Бошингизни кўтариб, осмонда қум каби сочилиб кетган сайёралар ва юлдузларга боқар экансиз, шундай бир савол туғилиши мумкин: қачонлардир юлдузлар ва сайёралар тўқнашиб кетмасмикан? Физик қонунларга кўра ҳеч қандай куч таъсир доирасида бўлмаган жисмлар тартибсиз ҳаракат қилади ва ўзаро тўқнашиб кетиш эҳтимоли бор. Демак, физик қонунларга кўра сайёралар ва юлдузлар тўқнашиб кетиши мумкин. Аммо, астрономлардек фикрлайдиган бўлсак хулоса ўзгаради.
Биз осмонга боққанимизда, қайси сайёра ёки юлдуз бошқасига нисбатан Ердан қанчалик олисроқ эканини аниқлай олмаймиз. Буни яхшироқ англаб олиш учун Қуёш системасига мурожаат қиламиз. Олимларнинг таъкидлашича сайёралар ҳеч қачон Қуёшнинг тортиш зонасидан чиқиб кета олмайди. Улар доимо унчалик тўғри бўлмаган айлана шаклидаги ўз орбитаси бўйлаб ҳаракат қилади. Сайёраларнинг ҳаракат тезлиги эса улар билан Қуёш ўртасидаги масофага боғлиқ ҳолда белгиланади. Фикримизни исботлаш учун тасаввурингизга таянган ҳолда сиз билан кичкина илмий тажриба ўтказиб кўрамиз.
Ўз бошингизни Қуёш деб ва у Қуёш системасида, Қуёшнинг ўрнида жойлашган, деб фараз қилинг. У ҳолда бошингиз турли диаметрдаги бир неча айлана марказида бўлади. Бу айланалар сайёраларнинг Қуёш атрофида ҳаракатланадиган орбитасидир. Агар бошингиз марказда жойлашган бўлса, Меркурий сиздан 6 метр нарида бўлади. Унинг бошингизга нисбатан ўлчами ушбу гап охиридаги нуқтага тенгдир. (Бошингизнинг ўлчами Қуёш ўлчамига тенг эканини унутманг.) Венера — Чўлпон 11,9 метр наридаги орбита бўйлаб ҳаракатланади, унинг ўлчами “о” ҳарфига тенг. Учинчи айланада бизнинг сайёрамиз Ер жойлашган. У Венерадан бир оз каттароқ. Бошингиз билан унинг ўртасидаги масофа — 16 метр (аслида эса бу масофа, тахминан, 150 000 000 км.ни ташкил этади). Тўртинчи айланада Ердан бир оз кичикроқ Марс — Миррих жойлашган. Унинг бошингиздан узоқлиги — 25 метр. Навбатдаги сайёра — Юпитер — Муштарийдир. У — сайёралар ичида энг йириги. Бошингиз (Қуёш) билан таққослаганда, у шиша шарча катталигидадир, ўртадаги масофа футбол майдони бўйича келади. Олтинчи айланадаги сайёра Сатурн — Зухалдир. Унинг диаметри — 12 мм, Юпитерга нисбатан икки марта олисда жойлашган. Диаметри 5 мм Уран Сатурндан ҳам икки марта узоқдадир. Урандан бир оз кичик бўлган Нептун Уран билан Қуёш ўртасидаги масофанинг ярмида жойлашган. Ердан икки марта кичик бўлган Плутон эса Юпитердан 8 марта узоқда жойлашган. Уларнинг барчаси атрофингиздаги ўз орбиталари бўйлаб ҳеч бир ўзгаришсиз ҳаракат қилаётганини эсга олсангиз, уларнинг ўзаро тўқнашиб кетиш эҳтимоли деярли йўқ эканлигини англаб етасиз.
Ушбу тажрибадан хулоса қилиш мумкинки, Қуёш системасидаги, умуман бутун коинотдаги сайёралар ва юлдузлар маълум бир қоидага асосан ҳаракатланади. Олимлар эса мазкур ҳолатга қуйидагича изоҳ берган: осмон жисмларининг барчаси тартиб билан қандайдир кучга бўйсуниб ҳаракатланади. Ўша куч томонидан ўзларига тегишли вазифани бажариш учун бўйсундирилгандек, гўё. Олимлар ҳақ эди! Зеро, Аллоҳ таоло Ўз каломи бўлмиш Қуръону каримда шундай марҳамат қилади:
“...қуёш, ой, юлдузларни Ўз амрига мусаххар (муте) қилиб қўйган Аллоҳдир. Огоҳ бўлингизки, яратиш ва буюриш Унга хосдир”. (Аъроф, 54)
“У сизлар учун кеча ва кундузни, Қуёш ва Ойни бўйин сундириб қўйди. Юлдузлар ҳам Унинг амрига бўйин сундирилгандир. Албатта, бунда англайдиган кишилар учун (Унинг қудратига далолат қилувчи) аломатлар бордир”. (Наҳл, 12)
“(Юлдузлар ҳаракат қиладиган) йўллар эгаси бўлмиш осмон билан қасамёд этаманки...” (Зориёт, 7)
“На Қуёш Ойга етиши мумкин ва на тун кундан ўзувчидир. (Қуёш, Ой ва юлдузларнинг) ҳар бири (бир) фалакда сузиб юрадилар”. (Ёсин, 40)
Нафақат осмон жисмлари, сайёралар ва юлдузлар балки бутун борлиқ ва ундаги яратилганларнинг барчаси Аллоҳ таоло белгилаб берган қоидалар асосида ҳаракатланади, яшайди ва ўз вазифасини бажаради.
Холиқ ва Қодир бўлган Зотга беҳисоб ҳамд-у санолар бўлсин!
Хулоса ўзингиздан!
Саидаброр Умаров тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ибн Ато: “Банда бир гуноҳ қилади-ю, у сабаб жаннатга кириш бахтига мушарраф бўлади... Ва яна бир савоб ишни қилади-да, у туфайли жаҳаннамга тушади”, дедилар. Атрофидагилар: “Қандай қилиб бундай бўлиши мумкин?!”– дейишди. Ибн Ато бунга жавобан шундай дедилар: “Банда гуноҳ қилади-да, тинмай ўз гуноҳини ўйлаб юраверади, охир-оқибат унда ўзини паст олиш, синиқлик ва надомат пайдо бўлади, ана ўша бу банданинг нажотига сабаб бўлади. Бир яхшилик қилиб, ўша иши ҳеч кўз олдидан кетмайди. Ҳар гал уни тилга оларкан, бу унда ужб, кибр ва бошқаларга миннат қилиш каби туйғуларнинг уруғини қадайди, айни шу ҳол унинг ҳалокатига сабаб бўлади”.
Имом Моликдан ривоят қилинадики, у зот: “Ўзларинг худодек одамларнинг гуноҳларига қарайверманглар. Қулдек бўлиб ўз гуноҳларингизга эътиборли бўлинглар. Бошига бирон кўргилик тушганларга марҳаматли бўлинглар ва бошингиздаги офият учун Аллоҳга ҳамд айтинглар!” – деганлар.
“Бу дўзахий, бу жаннатий” дейишдан сақланинг. Осийларга манманлик қилманг, Аллоҳдан улар учун ҳидоят ва тўғри йўлга тушишларини сўранг.
Бир фожир кимса Ҳарами шарифда бўлса-да, Аллоҳнинг чегарасидан чиқиб гуноҳ қиларди. Солиҳ кишилардан бири доим унга Аллоҳни эслатиб: “Биродар, Аллоҳга тақво қил! Аллоҳдан қўрқ! Сен курраи заминдаги энг муборак жойда бўла туриб гуноҳи кабиралар, фаҳш ишларни қилишга қандай ботинасан?!” – дер эди. Шундай кунларнинг бирида солиҳ киши яна фожирни Аллоҳ томон чорлаб, унга насиҳат қилди. У бўлса бу гапларга эътибор ҳам қилмади, аксинча, унга ўта хунук тарзда жавоб қайтарди. Солиҳ киши эса таажжубланган ҳолда шошиб: “Бундай тарзда давом этаркансан, Аллоҳ сени кечирмайди”, деб юборди. Бу гап осийнинг бошига гурзи билан ургандай бўлди ва: “Аллоҳ мени кечирмайдими?! Аллоҳ мени кечирмайдими?! Йўқ, Аллоҳ, албатта, кечиради!..” – деди.
Орадан анча вақт ўтди. Воқеликка гувоҳ бўлган киши бундай дейди: “Вақт ўтиб унинг Танъимдан умрага эҳром боғлаганини кўрдик. У умра тавофини тугатмасидан туриб ҳушидан кетиб йиқилди ва Байтуллоҳнинг рукни ва Мақоми Иброҳим орасида жони узилди”.
Хабарларда келишича, Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга қуйидагича хитоб қилиб: “Эй Довуд! Гуноҳкорларга хушхабар беринг. Сиддиқларни огоҳлантиринг”, деди. Довуд алайҳиссалом ҳайрон бўлдилар. Аллоҳ таоло: “Менга ҳеч қандай гуноҳни кечириш оғир келмайди (Мен кечирмайдиган бирорта гуноҳ йўқ). Сиддиқларни огоҳ этингки, улар амаллари билан таажжубланмасинлар. Чунки мен бирор кишини ҳисобга тортсам, ҳалок бўлмай қолмайди”.
“Эй Довуд! Агар сен Мени яхши кўриш даъвосида бўлсанг, қалбингдан дунё муҳаббатини чиқариб юбор. Зеро, менга бўлган муҳаббат ва дунё ишқи бир қалбда жам бўлмагай”.
“Эй Довуд! Менга муҳаббат қилган киши одамлар ухлаётган чоғда ҳузуримда таҳажжуд ўқигани ҳолда ҳозир бўлади. Ғофиллар мени зикр қилишдан лоқайд бўлганлари пайт хилватда Мени зикр қилади. Одамлар ёдларидан чиқарганларида неъматимга шукр қилади...”
Роббига осий бўлаётган кишининг нафсу ҳавосини таг- туги билан суғуриб ташлаб, Мавлоси томонга қайтиш вақти келди...
Банда Аллоҳ унга берган инъомларни эсидан чиқардими?!
Тунда қоим бўлинг ва Роббингизга муножот қилганингиз ҳолда бундай денг: “Аллоҳим! Сен Ғофурсан, мен эса осийман. Сен Раҳимсан, мен бўлсам жиноятчи. Ҳузурингда итоат қилиб турганим ва хорлигимга раҳм қил!”.
Ҳассон Шамсий Пошонинг "Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар" номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.