Нега инсонларда меҳрдан кўра қаҳр, сокинликдан кўра жаҳл ва ғазаб тез шаклланади? Нега инсонларда ўзгаларга (айниқса ўзидан заифроқларга) нисбатан зулмкорлик кайфияти тез ривожланади? Америкалик олимлар ана шу масалага ойдинлик киритиш учун моҳиятан анчагина шафқатсиз ижтимоий тажриба ўтказишди. Бу тажриба мутлақо кутилмаган натижа келтирди...
Стэнфорд университетининг руҳшунослик бўлими ертўласида ўзига хос қамоқхона жиҳозланди. Тажрибада илгари судланмаган, хушмуомала, анчайин уятчанг, тартиб-интизомли одамлар кўнгиллилар сифатида қатнашдилар. Улар икки гуруҳга бўлиниб, ярми маҳбус, қолганлари эса турма назоратчилари “роли”га киришдилар.
Тажриба шартига биноан, “турма”даги ижтимоий-маиший шароитлар мунтазам оғирлаштириб борилиши керак эди. Биринчи кечадаёқ “маҳбус”лар исён кўтаришди. Бу норозилик “назоратчилар” томонидан шафқатсизларча бостирилди. Ҳар икки гуруҳ аъзоларининг феъл-атворида “рол”га мос салбий хусусиятлар пайдо бўла бошлади. Назоратчилар маҳбусларни қийнашнинг янги-янги усулларини ўйлаб топишга киришдилар: овқатдан маҳрум қилиш, ҳожатхонадан фойдаланишни таъқиқлаш ва ҳоказо.
Атиги бир ҳафтадан сўнг, кўнгилчан, хушмуомала одамлар, хўмрайган ва қаҳрли “зек”лар ҳамда муросасиз назоратчиларга айланишди.
Шартлари ва муҳитининг ўта шафқатсизлиги боис, тажрибани муддатидан олдин тўхтатишди. “Маҳбуслар” бундан беҳад шодланган бўлсалар, “назоратчилар” ҳаммаси бунчалик тез тугаганидан афсусланишди...
Бундан қандай хулоса чиқариш мумкин? Бир-бирига зулм ўтказишга мойиллик инсон руҳиятининг туб-тубида “мудраб” ётадими?
Юқоридаги тажриба шундан дарак бермаяптими? Заҳириддин Муҳаммад Бобур таъбири билан айтганда :
Ким кўрибдур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ?
Кимки, ондин яхши йўқ, кўз тутма ондин яхшилиғ!
Инсонни тупроқдан ясаб жон киритган Аллоҳ таоло биз бандаларини ўзимиздан минг чандон зиёдроқ яхши билади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Ўз каломи Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
“Ўз аҳдларини бузганлари сабабли уларни лаънатладик ва қалбларини бешафқат (меҳрсиз) қилиб қўйдик”. (Моида сураси, 13)
Оятдаги аҳддан мурод Аъроф сурасининг 172-173 оятларида зикр қилинган “Ал-Мийсоқ” воқеасидир. Хўш, унда нима бўлган эди?
Аллоҳ таоло Ўз каломида шундай марҳамат қилади:
“Раббингиз Одам ўғилларининг белларидан (пушти камарларидан) зурриётларини (руҳларини) чиқариб олиб, уларни ўзларига гувоҳ қилиб туриб: «Мен Раббингиз эмасманми?» (деди). (Улар): «Йўғ-е! (Раббимизсан!) Гувоҳлик бердик», – дедилар. Қиёмат куни: «Биз бундан ғофил (бехабар) эдик ёки ота-боболаримиз олдиндан мушрик бўлганлар. Биз улардан кейин келган зурриёт эдик. (Ўша) ноҳақ кишиларнинг феъллари сабабли бизни ҳалок қиласанми?» – дейишларини (билганимиз учун шундай қилдик)”.
(Аъроф сураси, 172-173)
Энди ушбу оятлардан келиб чиқиб юқорида тилга олган зулмкорлик синдромининг нима учун инсонларда тез шаклланиши ҳақида хулоса чиқарамиз. Маълумки Аллоҳ таоло инсонларни зарра шаклида Одам алайҳиссалом сулбларидан чиқариб уларга савол билан мурожаат қилади: “Мен Раббингиз эмасманми?” Бандалар бу саволга: “Раббимизсан! Гувоҳлик бердик” дедилар. Мана шу жавоб уларнинг Аллоҳ билан аҳдлашганликларини билдиради. Бу аҳд Аллоҳ ва унинг буйруқларига тўла бўйсуниш учун берилган аҳддир. Аммо, ер юзида одамлар тарқалиб нафси ва шайтонннинг найрангларига учгандан сўнг, улар исёнкорга айланди ва Аллоҳ уларни тўғри йўлга қайтариш учун Ўз элчилари пайғамбарларни юборди. Афсуски, одамларнинг аксари то бугунга қадар Аллоҳ таоло ва унинг пайғамбарларига берган аҳдларини бузишиб, тўғри йўлдан юз ўгирдилар. Натижада оятда келтирилганидек ўз аҳдларини бузганликлари сабабли улар Аллоҳнинг лаънатига учради ва қалблари бешафқат (меҳрсиз) қилиб қўйилди. Демак, инсондаги бу нуқсон яни зулм, бешафқатлик, ғазаб ва қаҳрларнинг бош сабаби Аллоҳ таоло ва пайғамбарига итоат этмасликдан келиб чиқар экан.
Пайғамбар алайҳиссалом ҳадиси қудсийда шундай марҳамат қилганлар: “Аллоҳ таоло шундай деди: “Эй бандаларим! Албатта мен Ўзимга зулмни ҳаром қилдим ва сизларнинг ораларингизда ҳам зулмни ҳаром қилдим. Бас, бир-бирларингизга зулм қилманг”.
Умри Исломда, тақвода, ҳидоятда ва Аллоҳнинг розилиги талабида ўтган инсоннинг қалбида ҳеч қачон ноҳақ зулм, қаҳр, жаҳл ва ғазабга жой қолмайди.
Саидаброр Умаров
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй Одам авлоди! Ҳар бир масжид (намоз) олдидан зийнатларингиз (пок кийимларингиз)ни (кийиб) олингиз! Шунингдек, еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай (Аъроф сураси, 31-оят).
Шундай экан мусулмон киши овқат ва ичимлик истеъмолида исрофдан ва ҳаддан ташқари кўп ейишдан сақланиши лозим. Чунки Рамазон ойи соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва жисмоний тарбия учун катта имкониятдир.
Табибларнинг таъкидлашича, рўзадор кишининг ҳазм қилиш тизими дам олади, танасининг тўқималари ва ҳужайралари зарарли моддалардан халос бўлади, ортиқча ёғ ва қанд миқдори камаяди. Шунингдек, рўза танани тозалайди ва Аллоҳнинг изни билан кўплаб жисмоний ва руҳий касалликларга шифо бўлади.
Рўза нафсни тарбиялашда катта аҳамиятга эга бўлиб, шаҳват ва орзу-истакларни назорат қилишга ёрдам беради. Шу билан бирга, шайтоний васвасаларни қувиб, ҳайвоний истакларни заифлаштиришда муҳим роль ўйнайди.
Бу жиҳатлар мусулмон кишини тарбиялайди, уни овқатда меъёрга риоя қилишга ўргатади ва турли таомлардан ҳаддан ташқари истеъмол қилишдан қайтаради. Шунингдек, рўза тутиш таом ва ичимликлар қабул қилиш вақтини тартибга солишни, таом устига таом ейишнинг зарарларини англашга ўргатади.
Рамазон ойида меъёр ва иқтисод
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Одам боласи қорнидан кўра ёмонроқ идишни тўлдирмаган. Одамга белини тутиш учун озгина лукималар кифоя қилади. Агар шунга ҳам қодир бўлмаса, қорнини уч қисмга бўлсин: учдан бири таом учун, учдан бири ичимлик учун ва учдан бири нафас олиш учундир” (Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривоят қилган).
Бир донишманд бундай деган: “Дард-аламнинг кўпчилиги таом ва ичимлик сабабли юзага келади.”
Шу сабабли, биз ўзимизни ҳамиша, хусусан, Рамазон ойида озиқ-овқат ва ичимликда иқтисод ва меъёрга риоя қилишга тарбиялашимиз керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар розияллоҳу анҳум Рамазон ойидан бошқа ойларда ҳам кўп вақтда оч қолишган, кам таом истеъмол қилиб, ҳаётларини содда ўтказганлар. Бир шоир дунё ҳаёти ҳақида бундай деган: “Бу дунёда пайғамбарлар оч қолгани учун шараф топдилар, аммо ҳайвонларнинг қорни эса тўқ ҳолда кузатиб қўйилди”.
Бу сўзлар инсон ҳаётида моддий неъматлардан кўра маънавий қадриятлар устувор бўлиши кераклигини таъкидлайди. Пайғамбарлар ва солиҳ инсонлар қийинчиликларга сабр қилиб, очликка дуч келган бўлсалар-да, уларнинг мақсади олий бўлган. Улар дунё лаззатларига берилмасдан, ҳақиқат ва ҳидоят йўлида яшаганлар. Шунингдек, бу сатрлар одамларни фақат моддий бойликка эмас, балки руҳий поклик ва тақвога эътибор беришга чақирган
Бас, шундай экан Рамазон ойини фақат кўп ейиш-ичиш мавсумига айлантирмаслик керак. Аксинча, уни тана соғлиғини тиклаш, зарарли моддалардан халос бўлиш ва ички покликни ошириш имконияти сифатида қабул қилиш лозим. Рамазон нафақат жисмоний, балки руҳий юксалиш, Аллоҳга яқинлашиш ва кўп савоблар йиғиш ойидир.
Доктор Солиҳ бин Али Абу Аърроднинг
“Рамазон мактублари” китобидан
Илёсхон Аҳмедов тайёрлади.