Аллоҳга шукрки, юртимизда янги масжидлар қуриш, мавжудларини замонавий кўринишда қайта барпо қилиш ишлари давом этмоқда. Республикамизнинг бир неча ҳудудларида жоме масжидлар миллий андозаларга усулда бунёд этилмоқда.
Бугун, 11 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Тошкент шаҳридаги “Оқ уй”, Тошкент вилоятидаги “Хўжа”, “Нодирхон қори” ва “Эрбўта қози” жоме масжидларининг қурилиши бошланишида қатнашдилар.
Муфтий ҳазратлари дастлаб Тошкент шаҳри Миробод туманидаги “Оқ уй” жоме масжиди пойдеворига биринчи тамал тошини яхши тилак ва хайрли дуолари ила қўйиб бердилар ҳамда масжиднинг кўркам, барча талаб ва эҳтиёжларга мос бўлишига доир фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Айниқса, намозхонлар учун масжид кутубхонасини ташкил этиш ва ташриф буюрадиган нуфузли дунё уламолари, мартабали меҳмонлар билан ўзаро мулоқот ўтказиш учун муносиб шарт-шароитлар ҳозирлашни алоҳида таъкидладилар.
Масжид бир вақтда икки мингдан ортиқ киши намоз ўқишига мўлжалланган. Масжид пойтахтимизга водий томондан кириб келиш манзили – Фарғона йўли кўчасида жойлашганини эътиборга олиб, йўловчилар учун алоҳида шарт-шароитлар ташкил этиш белгиланган. Шунингдек, масжид ёнида лойиҳада назарда тутилганидек, мўъжаз меҳмонхона ва мажлислар зали ҳам қад кўтаради.
Қурилиши бошланиши маросимида уламолар, маҳалла фаоллари ва нуроний отахонлар ҳам иштирок этдилар. Муфтий ҳазратдан кейин уламолар, нуронийлар ва эзгу ниятда йиғилган қалби пок инсонлар ҳам бирин-кетин пойдеворга ғишт қуйдилар.
Муфтий ҳазратлари Тошкент вилоятида барпо этилаётган янги масжидларда бораётган қурилиш жараёнлари билан танишиб, муҳим тавсияларини бердилар. Улардан бири Қуйи Чирчиқ туманидаги “Хўжа” жоме масжиди. Ўтган йили ушбу жомени қайта қуриш ишлари бошланган эди. Маҳалла аҳлининг саъй-ҳаракати ила масжид пойдевори янгидан тикланиб, 11 февраль куни муфтий ҳазратлари хайрли дуолар ила масжид биносининг биринчи ғиштини қўйиб бердилар. Янги масжид 500 кишини ўз бағрига сиғдирадиган хонақоҳ, таҳоратхона, хизмат хоналаридан иборат бўлади.
Муфтий ҳазратларининг навбатдаги ташрифлари Оққўрғон туманидаги “Нодирхон қори” жоме масжиди бўлди. Сиғими мингдан ортиқ кишига мўлжалланаётган мазкур жомега 2017 йил 9 ноябрь куни биринчи ғишт қўйилган эди. Ҳозирга келиб масжид биноси қад кўтариб, том қисми ёпилди.
Оққўрғон туманидаги яна бир қурилиши давом этаётган “Эрбўта қози” жоме масжидида ҳам муфтий ҳазратлари бўлиб, қурилиш ишлари билан яқиндан танишдилар. Бу жойда барпо этилиши лозим бўлган шарт-шароитлар юзасидан тавсиялар бердилар. Масжид намозхонасининг сиғими 500 кишилик бўлиб, шу йилнинг охирига тугаши кўзда тутилган.
Муфтий ҳазратлари янги бунёд этилаётган жоме масжидларга ташрифлари давомида мўмин-мусулмонлар учун ташкил этилган шарт-шароитлар, намозхонлар ибодат қилишлари учун яратилган қулайликлар ва жоме масжидларни ўзига хос услуб ва меъморчилик асосида бунёд этишга алоҳида эътибор қаратдилар.
Масжидларга жам бўлган нуроний отахонлар муҳтарам Президентимизнинг диний-маърифий соҳадаги улкан ислоҳотлари сабабидан халқимизга туҳфа этилаёган ана шундай муҳташам жоме масжидлар учун миннатдорлик сўзларини изҳор этиб, она-Ватанимиз ободлиги, халқимиз фаравонлигини тилаб муфтий ҳазратлари бошчиликларида дуои хайрлар қилдилар.
Бундай эзгу ишларга ҳисса қўшиш истагидаги қурувчилар ўз маҳоратларини кўрсатиб, бор куч-ғайрат билан меҳнат қилишмоқда, саховатпеша инсонлар ўзларининг ҳимматларини кўрсатишмоқда. Зеро, масжид қуришнинг савоби улуғ экани Ислом манбаларида баён қилинган. Бу ҳақда Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан бундай ривоят қилинган: “Ким масжидда битта чироқ ёқса, ўша чироқнинг нури ўчгунича фаришталар у кишининг ҳаққига истиғфор айтиб турадилар”.
Ҳақ таоло ушбу жоме масжидларнинг қад ростлаётган биносини файзу баракотли айласин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Уламолар айтишича, Қуръоннинг мусулмон банда устидаги ҳақлари қуйидагилар:
Уламолар, мўмин-мусулмон киши Қуръонни ойда бир марта хатм қилишини тавсия этишган. Қуръон тиловати ҳар бир мўминнинг кундалик вазифаси бўлиши керак. Қуръон фақат қорилар ё кексалар ўқийдиган Китоб эмас. Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган ҳар бир банда билиши керак Қуръон ўқишни. Агар ҳафтада маълум кунларни Қуръон ўқиш ва ўрганишга сарфлаганимизда, орамизда Қуръон ўқишни билмайдиган инсон қолмасди.
Аллоҳнинг Китоби Қуръони каримни тиловат қилиш унга кўз югиртириб чиқиш ёки ёдлаганини тушунар-тушунмас такрорлаш эмас. Қуръонни бутун вужуд билан ҳис этган ҳолда ўқилади. Буни тадаббур дейилади.
Қуръон ёдлашнинг масъулияти катта. Қуръонни дилига жойлаган банда Қуръонни муттасил такрорлаб туради. Қуръонни ёдлаб, унинг ҳақларини поймол қиладиган, эътиборсизлик билан ёдлаганларини унутиб юборадиган “қори”лар огоҳлантирилган.
Ривоят қилинишича, солиҳлардан бири ўлим тўшагида ётган ҳолида ўғлига:
– Ўғлим! Менга Қуръонни олиб кел, биргина оятни унутиб қўйдим. Ўшани эсламоқчиман!, деди. Шунда ўғли ҳайрон бўлиб:
– Отажон, биргина оятни эслашингиздан қандай наф бор?! – деди. Солиҳ ота жигарбандининг саволига:
– Ўша оятни эслаган ҳолда Аллоҳ билан учрашишим ундан ғофил ҳолда йўлиқишимдан яхшироқ! – деб жавоб берган экан.
Вафотидан олдин илмга рағбат қилган уламолар ҳаётидан ибратли ҳикоялар келтирилади. Бу ҳам мусулмон банда илм-маърифатга интилиши, энг аввал, Парвардигорининг Китобини ўқишни ўрганиши, ундан имкон қадар ёдлаши кераклигига ишорадир.
Одамлар орасида обрўъ-эътиборга эга шахс гапираётганда унинг гапини бўлиш ёки маърузасига халақит бериш қандай одобсизлик-а. Тўғрими? Энди бутун оламлар Парвардигори Аллоҳнинг Каломи ўқилаётганда гаплашиш, тиловатга бепарво бўлиш қандай ҳурматсизлик эканини тасаввур қилиб кўринг!
Аллоҳ таоло Қуръони каримни ўқиш учун тилларга осон, оятларини тушуниб ибрат олиш учун фасоҳатли араб тилида нозил қилган. Агар инсон Қуръонни яхши тушунганида, уни тиловат қилишдан, Қуръон ўқишдан тўймасди. Демак, Қуръонга бўлган муҳаббатимиз зиёда бўлиши учун уни тўғри ўқиш ва ўқиганларимизни уқиш талаб этилади.
Энди ўзимизга савол берайлик: ичимизда неча фоизимиз Қуръон ўқишни билади? Қанча одам Қуръонни бошидан охиригача бехато ўқий олади? Неча киши Қуръоннинг маъноларини, ҳукмларини дарс қилиб ўқиган ёки ўқимоқда? Нима учун Қуръон ўқимаймиз? Нима учун устимизга хотиржамлик, хайр-барака, тинчлик-хотиржамлик тушишини истамаймиз? Ахир Қуръон касалликларимизга шифо ва раҳмат қилиб нозил қилинган-ку! Мусулмонман, деган ҳар бир инсон, кунда-кунора Қуръон ўқийди, уни ўрганади, ўқиганини тушунишга ҳаракат қилади.
Одилхон қори Юнусхон ўғли