Бу муҳтарам зот Абу Ҳозим Аъраж номи билан машҳур бўлганлар. Абдурраҳмон ибн Зайд раҳматуллоҳи алайҳ: “Абу Ҳозимдан кўра ҳикмат тилига яқин бўлган бирор кишини кўрмадим”, деганлар.
Ҳижратнинг 97 йилида мусулмонлар халифаси Сулаймон ибн Абдулмалик пайғамбарлар отаси бўлмиш Иброҳим алайҳиссаломнинг чақириқларига “лаббай” деб жавоб қилиб, ҳаж қилиш ниятида муқаддас манзилларга сафарга отланади. Унинг карвони умавийлар халифалиги салтанати пойтахти Дамашқдан интиқлик билан Мадинаи мунаввара сари йўл олади.
Равзаи мутоҳҳарада намоз ўқиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салом бериш қувончи халифанинг қалбини эгаллаб олган эди. Халифанинг карвонида қорилар, муҳаддислар, фақиҳлар, уламолар, амирлар ва саркардалар жам эди.
Карвон Мадинаи мунавварага етиб келиб юклар туширилгач, Мадинанинг мансабдор ва эътиборли кишилари халифага салом беришга ва уни қутлашга бордилар. Лекин Мадина қозиси, боҳужжат олими ва ишончли имоми бўлган Салама ибн Динор халифага салом бериш ва уни қутлашга чиққанлар ичида йўқ эди. Сулаймон ибн Абдулмалик зиёратга келганлар билан саломлашиб, дийдорлашгач, суҳбатдошларидан бирига қараб:
— Қалблар учун уларни вақти-вақти билан тозалаб, зангини кетказиб турувчи одам бўлмаса, темирни занг босгани каби, қалбларни ҳам занг қоплайди, — деди.
Суҳбатдош:
— Ҳа шундай, эй мўминлар амири, тўғри айтасиз,-– дея унинг гапини тасдиқлади.
Халифа:
— Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларини кўриб, улардан таълим олган, биз гуноҳкор бандаларга панду насиҳат қилиб, қалбларимизни тозалайдиган, бирор киши йўқми Мадинада?
Даврадагилар жўр овозда:
— Ҳа бор, эй мўминлар амири, Абу Ҳозим Аъраж ана шундай зотлардандир, – дедилар.
Халифа:
— Абу Ҳозим Аъраж ким бўладилар? – деб сўради.
Мадина улуғлари:
— Салама ибн Динор бир қанча саҳобаи киромларни кўрган тобеинлардан бири. Ҳозирги вақтда Мадинанинг олими ва имомидир, – деб жавоб қилдилар.
Халифа:
— Ундай бўлса ҳурматларини жойига қўйган ҳолда ҳузуримизга таклиф қилинглар, – дея илтимос қилди.
Аъёнлар халифанинг таклифини Абу Ҳозимга етказганларида, улуғ тобеин таклифни қабул қилиб, халифа қароргоҳига келадилар. Ўз навбатида халифа ҳам таклифни рад этмай қабул қилинганини қадрлаб, Абу Ҳозимни яхши кутиб олиб, ўзига яқин ўринга ўтказади ва маломатомуз оҳангда:
— Бу не жафо, эй Абу Ҳозим? — дейди.
Абу Ҳозим:
— Жафо таниш-билишлар орасида бўлади. Сиз мени шу кунгача танимас эдингиз, мен ҳам сизни кўрмаган эдим. Бас, шундай экан, мен сизга қандай жафо етказишим мумкин? – деди.
Шунда халифа атрофидагиларга:
— Шайх узрларини тўғри баён қилдилар, халифа уни хато маломат қилди, — деди.
Сўнгра, Абу Ҳозимга юзланиб:
– Кўнглимда йиғилиб қолган муҳим масалалар бор, шуларни сизга баён қилсам, – деди.
— Марҳамат, эй мўминлар амири, мадад ёлғиз Аллоҳдандир, – деди Абу Ҳозим.
— Эй Абу Ҳозим, нима учун биз ўлимни ёмон кўрамиз?
— Чунки биз дунёйимизни обод қилиб, охиратимизни хароб қилганмиз... Шунинг учун обод жойдан хароб жойга чиқишни ёмон кўрамиз.
— Рост айтдингиз, эй Абу Ҳозим, эртага, Қиёмат куни биз учун Аллоҳнинг ҳузурида қандай нарсалар ҳозирланган эканини жуда билгим келади?.
— Амалингизни Аллоҳнинг Китобига солиб кўрсангиз, ҳаммаси аён бўлади.
— Уни Аллоҳ таоло Китобининг қаеридан топаман?
— Калимаси олий Зотнинг ушбу сўзидан топасиз: “Шак-шубҳасиз, яхшилар (яъни мўминлар) жаннат неъматларидандирлар. Шак-шубҳасиз, фисқ-фужур қилувчи кимсалар дўзахдадирлар” (Инфитор: 13-14).
— Аллоҳнинг раҳмати қаерда қолди?
— “Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир” (Аъроф, 56).
— Аллоҳнинг ҳузурига қай ҳолда бориларкин?
— Яхши амал қилувчи одам, узоқ муддат айрилиқдан сўнг оила аъзолари ҳузурига қайтаётган киши каби келур. Ёмон амал қилувчи эса хожасидан қочган қулни ушлаб, хожаси ҳузурига судраб олиб келинаётган қул каби келур.
Халифа йиғлаб юборди. Сўнг:
— Эй Абу Ҳозим, қандай қилсак солиҳлардан бўламиз? – деб сўради.
Абу Ҳозим:
— Такаббурликни ташлаб, тавозели бўлсангиз солиҳлардан бўласиз.
— Мол-дунё ҳақида нима дейсиз ва унда Аллоҳ таолога тақво қилиш йўли қандай?
— Мол-дунёни ҳақ билан оласизлар ва уни эгаларига берасизлар... Уни баробар тақсимлаб, қўл остингиздагилар орасида адолат қиласизлар.
— Эй Абу Ҳозим, одамларнинг афзали ким?
— Амалли ва тақво эгалари одамларнинг афзалидир.
— Энг адолатли сўз қайси сўз?
— Қўрқиб ёки ундан бирон нарса умид қилиб турган одам қаршисида кишининг айтган ҳақ сўзи, энг адолатли сўздир.
— Энг тез ижобат бўладиган дуо қайси?
— Чиройли амал қилувчи кишининг, чиройли амал қилувчи кишилар ҳақига қилган дуоси.
— Садақаларнинг афзали-чи?
— Мол-дунёси оз камбағал кишининг, ўзидан кўра муҳтож бечора камбағалга миннат қилмай ва озор бермай берган садақасидир.
— Энг ақлли киши ким?
— Аллоҳ таолога итоат қилган ва г бошқаларни ҳам шунга йўллаган киши.
— Энг аҳмоқ киши ким?
— Золим дўстининг нафс-ҳавосига эргашиб кетган, бировнинг дунёси эвазига ўз охиратини сотиб юборган киши.
— Эй Абу Ҳозим, бизга ҳамроҳ бўлиб юрмайсизми, сиз биздан, биз сиздан насибадор бўлардик?!
— Йўқ, эй мўминлар амири, сизга ҳамроҳ бўла олмайман.
— Нега?
— Сизларга ён босиб қолишим натижасида Аллоҳ менга бу дунё азобини ҳам ва охират азобини ҳам тоттиришидан қўрқаман.
— Эй Абу Ҳозим, бирон ҳожатингиз бўлса айтинг.
Абу Ҳозим бирон нарса демай жим турган эдилар.
Халифа яна қайта:
– Эй Абу Ҳозим, бирон ҳожатингиз бўлса айтинг, сиз учун ҳар қандай ҳожат бўлса ҳам ўтаб берамиз, — деди.
— Ҳожатим, мени дўзахдан қутқариб, жаннатга олиб кириб қўйсангиз.
— Бу менинг қўлимдан келмайди, эй Абу Ҳозим.
— Менинг бундан бошқа ҳожатим йўқ, эй мўминлар амири.
— Менинг ҳақимга дуо қилинг, эй Абу Ҳозим.
— Эй Аллоҳ, агар мана шу банданг Сулаймон Сенга яқин бандаларинг қаторида бўлса, унга икки дунё яхшилигини осон қил. Агар Сенга душманлардан бўлса, уни солиҳлар жумласидан қилиб, Ўзинг яхши кўрган ва рози бўладиган йўлга бошлаб қўй.
Шунда ўтирганлардан бири:
— Яхши гап айтмадингиз, мўминлар амирини Аллоҳнинг душманлари сафига қўшиб, халифамизни ранжитдингиз, — деди.
Абу Ҳозим:
— Аксинча, сизнинг бу гапингиз яхши гап бўлмади, шуни билингки, Аллоҳ таоло: “Албатта уни одамларга очиқ баён қилурсизлар ва яширмайсизлар...” деб уламолардан ҳақ сўзни сўзлашга аҳду паймон олган эди. Сўнг халифага юзланиб:
— Эй мўминлар амири, биздан аввал ўтганларнинг амирлари уламоларнинг илмларига қизиқиб, уларнинг ҳузурига тавозу билан борар эдилар. Шунинг учун улар яхшилик ва хотиржамликда яшадилар. Кейин ҳиммати паст кишилар пайдо бўлди, улар амирлар ҳузуридаги арзимас дунёни қўлга киритиш учун илм ўргандилар, амирлар бундай олимларни назарга илмай қўйдилар. Натижада бу олимлар хор бўлиб ожиз қолдилар ва Аллоҳнинг ҳам назаридан тушдилар. Агар уламолар амирлар қўлларидаги нарсалардан ўзларини тортганларида, амирлар уларнинг илмларига интилардилар. Лекин уламолар амирлардаги нарсаларга интилдилар, амирлар эса улардан ўзларини тортдилар ва уларни қадрламай қўйдилар.
Халифа:
— Гапингиз ҳақ. Эй Абу Ҳозим, менга яна насиҳат қилинг, сиздан кўра ҳикматли сўз айтишга яқинроқ бўлган бирон кишини кўрмаган эдим.
Абу Ҳозим:
— Агар насиҳатга қулоқ тутадиганлардан бўлсангиз, сизга қилган насиҳатим етарлидир... Агар насиҳатни олмайдиганлардан бўлсангиз, ипсиз камондан ўқ отганимдан не фойда.
Халифа:
— Ўтиниб сўрайман Эй Абу Ҳозим, менга насиҳат қилинг.
Абу Ҳозим:
— Майли, насиҳат қиламан, лекин қисқа айтаман. Раббингизни улуғланг, Уни покланг, Сизни қайтарган ерда кўринишдан ва сизни буюрган ерда кўринмай қолишдан сақланинг, – деди.
Сўнг Абу Ҳозим салом бериб чиқиб кетди.
Халифа унинг ортидан:
— Насиҳатгўй олимга Аллоҳ яхши мукофотлар ато этсин, — деб дуо қилиб қолди.
***
Кунларнинг бирида Салама ибн Динорнинг уйига Абдураҳмон ибн Жарир билан унинг ўғли келиб, шайх билан саломлашиб ўтирдилар ва икки дунё яхшилигини тилаб дуо қилдилар. Одоб пешвоси улуғ тобеин ҳам ота-боланинг саломига янада чиройлироқ қилиб алик олиб, уларни илиқ кутиб олдилар ва ўрталарида қуйидаги суҳбат бўлиб ўтди.
Абдураҳмон ибн Жарир:
— Эй Абу Ҳозим, қандай қилиб уйғоқ қалб соҳиби бўла оламиз? – деб сўради.
Абу Ҳозим:
— Ичингизни ўнгласангиз катта гуноҳлар кечирилади. Банда агар гуноҳларни тарк этишга азму қарор қилса, унга яхшилик эшиклари очилади. Асло шуни унутмангки, эй Абдурраҳмон, мол-дунёнинг озгинаси ҳам бизни охират ишларининг кўпгинасидан чалғитиб қўяди. Сизни Аллоҳ таолога яқинлаштирмайдиган ҳар қандай нарса неъмат эмас, балки у жазо, азоб, офат ва балодир.
Абдурраҳмон ибн Жарирнинг ўғли деди:
— Бизнинг кўп шайхларимиз бор, уларнинг қай бирига эргашайлик?
Абу Ҳозим:
— Эй ўғилчам, ёлғиз қолганда Аллоҳдан қўрқадиган ва айб бўладиган ишларга аралашишдан ўзини пок тутадиган, ёшлигидан ўзини ислоҳ қилган, буни кексалик даврига қолдирмаганларига эргашгин.
Эй ўғилчам, шуни билгинки, қуёш чиққан ҳар кун борки толиби илмга нафсу ҳавоси билан илми қарама-қарши келиб, икки рақиб курашгани каби унинг қалбида улар ҳам ўзаро курашадилар. Агар илми нафсу ҳавоси устидан ғолиб келса, ўша кун толиби илм учун фойдали кун бўлади... Ва агар нафсу ҳавоси илмидан ғолиб бўлса, у кун толиби илм учун зиён, ҳасрат куни бўлади.
Абдурраҳмон ибн Жарир:
— Эй Абу Ҳозим, бизни шукр қилишга кўп чорлайсиз, шукрнинг ҳақиқати нима?
Абу Ҳозим:
— Бизнинг ҳар бир аъзоимизда шукрнинг ҳақи бор.
— Икки кўзнинг ҳақи нима?
— Яхшиликни кўрганингизда уни ёймоқлигингиз, ёмонликни кўрганингизда эса яширишингиз икки кўзнинг шукридир.
— Икки қулоқнинг шукри нима?
— Яхшиликни эшитсангиз уни қалбингизга жойлаб сақлаб қўйишингиз, ёмонликни эшитсангиз кўмиб ташлашингиз икки қулоқ шукридир.
— Икки қўлнинг шукри нима?
— Сизга тегишли бўлмаган нарсани олмаслигингиз ва Аллоҳнинг ҳақларидан бўлган ҳақни тўсмаслигингиз икки қўл шукридир. Шуни унутмангки, эй Абдурраҳмон, ким тил шукрини етарли қилмаса ва тил шукрига дил шукрини ва барча аъзолар шукрини қўшмаса, бундай одамнинг мисоли, либосини киймай қўлида ушлаб турган кишига ўхшайди, бу эса уни иссиқдан ҳам совуқдан ҳам сақламайди.
***
Бир йили Салама ибн Динор Рум шаҳарларига йўл олган ислом лашкари сафида жангга бордилар. Лашкар кўзланган манзилга етишга оз қолганда, душманга қарши жангга киришдан олдин куч тўплаб олиш мақсадида бир оз дам олиш учун тўхтайди. Лашкар ичида умавийлар амирларидан бири бор эди. Ана шу амир Абу Ҳозимга:
— Келиб бизларга бир дарс бериб кетсинлар, — деб одам юборди. Абу Ҳозим амирга жавобан унга хат ёзиб юбордилар, хатда ушбулар битилган эди:
“Эй амир, мен шундай аҳли илмларни кўрдим, улар дунё аҳлига динни кўтариб бормас эдилар. Дунё аҳлига динни кўтариб борган аҳли илмларнинг биринчиси мен бўлишимни истамасангиз керак, деб ўйлайман. Ҳожатингиз бўлса олдимизга ўзингиз келинг. Сизга ҳам атрофингиздагиларга ҳам Аллоҳнинг саломи бўлсин”.
Хатни ўқиган амир Абу Ҳозимнинг ҳузурларига бориб, кўришиб саломлашгач:
— Эй Абу Ҳозим, бизга йўллаган мактубингизни ўқиганимиздан сўнг, наздимизда мартабангиз янада зиёда бўлиб, қадрингиз ошди. Аллоҳ сизни яхши мукофотлар билан сийласин, бизга панду насиҳат қилсангиз.
Абу Ҳозим насиҳат қила бошладилар, мана бу қуйидаги сатрлар айтган сўзларининг жумласидандир:
— Қиёматда қайси амал сиз билан бўлишини яхши кўрсангиз, бу дунёда шу амални қилишга ҳарис бўлинг.
Охиратда сиз билан қайси амал бўлишини истамасангиз, бу дунёда шу амалдан узоқ бўлинг.
Шуни билингки эй амир, агар сизда ботилнинг бозори чаққон бўлса, бемаънилар, мунофиқлар атрофингизга йиғилиб оладилар. Ва агар сизда ҳақнинг бозори чаққон бўлса, атрофингизга яхши одамлар йиғилиб, ҳақ устида сизга ёрдамчи бўладилар... Ўзингизга ёққанини танлаб олаверинг.
***
Абу Ҳозимга ўлим соати яқинлашганида, атрофларида тўпланиб турган яқинлари:
— Ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз, эй Абу Ҳозим? — деб сўраган эдилар.
— Дунёда қилиб қўйган ёмонликларимиздан нажот топа олсак, дунёда йўқотган нарсаларимиз бизга зарар бўлмас, — деб ушбу ояти каримани такрор-такрор ўқиб жон таслим қилдилар: “Албатта иймон келтириб яхши амаллар қилган зотлар учун Раҳмон дўстликни (барқарор) қилур”.
Халқаро алоқалар бўлими ходими И.АҲМЕДОВ интернет материаллари асосида тайёрлади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
«Исро» (الإسراء) Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни кечанинг бир бўлагида Маккадаги Масжидул Ҳаромдан Қуддусдаги Масжидул Ақсога сайр қилдиришидир.
«Меърож» (المعراج) эса, Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Қуддуси шарифдан юқорига, яъни, Ўзининг Ҳузурига кўтаришидир.
Маълумки, бутун оламларнинг Парвардигори Аллоҳ таоло ҳамма нарсадан олий, устун ва юксакдир.
Ҳикмати
Бу мўъжизавий сафарнинг ҳикматлари кўп бўлиб, бу ҳақда Аллоҳ таоло Исро сурасининг 1-оятида: «...унга (яъни, Муҳаммад алайҳиссаломга) Ўз мўъжизаларимизни кўрсатиш учун...» [1] деб, марҳамат қилган.
Шундай ҳам бўлди: «Дарҳақиқат, у (Муҳаммад алайҳиссалом) Парвардигорининг буюк мўъжизаларини кўрди» (Нажм сураси, 18-оят).
Аллоҳнинг ҳузурида «меҳмон» бўлиш мушрикларнинг азиятлари чўққига чиққан бир пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга катта тасалли бўлди. Бу иш туфайли у зотнинг кўнгилларидан тушкун кайфият ариди, умид ниҳоли гуркиради.
Айни чоқда, бу воқеа мусулмону кофир учун синов имтиҳони ҳам бўлди. Бу имтиҳондан барча саҳобалар ўтишди, кофир, мушриклар эса яна доғда қолишди.
Тафсилоти
Жумҳур аҳли сунна вал жамоа уламолари Исро ва Меърож ҳодисасининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлганларидан кейин, Макка даврида, ҳижратдан сал олдин, ислом даъвати қувғин билан муваффақият ўртасида турган бир пайтда, уйғоқ ҳолларида, руҳ ва таналари билан, Жаброил фаришта ҳамроҳлигида, Буроқ номли мўъжизавий уловда, кечанинг бир бўлагида, бир марта юз берганига иттифоқ қилишган.
Беш вақт намоз Исро кечаси Меърожда фарз қилинганига барча уламолар якдилдирлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинага ҳижратлари пайғамбарликнинг 14-йили, рабиул аввал ойининг бошида, у зот қамарий ҳисобда 53 ёшга тўлганларида (милодий 622 йил сентябр ойи ўрталарида) бўлганига ҳам барча уламолар иттифоқ қилишган.
Вақти
Исро ва Меърож ҳодисаси юз бергани ҳақида Ислом умматида мутлақо ихтилоф йўқ. Аммо қачон содир бўлгани ҳақида турлича қарашлар бор. Қуйида уларни бирма-бир кўриб чиқамиз:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлишларидан олдин (бу ривоят шозз [3] бўлиб, Шарик ибн Абу Намир тарафидан содир этилган хато эканига барча муҳаддислар иттифоқ қилишган[4]);
– пайғамбарликнинг биринчи йили (имом Табарий ихтиёр қилган);
– пайғамбарлик келганидан бир йилу олти ой кейин (Имом Заҳабийнинг ушбу қавли ҳақида Абу Умар ибн Абдул Барр: «Мен Заҳабийдан бошқа бу гапни айтган бирорта сийрат олимини билмайман», деган [5]);
– пайғамбарлик келганидан беш йил ўтиб (қози Иёз нақли);
– пайғамбарлик келганидан етти йил кейин (Зуҳрийнинг бир қавли);
– пайғамбарликнинг ўнинчи йили (Муҳаммад Сулаймон Мансурфурий ихтиёр қилган);
– ҳижратдан уч йил олдин (Ибн Асийр нақли);
– ҳижратдан бир йилу олти ой олдин, рамазон ойида (Воқидий ривояти);
– ҳижратдан бир йилу беш ой олдин, шаввол ойида (Мовардий қавли ҳамда, Суддийдан Табарий ва Байҳақий ривоят қилишган);
– ҳижратдан бир йилу тўрт ой олдин, зулқаъда ойида (Суддий ва Муқотилларнинг бир қавли);
– ҳижратдан бир йилу уч ой олдин, зулҳижжа ойида (Ибн Форис нақли);
– ҳижратдан бир йилу икки ой олдин, муҳаррам ойида (Ибн Абдул Барр нақли);
– ҳижратдан бир йил олдин, рабиул аввал ойида (кўпчилик ровийлар ривояти, жумладан: Ибн Аббос, Ибн Масъуд, Ибн Умар, Анас, Жобир, Оиша, Умму Салама, Умму Ҳонилардан ривоят қилинган (Аллоҳ ҳаммаларидан рози бўлсин). Қатода, Урва ибн Зубайр, Мусо ибн Уқба, Ибн Қутайба, Байҳақий, Ибн Саъд, Ибн Асокир, Ибн Мардавайҳ, Ҳофиз Иброҳим Ҳарбийлар ривоят қилишган (Аллоҳ ҳаммаларини раҳматига олсин). Муқотил ва Зуҳрийларнинг бир қавли);
– ҳижратдан саккиз ой олдин, ражаб ойида (Абул Фараж ибн Жавзий нақли);
– ҳижратдан олти ой олдин, рамазон ойида (Ҳофиз Абу Рабиъ ибн Солим нақли).
Қайси кунда рўй бергани хусусидаги фикрлар ҳам хилма-хилдир
– 12-рабиул аввал (Жобир ва Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу анҳумлар қавли);
– 17-рабиул аввал (Ибн Умар, Оиша, Умму Салама ва Умму Ҳони розийаллоҳу анҳумлар қавли);
– 27-рабиул аввал (Ҳофиз Иброҳим Ҳарбий қавли);
– Ражаб ойининг биринчи жума кечаси [6] (ровийи номаълум);
– 10-ражаб (Қайс ибн Аббод ривояти);
– 25-ражаб (ровийи номаълум);
– 27-ражаб (Қосим ибн Муҳаммад ривояти);
– 17-рамазон (Ибн Саййидиннас нақли);
– 29-рамазон (ровийи номаълум).
Таҳқиқ (ҳақиқатини аниқлаш)
Исро ва Меърож ҳодисасининг қачон юз бергани ҳақида бирорта ҳам саҳиҳ ҳадис ёки саҳобалардан саҳиҳ асар йўқлигини, шу сабабли муҳаққиқ уламоларимиз кўп ва хўб баҳслар олиб боришганини, натижада, маълумотларни «таржиҳ» [7] қилишганини (яъни, ҳақиқатга яқинини аниқлашганини) айтиб ўтмоқчимиз.
Шайх Сафийюр Раҳмон Муборакфурий: «Саҳиҳ қавлга кўра [8] Абу Толиб пайғамбарликнинг ўнинчи йили ражаб ойида, Хадича розийаллоҳу анҳо ҳам шу йили рамазон ойида вафот этишган. Бу пайтда ҳали беш вақт намоз фарз қилинмаган эди. Ислом уммати беш вақт намоз Исро кечаси фарз қилингани хусусида ижмоъ қилган. Исро сурасининг сиёқи-оқими Исро ҳодисасининг жуда кеч (яъни, Макка даврининг охирги йилларида) юз берганига далолат қилади. Натижада, биз Исро ҳодисаси (пайғамбарликнинг 12-йили, ҳаж мавсумида бўлиб ўтган) «Биринчи ақаба байъати»дан сал олдинроқ бўлган ёки (биринчи ақаба байъати билан пайғамбарликнинг 13-йили, ҳаж мавсумида бўлган) «Иккинчи ақаба байъати» орасида бўлган, деган фикрга келдик, яна Аллоҳ билувчироқ» деган [9].
Ҳофиз Ибн Форис Асбиҳоний Исро воқеасининг ҳижратдан бир йилу уч ой олдин, зулҳижжа ойида бўлганига жазм қилган (ишонч ҳосил қилган ва бир тўхтамга келган эди) [10].
Шайх Муҳаммад Абу Заҳра: «Исро ва Меърож ҳодисаси йигирма еттинчи ражабда бўлган, деган фикр саҳиҳ бўлмаган хабар ила келгандир. Баъзи одамлар бу ой-кунни рост-тўғри деб қабул қилишганининг гувоҳи бўлдик. Биз буни аниқ ишонч ҳосил қилмаган ва бир тўхтамга келмаган ҳолдагина қабул қиламиз. Сабаби, ровийлар яна Исро ва Меърож ҳодисасининг ҳижратдан бир йил олдин рабиул аввал ойида бўлганига иттифоқ қилишган», дейди [11].
Имом Нававий бу хусусда икки хил фикрни келтирган. «Равзатут толибин» китобида: «Исро ва Меърож ҳодисаси ражаб ойининг йигирма еттинчи кечаси бўлган», деса, «Фатово»китобида [12]: «Рабиул аввал ойида бўлган», дейди.
Ражаб ойининг йигирма еттинчи кечаси бўлгани ҳақидаги ривоятни Абдул Ғаний Мақдисий ихтиёр қилган. Аммо ҳофиз Абу Исҳоқ Иброҳим Ҳарбий уни инкор этгандир [13], қолаверса, барча муҳаддис уламолар ривоятнинг саҳиҳ эмаслигини бир овоздан таъкидлашган.
Аллома Абу Шома Мақдисий [14], имом Абул Хаттоб Умар ибн Диҳя[15] каби олимлар: «Исро ва Меърож ҳодисаси ражаб ойида бўлгани ҳақидаги ривоят таъдил ва таржиҳ уламолари наздида кизбдир», дейишган.
Ражаб ойининг биринчи жума кечаси бўлгани ҳақидаги ривоятни аллома Ибн Касир: «Асли-асоси йўқ», деган [16].
Хулоса
Жобир билан Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу анҳумдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рабиул аввал ойининг душанба куни ҳам туғилганлар, ҳам ваҳий у зотга рост туш орқали кела бошлаган, ҳам Меърожга чиққанлар, ҳам Мадинага ҳижрат қилганлар, ҳам вафот этганлар» [17].
«Ибн Асийр Жазарий: «Исро воқеасининг душанба куни бўлгани менинг назаримда саҳиҳдир», деган. Ибн Мунир ушбу гапни ихтиёр қилгандир» [18].
Абул Баракот Насафий: «Исро ҳижратдан бир йил олдин (рабиул аввал ойида) бўлган», дейди [19].
Шайх Алоуддин Мансур: «Исро Пайғамбар алайҳиссалом Мадинага ҳижрат қилишларидан бир йил илгари воқе бўлган», деган [20].
Доктор Аҳмад Абу Зайд [21] билан доктор Абдул Азиз Усмон Тувайжирий [22]: «Аржаҳ (ҳақиқатга яқинроқ) сўзга кўра, беш вақт намоз ҳижратдан бир йил олдин (рабиул аввал ойида) Исро ва Меърож кечаси фарз қилинган», дейишади.
Мулла Али қори ибн Муҳаммад Султон Ҳанафий: «Исро ҳижратдан бир йил олдин рабиул аввал ойида бўлган. Ибн Асийр: «Мана шу саҳиҳдир», деган», дейди [23].
Шайх Али Нойиф Шаҳҳуд: «Исро ва Меърож ҳодисаси кўпчилик ва муҳаққиқ уламоларнинг сўзларига кўра, ҳижратдан бир йил олдин рабиул аввал ойида бўлган. Тадқиқот ва мушоҳада қилинса ҳам, Исро ва Меърож ҳодисаси рабиул аввалда бўлганига ишонса бўлади», дейди [24].
Қози Иёз: «Бир эмас, бир қанча олим Исро ҳодисаси ҳижратдан бир йил олдин (рабиул аввал ойида) юз берганини айтган», дейди [25].
Аллома Бадриддин Айний Ҳанафий: «Исро ҳодисаси ҳижратдан бир йил олдин рабиул аввал ойида бўлган. Бу кўпчилик уламоларнинг сўзидир. Ҳатто Ибн Ҳазм бу борада муболаға қилиб, ижмоъни нақл қилган», дейди [26].
Имом Бағавий: «Меърож ҳижратдан бир йил олдин (рабиул аввал ойида) бўлганига илм аҳли иттифоқ қилган», дейди [27].
