Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Ноябр, 2024   |   27 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:02
Қуёш
07:26
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:58
Хуфтон
18:17
Bismillah
28 Ноябр, 2024, 27 Жумадул аввал, 1446

Ўлчовдан уриш нега ҳаром? Уриб қолиш нималарда бўлади?

22.03.2019   9727   5 min.
Ўлчовдан уриш нега ҳаром? Уриб қолиш нималарда бўлади?

«(Савдо-сотиқда ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи кимсалар ҳолига вой! Улар одамлардан (бирор нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса уриб қоладиган кимсалардир. Улар (ўлгандан кейин) қайта тирилувчи эканларини ўйламайдиларми, Улуғ кунда (қиёматда) – одамлар (бутун) оламлар Парвардигори ҳузурида (ҳисоб-китоб бериш учун) тик турадиган кунда?!» (Мутаффифун, 1–6).

Мадиналиклар орасида ўлчов ва тарозидан уриб қолиш одати бор эди. Пай­ғам­бар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинага келганларида: «(Савдо-сотиқда ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи ким­салар ҳолига вой!» (Мутаффифун, 1) ояти нозил бўлди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларга оятни ўқиб бердилар ва айтдилар: “Беш нарсага беш нарса сабаб бўлади: қайси қавм аҳдини бузса, Аллоҳ таоло уларга душманини ҳукмрон қилиб қўяди; қайси бир қавм Аллоҳ таолога бўйинсунмаса, уларда фақирлик кўпаяди; қайси қавмда фоҳишалик пайдо бўлса, уларда ўлим кўпаяди; қайси қавм ўлчов ва тарозидан урадиган бўлса, уларда қурғоқчилик бўлади; қайси қавм закотни бермаса, уларга ёмғир ёғмай қолади”.
«(Савдо-сотиқда ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи кимсалар ҳолига вой! ...»
Муфассирлар айтадилар: Вой, яъни вайл, охиратда бўладиган қаттиқ азобдир.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: “Вайл дўзахдаги бир водийдир, унда йиринг оқади, унинг аҳли ўлчов ва тарозидан уриб қолувчилардир...”
«Улар одамлардан (бирор нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса уриб қоладиган кимсалардир».

Ибн Касир тафсирида бундай дейил­ган: “Инсонлардан молни ўлчаб олганда кўпайтириб оладиган, бошқаларга ўлчаб берганда уриб қолувчи кишилар “мутаф­фиф”, яъни ўлчов ва тарозидан уриб қолувчи­дир”.
Сотувчининг ўлчов ва тарозидан уриб қолишига индамай рози бўлиб кетиш керак эмас. Балки жамиятда бундай иллатга қарши курашиш ва унинг олдини олиш лозим.

Уламолар: “Тарозидан кўп ва оз уриб қолишнинг азоби охиратда бир хил бўлади”, дейишган. Ҳатто баъзи олимлар, тарозидан уриб қолишни ният қилишнинг ўзи ҳам катта гуноҳлардан, деб ҳисоблаганлар.
Имом Мотуридий оят тафсирида айтади: “Киши ўлчанадиган молни сотиб олаётганда сотувчининг тарозидан уриб қолаётганини билиб индамаса, унга рози бўлса ё уни кечириб юборса, сотувчининг гуноҳига шерик бўлади. Чунки тарозидан, ўлчовдан уриб қолиш олувчи ё сотувчидан бирининг зарар кўраётгани учун ҳаром эмас, балки Аллоҳ таоло тарози ва ўлчовдан уриб қолишни ман қилгани учун ҳаромдир”.

Ҳазрат Али (розиял­­лоҳу анҳу) бир куни заъфарон ўлчаб сотаётган кишининг ёнидан ўтиб кетаёт­ганида, сотувчи молни харидорга оғирроқ қилиб берди. Ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу) унга деди: “Олдин тарозида тенг қилиб ўлчаб бер, ана ундан сўнг хоҳлаганингча қўшиб бер”. Демак, сотувчи олдин тарозини тўғри тортиб, зиммасидаги вожибни адо этиши зарур. Сўнг агар истаса, молидан бир миқдорини харидорнинг халтасига солиб, эҳсон қилиши мумкин.
Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) сотувчи олдидан ўтганларида бундай дер эканлар: “Аллоҳдан қўрқ, тўғри ўлча, чунки тарозидан уриб қолувчилар қиёмат куни тўхтатилади, уларнинг баданларини тер қоплайди”.
Баъзи олимлар айтишларича, нафақат ўлчов ва тарозидан уриб қолувчилар, балки молнинг айбини айтмай, харидорни алдаб сотувчилар ҳам “мутаффиф” ҳисобланади.

Баъзи олимлар бундай деганлар: “Уриб қолиш ўлчов, вазнда бўлгани каби намоз ва таҳоратда, сўзда ҳам бўлади. Яъни, киши таҳорат ва намоз ёки бошқа ибодатларнинг рукнларини тўла, нуқсонсиз, мукаммал бажариши лозим, акс ҳолда мутаффиф бўлади.

Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) айтади: “Намоз ҳам тарозидир (яъни, тарози каби меъёрдадир). Ким уни мукаммал адо этса, Аллоҳ унинг ажрини тўла беради, ким уни нуқсонли қилса, сизлар Аллоҳ таолонинг тарозидан уриб қолувчилар ҳақидаги сўзини эшитгансиз (яъни, тарозидан уриб қолувчиларнинг оқибати қандай бўлишини биласиз)”.

«Улар (ўлгандан ке­йин) қайта тирилув­чи эканларини ўйла­майдиларми, Улуғ кунда (қиёматда) – одамлар (бутун) олам­лар Парвардигори ҳузурида (ҳисоб-китоб бериш учун) тик турадиган кунда?!» Яъни, ўлчовдан уриб қолувчилар қиёмат куни қайта тирилиб, барча қилган ишлари ҳақида жавоб беришларини ўйламайдиларми?

Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)нинг “Вай­лун­лил мутоффифин” сурасини ўқиб «“Улуғ кунда (қиёматда) – одамлар (бутун) олам­лар Парвардигори ҳузурида (ҳисоб-китоб бериш учун) тик турадиган кунда” мазмунли оятига етганда ўқишдан тўхтаб йиғлаганлари ва ҳушдан кетганлари» ривоят қилинган.

Кундалик турмушда бўладиган савдо-сотиқда ўта эҳтиёт бўлайлик, бир-бири­мизнинг ҳақимизга хиёнат қилмайлик!

Имом Мотуридий, Абу Лайс Самарқандий,
имом Замахшарий, Ибн Касир ва
Қуртубий тафсирлари асосида
Бадриддин САДРИДДИН ўғли
тайёрлади.

Қуръони карим
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Жаҳолатнинг жасорати

27.11.2024   968   2 min.
Жаҳолатнинг жасорати

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Қишлоқ сайрида дўстларимдан бир гуруҳи бир ўйин ўйнаётганини кўрдим. Улар дарахт шоҳига бўшаган шиша идишни осиб қўйиб, масофадан туриб милтиқ билан мўлжалга олишарди. Мен ҳам уларнинг даврасига қўшилиб мерганликда ўзимни синаб кўришга қарор қилдим.
- Бу нима? Милтиқми? У қандай отилади? Нима қилиш керак? Шишага отиш керакми? Қани, мен ҳам синаб кўрай. Улар то диққатларини жамлаб улгурмай туриб милтиқнинг тепкисини босдим ва шиша парчалари ҳар тарафга сочилиб кетди. 
Буни кутмаган дўстларим эса, ҳайратдан нафаслари ичларига тушиб кетди. Кейин билсам, улар бир соатдан бери шу ишни қила олмаётган экан. Уларнинг орасидаги учтаси мерганлик бўйича мукофот олган, аммо улар ҳам шишани ура олишмаган эканлар.
Бунинг ҳаммасини олдиндан билганимда, албатта, мен ҳам ура олмасдим. Буни, азизларим, жаҳолатнинг жасорати дейилади.

Агар жаҳолатнинг жасорати бўлмаганида, биз ҳеч нарса қила олмасдик, чунки олдиндан мағлубиятни кутиб, ўзимизни ишончсиз ҳис қилардик.
Шунинг учун ҳам ўша америкалик ёш йигит ҳақида ўқиб ҳайрон бўлмадим. У кечикиб лекция залига кириб келиб, тахтани кўрди. У ерда ечимини ҳеч ким топмаган тенглама бор эди.
Ёш йигит уни уй вазифаси деб ўйлаб, кўчириб олди. Уйига қайтиб боргач, кечгача меҳнат қилиб, ниҳоят тенгламани ечди ва эртаси куни ўқитувчига топширди.
Ўқитувчи ҳайратдан ўзига кела олмади ва йигитни чақириб, унга ҳақиқатни айтди: бу тенглама ечимсиз, буни тарих давомида математиклар ҳеч еча олмаган, ўқитувчи эса уни тахтага ечиш имконсиз бўлган тенглама сифатида кўрсатган эди. Аммо ҳақиқатни билмаган талаба уни бир кечада ечди.

Бу ерда бизга жаҳолатнинг жасорати керак, биз ўз олдимиздаги ишнинг қийинлигини ва биздан олдин қанча одамлар мағлуб бўлганини ўйламаслигимиз керак.
Бу муваффақиятга эришишнинг ягона усулидир. Агар биз бошлашдан аввал қўрқувларимизга берилсак, қора итлар келиб, бизни бир қадам ҳам ташлашга улгурмай ёриб ташлайдилар.

— Жаҳолатнинг жасорати ҳақида, Др. Аҳмад Холид Тавфиқ.

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ

ВИДЕО