Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Апрел, 2025   |   19 Шаввол, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:16
Қуёш
05:41
Пешин
12:28
Аср
17:07
Шом
19:08
Хуфтон
20:27
Bismillah
17 Апрел, 2025, 19 Шаввол, 1446

«Оқлон» маҳалласида ёниб кетган олтита хонадон эгаларига моддий ёрдамлар кўрсатилди

13.04.2019   4880   2 min.
«Оқлон» маҳалласида ёниб кетган олтита хонадон эгаларига моддий ёрдамлар кўрсатилди

Хабарингиз бор,  18 март куни пойтахтнинг Шайхонтоҳур тумани “Оқлон” маҳалласидаги “Кўкча Дарвоза”, “Фузулий” ва “Омон Мухторов” кўчаларида жойлашган олтита хонадонда кучли ёнғин бўлиб, уйларнинг ҳаммаси барча жиҳозлари билан ёниб кетган ва 65 киши бошпанасиз қолган эди. Жами 380 кв.метр майдонда уйларнинг том қисмилари ва ички жиҳозлари бутунлай ёниб кетган.

8 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ёнғиндан жабр кўрган саккизта хонадон аҳлларидан хабар олиб, ҳамдардлик билдирган эдилар.

Бугун 13 апрел куни, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратлари ташаббуси, Тошкент шаҳар вакиллиги, Шайхонтоҳур тумани имом-хатиблари иштирокида хонадон соҳибларига 200 000 000 сўмдан зиёд моддий ёрдами етказилди. Ёнғиндан жабр кўрган хонадон соҳиблари кўрсатилган саҳоват ва эътибор учун миннатдорчилик изҳор этиб, бу хайрли ишга ҳиссаси қўшилганлар ҳаққига дуои-хайрлар қилинди.

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида қуйидагиларни айтадилар: “Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Ким ўз биродарининг ҳожатини чиқарса, Аллоҳ унинг ҳожатини чиқаради. Ким бир мусулмонни ғамдан фориғ қилса, Аллоҳ ундан қиёмат кунининг ғамларидан бир ғамни фориғ қилади”

 Бундай қийин дамларда маҳалла аҳллари ҳам мусибат эгаларига астойдил ёрдам кўрсатаётгани, хусусан уйларидан бошпана бериб, ўз ризқи насибасининг ярмини қўшнилари билан баҳам кўраётгани таҳсинга сазовордир.  Хонадонларни қайта қуриш ишлари ҳам халқ ҳашари йўли давом этмоқда.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Кучингиз етса-да, асло зулм қилманг!

16.04.2025   3124   3 min.
Кучингиз етса-да, асло зулм қилманг!

Ҳаётингиз давомида бирор кишига зулм қилманг!
Агар сиз ота бўлсангиз, фарзандларингизга зулм қилманг!
Борди-ю, сиз раҳбар бўлсангиз, қўл остингиздагиларга зулм қилманг!
Катта бўлсангиз, кичикларга зулм қилманг!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мазлумнинг дуосидан огоҳ этиб, бундай деганлар: “Мазлумнинг дуосидан сақланинглар, гарчи  у кофир бўлса ҳам. Чунки унинг дуоси тўсиқсиздир”[1].

Яна бошқа бир ҳадисда айтадилар: “Мусулмон мусулмонга биродардир. Унга зулм ҳам қилмайди ва (зулм қаршисида уни ) ташлаб кетмайди ҳам”[2].

Умар ибн Абдулазиз бир вакилига: “Агар қудратинг инсон зотига зулм қилишга ундаса, Аллоҳ таолонинг устингда соя солиб турган қудратини ёдга олгин”, дея мактуб ёзган эдилар.

Муовия розияллоҳу анҳу айтадилар: “Аллоҳдан ўзга мададкори бўлмаган кишига зулм қилишдан ҳаё қиламан”.

Нажоший айтади: “Салтанат куфр бирла яшамоғи мумкин, аммо унинг зулм билан боқий қолиши амримаҳол”.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Мазлумнинг баддуосидан эҳтиёт бўлинг! Чунки унинг дуоси булутлар узра кўтарилади. Аллоҳ таоло: “Иззатим ва жалолим ҳаққи, бироздан кейин бўлса-да, сенга, албатта, нусрат бераман”[3], дейди».


Шоир айтади:

Зулм этма, бўлсанг-да олам аро зўр,
Разолат сўнгида надомат бисёр.
Сен уйқу бағрида ётганингда ҳур,
Мазлуминг қарғагай кўзлари бедор.

Абу Масъуд Бадрий розияллоҳу анҳу айтади: «Мен қулимни қамчи билан ураётган эдим. Ортимдан кимнингдир “Билгин, эй Абу Масъуд” деган овозини эшитдим. Аччиқланиб турганим учунми, бу гапни яхши англамадим. Менга яқинлашган пайтда қарасам, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эканлар. У зот бундай дердилар: “Билгин, эй Абу Масъуд, билиб қўй, эй Абу Масъуд”. Мен қўлимдаги қамчини ташлаб юбордим. У зот: “Билгинки, сенинг мана бу қулга бўлган қудратингдан кўра, Аллоҳ таоло сенинг устингда қудратлироқдир”. Мен: “Энди ҳеч қачон қулларимни урмайман”, дедим. Ҳадиснинг бошқа ривоятида: “Ўгирилиб қарасам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турган эканлар. Мен шу заҳоти: “Эй Аллоҳнинг Расули, у Аллоҳнинг йўлида озоддир”, дедим.

Шунда Набий алайҳиссалом: “Мабодо шундай қилмаганингда, сени дўзах ёндирарди”[4], дедилар.

Сиз ҳам қўл остингиздагиларни уришдан сақланинг ва яқинларингиздан бирор кишига зулм қилишдан эҳтиёт бўлинг.

Шоир айтади:

Кишига оғирдур ханжар тиғидан,
Олган жароҳати энг яқинидан.

Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” 
номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.

 


[1]  Имом  Бухорий, Имом Муслим ривояти.
[2]  Имом Бухорий ривояти.
[3]  Ибн Абу Хайсама ривояти.
[4]  Имом Муслим ривояти.