтилмоқда. Демак, ҳар бир қавмдан бир гуруҳ кишилар сафарбарликдан қолиб бўлса-да, динни чуқур ўрганишга, унда фақиҳ бўлишга ҳаракат қилишлари лозимлиги ушбу оятда таъкидланмоқда. Шу маънода ҳадиси шарифда ворид бўлади:

 “Олимларнинг сиёҳи шаҳидларнинг қони билан ўлчанади ва олимларнинг сиёҳи оғир келади. Ваҳоланки, олимларнинг сиёҳи ишларидаги мартабанинг энг пасти ва шаҳидларнинг қони ўз аҳволларининг энг юқорисидир”.

Фиқҳ илмининг бошқа илмлардан афзаллиги тўғрисида ҳадиси шарифлар жуда кўп. Жумладан:

 “Аллоҳ таоло кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди”.

Бошқа бир ҳадиси шарифда:

“Бир фақиҳ киши шайтонга мингта обиддан кўра қаттиқроқдир”.

Ҳанафий мазҳабимизда кечаси туриб ибодат қилишдан кўра, китобларга назар солмоқ, илм таҳсил қилмоқ афзал ҳисобланади.

Мазҳаббошимиз имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар:

“Ҳар бир илм билан шуғулланиб кўрдим. Бирорта илмни фиқҳдан кўра фойдалироқ топмадим. Фиқҳ билан қанча кўп шуғуллансам, шунча дақиқ маъноларни кашф этдим”.
Танлов юқори савияда ташкиллаштирилди.

Танловда қуйидаги иштирокчилар қатнашдилар:

  • Жўрабоев Хабибулло Абдиғопорович (Тошкент ислом институти)
  • Хамрокулов Исмаилджон Ибрахимович (Мир Араб олий мадрасаси)
  • Холмўминов Жалолиддин Юсупалиевич (Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси)
  • Якупов Ахмет Айтмуратович (Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юрти)
  • Мардонов Хайрулло Маҳмудович (Хожа Бухорий номидаги ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси)
  • Мелибоев Абдугулом Абдулахатович (Саййид Муҳйиддин Махдум ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси)
  • Ғаниев Акмалжон Адҳамжон ўғли (Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси)
  • Ишанов Исмоил Одилович (“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртидан)
  • Исоқов Бахромжон (Фахриддин ар-Розий Ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси)
  • Қурбонова Инобат Қудратиллоевна (Жўйбори Калом Ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси)
  • Ибрагимова Сурайё Муратовна (Хадичаи Кубро ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси)

Танловни ўтказишдан мақсад – педагог-ўқитувчиларнинг мутахассисликлари бўйича билим савияси ва кўникмаларини янада ривожлантириш, касбий маҳоратини ошириш ҳамда фаолияти бўйича замонавий услублари ва тажрибасини оммалаштириш, таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш, фан ўқитувчиларининг педагогик маҳоратини ошириб бориш, таълим-тарбия жараёнига янги педагогик технологияларни жорий этиш, педагог-ўқитувчиларнинг илмий салоҳиятини янада юксалтириш мақсадида илмий-тадқиқот ишларига кенг жалб қилиш, диний таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, педагог-ўқитувчиларнинг тажриба алмашишини йўлга қўйиш кабилардан иборат.

Иштирокчиларнинг чиқишларини баҳолаб бориш ҳакамлар ҳайъат томонидан олиб борилди. Ҳакамлар хайъати таркиби қуйидагича:

  • Шайх Абдулазиз Мансур. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари (ҳайъат раиси)
  • М.Ҳомидов. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Котибаят бўлими мудири  (ҳайъат раиси ўринбосари)
  1. У.Ғафуров. Тошкент ислом институти ректори (аъзо)
  2. С.Примов. Тошкент ислом институти “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси мудири (аъзо)
  3. Я.Раззақов. Тошкент ислом институти “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси катта ўқитувчиси (аъзо)
  4. Ф.Маманосиров. Тошкент ислом институти “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси катта ўқитувчиси (аъзо)
  5. Э.Алимқулов. Дин ишлари бўйича кўмита Диний-маърифий таълим муассасалари билан ишлаш бўлими ходими (Кузатувчи)
  6. С.Шерхонов. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири (Кузатувчи)

Танлов 4 шартдан иборат бўлиб, ҳар бир шарт ҳакамлар ҳайъати томонидан 25 баллик тизимда баҳоланиб борди.

