Ҳазрати Имом масжидида жума намозига бир муаззин йигит азон чақиради. Бағоят ширали овозда, қалбга яқин оҳангда, тинглаганда жонингиз ором олгандек бўласиз. Ҳар сафар жума куни ўша йигитнинг азон чақиришини кутиб ўтирар экансиз, дафъатан хаёлингизга кечагина шу азонни тинглаб ўтирмаганмидик, деб ўй келиб қоласиз ва ҳушёр тортасиз. Ё тавба, вақт шунчалик тез ўтяптими?..
Дарҳақиқат, вақт югурик, умр ўткинчи...
Кечагина баҳорнинг бўйидан сармаст бўлиб юрган эдик. Бугун эса совуқдан дилдираб турибмиз.
Аммо меҳрибон Парвардигоримиз ҳар бир фаслни ҳам бандаларига қулайликлар даври қилиб яратганки, буни билган билади, билмаган лаллайиб ўтиб кетади. Тунларнинг узайиши, кўп вақтлардан бери бажаришни ният қилиб аммо фурсатини топа олмай юрган ишларимизнинг айни замони эмасми. Оила жам бўлиб мириқиб суҳбатлашади, дўсту қадрдонларни йўқлайсиз, талабалар учун дарсга ғайрат қилади, мутолаа завқи, илмий ишлар, баҳсу мунозаралар...
Қишнинг узун тунлари айни шу ишларни бажаришга Раббимиз ато этган қулайликдир.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шунга диққатимизни қаратиш ниятида “Қиш – мўминнинг баҳоридир”, деб марҳамат қилганлар (Имом Аҳмад ривояти) ва ана шу фасл мусулмоннинг ҳаётида қанчалик катта аҳамият касб этишига ишорат қилганлар.
Ҳадисдан англаймизки, баҳор келганда табиат қандай нафас олса, ҳар тарафга чечаклар ҳиди тарқалиб, олам анвойи гўзалликларга бурканса, мўминнинг қалбида ҳам қишнинг узун тунларида худди шундай ўзгаришлар юз беради – турфа гўзалликлари ила баҳор киради. Мўмин ушбу фаслда: маънавий оламида ҳамда инсоний муносабатларида баҳор ҳаётини яшайди, гўёки янгидан тирилади. Ушбу баракотли тунларни ишлари унумли бўлишига бир восита қилади.
Фахри коинотимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиснинг давомида икки хусусиятни тушунтириб, бу фаслни қандай ўтказиш кераклиги хусусида мўминларга тавсия берганлар: “Қишнинг кундузлари қисқарганда, мўмин рўза тутади; кечалари узайганда тунлари ибодат қилади” (Суютий, “ал-Жомеус-сағир”, I, 718; Байҳақий “Сиям”, I, 115).
Уламоларимиз ушбу ҳадис шарҳида бундай деганлар:
“Мўмин бу фаслда тоат-ибодат боғларида кезади, ибодат майдонларида жавлон уради. қалби амал боғчаларида сайр қилади. Ибодатларга янада ғайратли бўлади. Унинг шавқи шу қадар бўладики, на рўза уни ҳолдан тойдира олади на уйқусиз тунларда мудроқ босади... яъни кечанинг узунлиги уйқуга тўйиб олиб, таҳажжуд ва зикрга тиниққан ҳолда туришига шароит яратади. Шу ҳисобда, ҳам танасининг эҳтиёжини қондиради ҳамда ибодатни вақтида бажаради”.
Демак, қиш мўминнинг баҳори эканини белгиловчи биринчи омил кундузи рўза тутишга қулай эканидир. Бу вақтда рўза тутган киши ҳеч қандай қийинчилик кўрмайди. Пайғамбар алайҳиссалом бошқа бир ҳадиси шарифда: “Қишда рўза тутмоқ, салқин бир ғаниматдир”, дея бу рўзанинг қулайлиги ва баракотини тушунтирганлар (Имом Термизий, Имом Аҳмад ривояти).
