Бугун, 16 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбарининг институт талабалари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Тошкент Ислом институти талабаларига Ислом цивилизацияси маркази лойиҳаси тақдим қилинди. Хусусан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан барпо этилаётган ушбу марказ олдига қўйилган мақсад ва вазифаларнинг марказ биноси маҳобатига мос экани, буюк аждодлардан қолган бой илмий-маънавий меросни сақлаш, ўрганиш ва тарғиб қилиш келажакда Ислом дини тарихи, унинг асл тинчлик, эзгулик, инсонийлик ва бунёдкорлик ҳамда юксак ахлоқдан иборат моҳиятини жамият аъзоларига етказиб бера олишга қодир бўлган мутахассисларни шакллантиришни тақозо қилиши талабаларга тушунтириб берилди.
Ислом дини илмлари, араб, форс, инглиз ва рус тилларини пухта эгаллаган, миллий ва диний қадриятларимиз асосида шаклланган одоблилик, интилувчанлик, ватанпарварлик каби юксак фазилатларга эга ёш мутахассислар келажакда, албатта, Ислом цивилизацияси марказида фаолият олиб боришлари мумкинлиги қайд этилди.
Учрашув самимий, очиқ суҳбат тарзида ўтди. Талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар ҳамда устозлар билан фикр алмашдилар.


Ислом цивилизацияси маркази Матбуот хизмати
Муқаддас Рамазон ойи муносабати билан муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан хорижда яшаётган ватандошлар учун кенг кўламли ифторлик ва маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда. Жорий йилда ушбу эзгу ташаббус доирасида 50 шаҳарни қамраб олиниб, хорижда меҳнат қилаётган, таълим олаётган ва доимий яшаб келаётган юртдошларимизни бирлаштирмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, Макка, Мадина, Сеул, Истанбул, Анқара, Қоҳира, Аммон, Куала-Лумпур, Вашингтон, Нью-Йорк, Торонто каби йирик шаҳарларда ифторликлар ўтказилмоқда. Шунингдек, ватандошлар ҳомийлигида Даллас, Филаделфия, Орландо, Новосибирск, Томск ва Екатеринбург шаҳарларида ҳам ифторликлар ташкил этилмоқда.
Мазкур хайрли ишлар мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари орқали Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Дин ишлари бўйича қўмита билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.
Уларда таниқли уламолар ва имом-хатиблар иштирок этиб, динимизнинг инсонпарварлик моҳияти, миллий қадриятлар тараннуми, Ватанга муҳаббат ва ёт ғоялардан сақланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу вақтгача Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан хизмат сафарига юборилган имом-хатиблар томонидан АҚШ, Россия ва Жанубий Кореяда 90 та маърифий суҳбат ва таровеҳ намозлари ўтказилиб, уларда 15 мингдан зиёд ватандошимиз иштирок этди.
Маърифий суҳбатлар юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, шукроналик, гўзал ахлоқ, ўзаро ҳурмат, миллий қадриятларга эҳтиром, Ватанга муҳаббат ва турли ёт оқимлардан сақланиш каби мавзуларни ўз ичига олган.
Мазкур тадбирлардан кўзланган мақсад хориждаги ватандошларимизни маънавий-маърифий қўллаб-қувватлаш, она юрт билан боғлиқлик туйғусини янада мустаҳкамлаш ва юртдошлар ўртасида бирдамликни кучайтиришдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати