Аввал, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Франциянинг Париж шаҳрида бўлиб ўтадиган Халқаро мусулмонлар форумида иштирок этиш учун жўнаб кетганлари ҳақида маълумот берган эдик.
Муфтий ҳазратлари Тошкент – Москва – Париж йўналиши орқали Парижга етиб келдилар. Муфтий ҳазратни Париж шаҳри аэропортида Россия мусулмонлари диний идораси вакиллари ҳамда Ўзбекистоннинг Франциядаги элчиси Сардор Рустамбоев бошчилигидаги элчихонамиз ходимлари кутиб олди.
Куни кеча, 9 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Франция давлатига ташрифлари доирасида Париж шаҳридаги Ўзбекистон элчихонаси фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Муфтий ҳазратларига Ўзбекистоннинг Франциядаги элчиси Сардор Рустамбоев томонидан олиб борилаётган кенг кўламли фаолият тўғрисида маълумотлар тақдим этди.
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги муносабатлар янада кенг кўлам касб этмоқда. Ҳамкорлик алоқаларининг ривожланганини Франция Президенти Эммануэль Макроннинг таклифига биноан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилда ушбу мамлакатга расмий ташрифи, икки томонлама муносабатларнинг юқори даражага кўтарилганидан далолат беради. Ушбу учрашувлар натижаси ўлароқ, кўплаб ҳамкорликлар юзасидан шартномалар ва келишувлар имзоланган эди.
Франция сафари давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ризо – Аллоҳнинг буюрган қазои қадарига нисбатан, бошга тушган бало ҳар қанча оғир бўлишига қарамай, бандада ҳеч қандай норозилик мавжуд бўлмаслигидир. Аммо бу нарса Аллоҳнинг иродаси билан кечаётган ҳар бир жараёнга банда, албатта, рози бўлиши лозим дегани эмас. Масалан, бунда банданинг гуноҳ ишларга ҳам рози бўлиш тушунилмайди. Ризолик ҳам ўринли бўлмоғи даркор.
Ризолик – бу ҳар қандай даъво ва эътирозни кўнгилдан чиқариб, хурсандчилик ва мамнуният туйғусидан ўзга нарсани қолдирмасликдир. Яъни Аллоҳнинг бандаси учун қабул қилган қарорига нисбатан кўнгил хотиржамлигини туйиш ва уни тўлақонлигича қабул этишдир. Шу жумладан, қазои қадар содир бўлгунича инсоннинг ўзича танлаш ихтиёридан кечиши, содир бўлгач эса унга нисбатан норози бўлмаслиги ҳам ризолик аломати ҳисобланади.
Ризоликнинг яна бир белгиси – бу ҳар қандай оғир вазиятларда ҳам Аллоҳга бўлган муҳаббатининг барқарор қолишидир.
Дарҳақиқат, иймон ҳаловатини фақат Аллоҳдан ўзининг Роббиси – тарбият кунандаси сифатида рози бўлган кишигина топа олади. Кўнглида бир зарра бўлса ҳам дунё муҳаббати бўлган одам эса бундай лаззатни ҳаргиз тополмайди.
Аллоҳдан розиликнинг икки хили бор: Аллоҳнинг ўзидан ва унинг аҳкомидан розилик. Ўзидан розилик – бу Унинг ҳамма нарсада гўзал тадбир ва интизом ўрнатувчи эканлигига ишонишдир, аҳкомидан розилик эса Унинг қазою қадаридан рози бўлишдир. Аллоҳдан рози бўлган Унинг қазои қадарига ҳам қарши бормайди, аксинча, рози бўлади. Ким Аллоҳнинг бандасига фақат яхшиликни раво кўришига ишонса Аллоҳ ҳақиқатан унга фақат яхшиликни ирода этади.
Тафвиз ва таслим – бу Аллоҳ иродасига бутунлай тобе бўлиб, ўз хоҳишларидан воз кечишдир. Таслим, Ислом ва истислом – бир негизли сўзлар бўлиб, Аллоҳ олдида бандалик ҳолларини намоён этиш ва Унга бутунлай таслиму итоатда бўлишликни ифодалайди.
Тафвиз – ҳар қандай дунёвий ишларда ўзининг танлаш ихтиёридандан воз кечиб, бутунлай Аллоҳга топшириб қўйиш ҳамда Унинг иродасига зид бўлган барча нарсаларни тарк этишдир.
Тафвиз – Аллоҳнинг ҳукми амалга ошгунича, таслим эса амалга ошгач бўлади дейдилар.
Тафвиз ва таслим – Аллоҳни яхши таниган аҳли маърифатларнинг сифатидир.
“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.