Демак, Исро ва Меърож воқеаси ҳижратдан бир йил олдин, пайғамбарликнинг 13-йили рабиул аввал ойида, душанба куни бўлгани «рожиҳ» (ҳақиқатга яқин)дир. Бу вақт милодий 621 йилнинг сентябрь ёки октябрь ойига тўғри келади.
Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қамарий 52 ёшга тўлган эдилар.
Аллоҳ таоло Ўзининг буюк ҳикмати ила бу ҳодисанинг аниқ вақтини Қадр кечаси каби унуттирди!
Аллома Бадриддин Айний Ҳанафий: «Исро кечасида «рағоиб» намозини ўқиш ўйлаб топилган бўлиб, унинг асли-асоси йўқ», дейди [28].
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари: «Исро кечаси тўпланиб, илмий суҳбатлар ўтказиш кейинги даврларда юзага чиққан. Баъзи аҳли илмлар мазкур улуғ ҳодисани ёдга олиш билан бирга кўпчиликка унинг аҳамиятини эслатиш ва дину диёнат йўлида ваъзлар қилишни мусулмонлар учун фойдали деб бу ишни ўтказишган. Исро кечасидаги алоҳида намозлар ва бошқа нарсалар ҳужжатсиз ишлардир», дейдилар [29].
Абдул Азим Зиёуддин
_______________________________________
[1] Исро сураси 1-оят.
[2] Нажм сураси 18-оят.
[3] Абу Яъло Халилий «шозз» сўзига қуйидагича таъриф берган: «Шозз» ривоятнинг бор-йўғи битта исноди бўлиб, ровийи ишончли бўладими, бўлмайдими фарқи йўқ. Агар ишончсиз бўлса, ривояти «матрук» бўлиб, қабул қилинмайди. Ровийи ишончли бўлса, ўзида тўхтайди ва ривояти ҳужжатга ярамайди» (Шайх Абдул Карим ибн Абдуллоҳ Хузайр, «Шарҳун нухба» 1/56).
[4] Абу Ҳайён Андалусий, «Ал-баҳрул муҳит» (6/2); Алоуддин Бағдодий, «Тафсирул Хозин» (4/134).
[5] «Ат-тамҳид лима фил муваттои минал маъоний вал асонид» (8/48).
[6] Бу кечани «Рағоиб кечаси» дейишади.
[7] «Таржиҳ» – маълумотлар ичидан кучли, вазни оғир, эҳтимоли кўп ва ҳақиқатга яқинини аниқлаш.
[8] Олусий тафсири, (23/46).
[9] «Ар-раҳиқул махтум».
[10] «Тафсири Олусий», (Алақ сураси тафсири).
[11] «Хотамун набиййин» (2/94), «Зуҳратут тафосир» (1/4322).
[12] Ибн Ҳажар Асқалоний, «Фатҳул Борий», 7-жуз; Муҳаммад Саййид Тантовий, «Ат-тафсирул васит» (1/2590); Муҳаммад ибн Юсуф Солиҳий, «Субулул ҳудо вар рашод фи сийрати хойрил ъибод» (3/65).
[13] Ҳофиз ибн Ражаб, «Латоифул маъориф», (233).
[14] «Ан-нофеъул боъис», 116.
[15] «Адоу ма важаб мин баёни вазъил ваззоъийна фи ражаб» (53-бет).
[16] «Ал-бидоя ван ниҳоя», 3/107.
[17] Абу Бакр ибн Абу Шайба ривояти; Ибн Касир, «Ал-бидоя ван ниҳоя» (3/107).
[18] Олусий тафсири (10/357).
[19] «Тафсирун Насафий» (Исро сураси 1-оят тафсири).
[20] «Қуръони карим – ўзбекча изоҳли таржима», Исро сураси 1-оят изоҳи.
[21] «Ас-сийратун набавия» (1/73).
[22] «Ас-сийратун набавия» (1/56).
[23] «Шарҳун нуқоя» (1/180).
[24] «Ас-сийратун набавия дурусун ва ъибарун» (1/461).
[25] «Аш-шифо би таърифи ҳуқуқил Мустафо» (1/180).
[26] «Умдатул қорий шарҳу саҳиҳил Бухорий», «Меърож» боби.
[27] «Тафсирул Бағавий» (5/64).
[28] «Умдатул қорий шарҳу саҳиҳил Бухорий» (6/115).
[29] «Зикр аҳлидан сўранг», 7-сон.