Аёнки, рўза нафс тарбиясига йўналтирилган муҳим ибодат. Пайғамбар алайҳиссалом фарз бўлган рўзадан ташқари, нафл рўзаларга ҳам ташвиқ этишининг сабаби мўминнинг маънавий юксалишига ундамоқдир. Зотан, кун узоғи ибодатда (рўзадор) бўлган одам ҳам Раббини ўзига яқин ҳис қилади ҳамда унинг инсонлар билан муносабати гўзал бўлади. Янада аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, маънан озиқланган инсон Раббисига янада итоаткор, инсонларга нисбатан янада шафқатли ва марҳаматли бўлади. Бу, албатта, мўминнинг кўнгил дунёсини ва ижтимоий ҳаётини баҳорга айлантиради.
Иккинчи омили эса кечалари ибодатга қоим бўлиш пайғамбарлар суннати ва солиҳлар амалидир. Ояти каримада мадҳ этилганидек, “Улар тонг саҳарларда истиғфор айтар эдилар (Ваз-зориёт, 18).
ЎМИ матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бир куни Ҳасан розияллоҳу анҳу уйидан янги, тоза кийимлар кийиб, виқор билан кўчага чиқди. Бир гуруҳ дўстлари, ходимлари билан Мадина кўчаларининг бирида кетаётиб, елкасида бир меш сув кўтариб олган, қашшоқликдан эзилган кекса яҳудийни учратиб қолди. Қария Ҳасан розияллоҳу анҳуни бундай кўркам кийимда кўриб, чидай олмади, «Илтимос, бирпас тўхтаб, сўзимга қулоқ солинг!» деди. Ҳасан розияллоҳу анҳу тўхтади. Яҳудий: «Эй Расулуллоҳнинг набираси! Менга раҳм қилинг, адолат қилинг! Бобонгиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дунё мўминнинг зиндони, кофирнинг жаннатидир», деган эдилар. Лекин кўриб турибманки, сиз бу дунёда ҳам неъматларга кўмилиб, фаровон яшаяпсиз. Унда бўлса, бу дунё сиз учун жаннат, мен учун эса дўзах экан-да? Ахир мен қийинчиликда, қашшоқликда яшаяпман. Лекин сиз мўминсиз, мен эса ундай эмас», деди.
Ҳасан розияллоҳу анҳу бундай деди: «Кўзингдан парда олиб ташланганида, Аллоҳ таоло менга ва барча мўминларга жаннатда қандай неъматлар тайёрлаб қўйганини кўрганингда эди, бу дунё шунчалик гўзаллигига қарамай, биз учун зиндонлигини кўрган бўлардинг. Аллоҳ таоло сенга ва барча кофирларга дўзахда қандай азобу қийноқлар тайёрлаб кўйганини кўрганингда, шунчалик қашшоқ, паришонлигингга қарамай, бу дунё сен учун жаннат эканлигини тушунган бўлардинг».
Дарҳақиқат, мусулмонлар бу дунёда қанчалик фаровон яшамасин, жаннатдаги неъматлар олдида ҳеч нарса эмас. Худди шунга ўхшаб, мусулмон бўлмаганлар ҳам бу дунёда фаровон яшаётган бўлса, бу Аллоҳ таолонинг Роҳман исмининг бир тажаллийси бўлиб, вақтинчалик берилган иноятдир, охиратда кўриладиган азобларнинг қаршисида ҳеч нарса эмасдир.
«Ким дунёни истаса, дунё уни ерга уради!»
Ҳасан розияллоҳу анҳу ўрни келганда, одамларга насиҳат қилиб, ҳаётда бошқаларга ибрат бўлиб яшаш, гўзал хулқ-атвор эгаси бўлиш лозимлигини айтар эди. У ўзининг ижтимоий ҳаётга оид маслаҳатларидан бирида бундай деган: «Кимки дунёни хоҳласа, дунё уни ерга уради! Кимки дунёга қалбини боғламаса, унга парво қилмайди. Кимки дунёни севса, у бойларнинг қулига айланади. Кечаги куни билан бугунги куни тенг бўлган киши зиёнда, кимнинг ўтмиши бугунидан яхшироқ бўлса, у ҳам зиёндадир. Ўзини мукаммал деб ҳисоблаган одамда камчилик кўп бўлади. Гўзал ахлоқ инсонга зийнатдир. Садоқат бойликдир. Шошқалоқлик енгилликдир. Қалби дунёга боғланган одамлар билан бирга ўтириш доғдир. Ёмон одамлар билан бирга бўлиш эса ўзгаларда шубҳа уйғотади».
«Миллионер саҳобалар» китобидан