frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Тавбам қабул бўлсин десангиз...

16.01.2019   4671   6 min.
Тавбам қабул бўлсин десангиз...

Инсон хатодан холи эмас. Ҳар биримиз турли гуноҳларни содир этганмиз.

Бу гуноҳларимизни Аллоҳ таоло кечириб юбориши учун битта шарти бор – тавба қилиш!

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифлардан бирида “Одам боласининг ҳар бири хато қилувчилардир. Хато қилувчиларнинг яхшиси эса кўп тавба қилувчилардир” деганлар.

Банда астойдил тавба қилса, Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини кечиради.

Хўш, тавба нима?

Тавба – гуноҳлардан қайтиш, Аллоҳ таоло сари юзланишдир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:

 

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا تُوبُوا إِلَى اللَّهِ تَوْبَةً نَّصُوحاً عَسَى رَبُّكُمْ أَن يُكَفِّرَ عَنكُمْ سَيِّئَاتِكُمْ وَيُدْخِلَكُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِن تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ

 

“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга холис тавба қилинглар! Шоядки Роббингиз гуноҳларингизни ювса ва сизни дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритса” (Таҳрим сураси, 8-оят).

Банданинг тавбаси қабул бўлиши учун унинг бир неча шартлари бор.

Уламоларимиз тавба ҳақида гапирганларида, агар гуноҳ Аллоҳнинг ҳаққига тегишли бўлса, 3 та шарти борлигини, агар банданинг ҳаққига тегишли бўлса, 4-шарти ҳам бўлишини айтишган.

  1. Гуноҳдан узилиш.

Банданинг тавбаси ҳақиқий тавба бўлиши учун у қилаётган гуноҳини тўхтатиб, ундан узилиши керак. Ароқ ичиб туриб, “Ўзинг кечиргин!” деса, бу тавба бўлмайди. Аввал ароқни идиши билан бирга дарҳол ташлаб юборади. Оғзидагини туфлаб ташлайди. Оғзини яхшилаб ювади. Бу ишни тўхтатади. Шу билан 1-шарт бажарилган бўлади.

  1. Надомат қилиш.

“Роббим, ароқни ҳаром қилган эдинг. Мен бандалигим, лойдан яратилганим ғолиб келиб, нафсимнинг сўзига кириб, шу ишни қилиб қўйдим. Аслида бу қилган хатойимга ўзим ҳам рози эмасман. Ҳаромлигини эътироф этаман. Бу гуноҳни енгил санаб қилаётганим йўқ! Қилган ишимдан афсусдаман! Гуноҳимни кечиргин! Ҳузурингда пушаймонман, хижолатдаман” деб, надомат қилади.

Пулимизни ўғри ўғирлаб кетса, қанчалик сиқиламиз. Дунёимиздан озгина мато кетганига қанчалик афсусланиш бўлади. Каттароқ корхона раҳбарининг иши орқага кетиб, корхонаси банкротга учраса, юборган маҳсулотлари ўтмай қолса, улар қандай аҳволга тушиши ҳаммага маълум.

Гуноҳ эса охиратимизга тегишли нарсадир. Бунинг салбий таъсири дунёда ҳам сезилса-да, асосан охиратда азобга сабаб бўлади.

Демак, гуноҳ қилган одамнинг сиқилиши молидан айрилганникидан кўп ва кучли бўлиши керак. Яъни банда гуноҳ қилганида, унинг қалбида ўша гуноҳдан хурсанд бўлиш ҳолати бўлмаслиги, аксинча, сиқилиш, афсусланиш, пушаймонлик ҳолати бўлиши керак. Шу билан 2-шарт бажарилган бўлади.  

  1. Гуноҳга ҳеч қачон қайтмаслик.

“Аллоҳ таоло бу гуноҳдан, масалан, ароқ ичишдан бандаларини қайтарганми, мен шу гуноҳдан тавба қилдимми, энди унга умуман бошқа қайтмайман! Қайтиб ароқ ичмайман!” дейиш керак.

Шу ўринда бир нарсани эслатиб ўтсак.

Шароит бўлмаганлиги учун гуноҳга қайтмаслик ҳақиқий тавба ҳисобланмайди. Агар пули бўлганда, яна зинога кетадиган, пули йўқлиги учун зинога бормаётган, зино қилмаётган одам зинодан тавба қилган ҳисобланмайди.

Ўғри одам оёғи синиб қолгани учун ўғрилик қилмаётган бўлса, агар оёғи тузалганда яна ўғрилик қилиш кайфияти бўлса, бу одам ҳали ўғрилик гуноҳидан ҳақиқий тавба қилган саналмайди.

Булар ҳар қандай шароитда бўлишларидан қатъи назар, чин кўнгилдан тавба қилиб, олдинги гуноҳларига бошқа қайтмасалар, ўшанда ҳақиқий тавба қилган бўладилар.

Инсон гуноҳ қилишнинг шароитлари бўлса-да, Аллоҳдан қўрқиб, Унинг розилигини кўзлаб, гуноҳга қайта қўл урмаса, мана шу ҳақиқий тавба ҳисобланади.

Ҳа, гуноҳдан тийилиш фақат Аллоҳнинг розилиги учун бўлиши керак. Дунёнинг бирор моли илинжида, кимнингдир ишончига кириш мақсадида, кимдандир мақтов эшитиш умидида қилинган тавба чинакам тавба ҳисобланмайди.

Банданинг ҳаққига тегишли гуноҳда мана бу шарт ҳам қўшилади:

  1. Ҳақларни эгасига қайтариш ва уни рози қилиш.

Агар бир инсондан қарзга пул олган бўлсангиз, шу пулни эгасига қайтаришингиз шарт.

“Эй Роббим, банданг Аҳмаджондан юз минг сўм қарз олгандим. Ҳали беролмадим. Ўзинг кечир!” десангиз, бу тавба эмас. Балки ўша Аҳмаджоннинг олдига борасиз, “Дўстим, мана бу 100 минг сўм пул. Мендан рози бўлинг” дейсиз. Ёки “Дўстим, сендан олган қарзимни узиш учун пул топа олмадим. Имконинг бўлса, қарзнинг ҳаммасини ёки ярмини кеч! Пул топяпман, аммо тирикчиликдан, рўзғордан ортмаяпти. Сенинг розилигингни олгани келдим” деб, ундан розилик сўрайсиз. Агар Аллоҳ таоло Аҳмаджоннинг дилига солса, қалби юмшаб, “Хўп, дўстим. Қарзингдан кечдим. Сендан розиман” деса, мана шунда 4-шартни ҳам бажарган бўласиз.

 Аллоҳ таоло мана шу тарзда тавба қилган бандаларининг гуноҳларини кечиради.  

Бу тавбанинг номи “насуҳ тавба” дейилиб, бу ҳақида юқоридаги оятда келди. Аллоҳ таоло ўша оятда мана шундай тавба қилганларнинг гуноҳларини кечириб, остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритишини эълон қилди.  

Шунинг учун азизлар, биз ҳам ҳаракат қилайлик! Тавба ва истиғфорга машғул бўлайлик! Тилларимиз доим Аллоҳнинг зикри билан, хусусан, истиғфор билан машғул бўлсин!     

Аллоҳ таоло тавбаларимиз насуҳ бўлишини, истиғфорларимиз ҳақиқий бўлишини насиб этсин, омин! 

 

Нозимжон Иминжонов тайёрлади 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Буни шукр деб бўладими?

27.06.2025   2564   3 min.
Буни шукр деб бўладими?

Беҳисоб пул ва бойликларни чекиш-ичиш, кайфу сафо учун сарф қилиш – Аллоҳга шукр қилишми?!

Ёшлик даврини зино ва ҳаром ишлар билан ўтказиш – Аллоҳга шукр қилишми?!

Телефон орқали ўзгаларга зарар етказиш, ҳар хил бўлмағур ишларда фойдаланиш – Аллоҳга шукр бўладими?!

Егуликларни чиқинди қутисига ташлаш, уволни билмаслик – Аллоҳга шукр қилишми?!

Закотни ўз вақтида адо этмаслик, садақадан тийилиш – Аллоҳга шукр қилиш деганими?!

Интернетда фойдасиз нарсалар учун вақт ажратиш, вақтни бекорга зое қилиш – Аллоҳнинг берган неъматларига шукр қилишми?!

Ахир Аллоҳ таоло бизларга шукр қилишни ва У Зотнинг фазлини эътироф қилишга буюрган-ку: «Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман. Менга шукр қилингиз, ношукрчилик қилмангиз!»[1].

Қолаверса, Аллоҳ таоло шукр қилувчиларни азобламаслиги хабарини ҳам берган: «Агар шукр қилсангиз ва иймон келтирсангиз, Аллоҳ сизларни нега азобласин?! Аллоҳ  шукрни қабул этгувчи ва билгувчи Зотдир»[2].

Шукр – Аллоҳ таоло ато этган неъматларнинг давомли бўлишининг гаровидир: «Яна Парвардигорингиз билдирган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир”»[3]. «...Агар шукр қилсангиз (ва иймон келтирсангиз) У Зот сизлар учун  рози бўлур...»[4].

Бу дунёда борлигимизга шукр қилиш – ота-оналаримизга яхшилик қилишимиздадир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг розилиги – ота-онанинг ризосидадир” [5], деганлар.

Қариндошчилик муносабатларини йўлга қўйиш, улар билан борди-келди қилиш, узилган ришталарни тиклаш ҳам Аллоҳ бизга қариндош, яқинлар бергани неъматининг шукридир. Набий алайҳиссалом бу борада: Ризқида кенгчилик бўлиши, ажали ортга сурилиши кимни хурсанд қилса, қариндошчилик алоқаларини боғласин”, деганлар[6].

Садақа бериш – Аллоҳ бизни мол-дунё билан сийлагани учун шукр қилиш демакдир. Садақа Аллоҳ таолонинг ғазабини ўчиради. Набий алайҳиссалом: “Махфий қилинган садақа Яратганнинг ғазабини ўчиради. Қариндошчилик алоқаларини боғлаш  умрни узайтиради. Яхшилик қилиш ёмон ўлим топишдан асрайди”, [7] деганлар.


Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.

 


[1]  Бақара сураси, 152-оят.
[2]  Нисо сураси, 147-оят.
[3]  Иброҳим сураси, 7-оят.
[4]  Зумар сураси, 7-оят.
[5]  Ибн Ҳиббон ривояти.
[6]  Имом Бухорий ривояти.
[7]  Имом Табароний ривояти.