Танлов шартлари:

  1. Очиқ дарс ўтиб бериш. Очиқ дарс тасвирга олиниб, CD дискда ҳакамлар ҳайъатига олдиндан тақдим этилган.
  2. Битта замонавий фиқҳий масалага ечим топиш.
  3. Ибодат ва муомалотга оид фиқҳий саволларга тўлиқ далиллари билан жавоб бериш. Билетларда иккитадан савол бўлиб, биринчиси ибодат масаласи, иккинчиси муомалат масаласи ҳақида бўлиб, иштирокчилар берилган саволлларга тўлиқ далиллари билан жавоб бериш. Агар бу борада уламолар ўртасида ихтилоф бўлса, уларни баён қилишлари керак.
  4. Фақиҳлар ҳаёти ва ижоди, ҳанафий мазҳабидаги китоблар ва уларнинг даражаси ҳамда усулул фиқҳ қоидаларига оид тезкор саволларга жавоб бериш.

Тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланди. Тошкент ислом институти 4-курс талабаси Хаитбоев Муҳаммадали қори қироат қилгандан сўнг, Мир Араб олий мадрасаси устози Исмоилжон домла дуои хайр қилиб бердилар. 

Тадбирни Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғафуров очиб бердилар. Сўнг Дин ишлари бўйича қўмита раиси биринчи ўринбосари М.Комилов сўзга чиқиб, иштирокчиларга омад тиладилар.

Иштирокчиларнинг чиқишлари қуръа ташлаш йўли билан аниқланди.

Мусобақа кўтаринки кайфиятда ва юқори савияда бўлиб ўтди. Ҳар бир шартда иштирокчилар ўзларининг чиқишлари билан ҳакамлар ҳайъати ва томошабинларнинг диққат марказида бўлдилар.

Мусобақа якунига кўра биринчи ўринни Тошкент ислом институти ўқитувчиси Ҳабибуллоҳ домла Жўрабоев билан қўлга киритди. Биринчи ўрин ғолиби энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баробари миқдорида пул мукофоти, 1-даражали диплом, рангли телевизор ҳамда бир йил давомида ойлик иш ҳақига 40% устама мукофотлари билан тақдирланди.

Иккинчи ўринни Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси Акмалхон домла Ғаниев қўлга киритди. Иккинчи ўринни олган иштирокчи 2-даражали диплом, микротўлқинли печь ҳамда бир йил давомида ойлик иш ҳақига 30% устама мукофотлари билан тақдирланди.

Учинчи ўринни эса Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси Жалолиддин домла Холмўминов қўлга киритди. Учинчи ўринни эгаллаган иштирокчи 3-даражали диплом, чангютгич ҳамда бир йил давомида ойлик иш ҳақига 20% устама мукофотлари билан тақдирланди.

Қолган иштирокчилар эса китоблар тўплами ҳамда фахрий ёрлиқлар билан тақдирланишди.

Мусобақа якунида Тошкент ислом институти ректори У.Ғафуров, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кадрлар тайёрлаш ва таълим бўлими мудири С.Шерхонов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Котибият бўлими бошлиғи М.Ҳомидов сўзга чиқиб, иштирокчиларга, ташкилотчиларга ўз миннатдорчилигини билдирди.

 

 

“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси
кабинет мудири Абдуллоҳ Қосим

Манба: https://islaminstitut.uz

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Қизлар ҳайз туфайли намоз ва рўзанинг савобидан маҳрум бўладими?

17.10.2024   7253   5 min.
Қизлар ҳайз туфайли намоз ва  рўзанинг савобидан маҳрум бўладими?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бир қиз айтади: «Ҳайз бошланиб қолса, роса алам қилади. Чунки мен намоз ўқишни яхши кўраман, ҳайз эса мени намоздан тўсади. Қайғуларим Рамазонда яна ҳам ортади. Ҳамма рўза тутса, бир ўзим рўза тутмаслигим менга оғир ботади. Бундан ташқари, ўша тутмаган рўзаларимни барибир кейин бир ўзим тутиб беришимга тўғри келади.

Аввалига қалбим хотиржам бўлмас эди. Лекин ҳайз кунларида қила олмаган ибодатларимнинг савоби поклигимда қилиб юрган пайтимдагидек ёзилиб бораверишини билганимдан кейин кўнглим таскин топди.

 

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Банда касал бўлиб қолса ёки сафарга чиқса, унга муқим ва соғлом пайтида қилиб юрган амалларига ёзилганидек савоб ёзилаверади» (Имом Бухорий ривояти).

 

Масалан, бир киши доим нафл намоз ўқиб, нафл рўзалар тутиб юрса, кейин бир куни сафарга чиқишга мажбур бўлиб ёки касал бўлиб қолиб, доимги ибодатларини қила олмай қолса, унга соғлом, муқим пайтидаги ибодатларининг савоби ёзилаверади.

Мисол учун, бир киши душанба-пайшанба кунлари рўза тутиб юрса, сафар қилгани учун рўза тута олмаса, ўша кунлардаги рўзасининг савоби барибир ёзилаверади. Яна бир одам суннат ва чошгоҳ намозларини доим ўқиб юрган бўлса, бир неча кун бетоб бўлиб, намозларини ўқий олмаган бўлса ҳам, шу кунлардаги намознинг савоби барибир ёзилаверади. Шунга қиёсан, қиз бола ҳам шаръий узр – ҳайз сабабли доимий ўқиб юрган намозини, тутиб юрган рўзасини адо қила олмаса ҳам, Аллоҳ таоло шаръий узри келишидан олдин доимий қилиб юрган амалларининг савобини ёзиб тураверади.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ғазотда шундай деганлар: «Ортимизда, Мадинада шундай одамлар борки, биз қайси бир дара ёки водийни босиб ўтмайлик, улар ҳам биз билан бирга бўлдилар, чунки уларни узр ушлаб қолди, холос» (Имом Бухорий ривояти).

 

Шундай экан, хайрли ишни ният қилиб, бажармоқчи бўлган одам узрли сабаб туфайли уни бажара олмаса, ўша амалнинг савоби ёзилаверади. Ҳайз ҳам шаръий узр бўлиб, Аллоҳ таоло уни барча аёлларнинг пешонасига ёзган. Шунинг учун ҳар қандай яхшиликни, ибодатларни бажаришни ният қилган қизни унинг ихтиёрида бўлмаган ҳайз қони амал қилишдан тўсиб қолса, унга ўша амалларнинг савоби ёзилаверади. Ҳайзи сабабли намозни, рўзани тарк этишга мажбур бўлган қизга Аллоҳ таоло Ўзининг фазлу карами билан ўша ибодатларни адо этганларга бериладиган савобларни бераверади.

 

Яна бир қиз айтади: «Ҳайз сабабли эркак зотига ҳасад қилардим, уларга нисбатан гина сақлар эдим. Мен ҳам уларга ўхшаб ҳайзсиз, хотиржам яшашни орзу қилардим.

Лекин қизлар ҳайзнинг жисмоний, маънавий оғриқларини бошдан ўтказганлари учун жуда кўп савобларга эга бўлар экан. Буни билганимдан кейин ичим анча ёришди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Мусулмонга бирор ҳорғинликми, беморликми, ташвишми, қайғуми, озорми, ғамми етса, ҳатто тикан кирса ҳам, Аллоҳ булар туфайли унинг хатоларини ўчиради» (Имом Бухорий ривояти).

 

Мўмин бандага етадиган ҳар қандай каттаю кичик мусибат учун унинг гуноҳлари мағфират қилинади. Демак, қуйидаги мусибатга учрасак, хотиржам бўлайликки, улар туфайли гуноҳларимиз кечирилар экан:

• ҳорғинлик (ҳолсизланиш, меҳнат, ҳатто юриш сабабли пайдо бўладиган қийналиш);

• беморлик;

• ташвиш (ҳали содир бўлмаган ишнинг ғами);

• қайғу (бўлиб ўтган мусибатга сиқилиш);

• озор (ўзгалар тарафидан етадиган ноҳақ жабр-ситам),

• ғам (ҳеч қандай сабабсиз кўнгил хира тортиши).

 

Қиз бола ҳайз келишидан олдин ҳадисда келган мана шу қийинчиликларнинг деярли барчасини бошидан кечиради. Ҳайзда жисмоний зўриқиш бор. Бу – ҳадисда келган ҳорғинликдир. Ҳайз келишидан олдин қиз бола ҳайз келишини ўйлаб сиқилади, эзилади. Бу эса мазкур ҳадисда зикри келган ташвишдир. Қиз бола ҳайз вақтида турли дилихираликлар сабаб маҳзун бўлади. Бу – ҳадисдаги қайғудир. Бу даврда баъзилар унга айнан ҳайз кўраётгани учун ҳам қўпол муомалада бўлади, бечора қиз бундан азият чекади. Бу – ҳадисдаги озордир. Ҳайз келишидан бироз олдин қиз бола ўзидан-ўзи сиқиладиган бўлиб қолади. Бу – ҳадисда келган ғам бўлиб, бирор-бир сабабсиз унинг юраги сиқилаверади.

Кўриб турганингиздек, қиз бола ҳайз даврида табиий касалликдан ташқари, турли мусибатларни бошдан кечиради.

 

Энди ушбу саволга жавоб беринг:

Бу мусибатларнинг ҳаммаси ҳайз даврига жамланган экан, унга сабр қилиш, рози бўлишнинг савоби қанчалар улкан бўлар экан-а? Демак, аслида қиз бола ҳайз кўришидан хурсанд бўлиши керак эмасми? Чунки бу нарса унинг кўплаб гуноҳлари кечирилишига сабаб бўлмоқда-ку!

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.

Мақолалар